Манзар Абдулхайров. Сўз махзани (2007)

Алишер Навоий асарларидаги эътибордан  четда қолган сўз ва иборалар талқини

Туркий тилдаги сўз ва ибораларни тўплаш, уларни илмий асослаш анъанаси X асрда яратилган “Девону луғотит турк” асарининг бой тажрибасига бориб тақалади. Зеро, луғат муаллифи Маҳмуд Кошғарий ўз давридаги турли қабила-уруғлар тилига мансуб сўз ва ибораларни йиғиш принципларини белгилаб, ўз асарида акс эттирган. Бу борада луғатшунос шундай ёзади: “Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим, турли хил сўз хусусиятларини ўрганиб, аниқлаб чиқдим. Мен бу ишларни тил билмаганим учун эмас, балки бу тиллардаги ҳар бир кичик фарқларни ҳам аниқлаш учун қилдим. Уларни ҳар томонлама пухта бир асосда тартибга солдим”.
Ўрта асрларда туркий қабилалар тилларини бу қадар кенг қамровли ўрганганлардан Кошғарийга фақат Алишер Навоийни қиёслаш мумкин. Зотан, улуғ шоир асарларида “Девону луғотит турк”даги кўплаб этнонимлар, соф тилшуносликка оид лингвистик атамалар, қадимги илмий-бадиий, ёзма ва оғзаки ижод намуналари билан бирга кенагас, қовчин, қўнғирот, чиғатой, барлос, қиёт, тархон, арлот, жалойир, туркман, найман, манғит ва бошқа туркий уруғ, элатларнинг номи такрор-такрор келади.
Шоирнинг бой адабий, илмий меросидаги сўз ва ибораларни тўғри шарҳлаш, чуқур талқин қилишда луғат манбаларнинг ўрни беқиёс. Шу жиҳатдан Навоий асарлари юзасидан ўтмишда ва ҳозирда ҳам бир қанча луғат манбалар яратилган. Масалан, “Бадоеъ ул-луғат”, “Хамса бо ҳалли луғат”, “Абушқа”, “Санглох”, “Луғати атрокия”, “Луғати туркий”, “Луғати чиғатойи ва туркий-усмоний”, “Ҳалли луғати “Хамса”йи Навоий”, “Ҳалли луғоти чиғатойи “Хамса”йи Навоий”, “Нисоби Навоий”, “Луғати Амир Навоий”, “Дар баёни луғати Навоий”, “Ҳалли луғоти чиғатойи” ҳамда Порсо Шамсиев, Собиржон Иброҳимов томонидан тузилган “Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат”(1953) ва яна шу муаллифлар иштирокида “Алишер Навоий асарлари луғати”(1972), “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”(1983 — 1985), Ботирбек Ҳасанов томонидан тузилган “Навоий асарлари учун қисқача луғат”(1993) каби луғатлар шулар жумласидандир. Бу луғатларда Навоий асарларида қўлланилган минглаб туркий, форсий, арабий сўз ва ибораларни изоҳлаш мақсад қилиб қўйилган. Шулардан ҳозирча нисбатан тўлароғи “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” (4 жилдли) ҳисобланади. Ушбу луғат буюк мутафаккир шоирнинг бебаҳо асарларини ўқиш ва тушуниш учун китобхонларга катта ёрдам берувчи фундаментал тадқиқотдир.
60-йилларнинг иккинчи ярмида академик Эргаш Фозилов раҳбарлигида ЎзР ФА Тил ва адабиёт институтида тарихий этимологик луғатлар бўлими очилиб, изоҳли луғатни тузиш ишлари бошлаб юборилади. Кенг жамоатчилигимизга яхши таниш бўлган, араб, форс, туркий тиллар билимдони Қутбиддин домла Муҳиддинов ҳам луғатни тузишда фаол иштирок этади. Домла луғатни тузишда қатнашган туркийшунос олимлардан Ҳамидулла Дадабоев, Зиёдулла Ҳамидов, Нишонбой Ҳусанов, Исҳоқжон Носиров ва бошқаларга қадимги туркий ҳамда форсий луғатларни ўрганиш, Навоий асарлари тилининг асл ҳамда кўчма, мажозий маъноларини англаш борасида ўз қимматли ўгит ва маслаҳатларини беради. Кейинчалик луғат Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг тарихий лексикология ва лексикография (1983 — 1985) бўлимида тайёрланиб, нашр этилади. Унинг нашр қилиниши ўз даврида тадқиқотчилар учун ҳам бой фактик материаллар беради. Изоҳли луғатдан фақат ўзбек мумтоз асарлари тилинигина эмас, балки кўпгина бошқа туркий халқларнинг адабий ва тарихий қўлёзма манбаларини ўрганишда ҳам фойдаланилади. Аммо шоир асарларининг тил хусусиятларини ўрганиш, унинг янги-янги қирраларини кашф этиш давом этаверади. Зеро, Алишер Навоий мероси мангуликка дахлдор сўз махзани ҳамдир.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, диний қадриятларга, ота-боболаримизнинг меросига муносабат ўзгарди. Илгари мумтоз асарларда “худо”, “пайғамбар” сўзлари, ғазаллардаги ҳамд, наътлар тушириб қолдирилган бўлса, мустақилликдан сўнг уларни ёзиш, ўқиш имкониятига эга бўлдик. Бу эса шоир асарларини тўлароқ англашга, тушунишга ёрдам беради. Шоир асарларини тўла нашр қилиниши унинг луғатини ҳам тўла ҳолда нашр қилинишини тақозо қилади. Дарҳақиқат, биз ана шу имкониятдан фойдаланиб, аслият асосида шоирнинг 20 жилдлик асарлар тўпламидаги сўз ва ибораларни қарийб чорак аср муқаддам яратилган “Алишер Навоий тилининг изоҳли луғати”га қиёслаб чиқдик. Натижада ҳали жуда кўп сўз ва иборалар изоҳланиши зарурлиги маълум бўлди ва биз уларни аниқлаб, изоҳлашга киришдик. Шу маънода Навоий асарлари тилидаги янги аниқланган сўз ва ибораларни илмий асослаб тўплаш, уларнинг шоир назарда тутган маъно инкишофи эса алоҳида илмий аҳамиятга эга.
Навоий асарларига шунчалик кўп луғатлар тузилган бўлса-да, ҳатто уларнинг барчаси биргаликда ҳам улуғ бобомизнинг сўз бойлигини тўла акс эттира олмайди. Навоий асарларидаги баъзи сўзлар биронта луғатда қайд қилинмаган бўлса, баъзиларининг маъноси фақат қисман баён қилинган. Ҳолбуки, улуғ шоир ижодида кўп маънолилик жуда кучли бўлиб, бир сўзга кўплаб маънолар юкланган. Биз қуйида шундай сўз ва иборалардан бир нечасининг таг маънодаги талқинини келтирмоқчимиз:

