Мурод Абдуллаев. Баҳри муҳитга мадад ёхуд оби ҳаётни тежовчи уч лойиҳа (2008)

Орол денгизини қуришга маҳкум этган шўролар салтанатининг ўзи ҳам баҳри муҳитимиз қарғишига қолди. Тузумлар, салтанатлар-ку турли сабаб ва оқибатлар боис таназзулга учраши, Ер юзидан абадий супурилиб кетиши мумкин экан. Бироқ улар гуллаган даврда дунёга келган инсон фарзандлари учун яйдоқ дашту шўрхок тахирга айланган заминда умргузаронлик қилиш осон кечмайди.
Таназзулга учраган салтанатдан сизу бизга оғир экологик вазият мерос бўлиб қолди. Бироқ биз кимларгадир ўхшаб, жомадонни орқалаб, дуч келган жойга бориб макон тута олмаймиз. Бундай ҳаёт тарзи ажодларимиздан қон-қонимизга сингган иймон-эътиқодимизга зид. Биз боболар хоки ётган табаррук тупроқни, оталаримиз киндик қони томган муқаддас Ватанимизни ҳеч бир манзилга алиштирмаймиз.
Оталар юртининг безавол гиёҳию томчи сувини кўзимизга суртиш, иложини топсак бу замин кўксини гулларга буркаш — фарзандлик бурчимиз. Шунинг учун денгиз йироқлаб кетган шўрхок қумлар бағрига-да, умид билан дов-дарахт, ниҳол қадаймиз. Йўллар, кўприклар, уйлар қурамиз. Шоиримиз лутф этганидек, шундай яшар одатда одам, деймиз.
Куни кеча бир анжуманда иштирок этишга тўғри келди. Ўзини “Баҳри муҳит” дея эзгу ном билан атаган жамоат ташкилотининг ахборот маркази ўтказган “Орол ва Оролбўйига доир экологик лойиҳалар” доирасидаги анжуманда табиат жонкуярларининг қизғин ижодий мулоқотини тингладим. Оролнинг бугунги аҳволига доир ҳужжатли филм намойишидан сўнг тадқиқотчиларнинг турли огоҳларидан воқиф бўлиб, обиҳаётимизни тежайдиган янги лойиҳалар билан танишишга тўғри келди. Бу лойиҳалар мен учун катта янгилик бўлди. Улар ҳақида авваллари ҳам эшитган бўлсам-да, дадил-исботи билан кўрсатилган бу лойиҳаларнинг амалий аҳамияти хаёлимни ўғирлади. Бундан нафақат амалиётчи фермерлару туманларнинг ҳокимлари, балки жуда кўпчилик, ҳатто ижодкорлар ҳам воқиф бўлиши керак экан. Ана шунда янгилик ҳаётимизга тез сингиб, баҳри муҳитимиз янада гуллаб-яшнайди.

* * *

Сув ресурсларини бошқариш бўйича халқаро институтнинг бир бўлими бизнинг Тошкентда ҳам фаолият олиб боради. Унинг мутахассиси Акмал Каримов айтган таклифлар кўпчиликни қизиқтирмаслиги мумкин эмас. Бундай дейишимга сабаб эндиликда бутун жаҳонда сувга бўлган эҳтиёж ошиб бораётир. Бу муаммо сувни тежаш ва пок сақлашга доир асрий удумларга эътиборсизлик тобора кенг ёйилаётгани, қолаверса, у ёки бу халқнинг миллий манфаатларига бошқа давлатларнинг нописанд муносабати туфайли ҳам кескинлашмоқда. Масалага, Марказий Осиё мисолида қарайдиган бўлсак, минтақани бир асрдан кўпроқ давр мобайнида мутаб ётган шўроларнинг миси чиққан ғояларидан қайтмаган тўралар ҳамон учраб турибди. Улар Амударё ва Сирдарё бошланадиган давлатлардаги дарёларга тўғонлар қуришни авж олдириш билан сув тахчиллигини кучайтириб, келгусида бу минтақа шимол дарёлари сувининг бир қисмини жанубга оқизишни ёлвориб сўрашига шароит яратамиз, дея хомтама бўлмоқдалар.
