Комил Аваз. Камтарлик саодати (2009)

Минг йилларким, курраи заминда яшовчи жамики одамзод, ҳатто қай бирлари дунёнинг қайси бурчагида жойлашганини билмасалар ҳам, Муҳаммад ал-Хоразмий боис, ўзларининг талаффузида Хоразмни, медицина дея Ибн Синони тилга оладилар. Бу ўзбек деб аталмиш миллатнинг ғурури, шуҳратидир.
Билҳақ, шарқона маданият, улуғвор маънавият, санъат, адабиёт, ёзув ҳам жаҳон миқёсида жуда қадимийдир. Асрлар давомида сайқаллашиб келаётган маданий мулкка ворислигимизни нечун бошимизни баланд кўтариб айтмаслигимиз керак. Минг йиллар муқаддам туркийда ижод этган забардаст шоирларнинг давомчилари — Ҳофиз Хоразмий, Қутб Хоразмий, Сайфи Саройи ва бошқалар ўзбек тилида баракали ижод этганлар. Демак, Хоразмийнинг 1353 йили ёзиб тугалланган “Муҳаббатнома”сида:

Сенинг ишқингда Хоразмий йўқолди,
Ва лекин Ер юзинда оти қолди. —

дея қайд этилганидек, она тилимиздаги адабиёт илдизлари биз ўйлагандан ҳам теран. XIV — XV асрларда яшаб ижод этган шоирлар, айниқса, Алишер Навоий ҳазратларининг мулкидан баҳрамандлик ила баракали ижод этган шоирлар бениҳоя кўп. Дарвишали Чангийнинг мусиқа рисоласида Хивада (XV аср) туғилган Девонаи Ҳисобийдан кўпгина нақшлар, пешравлар ва шеърий достонлар қолгани таъкидланади. Девонаи Ҳисобий Абдураҳмон Жомийга мусиқадан сабоқ берган экан. Ҳам давлат арбоби, ҳам шоирликда донг чиқарган бобокалонимиз Шермуҳаммад Мунис, Огаҳий, Рожий, Нишотий, Равнақ, Роқим ва бошқалар ўзбек адабиётининг юксалишига катта ҳисса қўшганлар. Аждодларимиз арабий ва форсийда ҳам мукаммал асарлар яратганлар, не-не дурдона асарларни она тилимизга ўгирганлар. Барча халқларга насиб ҳам этавермайдиган ноёб истеъдод — ижодда серқирралик бизга ота-боболардан мерос ва бебаҳо мулк, уни биз ҳамиша меҳр ила эъзозлаймиз.
Муҳтарам юртбошимиз И.А.Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида таъкидланганидек, “Агарки мана шу муқаддас заминимизда таваллуд топиб, вояга етган, ўз ҳаёти ва фаолияти билан нафақат тарихда, айни вақтда башариятнинг бугунги тараққиёт саҳифаларида ҳам ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир ва алломаларимиз, азиз авлиёларимизни таърифлашда давом этадиган бўлсак, ўйлайманки, бу борада узоқ гапириш мумкин.
Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз эса, бундай улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ва қолдирган меросини тўлиқ тасвирлаш эмас, балки уларнинг энг буюк намояндалари тимсолида маърифат, илму фан, маданият, дин каби соҳаларнинг барчасини ўзида уйғунлаштирган халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг эканини исботлаб беришдан иборатдир. Бундай ноёб ва бебаҳо бойликни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз, биринчи галда, зиёлиларимиз, бутун жамоатчилигимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши шарт, деб ўйлайман. Нега деганда, ўзимиз — бугун шу юртда яшаётган ватанпарвар инсонлар бу вазифани зиммамизга олмасак, четдан келиб ҳеч ким ҳеч қачон бу ишни қилиб бермайди”. Юртбошимизнинг бу даъватларини биз ўзимизга дастуруламал қилиб олмоғимиз лозим.
Дарҳақиқат, назм гулшанининг 22 жанрида баракали ижод қилган, қарийб 20 минг мисрадан ортиқ назм дурдоналарини ўзида жамлаган “Таъвиз ул-ошиқин” девонини, амакиси бошлаган “Фирдавс ул-иқбол” ва яна бешта мустақил тарихий асар яратган, 20га яқин асарларни таржима қилган атоқли шоир, тарихнавис олим, моҳир таржимон, давлат ва сиёсат арбоби, Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий Юртбошимиз назарларида тутган халқимизнинг буюк намояндалари сирасига киради.
Муҳаммадризо Огаҳий шеъриятининг ўқ чизиғи — ошиқлик, ҳалоллик, ростлик, элга-юртга, Оллоҳга меҳр-муҳаббат, эътиқод, иймондир.

Тангри таваккул аҳлига бўлғай тараф бўлса қачон,
Хайли тамаввул бир тараф, аҳли таваккул бир тараф.

Аҳли таваккул — Тангридан умидворлар, хайли тамаввул — мулкдорлар, бойлар. Аниқ ва тиниқ ифода — ҳар қачон Тангри ўзига умидворлар тарафидадир. Бу:

Боғ ичрадур гул бир тараф, девона булбул бир тараф,
Нозу тағофул бир тараф, фарёду ғулғул бир тараф —

дея бошланувчи ғазалнинг ичида тасаввуф илмига эътиқод намунаси сифатида битилган, ва яна, ғазал охирида шоир қўш маънолик ила шундай дейди:

Гар сўрса ҳолинг, Огаҳий, ёринг келиб кетгай эди,
Тандин такосул бир тараф, жондин такоҳул бир тараф.

