Абдулла Орипов. Мафтункор шеърият (2009)

Тўғри, азал-азалдан ҳар қандай бадиий асарни баҳолашда маъно-мазмун ва бадиий савия асосий мезон бўлиб келган. Афсуски, ушбу мезоннинг маъно-мазмун қисми кўпинча даврлар мафкураси тазйиқига учраган. Биз сўз юритаётган ўтган аср шеъриятимиз ҳам ушбу зулмкор жараёндан холи бўла олмади. Бу каби кечмишлар эндиликда аччиқ сабоққа айланиб қолди. Ўтган асрда халқимиз яратган моддий бойликлар қанчалик мўл-кўл ва салобатли бўлмасин, унинг ўзи бошқаларга мутъе эди, бойлиги талон эди.
Демак, халқнинг руҳияти ҳам бус-бутун эмас эди. Шундай мураккаб шароитда ижодкорлар гоҳо ҳукмрон мафкура кўрсатмаларига қулоқ солишга мажбур бўлсалар, гоҳо эса муттасил ташвиқот таъсири остида ўша мафкуранинг вакилларига ҳам айлангандилар.
Собиқ тузумнинг асоссиз ва муваққат ғояларини байроқ қилавериш қандай аянчли оқибатларга олиб келишини биз ўз кўзимиз билан кўрдик. Не-не порлоқ истеъдод эгаларининг ўша замонни улуғлаб ёзган асарлари эндиликда ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Бу эса, табиий ҳолдир.
Ўша замон адабий мафкурасининг ғайритабиий усулларидан яна бири шу эдики, улар ҳар қандай образлилик тагидан ёхуд ҳаётий кайфият пардаси ортидан, албатта, ғоявий-сиёсий камчилик ахтарар эдилар. Ҳар қандай оддий шеърдаги, дейлик, юлдуз ташбиҳини шарҳлаб, “Бу юлдуз қайси тузумнинг юлдузи?” қабилидаги саволларни ўйлаб топишарди. Ҳижронни куйлаш эса, шубҳасиз, тушкунлик деб эълон қилинарди (Худди шу айбнома кейинчалик Ҳамид Олимжон хотирасига шеърлар битган шоира Зулфияхонимга ҳам қўйилди).
Шундай муҳитда ижод қилган шоирларнинг мутлақо яланғоч сатрлар битишдан ўзга иложлари йўқ эди. Ўтмишга мурожаат қилиш ўта хатарли эди. Уруш даври бўлгани сабабли “Муқанна” каби асарларда озодлик туйғуси куйлангани учун ўша пайтларда муаллифга тегинишмади. Лекин кейинчалик шу руҳдаги “Жалолиддин Мангуберди” асарини ёзгани учун Мақсуд Шайхзода қатағонга учради. Балки Ҳамид Олимжон барвақт кўз юммаганида унинг бошига ҳам Шайхзоданинг куни тушарди.
У даврларда ўз она халқига “Халқим” дея мурожаат этиш ҳам миллатчилик ҳисобланарди. Бундай мисолларни, афсуски, юзлаб келтириш мумкин.
Халқимиз мустақилликка эришгач, наинки олис мозий, балки яқин ўтмишдаги воқеа ва ҳодисаларга, жумладан, бадиий асарларга муносабат масаласи ҳам дафъатан майдонга чиқди. Ғалвирни сувдан кўтарганда эса, сохта ғояларга хизмат қилган асарлар ўз-ўзидан назардан четда қолди. Халқнинг ўлмас руҳиятини, қадриятларини, миллий ўзига хослигини, ва ниҳоят, бебаҳо тил бойлигини мужассам эта олган ҳақиқий ижод намуналаригина яшашга ҳақли эканлиги маълум бўлди.
Модомики, асосий мезон борлиқни юксак санъат даражасида куйлай олиш экан, Ҳамид Олимжоннинг оташин шеърияти ҳам ўзининг нозик ва инжа руҳи, тоза ва беғубор тил бойлиги билан муҳташам назм кошонасини бугун ҳам безаб турибди. Бу гўзал шеърият ҳақида ўйлаганимизда кўз олдимиздан бетакрор ташбиҳлар, латиф туйғуларга йўғрилган қуйма сатрлар ўта бошлайди. Шоирнинг Ватан мавзусида ёзган мисралари доимий ҳамроҳимиз бўлиб қолди:

Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди манда, —

деб ёзган эди шоир “Ўзбекистон” шеърида. Ёхуд шоир юртни куйлаш учун “Дарё каби уйғоқ ўтурман”, дейди. Гўзалликни васф этар экан, ёрнинг жамоли қошида “Офтоб ҳам куйгай”, деб қўяди.
Ҳамид Олимжон, авваламбор, лирик шоир. Биз кўпинча лирика деганда мазмунига кўра муҳаббат ёки манзарага оид шеърларни тушуниб юрамиз. Ҳолбуки, қуруқ баёнчиликдан иборат “лирика”лар ҳам йўқ эмас. Ҳақиқий лирик асарда кўз ҳам, қулоқ ҳам илғай олмайдиган, фақат руҳнинг торларигина сеза оладиган титратмалар мавжуд бўлади. Гўзал ва теран лирик ҳолатни энг буюк рассомларнинг рангтасвирида ҳам учратамиз. Бундоқ асарга йиллаб термулсангиз ҳам тўймайсиз, у сизнинг руҳий ҳолатингизни бутунлай бошқа ўзанга буриб юборишга қодир.
Ўзбек шеъриятида лириканинг энг гўзал ва нафис намуналари, албатта, бор. Лекин Ҳамид Олимжон лирикаси бошқа бирорта шоирнинг лирикасига асло ўхшамайди. Бу лирика мармар каби тиниқ, лекин совуқ эмас. Унда тасвир ҳам, оҳанг ҳам бўлакчадир: “Шағирлайди бетиним дарё, Шағирлайди ваҳм тўла жар”, “Ҳолбуки, тун — бунда одатда, Бутун борлиқ ухлардай сокин”, “Хаёлимда бўлдинг узун кун, Сени излаб қирғоққа бордим. Оч тўлқинлар пишқирган тунда, Топиб бер, деб ойга ёлвордим”.
Бундоқ дурлар шодасини мароқ билан яна давом эттиришимиз мумкин. Жумладан, мен ўзим она тилимда яратилган бебаҳо байтларни ўқиб юришга муяссар бўлганимдан бир умр миннатдорман, бахтлиман. Ушбу сеҳрли мисраларни ойнинг ним қоронғусида сокин шивирлаётган сой бўйларида жимгина такрорлаш нақадар ёқимли… Демак, лирика руҳнинг сувратидир.
Ҳамид Олимжоннинг шеърий мисраларни сайқаллаш устида баҳодирона тер тўкиш маҳорати ҳам ҳали неча-неча авлод шоирларига ибрат бўлиб қолгусидир.
Бизнинг қадимий халқимиз гарчи дунёга Амир Темурдек буюк соҳибқиронни берган бўлса ҳам, ўзининг боши муттасил босқинлардан чиқмади, кўп қирғинларни кўрди. Масалан, карвон йўллари кесишадиган ҳудудда жойлашган Қарши шаҳри атрофида эски қабристонлар жуда кўп. Чунки ёв ҳар сафар бостириб келганда аҳолини бутунлай қатли ом қилган. Чиндан ҳам ўзбек халқи тарихини озодлик учун кураш тарихи, деб айтишимиз мумкин. Эслайлик, қўни-қўшни ҳудудлардан келган истилочиларга қарши кимлар курашмади! Уларнинг номларини халқ ўз ижодида абадий муҳрлаб қолдирди. Бу ўринда, хаёлимизга, албатта, Тўмарис ва Широқ каби фидойиларнинг сиймолари келади. Кейин ҳам бу босқинлар давом этди. Жумладан, Александр Македонскийнинг тажовузига қарши чиққан Спитаменнинг номи достонга айланди. Искандардан сўнг тупроғимизга Қутайба юриши бошланди. Халқ орасида Муқаннадек ёвқур зот пайдо бўлди-ю, унинг номи ҳам озодлик курашчиси сифатида довруқ қозонди. Чингиз галалари, ва ниҳоят, чоризм юртимизни ишғол этди. Уларга қарши курашганларнинг мақомлари эса ғоят шарафли ва ғурурбахшдир. Бу зотлар — Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ҳамда ҳозирги темурийзодалар ҳисобланадилар.
Табиий, ҳеч қандай босқинчиликни оқлаб бўлмайди. Бошқаларнинг ерини эгаллашга оддий халқ эмас, балки айрим гуруҳлар доимо ишқибоз бўлиб келганлар. Озодлик, мустақилликнинг ўзи эса, барча халқлар учун баб-баравар тарихий зарурат бўлиб қолаверган. Ҳамид Олимжон ўткир истеъдоди билан озодлик туйғусини куйлашга интилди. Шу мақсадда шоир “Муқанна” тарихий асарини яратди. Чорасизлик исканжасида қолган Муқанна сўнгги дамда ўзини олов қаърига ташлар экан, дейди:

Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ,
Ёв қўлига таслим ҳам бўлганим йўқ;
Мен элимнинг юрагида яшайман,
Эрк деганнинг тилагида яшайман!

Ахир, бу ўтли сатрлар жафокаш ва жабрдийда халқнинг асл мақсади, орзусини ифода этган оташин нидо эмасми?
Ҳамид Олимжон таҳдидларга тўла мураккаб бир замонда ижод қилди, фаолият юритди. У Шоир ва Шахс сифатида имкон қадар халқимизнинг маънавий қадриятларини улуғлашга ҳаракат қилди. 1939 йилда “Алпомиш” достонини нашрга тайёрлади ва чоп эттирди. Бу эса, шубҳасиз, жасорат эди. Афсуски, орадан кўп вақт ўтмасдан, 1952 йилнинг январида мазкур достон яна тазйиққа учраб маън этилди. Истиқлолимиз ва Юртбошимиз шарофати билангина “Алпомиш”га ёруғ кунлар насиб этди.
Ҳамид Олимжон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик пайтида халқ оғзаки ижодига астойдил эътибор бериб, атоқли бахшилар Фозил шоир, Ислом шоирларга муносиб шарт-шароит яратди, уларга котиб ва маош тайинлади. Ўша йилларда фидойи фолклоршунос олимларнинг кўмаги ва жонбозлиги билан халқ бахшиларининг ажойиб термалари, катта-катта достонлари ёзиб олиниб, нашр этилди. Албатта, шоирнинг миллий қадриятларимизга беқиёс меҳри унинг ўз ижодида ҳам из қолдирди. Бу ўринда “Ойгул ва Бахтиёр”, “Семурғ” каби достонларни эслаш кифоядир.
Уруш ҳар қандай шароитда ҳам сиёсатнинг сўнгги чегараси бўлиб келганки, ўтган асрда иккинчи жаҳон муҳорабаси ер юзидаги кўплаб халқлар қатори бизнинг халқимизни ҳам ўз домига тортди. Бу машъум қирғинда ўзбекларнинг неча юз минглаб фарзандлари ҳалок бўлдилар. Ҳамид Олимжон ўша йиллари жўшқин шоир сифатида элга кенг танилган эди. Шоирнинг ёвузликка, инсониятнинг умумий душманига қарши чексиз нафрат билан ёзган шеърлари, балладалари тарих бўлиб қолди.
Ҳамид Олимжоннинг оиласи адабий оила эди. У Зулфия опамизни шоира ва садоқатли рафиқа сифатида бошига кўтарди, ҳамиша ардоқлади.
Адабиётимизда ҳар бир ижодкорнинг ўз ўрни ва мақоми бор. Уларнинг номлари, айниқса, истиқлол йилларида ҳаққоний баҳосини топмоқда. Мамлакатимиз пойтахти ҳамда бошқа манзилларда улуғ зотларимизга муҳташам ёдгорликлар ўрнатилмоқда, шоҳ кўчалар, метро бекатларига номлари қўйилмоқда. Бу хайрли ишлар барчамизга ғурур бағишлаб турибди.
Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида маънавиятимизга эътибор беҳад кучайган бугунги кунларимизда Ҳамид Олимжоннинг бой ижодий мероси ҳам ўзининг шоён қадрини топаётир. Шоирнинг юксак ижоди, мафтункор шеърияти қалбимизда олижаноблик ва гўзаллик туйғуларининг барқарор бўлишига хизмат қилаверади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 18-сонидан олинди.