Наим Каримов. Ҳуррият байроғи (2008)

Юртбошимиз ўзбек давлатчилиги тарихида буюк рол ўйнаган Соҳибқирон тўғрисида сўзлаб: “Амир Темур — халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзидир”, деб айтган эди. Ушбу ҳақ сўзлардан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, Амир Темур узоқ асрлар мобайнида халқимиз жанговар жасорати ва маънавий қудратининг тимсоли бўлиб келган.
1917 йил феврал воқеаларининг рўй бериши мустамлакачилик кишанлари остида эзилган халқнинг пешқадам вакилларида эрк ва ҳуррият орзуларини уйғотиб юборди. Шундай кишилардан бири Фитрат 1917 йили ўзи муҳаррирлик қилган “Ҳуррият” газетасининг 28 июл, 18 август, 31 октябр ва 29 декабр сонларида миллий истиқлол ғояси билан йўғрилган “Юрт қайғуси” номли туркум шеърларини эълон қилди. Шу шеърлардан бири “Темур олдинда” деган изоҳ билан берилган бўлиб, Фитрат унда Амир Темурнинг барҳаёт руҳига лирик қаҳрамон номидан мурожаат этиб, “эгилган бошим, қисилган виждоним, куйган қоним, ўртанган жоним учун бу сағанангдан даво излаб келдим», дейди. Сўнгги юзйилликда содир бўлган воқеалар оқибатида халқ ва мамлакат бошига тушган кўргиликларда ўзининг ҳам гуноҳкор эканини тан олади ва, жумладан, бундай ёниқ сўзларни айтади:

“…Мен ёлғиз ёзиқларимни иқрор этарға эмас,
Туронга бердигим зарарларни тўламоқ учун келдим, Хоқоним.
Мендан нафрат этма!
Эй, арслонлар арслони!
Менинг ёзуқларимдан ўт,
Мени қўлимни тут,
Белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер!
Сенинг дунёга сиғмаган ғайратингга онт ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлигини қайтармасдан бурун аёғларингда ўтирмасман”.

Амир Темур Фитратнинг бу ва бошқа насрий шеърларида халқнинг нажот байроғи ўлароқ гавдаланади.
1917 йилги феврал воқеалари мудроқ Туркистонни уйғотиб юборди. Илғор шоир ва ёзувчилар халқни ватан озодлиги учун курашга даъват этувчи асарлар ёза бошладилар. Шундай бир шароитда ёзувчилар ўтмишда ер юзини титратган саркардаларни нажот фариштаси ўлароқ “тирилтириб”, улардан халқнинг ҳуррият учун бошлаяжак курашида мадад беришни сўрадилар. Фитрат 1918 йили ёзган “Ўғузхон” ва “Темур сағанаси” драмаларида қадимги турк хоқонларидан бири Ўғузхон ва Амир Темур руҳларига мурожаат этган.
Санъатшунос Сирожиддин Аҳмад ва адабиётшунос Бойбўта Дўстқораевнинг маълумот беришларича, “Иштирокиюн” газетасининг 1919 йил 4 сентябр сонида “Навоий кечаси” деган хабар босилган. “Ишчи” (Ғози Юнус) қаламига мансуб шу хабарда айтилишича, ўша йилнинг 16 август куни Тошкентдаги “Роҳат боғча” номи билан машҳур бўлган театр биносида Алишер Навоийга бағишланган кеча бўлиб ўтган. Кечада Ғулом Зафарийнинг “Баҳор”, Фитратнинг “Ўғузхон” ва “Темур сағанаси” бир пардали драмалари намойиш этилган. Ўша йилларга оид матбуот хабарларига қараганда, бу асарлар аввал ҳам намойиш этилган. Уларнинг 1918 йили, феврал воқеаларидан кейин ёзилгани ҳақидаги фикрларда жон бор.
Фитратнинг “Темур сағанаси” драмаси тўғрисидаги таҳлилий маълумот илк бор Ҳамид Олимжоннинг “Фитратнинг ижодий йўли” (1936) деган мақоласида берилган. Мазкур мақола ўша давр талаби билан Фитрат сингари “кекса” ёзувчилар ижодининг “аксилинқилобий” моҳиятини фош этиш мақсадида ёзилган. Шунинг учун муаллиф Фитратнинг ҳурриятпарварлик руҳидаги асарларига вулгар социологизм нуқтаи назаридан ёндашган. Шунга қарамай, бу мақоланинг қимматли томони шундаки, унда бизгача етиб келмаган мазкур асардан кичик бир лавҳа берилган. Яқин-яқингача кимки шу асар тўғрисида фикр юритган бўлса, Ҳамид Олимжоннинг кўпжилдлик асарларида берилган ўша ягона парчадан келиб чиққан. Ҳолбуки, “Совет адабиёти” журналининг 1936 йил 4-5-сонларида босилган бу мақола Ҳамид Олимжон асарларининг кейинги нашрларида, ҳатто “Мукаммал асарлар тўплами”да ҳам қисқартирилган эди.
Шу мақоланинг асл нусхасида берилган маълумотга қараганда, Соҳибқирон сағанасини зиёрат қилиш учун келган Йигит Амир Темур руҳига мурожаат этиб, бундай сўзларни айтади:
“Хоқоним, эзилиб таланган, таланиб йиқилган, йиқилиб яраланган турк элининг бир боласи сендан кўмак истарга келди. Боғлари бузилган, гуллари сўлган, булбуллари учирилган Туроннинг бир қоровули сенга арз этарга келди.
Хоқоним, Туроннинг Қофқози ёнди, озарлиси битирилди, туркмани алданди, татари таланди, ўзбеги емирилди, қирғизи очликдан ўлди, кўтар бошингни, Хоқоним!..”
Йигит монологининг қисқартирилган қисмини биринчи бўлиб тиклаган Сирожиддин Аҳмад “Ошиқ иши – чин севиш”(1998) деган мақоласида мазкур парчани келтиришдан аввал бундай ёзади: “Асрлар мобайнида тинч ётган Соҳибқирон яна шу фарёд ва илтижога чидаш бера олмай, сағанани гумбурлатиб ёриб чиқишга мажбур бўлади. Темур ватанни суйгучи Йигит ва юксак табиатли Чолга қарата хитоб қилади: “Мен сизларга кўп нарсаларни қолдирдим… Не бўлдики, бу замонларнинг шарафли ва жасур миллатимнинг авлодлари ҳозир бошқа бир миллатнинг зулми остида қолмиш, кимлар боғларимнинг қушларини қувмоқда. Оталар меросидан нима қилдингизлар? Сизлардан талаб эдалим, қалқингиз! Сизларга амр қиламан, қалқингиз! Ўлкамизни тузатингиз! Авлодларимни(нг) ҳур яшашини таъмин этингиз! Агар бундай қилмасангизлар, ўлка, мамлакат буюк бир мозорлик ҳолига келажакдир!”.
Фитрат назарида, бир замонлар жаҳоннинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган Темурийлар салтанатининг сўнгги асрларда парчаланиб, мустамлака ҳолига тушиб қолишидан, мамлакат аҳолисининг эса мустамлакачилик зулми остида яшашидан Амир Темур руҳининг безовта бўлмаслиги ғайритабиий эди. Фитрат шу фикрдан келиб чиққан ҳолда, Йигитнинг эзилиб-таланган, таланиб-йиқилган, йиқилиб-яраланган эл ҳақидаги фарёдини эшитган Соҳибқироннинг сағанани ёриб чиқиб, элни қалқишга, ўлкани тузатишга, авлодларнинг ҳур яшашини таъминлашга даъват этишини мумкин, деб билади. Ўзининг изтиробли дард ва аламларини Йигит образи орқали ифодалаган Фитрат учун шу даврда на тириклар ва на ўликлар орасида Амир Темурнинг руҳидан бўлак бирор нажоткор бор эди. Шунинг учун ҳам у ўз асарида Амир Темур руҳини марказий образ даражасига кўтарган. Амир Темур ва унинг руҳи Фитрат учун нажот байроғи бўлган. У ватандошларини ана шу байроқ остида эрк ва озодлик учун курашга чақирмоқчи ва бирлаштирмоқчи бўлган.
Камина аввалги мақолаларидан бирида “Темур сағанаси”нинг матни бизгача етиб келмаганлиги боис бу асарнинг ғоявий йўналишини Фитратнинг “Юрт қайғуси (Темур олдинда)” насрий шеъри ёрдамида тасаввур этмоқчи бўлган эди. Бу ўша пайтда, балки, тўғри бўлгандир. Негаки, “Темур сағанаси”, истаймизми ё йўқми, “Юрт қайғуси”дан ўсиб-униб чиққан. Тахмин қилиш мумкинки, бу асар уни саҳналаштирган ва Амир Темур ролини ижро этган Маннон Уйғурнинг илтимоси билан яратилган бўлиши мумкин. Нари борса, мактаб ва маориф, гиёҳвандлик, жувонбозлик ҳақидаги бадиий ва публицистик асарлар чоп этилаётган бир замонда “Ҳуррият” газетасида халқни эрк, озодлик учун курашга чорловчи “Юрт қайғуси” шеърларининг нашр этилиши ҳатто илғор зиёлиларни, шу жумладан, Уйғурни ҳам ларзага солган бўлиши ва унинг Фитратдан шу асар асосида пиеса ёзиб беришни сўраган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ўзи ҳам “Туркистон табиби” сингари пиесаларни ёзган ва бир неча пиесаларни саҳналаштирган Уйғур “Темур сағанаси” драмасининг қандай бўлиши лозимлиги масаласида Фитрат билан фикрлашмаган, деб айта олмаймиз. Ўша йиллари театр санъатидан тарғибот ва ташвиқот ишларида самарали фойдаланган Уйғур “Темур сағанаси”нинг шундай ташвиқот руҳидаги асар бўлишини истагани шубҳасиздир.
“Темур сағанаси” ҳақида Ҳамид Олимжоннинг мақоласи ва “Ишчи”нинг хабаридан ташқари, узуқ-юлуқ бўлса-да, яна икки-уч манбада маълумот учрайди…
“Миллий Туркистон” журналининг 1952 йилги сонларидан бирида босилган “Абдулрауф Фитрат” мақоласида М.Ҳ.Эртурк тахаллусли муаллиф бундай маълумотни берган: “У (яъни Фитрат – Н.К.) “Темур сағанаси” асаринда, саҳнада кўк ўрмон ва уни(нг) кесилиб турганлигини кўрсатадир. Шу вақтда Темур келиб: «Бу ўрмонларни кимлар кесаётирлар? Кимлар боғчалардан қушларни қувмоқдадирлар? Боболарнинг мерослари не ҳолга тушди?” — деб чақирадир. Фитрат бу усулда боболар қолдирган меросни қўрумоқ лозимлигини халқға уқдирмоқчи бўладир».
Мақола муаллифи “мерос” деб ватанни тушунади. Фитрат ота-боболардан қолган мерос — ватанни ҳимоя қилиш ва пок сақлашни ҳар бир халқнинг муқаддас бурчи, деб билган. Эртурк юқоридаги сўзлари билан мазкур асарда ана шу ғоянинг олға сурилганига эътибор қаратади. Аммо унинг бу мақоласида ҳам “Темур сағанаси”нинг бизга Ҳамид Олимжон орқали маълум бўлган лавҳаси бирмунча бузиб берилган.
1922 йили Гёте юртига ўқишга борган талабалардан бири Саттор Жаббор замонавий ўзбек адабиёти ва унинг айрим намояндалари ижодидан яхши хабардор бўлган. У немис халқининг ўзбек маданияти, шу жумладан, адабиётига бўлган қизиқишини кўриб, дастлаб шу мавзуда газета мақолаларини ёзган. 1931 йили эса, Ҳоди Тўқай деган туркиялик талабанинг таклифи билан “Нажот йўлида” китобини ёзиб тугатган. Мирийдан Ботугача бўлган “янги ўзбек адабиёти” намояндалари ижодига бағишланган ушбу китоб 2000 йили “Қуртулуш йўлунда” деган ном билан Истанбулда нашр этилган. Ушбу китобда “Темур сағанаси” драмасидаги Амир Темурнинг номаълум бир монологи эълон қилинган бўлиб, қуйида шу монологни, Саттор Жабборнинг кириш сўзи билан бирга, ўзбек китобхонлари эътиборига илк бор ҳавола қиламиз:
“Фитратнинг туркчилик ва эркли (мустақил) Туркистон учун юрагида сақлаган ҳаяжони унинг “Темур сағанаси” ва “Ўғузхон” номли икки гўзал театр асарида тўпланмишдир. Ҳар икки асар гарчанд босилмаган бўлса-да, Туркистондаги бутун саҳналарда қўйилган ғоят яхши опереттадир. Мана, “Темур сағанаси” дан бир парча:

ТЕМУР САҒАНАСИ УСТИНДА

Ювош эс, тонг ели, тўхта, бу ерларни кўрарсенми?
Бу тошнинг остида кимдир ётиб қолган, билурсенми?
Бутун очунни титратган буюк хоннинг туғу тошин
Зиёрат этмайин, юз суртмайин илдам ўтарсенми?

Бу сип-сийдам қора тош остида бор ўйла бир хонким,
Ёритганди қоронғуларда қолган турк дунёсин.
Оғир тупроқлар ичра ён босиб тинган бу арслондирким,
Турарди ериндан-да эшитган чоғда “урҳо”син.

Бу хоқоннинг қиличлар синдириб тузган улуғ мулки —
Эсизлар, оҳлар, мунглар, ёзишларким бузилмишдир.
Бугун қонлар тўкиб, жонлар сочиб кўрган чечак боғи
Фиғонлар, қайғулар ва ҳасратларким, бузилмишдир.

Ёрил, эй турк бахтини эсга солган тош, ёрил илдам,
Ёрилким, кўкрагинг ичра ётиб қолган хон уйғонсин!
Таланган, ёндирилган юртини — Туронини кўрсин!
Эзилган, яраланган бойқиш элга йўлни кўрсатсин!

“Темур сағанаси” драмаси матнига оид мавжуд маълумотлар шулардан иборат. Кўрамизки, бу маълумотларнинг барчаси асарнинг биринчи қисми, яъни “юртни суйгучи” Йигит билан “юксак табиатли” Чолнинг Соҳибқирон сағанасига келиб, нола қилиб, нажот сўраши ва Амир Темурнинг сағанани ёриб чиқиб, халқни қалқишга, мустақиллик учун курашга даъват этиши билан чекланади. Балки, асар фақат шу воқеадан иборат бўлгандир? Балки, спектакл Амир Темурнинг: “Сизларга амр қиламан, қалқингиз! Ўлкамизни тузатингиз! Авлодларимни(нг) ҳур яшашини таъмин этингиз! Агар бундай қилмасангизлар, ўлка, мамлакат буюк бир мозорлик ҳолга келажакдир!” деган сўзлари билан якунланган ва спектаклнинг ғояси шу сўзларнинг ўзида ёрқин мужассамлангандир?..
Мазкур спектаклда Йигит ролини Ўктам (Қаюм Рамазон), Амир Темур ролини эса, юқорида айтилганидек, Маннон Уйғур катта маҳорат билан ижро этган. “Иштирокиюн” газетасининг ёзишича, Уйғур Амир Темурнинг қабрдан чиққандаги ҳаракатларини ғоят усталик билан адо этган. Ўша унутилмас спектаклда ҳозир бўлган Саттор Жаббор, Заки Валидийнинг хотиралашига кўра, унга бундай деган экан: “Инқилобдан сўнг Тошкентда ташкил этилган “Чиғатой гурунги” ўзбек театрчилик ҳаракатининг инкишофига катта ёрдам этди. Бу гурунгнинг раҳбарларидан шоир Фитрат… буюк ва кучли пиесалар ёзди. “Ҳинд ихтилолчилари” ва “Темур сағанаси”ни кўрган томошабинларнинг кўз ёшлари тинмай оқар эди”.
Фитрат 1918 йилнинг оловли кунларида ёзилган “Темур сағанаси” асари билан Соҳибқирон образини замонавий ўзбек адабиётига илк бор нажот байроғи сифатида олиб кирди. Не тонгки, шу нажоткор байроқни баланд кўтармоқ ва соҳибқирон Амир Темур ватанини истиқлолга эриштирмоқ бахти 1991 йилга келиб, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовга насиб этди. Бу байроқ мустақиллик даври адабиётида янги-янги жилолари билан товланиб турибди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 21-сонидан олинди.