Ҳассос лирик шоир Ҳамид Олимжон ижоди ҳақида йирик тадқиқотлар яратган адабиётшунос олимлар адиб реал ҳаёт ва турли-туман табиат ҳодисаларини поэтик образ сифатида муваффақиятли қўллаганини алоҳида қайд этадилар.
Ҳамид Олимжон лирикасининг бадиий гўзаллигини, унинг поэтик маҳоратини биринчи бўлиб махсус тадқиқ қилган олим Н.Каримов «Ҳамид Олимжон поэзиясида гул шоирнинг энг севимли поэтик образларидан бири» бўлганлигини талай мисоллар билан кўрсатади. Шоир дунёсига чуқурроқ кириб борган академик С.Мамажонов эса, Ҳамид Олимжон ижодига хос поэтик образлар доирасини янада кенгайтирди. Шоирнинг адабиётшунослигимизда аллақачонлар тан олинган бахт, шодлик, толе, ватан, гул, образлари қаторига олов, қуёш, нур, аланга, машъал, оташ, тонг, тун каби янги тимсоллари қўшилади.
Аммо оташнафас шоирнинг лирик мероси юқорида санаб ўтилган поэтик образлар билангина чекланиб қолмайди. Ҳамид Олимжон ижодида образлар кўлами ниҳоятда кенг ва ранг-барангдир. Айнан шу фазилати сабаб, шоир шеърияти ҳали-ҳануз севиб ўқиляпти ва ўрганиляпти. Унинг ижод кошонасини баркамол қилган, гўзаллигини таъминлаган образлардан яна бири дарёдир. Дарё ўз мазмун-моҳияти, бадиий-эстетик вазифасининг қамрови, ижтимоий салмоғи билан ватан, бахт, шодлик, гул образларидан қолишмайди. Дарё шоирнинг талай шеърлари, балладалари, достонлари, драмалари, ҳатто мақолаларида ҳам кўп қўлланилган. Бу образ унинг ҳар бир асарида ўзига хос вазифани бажаради, эҳтиросли шоирнинг ёниқ, уйғоқ, тошқин қалби, ўткир нигоҳи, умидбахш тилаклари, она юрти гўзаллигининг рамзи сифатида намоён бўлади.
Дарё образига Ҳамид Олимжон илк шеърларидаёқ мурожаат қилган. Дарё куч-қудрат, жўшқин кайфият, тизгинсиз ғайрат, йўлидаги тўсқинларни қўпориб кетувчи шиддатли оқим тимсоли, шоирнинг ёшлигида кўрган воқеаларнинг, жамиятда кечаётган ҳодисаларнинг рамзи. Шоирнинг дарё образига мурожаат қилишга ҳам маънавий-тарбиявий, ҳам ғоявий-бадиий асослар бор. Бўлажак адиб ёшлигидаёқ халқнинг ўз озодлиги, эрки учун дарё бўлиб курашга отланганини ўз кўзи билан кўрди.
Маънавий-тарбиявий жиҳатдан ҳам дарё Ҳамид Олимжонга яқин ва қадрдондир. У Зарафшон ва Сиёб дарёлари бўйида ўсди, уларнинг шифобахш ва тошқин сувларида чўмилиб вояга етди. Боз устига шоир хизмат сафарларида бўлиб, Мизимта, Волга, Нева дарёларини, Болтиқ ва Қора денгизларни ўз кўзи билан кўрди, улар билан «суҳбат» қурди. Дарё ўзининг салобати, мусаффолиги, жўшқинлиги, инсониятга келтираётган фойдаси билан ижодкорнинг эътиборини тортди. Натижада дарё образи шоир ижодида гўзаллик, куч-қудрат, покиза шеърият тимсоли сифатида ҳам яшаб қолди.
Бу образ Ҳамид Олимжон шеърларидаги лирик қаҳрамоннинг Ватанга бўлган буюк ва ўлмас муҳаббати тимсоли ҳамдир. Чунки дарё Ватаннинг бағрида оқади, атрофни обод қилади. Шоир машҳур «Ўзбекистон» шеъридан юртини чиройли ёш келинчакка ўхшатиб, унинг кокилларини икки дарё юваётганига бежиз ишора қилмаганди. Дарё электр бўлиб ўлкани ёритади, тиним билмай халққа хизмат қилади, у ҳар доим уйғоқ. Дарёнинг бу фазилатларига ҳавас қилган шоир «Ўлка» шеърида Ватанга мурожаат қилади:
Қулоғимга номинг кирганда
Қумлоқ каби ташна боқурман.
Сенинг жаннат водийларингдан
Наҳрлардай тўлиб оқурман.
Чиндан ҳам Ҳамид Олимжон ўзининг қисқа умрида дарёдек тўлиб, ҳайқириб, тўлқинланиб ижод қилди. У ўз шеърларининг ритмини, оҳангини, ифода усулларини белгилашда ҳам дарёдан улги олди. Масалан, шоирнинг эркин вазнда яратган шеърларидаги мисра ва ибораларнинг жойлашуви, сўзларнинг оҳанги худди дарё тўлқинларига ўхшайди. Улар қувалашиб, бир-бирига мингашиб бораётгандек таассурот қолдиради. Жумладан, «Бахтлар водийси» шеърида тез-тез такрорланиб келадиган «Кўм-кўк, кўм-кўк…» сўзлари баайни дарёнинг қирғоққа бош ургандаги товушини ёдга солади.
Дарё образи шоир «мен»ининг ўзига хос қирраларини, поэтик тафаккурининг кенглиги ва чуқурлигини кўрсатишга хизмат қилади. Ҳамид Олимжоннинг ижоди ўзи меҳр қўйган дарёлар сувидан, уларнинг шиддати ва тўлқинидан баҳра олгандек туйилади. Масалан, шоир «Чирчиқ бўйларида» сайр қилар экан, баланд қорли тоғлардан узоқ йўл босиб халқ хизматига ошиқаётган дарёга қараб:
Чирчиқ бўйларида ёнар чироқлар,
Қаршимда зўр дарё очади чирой.
Қалбимдан оқмоқда бир дарё қўшиқ,
Қор босган тоғларнинг тепасида ой.
дея ҳайқиради. Ҳамид Олимжон назарида дарё ҳам шоир, у ўзининг «…ипак рўмоли билан буралиб, эркаланиб, хаёли инжа бир шеър бўлиб» оқади. Ёки Нева дарёсига мурожаат қилиб, «Сен — ҳаёт шоири, асарларнинг сирларини шеър ила яратгансан», деса ўқувчига эриш туюлмайди. Шоир фикрини давом эттириб, дарё юзасида пайдо бўлган майда тўлқинлар ҳаракатини «Бу табиат-да бир чевар шоир» бўлиб «ҳар нафас юзларингга кашта тикар» тарзидаги оригинал метофора билан ифодалайди.
Ҳамид Олимжон ижодни бежиз дарё ёки денгизга қиёсламайди. Аслида ўзининг шоирона қалби ҳам худди дарё ва денгиздек доимо тўлқинланиб турган, улар каби кенг ва гўзалдир. Бундай ҳамоҳанглик ушбу сатрларда ўзининг ёрқин ифодасини топган:
Нақадар кенг, гўзал қучоғинг бор…
Шўх қилиқ тўлқининг-ла биргалашиб
Келадир ўйнагим сузиб, қувишиб,
Сен-ла шоирлигим, ҳаётим бор!
Дарё образ сифатида Ҳамид Олимжон ижодига илк шеърларидаёқ кириб келган. Шоирнинг «Ойдин кеча», «Зарафшон қўйнида», «Ҳавас ва тилак», «Ўтаркан», «Нева хотиралари», «Сиёб» каби шеърларида, гарчи мукаммал бўлмаса-да, унинг таъсирли тасвирини кўрамиз. Йил сайин бу образнинг янги фазилатлари, эстетик кўлами кенгайиб борди. Бора-бора шоир шеърларида икки дарё оралиғидаги Ватан сиймоси бўй кўрсата бошлади. Лирик қаҳрамон «Аму билан Сирдан сув ичган, Зарафшонни лойлатиб кечган Чавандозлар бордир бу элда», деб Ватаннини кўкларга кўтаради. Шундай серсув ва гўзал дарёлари бор ўлкада «Чанқов қолиб йўловчи ўлмас»лигига ишонади.
