Ҳар бир одам ўзидан кейин, касби-коридан ташқари, феъл-атворига лойиқ яхшими-ёмонми хотира қолдиради. Кимнингки номи, касби-кори, амал-мартабалари, айрим нуқсонларидан қатъий назар, кишилар орасида: худо раҳмат қилсин, яхши одам эди, деб тилга олинса, эсланса, бу катта бахт.
Ҳамид Ғулом тенгдош дўстлари, ҳамкасб ёзувчилар орасида муомала, гап-сўз, кийинишдан ҳам ўзига хос шахс сифатида ажралиб турарди. У ўзининг қадрини яхши биларди, катта-кичик демасдан бошқаларнинг ҳурматини жойига қўярди. Унинг олижаноб фазилатларидан яна бири шу эдики, у бировга ҳасад қилишни билмасди. На тенгдошлари ва на бирор кишига қаттиқ гапирганини эслолмайман. Баъзан иш устида ёки бирор асар муносабати билан ўринсиз гаплар айтганлар ёки асарига нисбатан танқидий фикрлар билдирганлар бўлса, гина сақлаб ёв қараш қилганини сезмаганман. Балки бу ҳақда ўйлашга унинг вақти ҳам бўлмагандир. Чунки мен уни бирон жойда ишламасдан юрган пайтини билмайман. У ғайратли, ишчан, ишбилармон, билимдон ёзувчи эди.
У жуда хушмуомала эди-ю, аммо кўришганлар билан узоқ пачакилашиб гаплашмасди, ўзини сипо тутарди. Гапни қисқа қилиб, “оғзингга шакар” қабилида муомалада бўларди. Халқимизда: жанжал чиқарадиган ростдан, муросага келтирадиган ёлғон афзал, деган гап бор. Ҳамид Ғулом шу ақидага амал қиларди. У Ғафур Ғулом номидаги давлат нашриётида директор бўлган йиллари шеърлар тўпламимни, кейин насрий китобимни топширган эдим. Режага киритилганига қарамай, бир йилча қўлёзмаларим ҳаракатсиз туриб қолди.
Бир кун иш охирлаб қолган пайт, жаҳл чиқса, ақл кетади, деганларидек, Ҳамид Ғуломга телефон қилдим. Салом-аликни чўзиб ўтирмай, жаҳл билан:
— Ҳамид Убайдуллаевич, бу менинг китобларим қачон чиқади, ахир! — деб гап бошлаган эдим, у ҳеч нарса бўлмагандек:
— Шукруллохон, чиқади, сабр қилинг, — деди ва унинг бу гапи жаҳлимни алангалатиб, гапини охиригача эшитмай:
— Ия!… Иккитадан биттаси ҳам чиқмаса. Яна!… — деган эдим, ҳолатимни сезган Ҳамид Ғулом ўзига хос босиқлик, хушмуомалалик билан:
— План бор, бошқаларнинг ҳам… — деб гап бошлаган эди, “бошқалар” деган сўзни эшитишим билан гапининг давомини эшитмай:
— Бошқалар қаторига бизлар қачон кирамиз! Агар гап шундай бўладиган бўлса, у маҳалда… (билмадим, ўша маҳалда жаҳл билан оғзимдан қандай гаплар чиқди, қаттиқроқ гапириб юбордим, чамаси). Унга гапиришига ҳам имкон бермай, телефонни қўйиб қўйдим. Аммо дилини оғритганимдан ўзим ҳам хурсанд бўлмадим, ўзимдан хафа бўлиб кетдим.
Ёшликдан қўшни маҳаллада бирга ўсмаган ёки яқин ҳамкасб бўлмаган бегона раҳбар бўлганида, балки бундай муомала қилмаган бўлармидим. Нима бўлганда ҳам, яхши қилмаганимдан кўнглим ғаш бўлди.
Орадан бирор соат ўтар-ўтмас (гўё булут ичидан қуёш чиққандай) иш кунининг охирларида уйимга телефон бўлди. Ким десам, уйдагилар Ҳамид Ғулом, дейишди. “Оббо!.. Ана энди у ҳам ҳаққини олса керак, китобларим чиқишининг кечикиши ҳам гапми энди, йиллаб орқага сурилса керак. Мана жаҳлнинг оқибати”.
— Шукруллохон, мен Ҳамид акангизман, уйдан телефон қилаяпман. Телефонлар расво. Боя гапингизни яхши эшитолмадим, — деди.
Мен нима деб жавоб қилишимни ҳам билмай қолдим. Кўнглимга нур кирди, енгил тортдим. “Нима гап бўларди, Ҳамид Убайдуллаевич, ахир, иккита китобим…”.
Гапимни айтиб улгурмасимдан Ҳамид Ғулом:
— Шукруллохон, гап бундай (одати бўйича гапни қисқа қилиб), яқинда кўп қоғоз олдик, шеърларингизнинг корректураси келган. Шу ойнинг охирларида босилиб чиқади. “Жавоҳирлар сандиғи”ни икки ойдан кейин, янги йилнинг бошида оласиз. Гап шуми, саломат бўлинг, — деди.
Ҳамид Ғулом билан у Арпапоя, мен Олмазор кўчасида турган бўлсак ҳам, ҳовли-жойларимиз жуда яқин бўлган. Ҳамид Ғуломнинг уйига бирор меҳмон келса, айниқса, бошқа шаҳарлардан, албатта, ўғилларидан бирини, Фарҳодни ёки Шерзодни юбориб мени чақиртирарди. Баъзан Ғафур Ғулом ҳам бизларга яқин Арпапоя кўчасида яшагани учун кечки пайтлар айланиб унинг уйига бирга борардик. Эй! Нималарни гаплашмасдик, нималарнинг гувоҳи бўлмаганмиз. Мана бугун Ҳамид Ғуломни хотирлаб, бундан тахминан икки йил бурун раҳматли Ҳамид Ғуломни хотини Манзурахон билан, мен рафиқам Минаввархон билан шифохонада бирга даволанган вақтимизда деярли ҳар куни боғни айланиб қилган суҳбатларимизни кўнглимдан ўтказдим. Соғлигимиз, умрнинг ўтаётгани ҳақида дардлашиб, ёшлик йилларини эсладик. Гаплашсак, ойлаб гаплашсак ҳам гапимиз тамом бўлмасди.
Ҳамид Ғулом билан 1939 йили институтда бирга ўқиганмиз. Ўша йиллариёқ у яхши шоир сифатида “Ўйлаб қарасам” каби шеърлари билан адабиёт аҳли ўртасида обрўга эга бўлиб, машҳур бўлиб кетганди. Лекин Усмон Носирга яқинлиги, “халқ душмани” сифатида қамалиб кетган институт домлалари Фитрат, Ғози Юнусларнинг тарбиясини олганлиги унга қувонч бағишламади.
Ҳамид Ғулом фақат ҳаётлигида эмас, баъзан бирор сабаб билан ҳозир ҳам ёдимга тушганда ҳам қалбимга қувонч бағишлайди. Адабиётда тутган мавқеимиз, феълимизни яқин деб бўлмасди. У менга нисбатан босиқ, обрўли ишларда хизмат қилган, мартабали, ёзувчи сифатида ижоди билан машҳур эди. Иши кўплигиданми ёки табиати шундаймиди, гап-гаштакларга унчалик хоҳиши бўлмасди. Бу жиҳатдан мен унга нисбатан анча эркин эдим, менда улфатчиликка ҳамиша вақт топиларди. Бундай пайтларда Ҳамид Ғулом бир оғиз ширин сўз айтиб, узр сўрарди. Унинг феълини билганимиз учун гина қилмасдик. Мени ўзига қанча яқин тутган бўлмасин, ёшликдан қадрдонлигимизга қарамай, бирор сабаб ёки асарларим муҳокамасида ижобий фикр айтгани муносабати билан “Қани энди бугун сизга бир эрийдиган бўлдим”, деган вақтларда ҳам у бир баҳона билан миннатдорчилик билдириб қўя қоларди.
Ҳамид Ғулом таъмани билмасди, ҳатто уни мақтаган чоғларимизда ҳам охиригача эшитиб ўтирмасди, таъмагирлик билан айтилган мақтовлардан ўзини эҳтиёт қиларди.
Ҳамид Ғуломни қувониб эслайман. Унинг ибратли томонлари кўп эди. Бағрикенг инсон эди. Ахир, у мени ўзига яқин олиб, қанчалик бир-биримизни ҳурмат қилган бўлмайлик, ижодкор сифатида ўртамизда қаттиқ-қотирим гаплар ўтган вақтлар ҳам бўлган. Унинг камолоти шунда эдики, у одамнинг руҳияти, феълини тушунарди. Ойни этак билан ёпиб бўлмас, деганларидек, менинг ичкиликни хуш кўришимни ёқтирмасди. Лекин ўзининнг ақли бор-ку, дегандек юзимга солган эмас. Қайси вилоятга бормайлик, деярли ҳаммасида менга ҳамроҳ бўларди. Ҳаётим, ижодим тўғрисида учрашувларда кўнглимдаги гапларни айтиб қувонтирарди. Матбуотда босилган мақолаларида ҳам нуқсон ва фазилатларимни катта шоир сифатида самимий таҳлил қилганлардан бири эди у.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 17-сонидан олинди.