Бундан неча минг йиллар аввал Ғарб цивилизациясининг қоқ маркази — “мангу шаҳар” Римда “Lux viene dell’ Oriente!” (Нур — Шарқдандир!) деб аталмиш ҳақиқат илк бор янграган. Асрлар ўтиб, бу доно фикр айни Европанинг ўзида бот-бот такрорланиб келмоқда: “Пер Булезнинг “Alea” (1957) илмий асари ёинки Игор Стравинскийнинг 1960-йилларга оид васиятнамо фикрлари бунинг ёрқин исботидир.
Шарл Монтескёнинг (1689 — 1755) “Форсий мактублар”идан (1721) бошлаб, Европа бадиий ва илмий ҳаётига Ўзбек исмли аристократ-қаҳрамон кириб келди. Бу ном кейинчалик буткул Ғарб санъати ва фани оламида форслардан-арабларга, турклардан-маврларга ўзгариб боради. Шу боис, буюк аждодларимиздан Абу Наср Форобий, гарчи у мусиқашунослик соҳасида шубҳасиз биринчи муаллим бўлган бўлса-да, кўп асрлар мобайнида Ғарбда “араб олими”, Аристотелдан кейинги “иккинчи муаллим” (“муаллими соний”) деб аталган. Умумшарқий мавзуларда кўплаб асарлар ёзган Генделнинг “Tamerlano” (1724) операсида эса Соҳибқирон Амир Темур “тартар хони” сифатида гавдалантирилган.
Қуйида баҳоли қудрат Ўзбекистон мусиқашунослигида илк маротаба ўзбек куй ва ритмлари, халқимиз ҳаёти, тарихи, мумтоз адабиёти асосида узоқ ва яқин хориж (Европа, қисман Осиё) композиторлари, монодик услубда ижод қилаётган муаллифлар яратган асарларни таҳлил қилишга бел боғладик.
Ғарб композиторларининг Амир Темур ҳақидаги 30 дан (!) ортиқ асарларидан ташқари, Ғарбий ва Шарқий Европа ижодкорлари ҳам ўзбек мавзулари (тематикаси)га мурожаат қилганлигини аниқладик.
Атоқли инглиз композитори ва дирижёри Гренвилл Бантокнинг (1868 — 1946) умумшарқона мавзудаги “Эрон гавҳари” операси, “Лалла Рук”, “Миср” балетлари, хор ва оркестр учун уч туркумдан иборат “Умар Хайём” асари, овоз ва фортепиано учун “Харам қўшиқлари”, “Ҳофизнинг беш ғазали”, “Саъдийнинг атир гул боғлари” камер туркумларидан ташқари, “Самарқандга олтин саёҳат” (“The Golden Journey To Samarkand”) номли ноёб асар ҳам мавжудлиги маълум бўлди. 1922 йилга мансуб ушбу партитура композиторнинг бевосита кўҳна Самарқанддан олган таассуротлари асосида хор ва симфоник оркестр учун ёзилган. Г.Банток узоқ (Генри Парселл) ва яқин (Густав Холст) ўтмишдошларининг “арабча” ёинки ҳинд услубларга таянишларидан фарқли ўлароқ, қулоғига чалинган турфа ўзбекона мусиқий услубга янада яқинлашиб келган.
Ўтган асрда, монодия (бир овозлилик) асосида ижод қилувчи хориж композиторлари орасида Арам Хачатурян муайян ўзбек оҳанглари ва айрим ритмоформула (усул)ларига мурожаат қилгани ҳам аниқланди. 30-йилларнинг бошларида яратилган “Кларнет, скрипка ва фортепиано учун трио”, симфоник оркестр учун “Рақс сюитаси”да арман ва грузин халқ оҳанглари қатори композитор ўзбек мусиқа фолклоридан ҳам фойдаланади. Ушбу икки асар кўп жиҳатдан бир-бирига яқин. Иккаласи ҳам Москва консерваторияси талаба-композитори учун бир опусда — турли миллатлар фолклоридан ижодий фойдаланиш борасида синов бўлди. Агар “Трио”да муаллиф икки арман ва бир ўзбек куйи билан чекланган бўлса, “Сюита”да бараварига икки арман, икки ўзбек ва битта грузин куйига мурожаат этади. Иккала асар ҳам яратилган йилиёқ таниқли чолғучилар томонидан ижро этилди: “Трио” консерваториянинг Кичик залида А.Г.Семёнов (кларнет), Г.К.Богданов (скрипка) ва Н.М.Мусинян (фортепиано)лар томонидан тақдим этилиб, кейинроқ Парижда “Тритон” жамияти концерт дастурига киритилди. “Рақс сюита”сининг премераси эса консерваториянинг Катта залида, атоқли маэстро Н.П.Аносов раҳбарлигида ижро этилди.
“Кларнет, скрипка ва фортепиано учун трио”нинг хотимасида А.Хачатурян ўзбек халқ оммабоп қўшиғи “Қора соч” (“Сочингни қаро дейдилар”) куйидан ижодий фойдаланган.
Ёш Арам Хачатурян эътиборига мазкур лапарнинг чолғу (Н.Н. Миронов ёзган) варианти тушганлигини кўрамиз (ва албатта эшитамиз!). Кларнет солосидан сўнг иқтибос қилинган оҳанг фортепиано партиясида аниқ усулли фактуралар ва кейинги арман мелоси оҳангларига хос бўлган интонацион безаклар билан жозибали янграйди.
Кенг кўламли композиторлик тафаккурига эга Хачатурян (айниқса, ижодининг етук даврида) ўзбек оҳанги ўлчовини икки ҳисса орттириб қўллайди, бу эса, куйга салобат ва эпиклик хусусиятларини бахш этади. Сўнгги, ритмик жиҳатдан ўта нафис бўлган Prestoда эса, “Трио”нинг олдинги қисмларидаги мавзулар билан бирлашган ўзбек мавзуси жўшқин, жозибали янграйди.
ХХ асрнинг машҳур арман классиги Ўзбекистонда деярли маълум бўлмаган (бизнинг созандаларимиз томонидан негадир ижро этилмайдиган), бундан 75 йил аввал яратган асарида, сиртдан қараганда, бир-биридан узоқ, лекин услубий жиҳатдан турдош бўлган икки халқ монодониясининг органик синтезига хос чексиз имкониятлардан ўта унумли фойдаланган.
* * *
Бой анъаналарга эга ҳар бир халқнинг узоқ ва яқин ўтмишида тенги йўқ шахс-корифейлари мавжуд бўлиб, улар мероси ҳамиша ижодкорни, бастакорлар ва замонавий композиторларни илҳомлантириб келади. Беш ярим асрдан буён жаҳонни ҳайратга солиб келаётган Мир Алишер Навоий шундай шахслардандир. Буюк шоиримизнинг назмий сатрлари ҳаётлигидаёқ нафақат маҳаллий муаллифлар, балки кўпгина бошқа мусиқа маданиятлари вакиллари томонидан ҳам куйга солина бошланган.
Эслатиб ўтиш жоизки, Алишер Навоий шеъри асосидаги машҳурликда тенги йўқ илк вокал асар марвлик бастакор Ҳожи Абдулло Марварид (баъзи манбаларда — Марвазий) томонидан яратилган ва у қуйидаги жозибали сатрлар билан бошланади:
Дин офати бир муғбачаи, моҳлиқодур/а/,
майхораю бебок,
Ким ишқидин онинг ватаним дайри фанодур,
сармасту яқом чок.
Орадан беш асрдан кўпроқ вақт ўтиб, замондошимиз — бутун Шарқда машҳур хонанда, уд чолғучиси ва мулаҳхин Салоҳ ал-Махдий (Тунис) Самарқандда бўлиб ўтган мусиқашуносларнинг иккинчи халқаро симпозиумида (1983) буюк Навоийнинг “Қаро кўзим, келу мардумлиғ, эмди фан қилғил” сатри билан бошланувчи ғазалининг ўлмас ўзбек куйи — “Ушшоқ” билан узвий боғланган асарини намойиш этди. Араб ижодкори ушбу шеърнинг бошланиши ва “Ушшоқ”нинг оҳанг тузилишини асос қилиб, тунисча “Исфаҳон” мақомига ижодий тарзда уйғунлаштирди. Натижада, географик жиҳатдан узоқ, лекин услубан бир-бирига яқин икки анъананинг бадиий синтези пайдо бўлди.
* * *
XIX–XX асрлардан эътиборан Шарқий Европа композиторлик ижодиётида ҳам ўзбек мусиқа фолклори ва айрим мумтоз куйларимиз қатор муаллифларнинг эътиборини жалб эта бошлади.
Бунга ХIХ аср бошларида И.Доброволскийнинг “Азиатский музыкальный журнал”ида нашр этилган (1816-1818) нота ёзувлари, хусусан Марказий Осиё (ўзбек, қирғиз, туркман) ҳамда Кавказ халқларининг чолғу куйлари ва қўшиқлари асосий нота материали сифатида хизмат қилган. Айнан И.Доброволский ёзувлари Москва консерваториясида П.И.Чайковскийнинг илк шогирдларидан бири, одессалик Н.С.Кленовскийнинг (1853-1915) эътиборини тортган бўлса ажаб эмас. 1893 йили у Москвада “Этнографик концерт” ташкил қилди ва унда биринчи марта овоз ҳамда симфоник оркестр учун қайта ишланган ўзбек халқ қўшиғи “Қарайверсам, кўринмайди” номли мураккаб партитура таркибида янгради. Бир йилдан сўнг юқоридаги концерт дастури асосида “Рус ва бошқа халқларнинг қўшиқлари тўплами…” нашр қилинди (1894). “Қарайверсам, кўринмайди” қўшиғининг мавжуд (Санъатшунослик илмий-тадқиқот институти кутубхонасида сайланаётган) клавир вариантидан кўриниб турибдики, Н.С.Кленовский “этнографик” унсурларни енгиб ўтиб, бадиий, маълум даражада ишончли ижодий натижага эришган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Марказий Осиё, айниқса Кавказ (“Наташанинг латофати” балети, 1855; “Сароблар” симфоник манзараси; “Грузинча литургия”, 1902, ва бошқа) куйлари билан боғлиқ бир қатор опуслар ана шу ташаббускор композитор қаламига мансуб.
Орадан ярим аср ўтиб, асосий фаолияти Россия ва Белорусияда ўтган композитор В.Золотарёв (1872-1964) симфоник оркестр учун “Фарғона марши”, “Ўзбек рапсодияси” ва “Рақс сюита”си билан Москвада ўтказилган махсус композиторлик конкурсида I-III ўринларни эгаллаганлиги, буюк Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига “Навоийнинг 6 ғазали” вокал симфоник партитурасини яратганлиги ХХ асрда ўзбек мавзуларига мурожаат этиш одат тусини олганлигидан далолат беради.
Ўн икки жилдли янги “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” саҳифаларида юқорида айтган фикрларимизнинг инъикосини кўриш мумкин. Буни олд классицизм (Ф.Рамо, Г.Гендел), Вена классик композиторлари ва Янги Вена мактаби вакиллари (А.Шёнберг), мусиқий романтизм (И.Брамс, Р.Шуман, К.Вебер), экспрессионизм (Г.Малер) намояндалари ҳамда бир қатор ХХ аср композиторларининг асарларида айнан умумшарқона ва аслшарқона (К.Шимановский, С.Рахманинов) опусларга алоҳида урғу берилгани тасдиқлайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 3-сонидан олинди.