Худди шундай, ҳазратнинг машҳур “Феруз” куйи билан айтилувчи “устина” радифли ғазали:

Мушкин қошининг ҳайъати ул чашми жаллод устина,
Қатлим учун нас келтирур нун элтибон “сод” устина —

деб бошланади-ю, охирроғида шундай панду насиҳат янграйди:

Э шоҳ, карам айлар чоғи тенг тут ёмону яхшини,
Ким, меҳр нурин тенг сочур вайрону обод устина.

Чунки:

Хоки танинг барбод ўлур, охир жаҳонда неча йил,
Сайр эт Сулаймондек агар, тахтинг қуруб бод устина.

Ва, энг ҳайратланарлиси, буларни айтишдаги журъатлилик дил тубидан отилиб чиққан вулқонга менгзайди:

Не журъат ила Огаҳий, очқай оғиз сўз дерғаким,
Юз ҳайли ғам қилмиш ҳужум ул зори ношод устина.

Шоирнинг халқчил, бир қарашда содда ва лекин тагмаъноли, ўйноқи ғазаллари ҳамма даврда ҳам баланд пардаларда жаранглайверади. Ижодкор — замон одами. У замон нафаси билан яшайди, тирикликнинг ғаму шодмонлиғига вобаста умргузаронлик қилади.

Зару хилъатдин этти Огаҳийни ийдаро шодон,
Илоҳи, шоҳга еткур ики оламда шодонлиғ —

дея ҳайит байрами муносабати ила халқ шодмонлиғига қўшилиб хурсандчилигини изҳор этади. Ҳамда дунёнинг пасту баландини, ёруғ-у қоронғусини борлиқ вужуди ила идрок этганидан одам ҳаёти олам кенгликларида зарра янглиғ ўткинчилигига иймон келтиради.

Истабон айш, Огаҳий, ғам бошинга келтурмаким,
Даҳр базму айши андуҳи ғамиға арзимас —

дейиш билан, келгуси давр хушбахтлигига ишонч шоирни бошқалардан айри, яъни улкан Шахс мақомига муқайяд этади. Яратганга илтижо ва умидворлик туйғуси уфуриб турган ғазаллар ҳамма замонларда ҳам худди куни кеча битилгандай илиқ тахайюлларга тортаверади:

Эй қуёш, юзинг очким, ғам тунида зорингман,
Сидқ ила нафас урғон субҳи беғуборингман.

Сан жамолу ҳашматда ҳусн мулки шоҳисан,
Ман малолу кулфатда бандаи назорингман.

Қилма айб агар қилсам ишқинг ичра ожизлиқ,
Қарилик юки босғон зору бемадорингман.

Гарчи ўзгалар ёнглиғ айлай олмоғум хизмат,
Лек олар қаторида бир умидворингман.

Неча умрлардурким фурқатинг ғами ичра,
Йиғлабон кеча-кундуз зору беқарорингман.

Марҳамат кўзи бирла ҳолима назар қилғил,
Кўйинг ичра ер тутғон бир дуогузорингман.

Истасам азиз ўлмоқ тонг йўқ илтифотингдин,
Чунки Огаҳий ёнглиғ ишқинг ичра зорингман.

Огаҳий ҳазратлари “Таъвиз ул-ошиқин” девони дебочасида шундай лутф қиладилар: “Эмди донишманд фузало ва диққатпайванд шуаронинг лутф ва мурувватларидан тарассуд ва таваққуъ (умид) улким, фақирнинг узриға қулоқ солиб ва ҳолиға тараҳҳум қилиб, айбпўшлиғ кўргузгайлар ва бу нусханинг ҳар сатрида бузуқ иборат кўрсалар, ислоҳ бериб, қоидаға мувофиқ тузгайлар ва фақирни дуойи хайр била ёд ва руҳимни ҳамул дуо такроридин масрур ва шод қилғойлар. Қитъа:

Ҳар ким ўқуса, дуо била ёд этгай,
Руҳимни бу ёд этмак ила шод эткай.

То Тангри анинг бу карами борасида,
Жойини икки жаҳонда обод эткай”.

“Дебоча”даги бу сўзларни қайта-қайта ўқиб, бундан қарийб 150 йил муқаддам шам ёруғида авлодларга узрхоҳлик ила қайдларини таҳрири рақам этаётган ҳолатдаги Огаҳий сиймоси кўз ўнгимда гавдаланди. Беихтиёр хаёлимдан шоирнинг камтарлиги, дуо исташи баробарида дуогўйлиги, содда ва фақирона илтижосида асрлар оша ўқувчи ила ҳамсуҳбатлик, ҳамнишинлик умиди қанотланди. Бугунги қалам аҳлига ҳам шу янглиғ камтарлик саодатидан баҳраманд бўлишликни тилагим, абадиятга дахлдор шоири даврон Муҳаммадризо Огаҳий ҳазратларига: “Уммон янглиғ тўлқинли, чуқур фалсафий шеъриятингиз замон адоғигача боқий қолғусидир”, дея дуоларига мушарраф бўлгим келди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди.