Ансориддин Иброҳимов. Япониялик бобуршунос (2009)

Марказий Осиё тарихида сиёсий ақл-идрок билан маънавий жасоратни, диний дунёқараш билан қомусий билимдонликни ўзида мужассам этган буюк арбоблар кўп бўлган ва улар орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бор .
Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар даври, адабий ҳамда илмий меросини ўрганиш, халқимизга кенг тарғиб қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Бобур номидаги халқаро жамғарма фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бобуршунослик алоҳида соҳа сифатида шаклланиб бўлди ва Америка, Европа, Осиёнинг кўплаб мамлакатларида йилдан-йилга ривожланиб бормоқда, тадқиқотчилар сафи кенгаймоқда, илмий изланишлар кўлами кенгайиб, чуқурлашиб бормоқда. Америкалик шарқшунос ва бобуршунос профессор У. Тэкстон, франциялик профессор Б. Грэмон, туркиялик доктор Б. Йўжил, доктор Т. Сейҳан, ҳиндистонлик профессор Қ. Райис ва бошқа олимлар ушбу соҳага салмоқли улуш қўшмоқдалар. Бобуршуносликдаги энг янги изланишлар сифатида доктор Шафиқа Ёрқин “Бобурнома”нинг “Кобул” қисмини дарий тилига ўгириб, алоҳида китоб шаклида Афғонистонда нашр этгани, доктор Танжу Сейҳан хонимнинг “Мубаййин” асари бўйича илмий изланишлари, доктор Билол Йўжил тайёрлаган Бобур девони нашри, мисрлик олиманинг “Бобурнома”ни араб тилига таржима қилиши ва ҳоказоларни санаб ўтишнинг ўзи кифоя.
Лекин бобуршуносликда япониялик профессор Эйжи Манонинг ҳиссаси, айниқса, салмоқлидир. Бу заҳматкаш олим 40 йилдан бери Бобур асарларини астойдил тадқиқ этиб келмоқда. У биринчи бўлиб “Бобурнома”нинг илмий-танқидий матнини яратди, асарни япон тилига таржима қилди, “Бобурнома”га конкорданс тузди, “Бобур ва унинг даври” номли йирик асар ёзди — жами тўрт китобдан иборат илмий-тадқиқотлар мажмуини яратди. Унинг «Бобурнома»га тузган конкорданси (асардаги жами сўзларнинг неча марта учрашини алифбо тартибида ва аниқ ўрнини кўрсатган ҳолдаги мукаммал рўйхати) бобуршуносликдаги энг жиддий илмий ютуқлардан биридир. Бобур асарларига конкорданс тузиш Бобур лексикасини ўрганиш, унинг қаламига мансуб асарлар тилининг мукаммал изоҳли луғатини яратишда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Олимнинг тўрт китобидан дастлабки учтаси “Бобурнома”га бағишланган соф филологик, матншунослик соҳаларига оид изланишлар бўлса, “Бобур ва унинг даври” деб номланган тўртинчи жилди тўрт қисмдан ташкил топган — биринчи қисми Бобур ва “Бобурнома”га бағишланган; иккинчи қисми бобурийлар ва “Тарихи Рашидий” асари ҳақида; учинчи қисми Темур ва темурийлар тарихи тўғрисида ва тўртинчи қисми қўшимчалардан иборат.
Профессор Э. Мано Киото университетида ўқиб юрган кезларида “Бобурнома”нинг В. Эрскин бажарган инглиз тилидаги биринчи тўлиқ таржимасини мутолаа қилди ва бу бебаҳо асар уни бутунлай ўзига ром этди, “Бобурнома”нинг асл матни билан танишиш иштиёқи пайдо бўлди ва шу мақсадда араб, форс ва туркий тилларни ўргана бошлади.
У бир қатор чет мамлакатларда таҳсил кўрди, илмий сафарларда бўлди, таниқли олимлардан туркий ва форс тилларини чуқур ўрганди. 1983 йилда асарнинг Фарғона қисмини, кейинроқ эса Кобул қисмини япон тилига таржима қилиб, чоп эттирди. 1986 йилда Киото университетида докторлик илмий даражасини ҳимоя қилиб, профессор унвонига сазовор бўлди.
Олим “Бобурнома”ни аслиятда, яъни араб ёзувида ўқиш учун компьютер имкониятларидан кенг фойдаланди. У ўзида мавжуд барча қўлёзмаларни компьютер воситасида қиёслаб ўргана бошлади. Дастлаб матнни араб ёзувидан лотин алифбосига ўгирди, кейин профессор Кайоко Хайашиннинг ёрдамида матнни яхлит ҳолда лотин ёзувидан араб ёзувига кўчирди. Ўша даврда Японияда компьютер технологиясининг тез суръатлар билан ривожланаётгани олимга жуда қўл келди. Ниҳоят, бир неча йиллик сермашаққат меҳнатдан сўнг “Бобурнома”нинг араб алифбосидаги танқидий матни яратилди ва 1996 йилда нашр этилди. Ушбу нашрни ўзбек олимлари “япон олимининг жасорати”, деб баҳоладилар. “Бобурнома”нинг илмий нашри (Тошкент, “Шарқ”, 2002) мана шу танқидий матнга асосланганининг ўзиёқ япон олими бажарган ишнинг нақадар катта илмий ва амалий аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Э. Мано эришган муваффақиятлар билан чекланиб қолмади, танқидий матн устидаги изланишларини давом эттирди. Биринчи нашрни тайёрлашда истифода этган тўртта туркий ва битта форсий қўлёзмадан ташқари, дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган бошқа нусхаларни ҳам имкон қадар тадқиқ этди ва ниҳоят, 2006 йилда ўн йиллик меҳнат натижаси сифатида “Бобурнома” танқидий матнининг янги нашри чоп этилди. Унда олдинги нашрда йўл қўйилган матбаа ва бошқа хатоларни тўғрилашдан ташқари, бир қатор муҳим ўзгаришлар ҳам киритилди. Э. Манонинг ёзишича, “Бобурнома”нинг танқидий матни Бобур яратган асл нусхани тиклашнинг бошланиши бўлса-да, дунё илмий жамоатчилиги, жумладан, ўзбек олимлари ҳам унга юқори баҳо бердилар.
Биз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидаги мақоламизда (2009 йил, 13 февраль) мазкур танқидий матнга муносабат билдириб, нашрни тайёрлаш жараёнида -лар қўшимчаси ҳақидаги Э. Манонинг бир фикрига тўхталган эдик. Чунончи, мазкур мақоламизни ўқиб чиққан олим (у кирилл ёзувини ҳам яхши билади ва ундаги ўзбекча матнларни бемалол мутолаа қила олади) ўзининг менга йўллаган электрон мактубида, мақола, хусусан -лар қўшимчаси ҳақидаги фикр маъқул бўлганлигини алоҳида таъкидлаган ва миннатдорчилик билдирган.
Сўзнинг “муҳаббат” ёки “меҳнат”лигини битта нуқта ҳал қиладиган араб ёзувидаги матннинг танқидий вариантини яратиш нақадар сермашаққат юмуш эканлигини мутахассислар яхши биладилар. Чунончи, Э. Мано ҳам мана шундай оғир ишни зиммасига олган ва асосан, уддасидан чиққан. Унинг матнга ўта синчковлик билан муносабатда бўлганига битта мисол келтирамиз.
Олим “Бобурнома”даги бир жой номига тўхталади ва Ўтрорми ё Тароз, деган савол қўяди. Фарғона таърифини Э. Мано қуйидагича келтиради: “… шимолда (шимолида бўлиши керак — А.И.) агарчи бурун шаҳрлар бор экандур, мисли Олмолиғ, Олмоту ва Янгиким, кутубда Атрор (Ўтрор) битирлар, мўғул ва ўзбек (ўзбак бўлиши керак — А.И.) жиҳатидин бу тарихда бузулуптур, асло маъмура қолмайдур”.
Мазкур парча асарнинг Ҳайдаробод, Эдинбург, Теҳрон нусхалари ва Абдураҳим Хони Хононнинг форсча таржимасида ҳам шундай келтирилган. Танқидий матнда эса “Янги”нинг ўрнига “Ўтрор” ёзилган. Лекин шу жумла танқидий матн ва Россиядаги иккита қўлёзмада турлича битилган — Санкт-Петербургдаги биринчи қўлёзмада “Янгиким, кутубларда Траркант (Э. Манонинг фикрича, “Тразкант”нинг хато ёзилгани) битирлар” ва Санкт-Петербургдаги иккинчи қўлёзмада “Янгиким, кутубларда Тразканд битурлар”. (Араб ёзувида қисқа унлилар, одатда, ёзилмаганлиги сабабли Э. Мано зикр этилган иккита жой номидаги “а” унлисини транскрипцияда кўрсатмаган).
Юқорида тилга олинган иккита қўлёзма асосида Э. Мано “Янгиким, кутубда Тразканд(ёки Таразкант)” бўлиши мумкин, дейди. Лекин танқидий матндаги Ўтрор тўғрими ёки Россия қўлёзмаларидаги Тарозканд (Тарозкант)ми, деган саволга жавоб бериш учун олим “Тарихи Рашидий”, “Ҳафт иқлим” сингари манбалар асосида “Тароз” номи “Янги” деб, XV асрдаги Хитой манбаларида ҳам “Ўтрор” эмас, балки “Тароз” деб аталганини аниқлайди. Бобур янглишганми ё танқидий матнда хатога йўл қўйилганми, деган савол қўяди Э. Мано.
У мазкур саволга жавоб ахтариб, Мирза Поянда Ҳасан Ғазнавий ва Муҳаммадқули Мўғулшоҳ бажарган форсча таржимага мурожаат қилади. Ушбу таржима «Бобурнома”нинг энг қадимги қўлёзмасидан ўгирилганлиги учун ҳам ишончли ҳисобланади. Унда “Тароз” битилганини аниқлайди. Бу нарса Бобурнинг қўлёзмасида “Тароз” бўлганлигини билдиради. Араб алифбосида ёзилган “Атрор”(“Ўтрор”)даги иккинчи “ре” хато (“зе”даги нуқта тушиб қолиб, “ре”га айланган), сўзнинг бошидаги “А” (“алиф”) эса кейинчалик қўшилган. Манбаларда, одатда, “Тарозканд” ёки “Тарозкант” эмас, “Тароз” шакли кўпроқ учраган.
Юқорида келтирилган далиллар асосида Э. Мано танқидий матндаги “Ўтрор”ни “Тароз” деб тўғрилаган. Бинобарин, Бобур хато қилмаган, балки танқидий матн ва кўпчилик қўлёзмаларда нотўғри ёзилган экан.
Бирон асарнинг танқидий матни яратилганидан кейин, бу борада иш ниҳоясига етди, деб бўлмайди. Янги манба ва маълумотлар топилиши, уларнинг илмий истеъмолга киритилиши натижасида матн ҳам такомиллашиб бораверади. “Бобурнома” танқидий матнининг янги нашри ҳам буни кўрсатиб турибди.
Эйжи Мано учун илмий изланишларда майда-чуйда нарса йўқ — матндаги ҳар бир ҳарф, ҳар бир нуқтага жиддий эътибор ва масъулият билан қарайди. Андижондаги конференция кунларида бўлиб ўтган суҳбат чоғида мен у кишидан исм-шарифингиз ўзбек тилида қандай ёзилгани маъқул, исм-шарифингиз япон тилида қандай талаффуз қилинади, деб сўрадим. Ҳозир бизда у кишининг фамилияси асосан Мано шаклида ёзилаётгани ҳамда “о” ҳарфи ҳозирги ёзув (кирилл)да икки хил товушни англатиши — ҳам олма сўзидаги “о” ни, ҳам(рус тилининг таъсирида) органдаги “о”ни билдиришини ҳамда мана шу иккинчи “о” товуши ўрмон сўзидаги “ў” билан деярли бир хил эканини айтдим. Юқорида эслатганимдек, профессор жаноблари ўзбек тилида қўлланадиган кирилл ёзувининг хусусиятларини жуда яхши биладилар, шунинг учун менинг фамилиям ўзбек тилида Манў шаклида ёзилиши тўғри бўларкан, дедилар.
Ўзбек бобуршунослари ҳали улуғ Бобур олдида қарздорлар — Бобур асарларининг мукаммал илмий нашри, Бобур қомуси, Бобур асарларининг тўлиқ изоҳли луғатини яратиш каби бир қанча улкан вазифалар турибди. Мана шу ишларни амалга оширишда япон олими яратган тадқиқотлар жуда асқотади.
Бобур халқаро мукофотининг совриндори Эйжи Манў ҳали куч-қувватга тўла, катта режалари бор. Жумладан, у “Мубаййин” асарининг танқидий матни ва Хўжа Аҳрор қаламига мансуб “Волидия” рисоласи ҳамда унинг Бобур назм билан бажарган туркий таржимасидаги ўзига хос хусусиятларни ўрганиш устида ишламоқда, кейинчалик ушбу асарнинг ҳам танқидий матнини яратиш нияти бор.
Эйжи Манў Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган, Бобур босган излардан юрган, юртимиздаги қадамжоларни зиёрат қилган, олам-олам таассуротлар олган. У ўзбекистонлик ҳамкасблари билан яқин илмий-ижодий мулоқотда, уларнинг илмий ишларидан яхши хабардор ҳамда уларга ҳурмат билан қарайди. Олис Япония ўлкасидаги олим буюк юртдошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг довруғини дунёга таратишда, асарларини тарғибу ташвиқ қилишда мислсиз жонбозлик кўрсатмоқда. Бунинг учун у ҳар қандай таҳсинга лойиқ.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 17-сонидан олинди.