Омон Мухтор. Катта билан кичик муносабати (2007)

Мактабда ўқиб юргандаёқ адабиётга қизиқиб, юрагимда нималардир ёзиш ҳаваси уйғонганидан, кўп адиблар исми шарифи-ю, улар ёзган асарлардан маълум даражада хабардор эдим. Лекин биринчи меҳрим тушиб, ҳаётда этагини тутгим келган шоир мен учун — Султон Акбарий эди.
Бўрон бўлиб, ғанимларингни
Қояларга кўтариб отсам… —
қабилида мисралардан “Гирдоб” достонигача менга ўшанда шундай ёқар эдики! Тошкентга келиб ўқишга кирганимда, устоз билан биринчи бориб танишиб, шеърларимни кўрсатганман.
Султон ака ўзини оддий тутган кўнгли очиқ киши экан, тезда шеърларни кўздан кечириб, иккитасини ажратиб олди, оз-моз қалам урди ва … уч-тўрт кун ичида улар газетада босилиб чиқди.
Шундан кейин, гоҳ-гоҳ Султон акага учраб, у билан суҳбатлашиб, шеър кўрсатиб юрдим. Аммо кутилмаганда бизнинг устоз-шогирдлигимизга “кўз тегди”.
“Компания” деган тушунча шўро давридаги бемаъниликлардан бири эди. Ҳамма нарса ”компания”га бўйсунарди. Одамларни сургун ёки қатағон қилишдан пахта йиғим-теримигача! Қисқаси, бир йили — Хрушчёв даври эди, — “зиёлилар қишлоққа бориб ишласин!” мазмунида “компания” пайдо бўлди. Ёзувчилардан ким бу ишни бажаради, деганда Султон ака лаббай, деб юборди. У, адашмасам Оққўрғон туманига, бир колхозга фирқа котиби бўлиб кетди. Орадан маълум муддат ўтгач, уни кўргани бордим.
Султон ака эгнида пахталик, оёғида этик, машқи паст, ҳорғин эди. Бирон соатча суҳбатлашдик. У гарчи уруш қатнашчиси (оғир шароитга кўниккан), бунинг устига, олдин ҳам туман-қишлоқда (газетада) ишлаган бўлса-да, “компания”га берилиб тўғри иш қилмагани кўриниб турарди. Бу паллада шеър, адабиёт назаримда, унинг хаёлида ҳам йўқ. Бир сўз билан, бу аввалги Султон ака эмас, бошқа одам эди.
Икки-уч йилдан сўнг, у шаҳарга қайтиб келди.
Султон ака билан энди редакцияларда, давралар, йиғинларда гоҳ-гоҳ тасодиф кўришиб турдик. У мен ҳақимда ёрдамга муҳтож даври ўтди, деб ўйлаб эътибор бермай қўйдими?! Ёки айб менда, ёшлик қилиб унинг қисмати, ҳаёт ва ижод йўлини ўз қаричим билан ўлчадимми?! Айтолмайман. Ҳар ҳолда, узоқлаша бошладик.
Лекин бир нарса аниқ. Султон ака ҳаётининг охирги дамигача (баъзан тошиб, баъзан сал шошиб) қалам тебратди. Шу орада “Табассум ва кўзёшлар” туркуми сингари кўркам шеърлар, “Қатағон” сингари ғаройиб достонлар ёзди. Умуман, Султон Акбарий ўз авлоди орасида чинакам истеъдодли, улкан шоир эди.
Яна бир гап. Вақтида устоз-шогирд муносабати қандай шаклланган бўлмасин, юрагимда бир умрга Султон акага нисбатан миннатдорлик туйғуси сақланиб қолаверади.

* * *

Ёш элликка етганида ҳам,
Ёш олтмишдан ўтганида ҳам,
Ҳаёт йўли битганида ҳам —
Бир устоз керакдир дунёда.

Ҳақиқатдан беркинмагин, деб,
Тўғри йўлдан чекинмагин, деб,
Айтиш учун, ўқинмагин, деб —
Бир устоз керакдир дунёда.

Гуноҳлардан асранмоқ учун,
Гоҳи совиб, гоҳ ёнмоқ учун,
Ғафлат босса, уйғонмоқ учун —
Бир устоз керакдир дунёда.

Устоз керак.
Одамга одам эргашади. Кимдир ёзган эди:
“Сен қанчалик билимли, ақлли бўлмагин, ҳар қачон сендан кўра билимлироқ, ақллироқ киши топилади!”
Одамдан одам яшашни, мангу инсоний хислатларни, нимадир бунёд этишни ўрганади.
Биргина устоз этагини тутган яхши. Пир ва мурид каби.
Бироқ инсон ҳаёти тор кўчада катта йўлга чиқишдан иборат. Биз ҳар қадамда билмаганингни озми-кўпми сенга ўргатадиган устозларни учратамиз.
Ҳаёт ва ижодда — одамлар орасида эскидан келган ҳолат! — баъзан бири-бирига ёндашиб, баъзан узоқлашиш юз беради. Аммо ўнлаб устозлардан бирини ажратиб, бошқаларни камситгандек иш тутсанг, инсоф шарти бузилади. Умумий манзарани ҳам тасаввур қилиб бўлмайди.

* * *

Эллигинчи йиллар охири, олтмишинчи йиллар бошланиши эди.
Аввалдан шуҳратли шоир Миртемир аканинг номи янгидан тилга тушди. Давраларда барча у ҳақда сўзлар, унинг шеърларини ўқир эди.
Миртемир ака ёшлар орасида алоҳида ўрин эгаллаган. Ёш ижодкорлар эса уни қуршаб олишган эди. Ўша кунлар Абдулла Қаҳҳорнинг “Миртемир ва жўжалари” деган гапи чиққан. Миртемир аканинг ўзи ёш ижодкорларни “киприклар” деб атаган, уларга “Киприкларим” деган шеър бағишлаб, янги бир китобига шундай ном ҳам қўйган эди. Қисқаси, Миртемир ака билан танишишдан анча олдин мен унга мухлис эдим.
Эсимда, талабалар ўқиш бошланиб-бошланмай пахтага чиққанмиз. Бир куни тушликдан кейин иккинчи курс талабалари олдинда, биз, биринчи курс талабалари орқада, далага қараб кетаяпмиз. Мен оғайниларимга ниманидир ҳикоя қилиб бораётган эдим, бехос олдинда кетаётганлардан шляпали бир йигит орқага ярим бурилиб, ундоқ эмас, бундоқ, деди. Биз андек қизишиб баҳслашдик. Оғайниларимдан билсам, шляпали йигит — Шукур Холмирзаев экан.
Шу куни оқшом кўпчилик бекорчиликдан пахта хирмонида тўпландик. Чироқ йўқ, ой нурида афт-башара ғира-шира кўринар эди. Гурунг бошланди. Кўп ўтмай, Шукур Холмирзаев Машрабнинг “Йиғлармен” деган ғазалини берилиб, таъсирчан куйлади… Шу ўринда айтишим керак, Шукур ҳар жиҳатдан истеъдодли инсон эди. Агар у хонанда бўлса ҳам, санъатда из қолдирарди! Дорилфунунда буюк Шукур Бурҳон раҳбарлигида драма тўгараги бор, пахтада юрганда ҳам Шукур Холмирзаев Ҳамлет ролини бажаришга тайёргарлик кўраётган эди. Кейинчалик театр саҳнасида бу ролни у икки-уч ижро этди. Буни кўплар билмаслиги мумкин, Шукур Холмирзаевнинг актёрлик маҳоратига Шукур Бурҳон ўзи тан берган, у ҳақда мақола ёзган, ўша даврда катта мавқеи бўлган “Бадиий ҳаваскорлик” журнали муқовасининг биринчи бетида Шукурнинг Ҳамлет ролидаги сурати босилган эди. Мен айтмоқчиман, агар Шукур актёр бўлса ҳам, эл ичида шуҳрат қозонар эди…
Бояги оқшом, пахта хирмонида менга ҳам навбат келди. Миртемирнинг “Сурат” достонини ёд билар эдим. Ўқидим.
Ўқиб тугатганимда кундузи баҳслашганимизни унутиб, Шукур ёнимга келиб ўтирди.
— Эй оға, раҳмат. Мен ҳам Миртемирни яхши кўраман, — деди.
Шундан кейин, Шукур билан дўстлашиб кетдик.
Миртемир акани, адашмасам, Дўрмонда ўтган биринчи ёшлар кенгашида учратганман. Тез орада — сўз бошланишида айтганимдек, — унинг кўплаб шогирдлари сафига қўшилдим. У адабиётда ўз ўрнини билганидан ғурурли ва беҳад камтар эди. Устознинг уйига бориш, у билан суҳбатлашиш оддий ҳол. Ҳатто тоби йўқ, ҳорғин бўлса-да, қўнғироқ қилган кишини уйига таклиф қилаверарди. Уйи эшиги очиқ, хона ўртасида доим дастурхон ёзиқ бўларди. Бу дунёда биров ёлғон сўзлаши, қабиҳлик қилиши мумкинлигига ишонмайдиган содда, гоҳида бировнинг гапига кириб кайфияти бузиладиган, кейин озор чекиб юрадиган тўғри киши эди.
Эсимда, радиода ишлар эдим, Ғафур Ғулом, Ғайратийдан тортиб барча адиблар ўз асарлари билан қатнашиб туришар эди. Бир куни домла Мақсуд Шайхзода қўнғироқ қилиб, қўлимда анча шеър бор, ҳозир бориб ўқишга ҳолим етмайди, келиб олиб кетасанми, дедилар. Хўп, дедим, бордим. Шайхзодани (кўпчилик Шайх ака дер эди) катта-кичик адиблар ҳурмат қилишар, яхши кўришар эди. Мен ҳам. Чексиз эҳтиромим бўлганидан, бир асарда уни Файласуф образида тасвирлаганман. Озарбойжонга сафар пайти Оғдош (Оқтош) туманига атай бориб, домланинг туғилган жойи, ўқиган мактабини зиёрат қилганман… Домла уйда шикоятланиб, бир гапни айтди. У Миртемир акага бағишлаб “Хиёбон” деган шеър ёзган, шеърда икковлари ҳам қатағон йиллари зулмини бошдан кечиришганини эслаган эди. Биров Миртемир акани Шайхзодага қарши қайраб, сизга таъна қиляпти, деган, Миртемир ака ўзидан ёши улуғ шоир лутф кўрсатганини англамай гапга учиб, ранжиб юрган экан… Йўқ, кейин сир очилди. Миртемир ака бузғунчини “иплос” деб, ундан юз бурди.
Устоз — сўз заргари эди. Қўлёзмаларини кўрсангиз, босма ёзувни эслатган аниқ, йирик ҳарфларни гўёки териб чиқар, сўнг ҳар бир сўзнинг ўнлаб ифодасини қидириб, саҳифани қоп-қора қилиб ташлар эди. Унинг шеър, достонлари шунинг учун равон, эҳтиросли эди:

На олтин, на жавоҳир эдим,
Армонли бир ёш шоир эдим.
Зуҳра бўлмасанг ҳам чиройда,
Мен ишқингда нақ Тоҳир эдим.

Илк қарашда “нақ” сўзи ортиқчадек туюлади. Лекин мана шу “нақ” сўзида бир дунё маъно бор!

Ёки:

Мен сени инжитмайман
Ва лекин, тинчитмайман.

Бундай қарасанг, оддий. Аммо шундай “оддий” ёзиб бўлмайди!

Ёки:

Онагинам!
Одам бўлдимми манам…

Ички оҳангга диққат қилинг. “О…нам — одам”, “гинам — манам”. Мабодо “мен ҳам” деб ишлатса, шеър йўқолади!
Миртемир ака менга жуда кўп меҳрибонлик кўрсатган. Шеърларимни неча бора “чизиб-чизиб” ташлаган. Сўз устида ишлаш бўйича катта сабоқ олганман.
Бир гал устоз шеърларимни кўздан кечириб, “Оқ йўл” ҳам ёзган. Мен учун ниҳоятда азиз бу “Оқ йўл”ни эслашдан бурун, нотўғри талқиндан асраниб икки оғиз изоҳ беришим керак. Одатда, устозлар “Оқ йўл”ми, китобга сўзми ёзганда пиликни сал кўтариб, боридан юқорироқ баҳо беришади. Бундан ташқари, мен ўзига-ўзи маҳлиё ижодкор эмасман, олтмиш йилдан ортиқ умрим давомида каттанинг кичикка (ёки бир ижодкорнинг бошқасига) берган баҳоси умуман, мутлақ ҳақиқат эмаслигига ишонч ҳосил қилганман. Мақтовни ҳам, танқид захмини ҳам кўрдим, этим қотган. “Оқ йўл” бундай эди:
“Омон Мухтор билим уфқи кенг, ҳамиша олдинга интилувчи, излаб топгувчи, ўз торини чалишга қодир ёш қаламкашлардан. У ўзгалар таъсиридан тез қутулиб олган, ҳамиша янги сўз саралаб айтаётган, шеър нималигини дилдан тушуниб қалам тебратаётган — шеър меҳнаткашларидан. Бу жиҳатдан, Омон Ҳусниддин Шарипов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларга жуда яқин, яъни йиллар судралиб юрмай, китобхонга тез танилган ва севилган шоирлардан.
Омон Мухтор Бухорода дунёга келган ва болалиги шу улуғ, ёрқин шаҳарда кечган. Бухоро ўзи юзлаб қаламкаш учун умрбод мавзу бўлгулик диёр. Омон шеърларида она шаҳар манзаралари таъсирбахш куйланиши шундан. Унинг созида фалсафий чуқурликка майл ва қуймаликка эътибор ҳам балки Бухоро шарофатидан. Ахир, бизнинг Бухоро чексиз фалсафа, буюк тарих, тубсиз илм-ку…

Миртемир,
1973 йил”.

Орадан икки йил ўтгач, Миртемир аканинг ўзи мени “ҳаволаниб” кетмасин, дебми ҳар қалай “кўтарилган” пиликни анча пастга туширди. “Гулистон” журналида “Оҳанг” деган шеърлар тўпламимга у ёзган танқидий мақола босилди.
Миртемир ака бировга билиб ё билмай “қаттиқ сўзлаб”, кейин ўзи ўкиниб-оғринмаса — Миртемир ака бўлмас эди! Мақола эълон қилинган кунлар учрашиб қолганимизда, у:
— Мени аврашди, бўтам. Хафа бўлма, — деди.
— Сиз устозсиз, бир бетимга урсангиз, иккинчи бетимни тутаман, — дедим.
Лекин барибир, хафа бўлган эдим. Ўзимга айтиш мумкин бўлган эътироз матбуотда чиққани менга малол келган эди. Ҳали ёш эдим. Иззат-нафсим нозик эди. Миртемир аканинг даргоҳидан оёқ торта бошладим.
Бунга аҳамият берган устоз баъзи биродарларимга Омон нега ундай қиляпти, деб шикоятланган экан. Эшитдим.
Унинг даргоҳига яна кира бошладим. У ўтган воқеани қайтиб эсламади. Мен ҳам билмаганга олдим…
Миртемир ака ҳаёт пайтида ҳам, кейин ҳам унга бағишлаб кўп шеърлар ёзганман. (Яқинда “Тафаккур” журналида яна бир шеърим босилди.) Сабаб?! Миртемир ака катта шахс эди, унинг ўзига хослигини акс эттирмасликнинг иложи йўқ. Орадаги муносабат бобида ҳам, ўйлаб кўрсам, озор чекканим қаршисида унинг менга кўрсатган меҳри тарози палласини босар экан. Сени мақташга ҳақли устоз, танқид қилишга ҳам ҳақли…
Албатта, ижодкорлар бири-бирига доим шафиқ бўлгани дуруст! Лекин ҳаёт — ҳаёт-да!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 31-сонидан олинди.