Чекмай малак лутфунг куни
жуз зикр ила тасбиҳ уни
“Одам дебон қаҳринг туни
ҳар дам “заламно раббано”.

Шоир ушбу байтнинг иккинчи мисрасида Қуръони каримдан “заламно раббано” (“заламно раббано анфусано” — эй раббим, биз ўзимизга зулм қилдик) иқтибосини келтиради. Бундан мурод Тангри таоло одамга жон ато этаётганида, унинг (одам) биринчи бор акса уриши ва барча малоиклар истиғфор келтириши, шайтон алайҳи лаъна эса мен нурдан, одам балчиқдан яралди деб, сажда қилмай кибрга кетганлиги каби илоҳий маъноларга ишорадир.

Солиб мажмарға тун уди қаморий,
Ўти хуршид бўлуб, анжум шарорий.

Маълумки, Шарқда махсус мажмар (мижмар, мажмара) деб аталган манқалга қора рангли дарахт чўплари — удни ташлаб ёқимли ҳид таратиш одати қадимдан мавжуд. Ҳиндистоннинг Қумор деган шаҳрида эса энг сара уд бўлар экан. Шоир байтда қаморий сўзини ана шу шаҳар номига нисбат бериб, уди қаморий — уднинг энг яхши тури” маъносида қўллаган. Қаморий айрим тарихий манбаларда қуморий шаклида ҳам ишлатилади.
“Хантила бинни Сафвон Қаҳр бинни Қаҳитон ўғлидур. Они тенгри таоло Асҳобур-расқаким, Каломуллоҳда мазкурдур, йиборди ва Рас подшоҳе эрди…”
Ушбу мисолда “Асҳобур-рас” сўзи “Рас дўстлари”, “Рас суҳбатдошлари”, “фаҳш аҳли”, “фоҳишалар” каби маъноларни ифодалаган. Бироқ шоир бу билан нима демоқчи эканлигини янада аниқлаштириш зарур. Манбаларга кўра, қадимда (Ғарбда) Самуд авлодидан Рас исмли бир худопараст подшоҳ бўлган. Лекин у умрининг охирларида ўз тожу тахтига мағрурланиб, худоликни даъво қилади. Унинг даврида фаҳш ишлар авжига чиқади: “Ва хотунлар чарм ва теридин олат ясаб, ўзлариға истиъмол қилурлар эрди. Ва ҳоло гўёки бу навъ зуафони рас ҳам дерлар…”. Рас ҳақ ҳукмига ишонмай, бир мис қопламадан ясалган қўрғонга кириб яширинади, аммо бу фойда бермайди. Зеро, Қуръони каримда Валав кунтум фи бурувжим мушайядатин — “Қаерда бўлмангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур”, дейилган (“Нисо”, 78).

Кўрки не бир лаҳзада бўлди қатил,
Тайри абобил ила асҳоби фил.

Мазкур байтда асҳоби фил сўз бирикмаси диний тушунчани ўзида мужассам этган: Қуръони каримнинг “Фил” сурасида хабар келтирилишича, исломиятдан илгари ўтган Абриҳа исмли ҳабашистонлик Яманга ҳоким қилиб тайинланган тарихий бир шахс филлар ҳужуми билан Макка шаҳридаги Каъбани вайрон қилишга отланади. Бироқ жанг чоғида Оллоҳнинг иродаси билан осмондан Абобил қушлари учиб келиб, душманлар устига тош ёғдиради, Абриҳа ва унинг қавми қирилади. Тарихда пайғамбаримиз (Муҳаммад с.а.в.) таваллуд топишларидан эллик кун олдин содир бўлган бу воқеа “Фил минган аскарлар”, “Фил жанги” ёки “Фил қавми” номи билан хотирланади. Зеро, пайғамбаримизнинг “Фил йили”да туғилганлар дейилиши ҳам шунга ишорадир.
“Таъоло шаънука ва аммо эҳсонука ва ло илоҳа ғайрука. Ё вадуд ва Маъбуди вожиб ул-вужуд.”
Алишер Навоий ушбу муножотида вожиб ул-вужуд сўзини диний-тасаввуфий тушунчаларни теран ифодалашда қўллаган. Негаки, ўрта аср Шарқ фалсафасидаги тасаввуфий тушунчалардан бири вожиб ул-вужуд (зарурий мавжуд нарсалар). Форобий бутун мавжудотни 6 даражага бўлади. Шулардан биринчиси вожиб ул-вужуд — Оллоҳ; қолган 5 таси — ақл, жон, шакл, борлиқ, осмон — мумкин ул-вужуд. Қуръони каримда эътироф этилганидек, вожиб ул-вужуд Оллоҳни билдиради. Демак, ушбу диний-тасаввуфий атама байтда “вужуди унинг ўз зотига боғланган ва ҳеч кимга муҳтож эмас”, “қатъий мавжуд зот”, “Оллоҳ” деган маъноларни беради.

Дайр пири анча тутти
элга жоми файзбахш,
Ким қадаҳ буйла ушатқай
тавба бўлса юз Насуҳ.

Шоир мазкур байтда Насуҳ (ушбу сўз нашрда кичик ҳарфлар билан ёзилган — М.А.) сўзини “чин кўнгилдан қилинган илоҳий тавба” маъносида қўллайди. Бу сўзнинг асл маъносини чуқурроқ англаш учун, даставвал диний, тасаввуфий манбаларга мурожаат қилиш керак. Уларга кўра, қадим замонда бир подшоҳнинг ҳарамига қарашли аёллар ҳаммомида аёл қиёфали, хушсурат бир йигит хизмат қилган экан. Унинг исми Насуҳ бўлган. У ўзининг ташқи кўринишидан фойдаланиб, подшоҳ ҳарамига ўрнашиб олган. Бир куни ҳарамдаги аёллардан бирининг узуги йўқолиб қолади. Подшоҳ мулозимлари ҳарам аёлларини бирма-бир тафтиш қила бошлайдилар. Насуҳ энг орқа қаторда бўлади. Мулозимлар ҳарам ҳаммомидаги ҳар бир аёлни текширганда Насуҳнинг жони гўё ҳалқумига келади, жони танасидан чиқаёзади. Навбат Насуҳга етганида мулозимлардан бири узук топилди, деб қолади. Тафтиш тўхтатилади. Насуҳнинг сири ошкор бўлмай, сирлигича қолади. Лекин жони омон қолган Насуҳ Оллоҳга минг бора шукроналар келтиради. “Бу ҳарамни елкамнинг чуқури кўрсин, то тирик эканман, ҳаргиз бу ишни бошқа такрорламайман”, деб онт ичиб, тавба қилади ва ҳарамга бошқа йўламайди. Насуҳ умрининг охирига қадар шу ваъдасига содиқ қолади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда: “Ё айюҳаллазина оману тубу илаллоҳи тавбатан Насуҳан” — “Эй имон келтирганлар, агар тавба қилсаларинг худди Насуҳ тавбасидай чин тавба қилинглар”, дейилган (“Таҳрим” — 8). Тасаввуфий манбаларда ҳам аслида ҳақиқий тавба Насуҳ тавбасига нисбатан айтилиб, илоҳийдир дейилади. Зотан, нақшбандия тариқатининг машҳур намоёндаларидан бири бўлган Хожа Аҳрор Валий ҳам “Барча дунёвий, ухровий, маънавий ва суварий азобларга мустаҳиқ бўлган солик — бу балодан “Тавбаи Насуҳ”га эришиш орқали фориғ бўлади”, деган фикрни илгари сурган.
Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий асарларидаги ҳозиргача эътибордан четда қолган сўз ва иборалар талқини ҳам, шубҳасиз, шоир ижодиёти ҳақида қимматли маълумотлар беради. Уларни алоҳида ва қиёслаб ўрганиш ҳали қилинажак ғоят муҳим ишлар сирасидандир.

Манзар Абдулхайров, филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 34-сонидан олинди.

Йўлдош Солижонов. “Синчалак” парвозидан кутилган ният

Бундан сал кам эллик йил муқаддам ўзбек адабиёти осмонига “ўзи кичкина, нимжон бўлса ҳам осмоннни кўтрагулик қуввати, ғайрати бор” “Синчалак” парвоз қилди. Бу истеъдодли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг шу номдаги машҳур қиссаси эди.
Қисса XX асрнинг иккинчи ярмида адабиётда эсган баҳор эпкинидан дарак берди. Дарвоқе, асарнинг ўзи ҳам кўклам тасвири билан бошланади. Аслида ўшанда ижтимоий ҳаётда ҳам баъзи бир ўзгаришлар бошланаётган давр эди. Сталин шахсига сиғиниш иллатлари фош этилганди. Бу шароит қисса бошланишидаёқ ўз ифодасини топгандек: Саида Тоҳиржон Носиров билан хонага киргач, деразаларни очиб юборади. Шунда “Дим кабинетига боғчадан муздай ҳаво, ҳандалакними, босволди қовунними эсга соладиган ялпиз ҳиди кирди; чумчуқларнинг чуғурлаши, дераза остида оқаётган ариқчанинг шовуллаши эшитилди”.
Дим кабинет — бу Сталин ҳукмронлиги даврида димиққан мамлакат тимсоли бўлиб, унда чумчуқларнинг чуғурлаши, ариқларнинг шовуллаши у ёқда турсин, одамлар қаттиқроқ нафас олгани ҳам чўчишган. Хона об-ҳавосини янгилаш “йигирма икки ёшлардаги баланд бўйли, хушқомат, жуда нозик қиз” Саидалар зиммасига тушди. Бу баҳор эпкини, ўз навбатида, кексаларни ҳам уйғотиб юборди. Айни ҳолат янги котиб Тоҳиржон Носировнинг чанг босган “Виллис”дан тушиб, “ёши элликдан ошган бўлишига қарамай, райком биносинининг зинасидан чопқиллаб чиқиб” кетишида, кейин бирдан тўхтаб ўзбекнинг азалий одатига кўра, остонадан ўтмай туриб, “зинанинг бир чеккасига бориб, коверкот макентошининг этагини, брезент этигини” қоқиб, чанг-ғуборларни тозалашида; Қаландаровнинг колхозга “янги сотиб олинган беш тонналик юк машинаси”ни кўриб “жуда хурсанд бўлишида”, “йўл бўйидаги тиниқ яшил дарахтлар, барра ўтлардан кўзи қувониб, кишининг вужудини яйратадиган май ҳавосидан маст бўлиб, хиргойи” қилишида ҳам кўринади.
“Синчалак” қиссаси ёзувчи услубига мос тарзда воқелик тугунини ташлашдан бошланади. Янги котиб Тоҳиржон Носиров дабдурустдан ёрдамчисига: “Кўчадан кетаётган автомобил бировни босса ёки туртибми, йиқитибми озор берса, нима бўлади?”, деган саволни беради. Албатта, ёш қиз бундай кутилмаган саволдан чўчиб тушади, чунки гап одам ҳаёти устида кетяпти-да! Уларнинг савол-жавобларидан маълум бўладики, бундай довюрак ҳайдовчи машҳур “Бўстон” колхозининг раиси Арслонбек Қаландаров экан.
Бу суҳбатдан қандай мақсад кутилган эди? Даромаддан буромад шу бўлдики, ўртоқ Носиров ҳалокат тўғрисида гап очиб, ёшгина қиздан маслаҳат олмоқчи эмас, балки уни ана шу “сояда ўсган, хийла эрка раис раҳбарлик қилаётган” колхозга котиб қилиб жўнатмоқчи экан.
Хуллас, бу таклиф Саидани бир томондан ҳовлиқтириб, бошқа томондан бироз довдиратган бўлса, ўқувчини ҳам қизиқтириб қўяди. У ҳам Саида сингари Қаландаров билан тезроқ учрашгиси, Носировнинг “кабинетидан ранги бўзариб” чиққан раиснинг “мўртгина” қизчани қандай қарши олиши, нима ҳунарлар кўрсатиши ҳақида ўйлай бошлайди. Кўряпсизки, ёзувчи асар бошланишидаёқ тугун устига тугун ташлаяпти. Бу тугунларнинг қачон ва қандай ечилишига қизиқиб мутолаадан бош кўтара олмай қоламиз.
Воқеалар саҳифадан саҳифага шиддатли ривожланади, конфликт кескинлаша боради. “Бўстон”дек катта ва машҳур хўжаликнинг котиби бўлиб бориш ўйи “қалбининг аллақаерини тимдаласа ҳам, аллақаерига жуда-жуда хуш ёқиб” турган Саида туни билан ухламай режалар тузиб чиқади ва эрталаб колхозга шитоб билан жўнаб кетади.
Саида хўжаликка келган биринчи кунданоқ ҳаммага ва ҳар бир нарсага ижирғаниб қарайди. Қаландаров уни ҳурматсизлик билан кутиб олгани, чамадонини қўлидан олмагани учун ичида муносабатини “Дийдоринг қурсин, чамадонни қўлимдан олсанг ўласанми?”, деган қарғиш билан ифодалашдан бошлайди. Эшон кўзига тўнг ва сўхтаси совуқ одам бўлиб кўринади. Ўзига ажратилган ҳужрани кўриб “таъби тирриқ бўлди”. Қаландаровнинг ҳовлиси ҳам кўзига тартибсиз ва ҳафсаласиз одамнинг қўли билан қурилгандай кўринади… Хуллас, Саида колхоздан, одамлардан, уларнинг турмушидан фақат нуқсон қидиради ва буни ҳали амал столига ўтирмай туриб Қаландаровга писанда қила бошлайди. Натижада улар ўртасидаги зиддият борган сари кучайиб боради.
Абдулла Қаҳҳор Қаландаров тимсолида том маънодаги миллий характерни яратиб бера олган. Унинг шоп мўйлови ҳам, юзи ҳам, манмансираши ҳам, жиззакилиги ҳам, одамларга муносабати ҳам, кўпчиликни сенсираб, жеркиб гапириши ҳам — барчаси ўзига ярашади, табиий. Раиснинг яна бир фазилати: ҳеч кимни бировнинг олдида уришмаслигидир. Умиданинг айтишича, Арслонбек ака “Бировга қаттиқ гапирадиган бўлсалар, кабинетига олиб кириб гапирадилар”. Чунки Қаландаров учун одамнинг чиқити йўқ, ҳаммаси ҳурматга лойиқ. Шу хусусиятига кўра, мажлисдаги шартакиликни, бетгачопарлик билан қилинган танқидларни дастлаб тўғри қабул қилолмайди. Айниқса, бу ишларнинг бошида турган Саиданинг бетгачопарлиги, жуда кўп масалаларда ўз билганича иш тутиши Қаландаровнинг ғашини келтиради. Аёл киши олдида бош эгишини эркак шаънига номуносиб деб билган раис Эшоннинг қутқуси билан Саида устидан ариза ёзиб, юқори ташкилотга бормоқчи бўлганида ҳам унинг қалбидаги бағрикенглик, одамгарчилик, эркаклик ғурури устун келади. Бу ҳам унинг валломатлигидан бир нишонадир.
Миллийлик ҳақида гап кетганда яна бир ҳолатни қайд қилиш жоиз. А.Қаҳҳор асарларини ўқиганингизда унинг қаҳрамонларидан биронтаси севги-муҳаббат тўғрисида тўлиб-тошиб гапирганини ёки хилватга тортиб изҳори дил айтганини учратмайсиз. Адибнинг асарларида севишганлар йўқми? Жудаям бор-да! Ана, Мунисхоннинг ишқида Мажнун бўлган Раҳимжон Саидий (“Сароб”). Ёки Ҳанифа (Канизак)га мафтун бўлган Сидиқжон (“Қўшчинор чироқлари”). Муҳайёни еру кўкка ишонмайдиган Анвар-чи(“Муҳаббат”)? Уларнинг қайси бири маъшуқасига ишқини бемалол изҳор этди? Ёки бунга қулай пайт тополмайдими? Топа олади. Эсланг: Саидий билан Мунисхон дарс тайёрлаш баҳонасида паркда, уйида қанча вақт яккама-якка ўтирдилар? Сидиқжон билан Ҳанифа-чи? Қишнинг совуқ кунларида сандалнинг икки ёнида ўртадаги мушукни силаб ўтираверадилар. Нима, уларнинг тили йўқмиди? Гапира олмасмиди? Саиданинг оғзига замбаракнинг ўқидек сўзларни солиб қўйган ёзувчи уларни ҳам булбулдек сайратиб юбора оларди. Бунинг устига Саидий шоир ҳам эди. Биз фикр юритаётган қисса қаҳрамонларидан бири Козимбек Саидани биринчи кўришдаёқ яхши кўриб қолади. Қизнинг кўнглида ҳам “новча, бўйни ингичка, қулоқлари елпиғичдай” бу йигитга мойиллик пайдо бўлади.
Козимбек ўзининг “Москвич” маркали машинасида Саидани очиқ ҳавода айлантириб келмоқчи бўлади. Қишлоқдан чиққанларида тасодифан у ёқдан “Виллис”да ўқдай учиб келаётган дадаси Қаландаровга кўзи тушиб қолади ва Козимбек шошиб: “Ётинг! — деди. Саида итоат билан чапга ёнбошлаб, Козимбекнинг сонига бошини қўйди. Козимбек гўё “қимирлама” деган бўлиб, унинг елкасига ўнг қўлини ташлади. Соатига саксон километр тезликда келаётган Қаландаровнинг машинаси пишқириб ўтиб кетди. Саида буни сезиб, бошини кўтармоқчи бўлган эди, Козимбек қўлини олмади. Машина секинлади, чайқалди, ўнг томонга бироз қийшайди-ю, нимагадир дўқ этиб урилди, тўхтади. Саида энгашиб келаётган Козимбекнинг иссиқ нафасини сезиб, ваҳима билан пичирлади:
— Вой! Биров кўриб қолади! Хафа бўламан…
Козимбек ростдан ҳам “хафа бўлса керак”, деб дарров бошини кўтарди, сал бўлмаса узр сўраёзди. Саида ўрнидан туриб сочини тузатди. Қўлининг орқаси билан Козимбекнинг юзига секин урди:
— Ёмон бола! Юринг!..”.
Бу вазиятдаги ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат шу қадар ўринли ва табиийки, уларнинг биронтасини на ўчириб, на алмаштириб, на сўз қўшиб бўлади. Саиданинг “Биров кўриб қолади” деганида ҳаё, “Ёмон бола” деганида эса севгининг бўйи келиб турибди. Одатда, қизлар йигитларнинг қилиғи ёқиб кетганида шу сўзни ишлатишади ва унинг замирида “Яхши бола экансиз. Менга ҳам ёқиб қолдингиз”, деган маъно яширинган бўлади. Айни чоғда, Саиданинг ўзи ҳам шуни истар, энди “ундан балоғатга етганидан бери қалбининг ҳарорати билан қизиб, ўзга қалбга чиппа ёпишадиган бирон оғиз сўз кутар эди. Йўқ. Козимбекдан бундай сўз чиқмади”. Козимбек эса гапирадиган аҳволда эмас-да! Гарчи униси ҳам, буниси ҳам индамаган бўлсалар-да, иш пишди, изҳори дил айтилди. Бу чинакамига ўзбекона одатдир.
Ўқувчига хуш ёқадиган бу каби нозик тасвирларни, кўримли манзараларни жуда кўп келтириш мумкин. Бироқ шуларнинг ўзи ҳам “Синчалак” қиссасининг XX аср 60-йилларида яратилган ўнлаб асарлар орасида ўзининг бадиий гўзаллиги, замонавийлиги билан бриллиантдек нур таратиб турганидан далолат беради.
Маълумки, “Синчалак” учирма қилинган 60-йилларда унинг юксак парвозини таъминлаган омил Саида образи бўлганди. Ҳали ўзбек адабиётида бундай навқирон характер яратилмаган эди. Асарнинг асосий ғоявий юкини нимжонгина, аммо интилиши, ғайрати, ақли, тадбиркорлиги, ишбилармонлиги билан анча-мунча полвонларни доғда қолдирадиган қиз кўтариб турарди. Устоз Озод Шарафиддиновнинг ёзишича, “Ёзувчи Саида образида ҳозирги илғор ўзбек аёлларининг характерли, типик сифатларини умумлаштиради.”
Нафақат А.Қаҳҳорнинг ҳар бир асари тўғрисида жон куйдириб мақола ёзадиган Озод домла, балки академиклар И.Султон, М.Қўшжонов, профессорлар Ҳ.Ёқубов, Ҳ.Абдусаматов, У.Норматов ва бошқа ўнлаб олимлар ўз пайтида “Синчалак”ни кўкларга кўтариб мақтаганлар. Бу табиий эди. Лекин кейинроқ асарда илгари сурилган ғоявий мазмунга муносабат ўзгарди. Айримлар уни умуман яроқсиз асар, ёзувчи ҳаётийликка зид образлар яратган, деган фикрларни айтдилар. Уни ҳимоя қилишга яна О.Шарафиддинов қалқон бўлди. Олим ўзининг “Чинорлардан бири” мақоласида (“ЎзАС”, 1995 йил, 15 сентябр) шундай ёзади: “Яқинда “Синчалак”ни қайта ўқиб чиқдим ва бир нарсага ҳайрон қолдим — Абдулла Қаҳҳор 1959 йилдаёқ “Бўстон” колхози ва унинг атоқли раиси Арслонбек Қаландаров тимсолида тоталитар тузумнинг моделини яратган экан-ку! Энг муҳими — бу тузумнинг ичдан чириганини, чуқур таназзул ҳолини кечираётганини кўрсатган экан. Бу таназзул иқтисодий характерга эмас, ижтимоий-психологик характерга эгалиги ҳам очилган. Ҳар ҳолда “Синчалак”ни янги кўз билан ўқилса, унда колхоз тузумининг ички емирилиши тасвирланганига ишонч ҳосил қилиш мумкин”.
Устознинг бу фикрларида жон бор. Чиндан ҳам улкан сўз санъаткори А.Қаҳҳор асарларини ҳар гал “янги кўз билан” мутолаа қилганингизда ундан янги маъно, янги гап топиш мумкин.
Хуллас, “Синчалак”нинг парвозидан кутилган ният шундаки, ёзувчи бу асарида ўзбек аёлининг ижтимоий ҳаётдаги роли ошиб борганлигини, бунга сабабчи социалистик тузум эканлигини исботламоқчи бўлмаган. Ўзи мўртгина, нимжонгина бўлса-да, “осмон тушиб кетса, ушлаб қоламан деб оёғини кўтариб” ётадиган синчалакдек Саида Алиева образи орқали мамлакатда партия яккаҳокимлигининг ўрнатилаётганлигини тасвирлаган. Адибнинг бу қутлуғ нияти бугун янада аниқроқ кўриниб турибди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 34-сонидан олинди.