Ҳ.Олимжон юртида оқаётган дарёларни каттами-кичикми, барибир, «улуғ дарёлар», деб атайди. Бу жиҳатдан «Дарё кечаси» шеъри характерлидир. Шеър аслида Чирчиқ дарёсига, у ерда қурилаётган электр иншоотига бағишланган. Аммо унинг марказида Чирчиқ дарёсининг салобатини кўрсатиш нияти туради. 13 банддан иборат бу шеърнинг ҳар бир бандидаги биринчи мисраси дарё қиёфасига янги чизги. Асар «Дарё гўзал, осмонда юлдуз» мисраси билан бошланиб, кейинги бандлар ана шу гўзалликнинг ранглари ва сирларини очишга бўйсундирилади. Иккинчи банднинг «Кеча гўзал, дарё тинимсиз», деб бошланиши эса, вақт ва ҳаракатнинг тўхтовсизлигидан дарак беради. Кечанинг гўзаллиги шоирни ҳайқириб оқаётган Чирчиқ дарёсининг тарихини китобхонга сўзлаб беришга ундайди. Учинчи банддаги «Тоғлар боши қорга кўмилган, Қор устида оппоқ бир туман» мисралари ўқувчи кўз олдида ажиб бир манзарани жонлантиради. Бешинчи ва ўн иккинчи бандлар Чирчиқ дарёсининг портретига тарихий-биографик чизгилардир. Шоирнинг маҳорати шундаки, у портретни якунлаш чоғида шеърнинг биринчи бандидаги ҳолат ва кайфиятдан чиқиб кетмайди. Охирги банд, айниқса, рангларнинг қуюқлиги, мутаносиблиги, уйғунлиги ва чизгиларнинг тиниқлиги билан эътиборни тортади. Бу бандда шоирнинг асосий ғоявий нияти — дарё ва инсон ҳамкорлигига урғу берилади ва лирик шеър композициясининг яхлитлиги таъминланади.
Тун ҳам ўтар мазмунга тўлиб,
Унутилмас дарёга бир он
Унутолмас буни ҳеч қачон
Дарёдан зўр ва моҳир инсон!
Шеърда тунги дарё гўзаллиги, инсоннинг меҳнатсеварлиги, лирик қаҳрамон кечинмалари билан манзаралар тасвири ўзаро уйғунлашиб, шаклан ва мазмунан мукаммал яхлит бир портрет юзага келади. Шу шеъри ўзига ёққани учундир, Ҳамид Олимжон 1937 йили «Дарё кечаси» деган ном билан алоҳида тўплам нашр эттирган.
Дарё образи Ҳамид Олимжоннинг бошқа жанрдаги асарларида ҳам кўп учрайди. Масалан,»Зайнаб ва Омон» достонида севишган йигит-қизнинг висол оқшомига дарё гувоҳ бўлади: «Икки ёшга айтиб шараф-шон, Оқар эди тошқин Зарафшон»; «Ойгул билан Бахтиёр» достонидаги жабрдийда қизни дарё ўз бағрига олади ва ҳаётини сақлаб қолади.
Хуллас, дарё шунчаки табиат мўъжизаси эмас, балки она табиатнинг инсонга туҳфа қилган гўзал инъоми, юртни обод қилувчи беминнат дастёр, Ватанимизнинг бақувват белидаги муаззам белбоғ, шоир учун эса, туганмас илҳом манбаи. Ҳамид Олимжон ўз ижодида ватан, бахт, шодлик, гул, баҳор образларига нечоғли меҳр-муҳаббат, иштиёқ билан ёндошса, дарё образини ҳам бундан кам бўлмаган юксак пафос ва маҳорт билан яратади. Ўзининг туганмас муҳаббати ва улуғ ниятларини дарёнинг тўлқинлари, жимжимадорлиги, латофати, сероблигига қиёслайди. Шунинг учун ҳам ўлмас шоир Ҳамид Олимжоннинг шеърлари дарёдек уйғоқ, осмондек беғубор бўлиб яшаб келмоқда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди.