Асосий фаолияти дорилфунун билан боғлиқ бўлган адабиётшунос олимнинг мамлакатимиздаги янги ташкил этилган нуфузли журналлардан бирига Бош муҳаррир этиб тайинланиши дастлаб айримларни ажаблантирган бўлиши ҳам мумкин. Лекин журнал нашр этила бошлаб, адабий жамоатчиликнинг ва мухлисларнинг эътиборини қозонгач, Бош муҳаррир “узукка кўз қўйгандек” ўз ўрнига тушганлигини барча, бирдай эътироф этди.
Мен журналга домламиздан кейин келган иккинчи ходим бўлдим ва Бош муҳаррирга ўринбосар сифатида иш бошладим. Мана шу фаолиятим давомида устознинг Бош муҳаррир сифатидаги фидокорона меҳнатига, жасоратига, муаллифларга самимий муносабатларига кўп марта шоҳид бўлдим.
Домла иш борасида ўзини аямасдилар. Журналнинг ташкилий ишлари маромига етгач, унинг дастлабки сонларини тайёрлашга шитоб билан киришиб кетдик. Ана шу паллада домланинг муҳаррирлик истеъдоди намоён бўлди. Журнал таҳририяти ходимлари олдида шундай савол кўндаланг бўлди: жаҳон адабиёти катта уммон, лекин бугунги кунда ўқувчиларимиз учун қайси асарлар муҳим? Қайси асарлар халқимиз тафаккурини юксалтиради, маънавиятини бойитади?..
Ҳар ким ўз фикрини айтди. Лекин домла ҳамманинг фикрини астойдил эшитиб, айримларини қўллаган ҳолда ўзлари тузиб келган рўйхатни ўқиб (ундаги адиблар дунёнинг турли мамлакатларидан эди), улар ҳақида кенг тушунча бериб, дарҳол таржимонларни бу асарларга жалб этишимизни айтдилар.
Шундай қилиб, журнал фаолияти қизғин бошланиб кетди. Адабиётимизнинг жонкуярлари, моҳир таржимонлар, ўткир публицистлар, таниқли адабиётшунос олимлар таҳририятимизнинг фаол муаллифларига айландилар. Айрим йирик асарлар ҳали таржимаси тугамасдан туриб, журнал саҳифаларида эълон қилинди.
Домла, айниқса, жаҳон публицистикасига жиддий эътибор бердилар. Таҳририятимизнинг бир йиғилишида Публицистика бўлими мудири марҳум Раҳматулла Иноғомовга мурожаат қилиб: “Биласизми, дўстим, бундан йигирма йиллар муқаддам америкалик ўткир публицист адибанинг экология ҳақида ажойиб мақоласи эълон қилинган эди. Шуни зудлик билан таржима қилсангиз, келгуси сонда ёритамиз”, дедилар.
Домла ушбу мақола муаллифини, у қайси журнал эканлиги-ю, унинг йили ва ойини аниқ айтдилар.
Мазкур мақола эълон қилингандан кейин кўп ижодкор дўстларимизнинг ундан ҳайратланганликларига шоҳид бўлдим. Ҳатто уни айрим нашрлар кўчириб ҳам босди.
Домланинг тавсияси билан таржима қилинган бундай мақолалар беҳисоб эди, десам лоф эмас.
Ёшлар тафаккурини ўстирадиган, уларни жасоратга даъват этадиган коинот ва фазогирлар ҳақидаги, бемисл кашфиётлар яратган жаҳон олимлари ҳаётига бағишланган қатор мақолаларни ўзлари таржима қилдилар.
Жаҳон адибларининг адабиёт ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, турли адабий оқимлар, айниқса дунёдаги ҳозирги адабий жараёнлар ҳақидаги мақолалар борасида алоҳида тўхталмасдан ўтиб бўлмайди. Масалан, бугунги кунда ҳар бир танқидчи икки гапидан бирида такрорлайдиган “модернизм”, “постмодернизм” ҳақида туркум мақолалар эълон қилган эдик. Бу мақолалар норвег адиблариники бўлиб, домланинг ўзи таржима қилгандилар. Муҳими, мазкур мақолаларда ушбу оқимлар нима учун пайдо бўлгани, уларнинг асл моҳияти нима эканлиги теран очиб берилганди. Жумладан, Бальзакнинг “Француз ёзувчиларига мурожаати”ни эсга олмай бўладими? Уни ўқисангиз, деярли икки аср илгари ёзилган мақоланинг бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарблигини тан олмай иложингиз йўқ.
Журналда режалаштирилган дурдона асарлар, таржимонларимизнинг истеъдоди ва савиясига қараб, уларга тавсия этиларди. Уларни таржима қилишни зиммасига олган таржимонлар бундан бу ёғи таҳририят “таъқиби”дан қутула олмасди. Масалан, ана шундай тавсиялар туфайли “Зурдўшт таваллоси”, “Бузрукнинг кузи”, “Улисс саргузаштлари” асарлари адабиётимизнинг бебаҳо мулкига айланди.
Домладаги яна бир фазилат асарнинг савияси ҳақида ўз ўйлаганини галга солмай муаллиф юзига айта олиши эди. Нафсламбирини айтганда, бу хусусият Бош муҳаррир учун шарт бўлган энг муҳим хусусият эмасми? Жумладан, домла яхши асар ҳақида терисига сиғмай қувониб гапириб юрар, бўш асар ҳақида эса, муаллифи ким бўлишидан қатъи назар, унинг нуқсон-қусурларини далиллаб, ҳар қандай даврада гапира оларди.
Домлага ўзини яқин олиб юрадиган дўстларимиздан бири драмаси ҳақида театр фикр сўраётганлигини айтиб, тавсия ёзиб беришини сўраган экан. Домла ушбуни ана шу дўстимизга бериб қўясиз, эртага олдингизга келади, дея менга бердилар. У пиеса ҳақидаги фикр-мулоҳазалар экан. Мен танишиб, ҳайратдан ёқамни ушлаб қолдим. Ўзининг дўстидай, энг яқин шогирдидай кўрадиган ёзувчи драмаси ҳақида шундай аччиқ гапларни ёзгандиларки (албатта, чандон асослаб), унда бу асар шу аҳволда саҳнага чиққанидан чиқмагани маъқул, деган фикр дангал айтилган эди.
Журналдаги Озод Шарафиддиновнинг Бош муҳаррирлик фаолиятини битта мақолада, албатта, қамраб олиб бўлмайди. Лекин мен мана шу ўтган даврга назар солсам, домладан таҳририятдаги барчамиз учун жуда катта тажриба, асарларга талабчанлик туйғуси, жамики қалам аҳлига холис ва самимий муносабат анъанаси мерос қолганлигини ҳис этаман.
Домла танбал, ишёқмас ходимларини жинидан баттар ёмон кўрардилар, ваъдасида турмаган муаллифларни, таржимонларни ўзининг аччиқ сўзларига дучор қилардилар.
Бош муҳаррир учун зарур бўладиган яна муҳим хислатлар мана шулар эмасми?!
Журналимиз фаолияти ҳамиша силлиқ кечди десам, ҳақиқатга хилоф гапни айтган бўламан. Маълум йилларда жамоамиз ҳам мураккаб қийинчиликларни бошидан кечириб, оқсай бошлади. Ўшанда Бош муҳарриримизга яхши маънода хайрихоҳлик билдириб, бир йилда 12 та сон чиқариш шартми, уни 6 та сон қилиш ёки ҳажмини озгина камайтирса бўлади-ку, деган фикрлар ҳам айтилди. Шунда домла чўрт кесиб, Президентимиз олдида, ўқувчиларимиз олдида нима деймиз, деганлари ҳали ҳам ёдимда.
Минг шукрки, Юртбошимиз асос солган журнал 12 йил давомида бир ой ҳам канда бўлмай, бир саҳифа ҳам камаймай нашр этилиб келинмоқда. Унинг ҳозир 140-сони чоп этилди.
Шуни фахр билан айта оламанки, домламиз таваллудининг 80 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётган бир пайтда, ўқувчиларимиз сони деярли икки баробарга ортди. Бу кўрсаткичга эришганимизда журналимизнинг барча ходимлари дилидан, Домламизнинг руҳи шод бўладиган бўлди, деган фикр кечгани, шубҳасиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 11-сонидан олинди.