Таниқли адабиётшунос олим марҳум Бегали Қосимовнинг қуйида илк бор эълон қилинаётган ушбу мақоласи ёш авлод тарбиясида Ватан туйғусини шакллантириш масалаларидан баҳс этади.
Ёш авлод тарбиясида тил ва адабиётнинг роли нечоғли эканлиги, ўйлайманки, изоҳга муҳтож эмас. Инсоннинг кўз очиб кўрган уйига, ота-она ва қардошларига меҳру муҳаббати она сути билан киргани каби, эл-юртига муносабати, биринчи навбатда, она тили ва адабиёти орқали шаклланади. Бугина эмас. Тил ҳар бир миллатнинг миллат бўлмоғида биринчи унсурдир. Адабиёт ўз оти билан “адаб”, яъни одобдир, тарбиядир. Оталаримиз бу масалаларга алоҳида эътибор билан қараганлар ва жамият тараққиётида лозим мавқеъ-мартабани бериб келганлар. Тил ва адабиётнинг мавқеи миллатнинг мавқеи билан ҳамиша тўғри нисбатни ташкил этган. Миллатнинг қудрати ва нуфузи ошса, у ҳам ошган ва, аксинча, тушса, у ҳам тушган. Бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам Ватан ва Миллат номи муқаддас келган. Ислом маданиятининг, мусулмон ахлоқининг тамал тошларидан бўлган ҳадиси шарифлардан бири “Ватанни севмак иймондандир” (“ҳуббул ватани мин ал иймон”), деган ҳадис эди.
Адабиётимиз босиб ўтган йўлга бир кўз ташлайлик. Милоднинг 732 йилида Йўллуғ Тигин “Кул Тигин” битигида битади: “Турк, ўғуз беклари, эй халқ, эшит! Тепадан осмон босмаган бўлса, пастда ер ёрилмаган бўлса, эй турк халқи, давлатингни, ҳукуматингни ким бузди?!”
Навоийни эслайлик:
Аёнким, ватан узра то жони бор,
Киши ҳарб этар токи имкони бор, —
Яъни инсон тирик экан, ватани учун курашади, деб ёзган эди буюк шоиримиз. Замоннинг зарбалари билан она юртини тарк этишга мажбур бўлган Заҳириддин Бобурнинг бутун умри Ватан ҳасрати билан ўтди.
Сендин бу қадар қолди йироқ, ўлмади Бобур,
Маъзур тут, эй ёрки, тақсир қилибдур, —
деб ёзган эди у олис Ҳиндистондан. Яъни: Сендан шу қадар узоқда қолиб ҳам Бобур ўлмади. Сен уни ўлмагани, “тақсир қилгани” — хато қилгани учун кечир, “маъзур тут”. Ҳолбуки, Бобур ўшанда камдан-кам кишига насиб этадиган шавкатли салтанат эгаси эди.
“Ватан, ватан дея жоним танимдан ўлса равон, Манга на ғам қолур…”, — дейди ХХ аср бошидаги ўзбек маърифатпарвар адабиёти вакили Абдулла Авлоний. Унинг замондоши шоир Таваллода эса: “Бу ватандандур бадан”, деган ташбиҳни учратамиз:
“Ватан, менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал” —
дейди бугунги шоиримиз Абдулла Орипов ва “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” деган савол қўяди.
Дарҳақиқат, нега Ватанни севадилар? Нега уни иймон қадар юксак тутадилар? Нега барча гуноҳларни кечириш мумкин-у, ватанга хиёнатни кечириб бўлмайди? Чунки у она сингари танҳодир, ягонадир. Чунки у биз кўз очиб кўрган дунёмиздир. Биз вояга етган маъводир. Тоғ-тошидан ер-сувигача, сабза-гиёҳидан дов-дарахтигача умримизга жон қадар пайванд. Чунки у бизнинг ёшлигимиз, биз орттирган дўстлар, илк муҳаббатимиз, қувончларимиз, ташвишларимиз, бахтли-бахтсиз онларимиздир. Бу тупроқда бизни дунёга келтирган, ақлу маърифатимизни бугунги даражага олиб чиққан, шаъну шукуҳимизни дунёга намойиш этган ота-боболаримизнинг хоки поклари ётибди. Шунинг учун ҳам уни саждагоҳ атайдилар.
Ватанни севмоқ ундан шунчаки қувонмоқ, ғурурланмоқ эмас. Уни дил-дилдан англамоқ, у билан нафас олмоқ, у билан яшамоқдир. Уни яшнатмоқ, обод этмоқ, у учун курашмоқдир.
Афсуски, XIX асрнинг 60-йилларида ватан билан бирга ватан муҳаббати ҳам биздан тортиб олинган эди. Сўнг XX асрнинг етмиш йили давомида бу туйғу пояма-поя синдириб келинди. Миллат, ватан тушунчалари социалистик мафкурага мослаб чиқилди. “Биз — совет халқимиз”, “СССР — бизнинг ватанимиз” деган сохта тушунчалар онгларга сингдирилди. Юрий Долгорукийдан Зоя Космодемянскаягача меҳр билан ўргандик. Лекин Амир Темурни танимадик. 1917 йил воқеаларини “Юрт қайғуси” сифатида кутиб олиб, халқ дардини дилдан ҳис этган ва истиқлол йўлида жонларини фидо қилган оталаримиз “халқ душмани” сифатида йўқ қилиндилар. Ниҳоят, социализм йиқилиб, у билан боғлиқ тушунчалар тумандай тарқала бошлагач, ҳамма нарса яна аслига қайтди. Бизнинг Ватанимиз кўп минг асрлик тарихга эга бўлган, жаҳон цивилизациясининг чорраҳасида келган, ўнлаб илм-фан доҳийлари билан башарият тафаккурини ёритган, жаҳонгир саркардалари билан олам харитасига неча бор туб ўзгартишлар киритган табаррук Ўзбекистон эканлигини бугун дадил айтмоқдамиз.
Хўш, нечун севаман Ўзбекистонни,
Сабабини айтгил, десалар менга,
Шоирона гўзал сўзлардан олдин
Мен таъзим қиламан она халқимга, —
деб ёзади Абдулла Орипов.
Дарҳақиқат, миллат (халқ) тушунчаси ҳамиша ватан билан ёнма-ёндир, мисоли жисму жондир, бирини бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Миллатимизнинг эса, ўлмай-йитмай, йўқолмай-ютилмай асрлар оша барҳаёт келишини таъмин этган, бугун ҳар биримизнинг томиримизда қайноқ қон бўлиб оқиб турган бетимсол анъаналари бор. 1924 йилда мустамлака Туркистони беш бўлакка бўлиниб, бири-бирига қайраб қўйилганида, ўлка ва унинг халқини яхши билган олимлардан бири шундай ёзган эди:
“…Баъзи одамлар тобе туркларнинг, хусусан туркистонликларнинг миллий ҳаракати ҳали жуда ибтидоий босқичдалигини, инглиз, немис ва рус миллатларининг бутун янги давр тарихини ағдар-тўнтар қилган қудратли миллий шуурлари, миллий маданиятларининг улуғворлиги қаршисида ўрта осиёликларнинг довдираб қолишларини, бир кун ўз тақдирларини ўзгартириш имкони туғилганида ҳам ундан фойдалана олмаяжакларини сўйлайдилар. Лекин бу миллатнинг шундай қавмий хусусиятлари бордирки, уларни уйғотиб, ишга солишга муваффақ бўлинса, йўқотган нарсаларини жуда қисқа муддатда тиклай олади.
Мингларча йиллик тарихимизда қизил ип бўлиб ўтган миллий хусусиятларимиздан бири жонлилик ва битмас фаолликдир…
Халқимизнинг бутун тарихий такомили давомида кўзга ташланган энг аён хусусиятларидан бири тарихнинг биз билган давридан буён аскар бўлиб келганлиги, интизомсеварлиги, ҳаётнинг энг оғир мушкулотига ҳам тайёр туриши, машаққатларга узоқ муддат сабрли бўла олишидир…
Бу миллатнинг буюк жанглар пайтида бирдан туғёнга келиши унинг истиқлолга муҳаббати ва дунё воқеаларига чин кўнгилдан берилиши ҳамда қизиқиши билан изоҳланади. Бундай миллий хусусиятларини халқимиз жуда катта эътибор билан ёшларга сингдириб келади”.
Тарихимизнинг миллий уйғониш даври деб аталган ХХ аср бошида ватан ва миллатни англаш, мустақиллик учун курашиш энг муҳим масалалардан бўлган эди. Хусусан, “тараққийчилар” номи билан тарихга кирган фидойи оталаримиз бу борада катта шижоат кўрсатдилар. Замон айланиб, асримиз сўнгида мустақилликнинг долзарб масалалари Юртбошимиз томонидан кун тартибига қўйилди. Миллатнинг ўз-ўзини англашига эришиш, янги давлат, янги жамият қуришда Шарқ билан Ғарбдаги энг яхши анъаналарни бирлаштиришга ҳаракат қилингани бугун нечоғли самара бераётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Бу ХХ аср бошида маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган адибларимизнинг энг эзгу орзуларидан бири эди. Ўнинчи йилларда тузилган ва даврнинг машҳур адиблари, зиёлиларини атрофига бирлаштирган Мунавварқори жамиятининг номи “Турон” эди. 1918 йилда машҳур Фитрат Тошкентдаги кўзга кўринган истеъдод эгаларини тўплаб, ўз жамиятига “Чиғатой гурунги” деган ном берди ва бу билан адабиётимизнинг олтин асри санаб келинган ХV аср — Навоий асрига ўз ихлос ва муҳаббатини ифода этди. Беҳбудий 1914 йилда ёзади: “Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайтурғонларни “қул” — “марқуқ” дерлар”. Бу сўз Ч.Айтматов қаламида “манқурт” номи билан қайта кашф этилгани ҳаммамизга маълум.