Шу важдан минтақада сув муаммоси яна кескинлашиб бориши мумкин. Шундай пайтда Акмал Ҳайитович таклиф этаётган лойиҳалар ер ва сувдан тежамли фойдаланишнинг иқтисодий пойдеворини яратишга асос бўлиши шубҳасиз. Кўпчиликни қизиқтираётган ушбу лойиҳалар ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлмоқ учун Акмал Каримов ишлаётган — пойтахтнинг Муртозоев кўчасидаги халқаро муассасага ташриф буюрдим.

ҚОЗОН ҲАМ МОЙ, ЧЎМИЧ ҲАМ
Биринчи лойиҳа

Ўзбекнинг тансиқ ва ҳаммабоп таоми ош. Ҳозир бизда гуручнинг кони Оролбўйи минтақаси ҳисобланади. Гарчи Хоразмнинг сара гуручи Ўш ва Фарғона девзирасига ета олмаса-да, у бутун мамлакатнинг иккинчи нони сифатида машҳур. Тўю маъракаларимиз, байраму сайиллар дошқозонларни тўлдирган паловхонтўрасиз ўтмайди. Бироқ кейинги қурғоқчил йилларда ана шу иккинчи нонимиз етиштириладиган майдонларнинг бир қисми ўз ўрнини ғаллага бўшатиб бермоқда. Келгусида бу муаммони ҳал этиш йўли топилганидан астойдил қувондим.
— Амударёнинг қуйи оқимидаги Хоразм ва Қорақалпоғистон учун шоли етиштириш яқин-яқинга қадар ҳам катта даромад манбаи эди, — дея сўз бошлади Акмал Ҳайитович жажжигина компютер экранидан лип-лип ўтаётган манзараларни шарҳлаб. — Ёғин-сочиннинг қандай келишига қараб шоли майдонлари ҳар йили 147-180 минг гектарни ташкил этарди. 1985 — 2000 йиллар оралиғида Амударёдан Хоразмга берилаётган сув миқдори йиллик ўртача 5,84 куб километрдан 3,7 куб километрга тушиб қолди. Бунинг натижасида шолизорлар учун ажратилган майдонлар 48 минг гектардан 31,7 минг гектарга камайди.
Шолипоялар қисқарганига қарамай, сизот сувлари сатҳи 1,5 метрдан кам бўлган ботқоқ жойлар майдони 41 фоизга каттариб, 126,6 минг гектардан 178,6 минг гектарга етибди. Шунинг натижасида пахта ва ғалла майдонлари ҳосилдорлиги камайган. У бундай жойларда гектар бошига 20 ва 25 центнердан ошмайди. Айни чоғда пахта етиштириш учун куз ва қишда ернинг шўрини ювиш тақозо этилади. Натижада бир гектар ерда пахта етиштириш учун 18 минг куб метр сув сарф бўлади. Бу сарф этилган 1 куб метр сув ҳисобига 110 граммча пахта олинди дегани бўлиб, ниҳоятда паст кўрсаткич ҳисобланади.
Сизот сувлари яқин бўлгани боис кузда ғалла экиш учун ҳайдаб қўйилган ерларнинг унумдор қатламида ҳам туз йиғилмоқда. Бу тузларни экиш олдидан ювиш учун эса айни июл ва август ойларида сув етишмайди. Баҳорда пахтани экиш олдидан ҳам шўр ювилмаса, яхши ҳосил олиб бўлмайди. Бунинг учун ҳар йили гектарига ўртача 6 минг куб метрдан сув сарфлашга тўғри келади. Ноиложликдан зовур сувларидан ҳам фойдаланилади, бироқ бу усул ернинг қайта шўрланишига замин ҳозирлайди. Оқибатда ҳосилдорлик тушиб, тупроқ таркиби ёмонлашади.
“Ана шундай шароитда ғалла ўримидан сўнг унинг ўрнига шолининг аввалдан тайёрлаб қўйилган кўчатларини экиш тупроқнинг шўрланишини камайтиради ва зироатчилик неъматлари етиштиришни жадаллатади, — дейди суҳбатдошим. — Бу усул кўп шўрланган ерларнинг кучли даражада шўрланишининг ҳам олдини олади“.
Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидаги “Қизилўзак” хўжалигида, Хоразмнинг Гурлан, Шовот ва бошқа туманларида шолини кўчат қилиб экиш тажрибаси оммалашмоқда. Масалан, гурланлик Давлат Қурбонов ботқоқ ҳамда қаровсиз ётган 10 гектар ерни фермерликка олган. У дастлаб ерни уч бора яхшилаб текислаб чиқади. 2005 йили салкам бир гектар ерни шоли кўчатлари етиштириш учун ажратиб, унга 27 май куни уруғ сочади. 20 июнда кузги ғалласи ўрилиб, гектарига 35 центнердан ҳосил берган шу ерга орадан ўн тўрт кун ўтказиб, шоли кўчатларини қадайди. 13 сентябрга келиб эса фермер ҳали шоли ўрилмасидан унинг орасига қўлда дон сепиб чиқади. 4 июн куни кўчатидан экилиб 25 сентябрда ўриб олинган шолининг ҳосилдорлиги гектар ҳисобига 60 центнерни ташкил этади.
Бу гуручлар девзирадан асло қолишмайди.
Демак, Хоразм ва Қорақалпоғистон ерларида бутун Жанубий Осиё мамлакатларида бўлгани сингари шолини ғалладан сўнг такрорий экин сифатида ўстириш бир йўла учта муаммони ҳал этар экан. Аввало, сувдан тежамли фойдаланилади. Иккинчидан, бир йилнинг ўзида айнан бир даладан ҳам ғалла, ҳам шоли олиш даромадни кескин кўтаради. Учинчидан, ернинг унуми ошади.
Хўш, сув қандай қилиб тежалади? Бунга олим шундай жавоб беради: “Шоли экиладиган даланинг йигирмадан бир улушига, масалан айтайлик, 20 гектар ерга етадиган кўчат тайёрлаш учун бир гектар жойга ғалла ўримидан 20-25 кун аввал уруғ (одатдаги гуруч навларидан гектарига — 40, гибрид навлардан эса гектарига 12-15 килограмм миқдорида) сепиш кифоя. Кўчатларни ғалла ўрилган жойга 20 х 15 сантиметр оралиқда экиш шолининг одатдаги ўсув даврини 40 кунга камайтиради. Фақат шунинг ўзидан одатдаги сув сарфини 25 фоизга тежаш мумкин. Бундан ташқари, шоли ўриб олинишидан аввал унинг орасига яна ғалла экиб қўйилади. Бунда ҳам ғаллани, ҳам шолини экишдан олдин ернинг шўрини ювишга ҳожат қолмайди. Демак, яна катта миқдорда сув тежалади. Қолаверса, ер остидаги шўр сувларнинг кўтарилиши тўхтайди. Сизот сувлари кўтарилмаса, туз ҳам кўтарилмайди. Чунки ерларнинг шўрлаши одатда дала экиндан бўш турган пайтда унинг таркибидаги намликнинг юқорига буғланиши оқибатида рўй беради, яъни буғланаётган сув билан бирга юқори қатламларга кўтарилаётган туз тупроқ юзасида қолиб кетади”.
Кўчат усулида экилган шоли шамолда ётиб қолмас экан. Биргина шу омилнинг ўзи ҳам ҳосилдорликни ўн фоиз оширишга замин яратади. Бунинг устига шоли ва ғалла пояларини ёқмаслик табиий ўғит ҳосил қилади.
Бундай усулда деҳқончилик қилган фермер иқтисодий жиҳатдан ўзини тез ўнглайди. Ҳам сувдан тежайди, ҳам даромаддан ютади, ҳам ернинг шўр босиш хавфи йўқолади. Бир даладан бир йилнинг ўзида ҳам буғдой, ҳам шоли етиштирилиб, икки марта олинган ҳосилни чўтга солсангиз қозон ҳам мой, чўмич ҳам мой эканлиги аён бўлади.
Бугун бизнинг деҳқонимизга мана шундай илғор зироатчилик усуллари сув билан ҳаводай зарур. Унинг кенг оммалашиши эса деҳқон-фермерлардан ҳам кўра уларга раҳбарлик қилаётган туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги мутахассисларига кўпроқ боғлиқлигини унутмаслигимиз керак. Хўш, маҳаллий раҳбарларимиз бу янгиликни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш ва бунинг учун омилкор деҳқон-фермерларимизга зарур шароит яратиб беришга қодирми?
Буни яқин келажак аён кўрсатади, деб умид қиламиз.

ШИРИНМИЯНИНГ ҚАНДАЙ ХОСИЯТИ БОР?
Иккинчи лойиҳа

— Шолини ғалладан сўнг кўчат қилиб экишнинг барча афзалликларини ҳали айтмадик, — деб бошлади навбатдаги гурунгимизни халқаро институтнинг етакчи илмий ходими Акмал Каримов. — Бу усул сувни тежаб, ерни соғайтириб, даромадни кўтаришдан ташқари бегона ўтларни ҳам камайтиради. Уларга қарши ишлатиладиган гербицидлар тежалади. Яна шоли ўримидан олдин унинг ичига кузги ғалла сепиш, далани ҳайдаш ва текислашга ҳожат қолдирмайди. Деҳқон вақтдан, техника харажатидан ютади.
Тадқиқотчилар бундай янги лойиҳаларини “Ёрқин нуқта” деб аташибди. Дарҳақиқат, баракаси ошган, зироатчиликка қайтган, обиҳаётни тежайдиган ер кўнгилни ёруғ умидларга тўлдиради.
— Марказий Осиёдаги суғориладиган ерларнинг тенг ярмига яқини (47,5 фоизи) шўрланишга мойил, — дейди лойиҳа илмий раҳбари австралиялик Эндрю Нобел. — Бу ҳол экинлар ҳосилдорлигини 30 фоизга камайтирмоқда.
Осиё Тараққиёт банки, Сув ресурсларини бошқариш институти ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари молиялаштираётган мазкур лойиҳа Орол денгизи ҳавзасида ер ва сув манбаларининг яроқсиз ҳолга келишига қарши кураш орқали зироатчилик учун қулай шароитлар яратишни кўзда тутади. Ўз тажрибаларимизда синовдан ўтган усуллар амалда кенг қўллаб ҳам кўрилар экан.
Хўш, ернинг баракасини ошириш усули билан-ку, танишдик. Энди шўр босиб зироатчиликдан чиқариб ташланган ерлар қандай тикланиши билан қизиқа бошладим. Тадқиқотчилар бу жараёнга экологик хавфсизлик кўламини кенгайтириш ҳамда озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш йўли сифатида қарашади.
— Экинга меъёрдан ортиқ сув берилса, сизот сувлар сатҳи, у билан бирга ер остидаги туз ҳам юқорига кўтарилади, — дейди суҳбатдошим. — Агар зовурлар сув тортмай қолса, буғланиш кучли бўлган бизнинг иссиқ шароитимизда дала тез шўрлайди.
Ана шу сабабларга кўра, ҳозир ҳар йили Мирзачўлдаги унумдор ерларнинг икки-уч фоизи завол топаётган экан. Уларни қайта тиклаш учун эса катта маблағ талаб этилади. Хўш, муммони ҳал этадиган қулайроқ агротехнология йўқми? Бор. Бу шўрга чидамли, айни пайтда, ерни тиклаб, зарур даражада даромад ҳам берадиган экинлар ўстириш усули.
Қорақалпоғистонда табиий равишда ўсадиган ширинмияни кўпчилик яхши билади. Ўтган асрнинг 70-80-йиллари Ховос ва бошқа жойларда (10-15 гектардан) у қимматбаҳо хомашёси учун етиштирилган ҳам. Унинг илдизлари кимё саноати ва экспорт учун қабул қилинган. Бироқ ширинмиянинг ер шўрини камайтириши аниқлангунга қадар уни етиштириш тўхтаб қолган.
Ширинмия илдизи турли салқин сувларга таъм ва ранг берадиган, тиббиёт амалиётида ишлатиладиган моддаларга жуда бой. У қимматбаҳо доривор ўсимлик сифатида қадимдан маълум. Илдизи ва илдиз поясидан тайёрланган дорилар заҳарланиш, аллергия, яллиғланиш, бод, беланги, буғма, сил, чипқон, экзема ва бошқа хасталикларни даволашда, озиқ-овқат, кимё ва тоғ-металлургия саноатида ишлатилади. Академик Қодир Зокиров ширинмия таркибидаги моддаларга хос хусусиятларни лаборатория шароитида тадқиқ ҳам этган.  
Халқаро институт олимлари Боёвут туманидаги шўр босган ерларни тиклашга доир ишларида Гулистон давлат университети биологлари билан ширинмия устида ҳамкорликда тажриба ўтказишга қарор қилдилар.
— Бу тажрибага вилоят ҳокими Абдураҳим Жалолов хайрихоҳлик билан қарагани нур устига нур бўлди, — дейди суҳбатдошим. — Аввало, тажриба учун ажратилган далалар беш йилга ер солиғидан озод қилинди.
Эргаш ака Пиримқулов ўз фермерлик даласида авваллари ширинмия экиб кўрган экан. Бундан хабар топган “Навбаҳор”лик фермерлар етакчиси Турсунбой Авезов ширинмия майдонларини кенгайтиришга ташаббускор бўлади. Фермерлар унинг даъвати билан 10-12 гектардан шўр босган қаровсиз ерларни олишиб, олимлар раҳбарлигида салкам тўқсон гектарга ширинмия қаламчалари экишади.
Ширинмия дуккакдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Пояси тик ўсади ва икки метргача шохлайди. Илдизи 5-6, баъзан сув ахтариб 15-17 метргача боради. Апрел охиридан гуллаб, августда пишади. Пояси таркибида оқсил, ёғ, қанд, каротин, 12 фоизгача протеин борлигидан қимматбаҳо ем-хашак ҳисобланади. Ундан пичан ва силос тайёрлаш мумкин. Илдиз ҳосилини камайтирмасдан йилига икки марта ўриб олса бўлади. Ер унумини яхшилашидан ташқари чорва моллари учун зарур озиқ ҳам. Илдизидаги азот тўпловчи бактериялар тупроқни биологик ўғитга бойитади, шўрхок ва унумсиз ерларда пахта билан алмашлаб экишда ширинмияга тенг келадиган ўсимлик йўқ. Мирзачўлда унинг беш хил нави яхши ҳосил беради.  
Мутахассислар ширинмиядан сўнг далага пахта ва буғдой экиб кўришганда ғалладан 2,8 баробар, пахтадан эса уч баробар кўп ҳосил олинади. 1999 йилда экилган ширинмия 2001 йилда гектарига 3,6 тоннадан, 2003 йилга келиб эса 5,1 тонна ем-хашак беради. Бунга қўшимча 2002 йили гектарига 5,6 тоннадан, 2003 йили гектарига 8,5 тоннадан ширинмия илдизи ҳам тайёрланган.
Ширинмия икки-уч йил кўкаргач, унга сув керак эмас — илдизи табиий ҳолда намни топиб олади. Шу боис у экилган далаларда сизот сувлари сатҳи уч метрдан кўпроққа пасайибди. Бу тупроқ шўрининг кўтарилиши шунчага камайди деганидир. Айни чоғда, ширинмиянинг кучли даражада илдизлаши сабаб тупроқ таркиби яхшилангани ҳам кузатилади.
Демак, шўрлаш оқибатида унумдорлиги тушиб кетган ерларда тўрт-беш йил ширинмия етиштириш бизнинг шароитимизда ерни тиклашнинг энг қулай усули экан. Бу усул бошқа технологияларга қараганда жуда арзон ҳам. Бир гектар ерни тиклаш учун 70-80 АҚШ доллари кифоя. Деҳқонлар ширинмия пичанининг бир боғини минг сўмдан сотишмоқда. Унинг илдизи ҳам пул. Бир гектардаги ширинмиядан 4-5 йилда 12 тоннагача илдиз олса бўлади. Жаҳон бозорида унинг ҳар тоннаси 500 доллар туради.
Шўр босган ерларни тиклашнинг янги усули-ку тажрибаларда ўзини оқлабди. Хўш, Боёвут далаларида афзаллиги аён бўлган ширинмия янада кенгроқ майдонларга экиладими? Унинг нафини амалда кўрган сирдарёлик фермерлар бу ҳақда нима дейди?
Шу саволларга жавоб олиш мақсадида тажрибаларда фаол иштирок этаётган Гулистон давлат университети кафедра мудири, биология фанлари номзоди Ҳабибжон Қўшиевга қўнғироқ қилдим. Ҳабибжон Тошкентдаги анжуманда иштирок этаётган экан. Кўп ўтмай суҳбатимиз таҳририят биносида давом этди.
Ундан дастлаб ширинмиянинг саноат хомашёси сифатидаги аҳамиятидан ташқари ер шўрини ҳам камайтириши мумкинлиги қандай аниқланганини сўрадик.
— Профессор Давронбек Долимов ширинмия илдизидаги глицирризин кислотаси асосида доривор моддалар яратишга доир тадқиқотларга раҳбарлик қилаётганидан хабарим бор эди, — деб бошлади у сўзини. — Шўрга чидамли буғдой навларини танлашга доир изланишларимда намуна учун ширинмия экиб кўриб, кутилмаган янгиликка дуч келдик. Шўр ерда ўсган ширинмия билан туз таркиби меъёрида бўлган далада ўстирилган ширинмия илдизларидаги фарқ бизни таажжубга солди. Бирининг илдизи ингичка ва бақувват бўлса, иккинчисиники йўғон ва мўрт. Сабаби шўр ерда ўсган ширинмия илдизи ёт моддалар билан табиий кураш оқибатида уни ўзига кўпроқ сингдириб, ҳажми каттариб кетади. Шу тариқа ернинг шўрини ҳам камайтирар экан.
Бу тажрибалар гулистонлик олимларнинг дастлаб Боёвут тумани ҳокимлиги, 2005 йилдан бошлаб эса Осиё Тараққиёт банки ҳамда Сув ресурсларини бошқариш институти билан ҳамкорлигига кенг йўл очди.
Демак, шўр босиб завол топган ерларни тиклаш учун ширинмия экиш тажрибаси тадқиқотларда ўз афзаллигини тўкис намоён этибди. Хўш, унда нега 20 минг гектардан зиёд ери кучли даражада шўрланган Сирдарё ва бошқа вилоятларда ширинмия воситасида ерларни тиклашга талабгорлар чиқмаётир? Ташвиқот камми ёки бошқа сабаблар ҳам борми?
— Аввало, фермерларга яроқсиз ерларни беш йил эмас, ўн йилга солиқдан озод қилиб бериш керак, — дейди суҳбатдошим. — Негаки, фермер ширинмия етиштириш учун ер ҳайдаш, икки-уч йил давомида суғориш, уни ўриш ва илдизини кавлаб олиш учун харажат сарфлайди. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.
Ҳа, ҳамма нарса манфаатдорликка бориб тақалади. Биз баъзан бир сўмни тежайман деб, минг сўмнинг нафидан кўз юмиб қўя қоламиз. Ахир зироатчиликка қайтарилган ер кони фойда эмасми? Демак, мутасаддилар ширинмия илдизини фермерлардан сотиб оладиган қонуний ташкилот тузиш ҳақида ҳам ўйлаши зарур. Бугун бу иш браконьерлар қўлида. Шу сабаб ширинмия етиштирувчилар манфаатдорлиги хориждагига қараганда уч-тўрт баробар кам.  
Ахир унумдор ерлар завол топиб, чўлу биёбонлар кенгайиб бораётгани, ўрмон ёнғинлари жами тирикликнинг ҳаёт-мамоти бўлган кислород манбаларини буткул йўққа чиқараётгани бугун ҳеч кимга сир эмаску! Ўзимиз ва фарзандларимиз яшаётган баҳри муҳитда шундай кескин муаммолар бўла туриб, олимларнинг яхши бир тажрибасига лоқайд қараш доно халқимизнинг: олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деган мақолини яна бир бор эслатмаяптими?
Она замин гўзаллиги ва фаровонлик неъматларини кўпайтириш учун жон куйдирмоқ вақти — айни бугундир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 10-11-сонларидан олинди.