Яқинда илм-фан фидойиси бўлган бир машҳур олимнинг етмиш ёшлардаги қизи вафот этди. Унинг жанозасида жуда оз одам иштирок этганига гувоҳ бўлдим. Сабаби… сабаби унинг отаси илм билан банд бўлиб, маҳалла-кўйга кўпам аралашавермаган экан. Буни қарангки, кейин маълум бўлишича, раҳматли бу аёл отасидан қолган уй-жойларни маҳалладошларининг болалари фойдаланиб туриши учун васият қилиб қолдириб кетган экан. Ўғли эса узоқ юртларда яшаркан.
Ўғил онасининг жанозасига етиб келиб, пул сарфлаб маҳалла болаларига қолдирилган уй-жойларни таъмирлаб берди, ўн-ўн бешта компютер билан жиҳозлади. Буваси ва онасидан мерос бўлиб қолган китобларни тартибга келтирди. Катта бир ресторанда маҳалла аҳлига тўкин-сочин худойи қилиб берди. Маҳалла болалари нодир китоблар ва уй жиҳозларидан фойдаланишини таъминлаш учун одам ёллади.
Энди, бу ёғи қандоқ бўлди, азиз маҳалладошлар… Етти ўлчаб бир кесадиган халқмиз-ку, ахир?!
Илм олишни игна билан қудуқ қазиб сув чиқаришга қиёслашади. Илм аҳлининг ҳар доим ҳам омади келавермайди. Кимнингдир бошлаган илмий иши нисбатан тезроқ натижа беради, тезроқ эл-юрт назарига тушиб, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Бошқа бир олимнинг уринишлари, меҳнатлари узоқ йилларни ичига олиши мумкин ва ҳатто, бутун умри зое кетиб, бирор-бир оламшумул илмий янгилик қилишга улгурмай бу оламни тарк этиши ҳам мумкин.
Қадим замонларда, илм-фан унча тараққий этмаган даврларда олимларнинг суҳбати одамларга қизиқарли бўлган. Бунинг сабаби радио, телевизор, интернет, видео, телефон каби ахборот воситалари бўлмаган ва одамлар ўзини қизиқтирган нарсалар ҳақидаги ишонарли маълумотларни олимлардан билиб олишган. Ҳозир замон ўзгарди. Олимлар инсониятнинг қоронғу тунларини ёруғ қилишди. Инсониятнинг табиат қонунлари ҳақидаги тушунчапари олимларнинг машаққатли меҳнатлари боис ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида намоён бўлиб бормоқда. Биргина транзистор деган тушунчанинг рўёбга чиқиши йўлида неча минглаб олимнинг умри сарф бўлганини ҳеч ёдимиздан чиқаришимиз керак эмас. Биргина самолётнинг тузилишини яратиш йўлида қанчадан-қанча олимлар умрини бағишлагани сир эмас…
Ҳақиқий олимлик йўлига қадам қўйган инсонлар ўзлари билмаган ҳолда кўпинча етиб бўлмас орзулари ортидан мардларча бетиним эргашиб бораверадилар, бораверадилар… ва бир пайт қарасалар, қисқагина умр ўтиб кетибди. Данғиллама қаср қуришга ҳам улгурмабди. Ошна-оғайни, дўст-ёрлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Улар ўзларининг изланишлари илмий журналларда босилиб чиқишини йиллаб орзу қилиб юрадилар. Баъзан биргина кичкина мақоланинг вужудга келиши учун 5-6 йиллаб умр ўтиб кетганини ҳам сезмай қоладилар. Тижорат ишлари боис кунда ўнлаб, юзлаб шахслар билан мулоқот қилиб юргувчи ватандош назарида олимлар одамгарчиликни билмайдиган ёввойига чиқиб қолади. Улар ҳар хил “гап”ларга қўшилмаса, бошқалар буни олимнинг беписандлиги деб тушунадилар. Аслида ёш олимнинг “гап”хўрлик қилиш учун вақти ҳам, пули ҳам бўлмайди. Ярим кечагача китоб мутолааси билан машғул бўлган олимнинг эрталаб саҳар билан ошга етиб бориши мушкул… Маҳалла “одамгарчилиги” йўқ бунақа қўшнини кейинги ошларга таклиф қилмаслик билан жазолайди. Агар олим одам ҳам маҳалла-кўйнинг барча йиғинларига аралашиш, ошна-оғайнилар билан борди-келдиларни қуюқ қилиш, қариндош-уруғлар олдидаги ўзининг бурчини бажариш учун тез-тез уларни йўқлаб туришга (қуруқ қўл билан эмас, албатта) киришиб кетса, илмий ишини қачон қилади?!
Маҳалла жуда катта куч. Бу куч билан унда яшайдиган ҳар қандай инсон ҳисоблашмасдан иложи йўқ. Бу куч кўп ўринларда маҳалла одамларини ўзининг ёзилмаган тартиб-қоидалари доирасида ушлаб ва жипслаштириб туради. Кўп ўринларда одамлар маҳаллага суянади. Маҳалла гуёки катта бир оилага ўхшайди.
Тележурналист ойнаи жаҳонда халқимизнинг фахри бўлган буюк рассом ҳақида унинг маҳалладошлари фикри билан қизиқди. Афсус, кўп маҳалладошлар Абдулҳақ Абдуллаев ким бўлгани ҳақидаги саволга жавоб бера олишмади. Рассомнинг уйини кўрсатиб: “Бу уйда ким турар эди?” деган саволга: “Билмадик, бир чол турарди”, деган тўмтоқ жавоб олинди.
Илм одамлари учун ҳамиша вақт масаласи қийин бўлган. Мен ўзим илм-фан йўлида машаққат чеккан йилларим дўконга ҳар куни нонга чиқиш учун ҳам вақтимни аяб, ётоқхонамга бир ҳафталик нонни олдиндан келтириб қўярдим. Бирор ходим мендан кўмак сўраган кезлари ундан, албатта, ўз ёрдамимни аямасам-да, лекин шу ишга қанча қимматли вақтим кетганини соатимга қараб чамалаб қўяр эдим. Театр, кино, ўйин-кулгиларга, тезевизор кўришга, ҳатто ўзим севган футбол ўйинини кўришга вақтим бўлмасди.
Илм-фан фидойиларининг меҳнатидан келадиган самара кимга керак? Бутун инсониятга эмасми! Олимларнинг машаққатли меҳнатлари бўлмаса, қимматли вақтларини илмга, кашфиёт яратишга сарфламаса, инсон ҳаёти бу даражада гуллаб-яшнамаган бўлур эди.
Албатта, биргаликда тўй-маъракаларни ўтказиш, “гап”ларда бирга ўтириш, ҳангомалашиб маҳалладошлари билан иноқ бўлиш жуда яхши. Аммо шу ишни қилолмай, ундан-да муҳимроқ иш билан банд бўлса, нега у маҳалла аҳли ҳурматидан четда қолиши керак?!
Маҳаллага келувчи электр токи икки-уч ойда бир ўчиб қолади. Қаранг, бир зумлик қоронғилик киши кўнглини қанчалар хира торттиради. Қилаётган ишнинг белига тепади, ёзув-чизув, ўқишни издан чиқаради. Телевизор, компьютер, радио, телефон, музлаткичлар… бари ҳаракатдан тўхтайди. Электр токини инсониятга тақдим этган Эрстед ёки Фарадей каби олимларни шундай ҳолатларда одамлар ҳеч бўлмаса бир карра ёдга олармикан? Улар нақадар улкан иш қилиб, инсониятни бахтиёр этишган. Фарадей оддий бир лаборант бўлиб, умри йўқчиликда ўтган. Балки бирор маҳалла ёки унинг кўчасига шу каби олимларнинг номи қўйилса, ярашиб тушар. Ёки бирор кўча ёхуд маҳаллага номини қўйиш учун ўша олим албатта бизнинг юртда туғилган бўлиши шартми? Фарзандларимизда кашфиётларга қандай қилиб қизиқиш, ихлос уйғотмоқчимиз? Олимларнинг жанозасига бормаслик ва улар номи билан маҳалла ёки кўчалар номини атамаслик орқалими? Ахир, бунда уларга нисбатан фақат бепарволик уйғонади-ку.
Деҳқон меҳнатининг маҳсули бўлган бир қоп ун ёки гуручни уйимизга орқалаб келиб раҳматлар айтамиз. Ҳунарманднинг меҳнати самараси боис устимиз бут, қорнимиз тўқ, уйимиз обод. Уларнинг меҳнатига ҳар куни тасаннолар деймиз. Олимларнинг меҳнати самарасини ким уйига орқалаб олиб борибдию у билан уйини безаб, устига либос кийибди. Бунинг моҳиятини англаб ечишга маҳалладаги кўпчилик одамлар ожизлик қилади… Биз бир нарсани аниқ билишимиз керак: агар олимлар заҳмат чекмаганида эди деҳқоннинг, ҳунарманднинг иши унмасди. Шундай экан, шоир айтганидек, маҳалламизда қандай одам вафот этишидан қатьи назар унинг тобутига елка тутиб кузатиш ҳам фарз, ҳам қарздир.
“Ҳаёт” газетаси, 2008 йил, 24 апрел