Бинмо саҳари азми тавофи ватани ман,
Оҳ-оҳ чи ватан қиблагоҳи, жони таниман.
(Сен менинг ватанимга эрта тонгда назар сол. Ҳай-ҳай, қандай ватан бу! У менинг қиблагоҳим, жони танимдир). Бу Фитратнинг “Сайҳа”сидан.
Мовароуннаҳрдир тарихда бизларга ватан,
Арзиғай бизлар санга хизматта бўлсак жону тан.
Бу тошкентлик Таваллонинг эътирофи.
“Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳру мамлакатини шул кишининг ватани дейилур”, — деб бошланар эди Абдулла Авлонийнинг 1913 йилда чоп этган “Туркий гулистон” китобидаги “Ватанни суймак” фасли.
Кўриняптики, ватан мавзуси маърифатпарварлик адабиётида етакчи мавзу бўлган. Сўнг адабиётимизда ўзликни англаш, шу жумладан тарих ва ватанга миллат манфаатидан келиб чиқиб ёндошиш 60-йилларда бир қадар кўзга ташландики, бунинг сабаблари вақтинчалик юз берган машҳур “тарихий илиқлик” билан изоҳланади. А.Ориповнинг “Ўзбекистон — Ватаним маним”, Э.Воҳидовнинг “Ўзбегим” каби адабиётимизда янги бир босқич яратган шеърлари шу даврда майдонга келди. Ниҳоят, бу мавзуга адабиётимиз саксонинчи йиллар ўртасидан бошлаб чинакамига қайтди ва у мустақилликдан сўнг давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди.
Бугун биз жаҳон тараққиётидаги ўз ўрнимизни, ўз йўлимизни топган мамлакатмиз. Бу йўл табиийки, инсониятнинг ақлу тажрибасига зид эмас, балки ўшандан келиб чиқиб танланган йўлдир, лекин Ўзбекистон йўлидир. Машҳур Исмоилбек Гаспрали 1885 йилда Европа йўргаклаб олган капитализмни ҳам, социализмни ҳам атрофлича таҳлил қилиб, ҳар иккисини баравар рад этган ва учинчи бир йўлни тавсия қилган эди: “Оврупо кекса бир чолдир, тажрибаси кўпдир, — деб ёзади у. — Улуғ ёшига ҳурматимиз бор. Тажрибасини ўрганамиз, лекин хатоларини такрорламаймиз. Мактабларини, университетларини бизлар ҳам қурамиз. Аммо ақлларимизни қанча ёритсак, юракларимизни шунча “ҳаққоният” билан тўлдирмоққа ҳаракат қиламиз. Оврупода нимани кўрсак, ёш боладек кўтариб югурмаймиз. Эсли-ҳушли инсонлардек: “Бу нимадир?” “Оқибати нима бўлади?” “Виждон ва ҳаққониятга уйғунми?” дея ақл тарозусига тортиб оламиз. Оврупо маданияти мулоҳазасиз қабул қилавериш мумкин бўлган бир нарса бўлса эди, бу маданиятга Оврупонинг ўз вориси душман бўлмас эди. Яна бир бор такрорлайман: янги фанларини, кашфиётларини ва ижодларини, фойдали хизматларини инкор этмайман. Лекин ислом оламининг ислоҳот ва тараққиётга эҳтиёжи бўлган бир пайтда ҳеч бир мулоҳаза қилиб кўрмасдан Оврупога тақлид этишни ақлдан ҳисобламайман”.
Президентимиз Ислом Каримов ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 149-сессиясида сўзлаган нутқида “Илдизлари асрлар қаърига туташган, 3000 йилдан кўҳнароқ” Ўзбекистон тарихига берилаётган эътиборни, ўзбек халқининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасининг эътироф этилишини мамнуният ва миннатдорлик билан қайд этдилар. Аждодлар меросини авлодларга етказмоқ қанча шарафли бўлса, шунча масъулиятли ҳамдир.
Шу жумладан Ватан муҳаббатини ҳам.
Хўш, уни ёш авлодга етказмоқ йўллари қандай? Аввало, гуманитар-филологик факултетлар ва ўқув юртларининг тил-адабиёт дастурларини тузишда буни ҳисобга олмоқ керак бўлади. Нофилологик факултетларда, ўқув юртларида, эҳтимол, факультатив дарслар, тўгараклар, учрашув-мулоқотлар, китобхонлар конференцияси, Ватан ва Миллатни танитишни кўзда тутувчи мусобақа, концерт кечалари уюштириш каби турли-туман тадбирлар орқали амалга ошириш яхши натижа берар. Менимча, бу ерда ягона андоза бўлмайди. Ҳамма нарсани жойлардаги мутахассис ва ташкилотчиларнинг диди, маърифати, салоҳияти ҳал қилади. Муҳими, мавзунинг қадри-эътиборини, муқаддаслигини сақлай олишдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 50-сонидан олинди.