Устоз Иззат Султон суҳбатларида бўлиш мароқли эди. У киши билан қилган мулоқотларимиздан бирида домла айтган қуйидаги гаплар ёдимда: “Шуниси қизиқки, қариган маҳалинг энг мароқли ижодий режалар келаверар экан, энг қуюқ фикрлар буткул зикрингни банд этаркан, энг гўзал ғоялар майдонга келар экан. Ва улар ёзувчини безовта қилавераркан. Биз, киночилар таъбири билан айтганда, “уходящая натура” (ўтиб кетаётган ҳодисалар)миз. Шунинг учун айтадиган гапни айтиб қолишга шошилиш керак. Ўйлайманки, менга ўхшаган — ҳам инқилобни кўрган (етти яшар эдим), ҳам шўро даврини бошдан кечирган, ҳам мустақиллик давридан завқланган кишининг ҳаётий тажрибалари келажак авлодга фойдали бўлса керак. Хотираларим у даврларни тўлиқ, беками-кўст акс эттиради, дея айта олмайман. Лекин чексиз уммонда офтоб акс этганидек, бир томчи сувда ҳам қуёш аксини кўрамиз. Ўзимни бир томчи сувдек ҳис қилиб, ўтмиш ҳақидаги мулоҳазаларимни ёзиб қолдиришга ҳаракат қилаяпман. Бу фикрларнинг яхши бир хусусияти шундан иборатки, улар бошдан кечирилган мушоҳадалардир. Киши деҳқон ёки ишчими, муаллим ёки косибми, адиб ёки сиёсий арбобми — унинг ўзи яшаб ўтган ҳаёт сўқмоқлари — даври ҳақидаги ўй-фикрлари ҳамиша қизиқиш уйғотади. Шахс тақдирида даврнинг асосий хусусиятлари сақланади”.
Академик Иззат Султон тўқсонни қоралаб, юз билан юзлашишга чоғланганди. Ўн кам юз! Айтишга осон. Шундай табаррук ёшга етишнинг ўзи бўладими. Ортингда салмоқли ижодий ва ҳаётий тажрибалар қолса босган изларинг бенаф ва бесамар кечмаганлигини ҳис қиласан, киши. “Алишер Навоий”, “Имон”, “Номаълум киши”, “Кўрмайин босдим тиконни”, “Донишманднинг ёшлиги”, “Қақнус”, “Янги одамлар”, “Ойдин кеча асирлигида”, “Истеҳком” сингари драмалар, “Навоийнинг қалб дафтари”, “Адабиёт назарияси”, “Драма — адабий тур сифатида” каби фундаментал тадқиқотлар, “Буюк Алишер”, “Шоир қалби”, “Фидойи” номли кино асарлари, беш юзга яқин илмий-назарий мақолалар, ўзбек адабиёти тарихи ва назариясига оид ўндан зиёд монографиялар, тадқиқотлар… Сонда ҳам, сифатда ҳам бор асарлар. Улар Иззат Султон номини Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Асқад Мухтор сингари кўркам ва файзли силсила қаторига қўшади.
1990 йил бошида “Литературная газета” саҳифаларида Брейгелнинг машҳур бир сурати босилганди. Унда тўп-тўп басир оломон акс этган. Хусусан, йўқликдан чиқиб, номаълумлик сари гарангсиб бораётган, икки кўзи басир, нимадандир ийманганча мийиғида жилмайиб кетаётган одамлар тўдаси ифодаланган эди суратда. Улар бир-бирларининг қўлидан тутмоқчи бўлишади-ю, лекин қўллари етишолмайди. Кимдир қоқилиб, йиқилаётиб, кимнингдир чимчилоғидан ёхуд бошмалдоғидан тутиб қолишга интилади. Одамлар қўрқув ва таҳликада. Қаёқдан келиб, қаёқларга кетишаяпти? Юз ифодасидан ҳеч нарсани англаб бўлмайди. Ифода мавҳум. Уймалашган оломоннинг боши ҳам, охири ҳам кўринмайди. Энг қизиғи, ўша йиқилаётган, қоқилаётган, мункиб кетаётган одамларнинг лабида ним табассум акс этган. Бу табассум истеҳзоми, мамнунликми, ёхуд қаноатми, ўтган умрдан норозиликми ёки шукроналикми? Бу оломон тасвири рамзий, шўро одамлари қисматига бир ишора.
Дарҳақиқат, собиқ шўро даврида ижодкор ўзлигидан тонмаслиги, ўзилигини сақлаб қолиши жуда қийин эди. Шу боис, ўша давр сўз санъаткорларининг ҳаёти ва ижодий фаолияти том маънода фидойиликнинг юксак намунаси, дегинг келади. Негаки, ўша замонда чинакам сўз санъати дурдоналари, кўркам бадиият ёнида мафкуралашган адабиёт вужудга келган, замонасозлик, коммунистик мафкурага ялтоқилик авж олган эди.
1998 йил 25 феврал куни адабиётшунос Тўхта Бобоевнинг “Олий ўқув юртларида ўзбек шеърияти поэтикаси асосларини ўрганиш” мавзуида педагогика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимояси бўлди. Расмий оппонентлар чиқишларидан кейин норасмий оппонентларга ҳамда илмий кенгаш аъзоларидан истаганларга сўз берилди. Илмий кенгаш раиси, академик Иззат Султон сўзга чиқиб, шундай деганди: “Ҳозир бир нарса эсимга тушди: бундан йигирма йилча бурун, шоир Ҳабибий билан Самарқандга қандайдир бир тадбир ўтказгани бордик. Машинада бирга кетдик, Полшадан келган ёш ёзувчи ҳам бор. Домла Ҳабибийни у кишига таништирдим. Полшалик адиб: “Ҳаммангиз шоир экансизлар. Ичингизда шеър ёзмаган, шоир бўлмаган одам йўқ ҳисоби. Шунинг учун Полшага борганда “Шоирлар юрти” деган китоб чиқараман”, деди. Шарқ шеърий маданиятидан у шунчалик таъсирланган экан. Шунда, домла Ҳабибий чиройли бир лутф қилди: “Совет даврида шеъриятни халққа яқинлаштириш учун поэзиянинг савиясини туширдик. Эндиликда халқимизни поэзиямиз савиясига кўтаришимиз лозим”. Дарҳақиқат, бу борада арузни, классик адабиётимиз хусусиятларини ўрганиш катта аҳамиятга эга. Олдимизда катта вазифалар турибди. Халқимиз онги, савиясини буюк меросимиз даражасига кўтаришимиз керак…”.
Нафақат шеъриятни, балки ХХ аср адиблари ижодини, асарларини, дунёқарашидаги ўзгариш ва эврилишларни, ҳукмрон коммунистик мафкуранинг ижодкорларга таъсирини ўрганишдек масъул вазифа ҳам бор. Яна: шўро даври ўзбек адабиётида, тун оғушида тонглар туғилганидек, замонасоз асарлар билан боқий санъат асарлари ҳам ёнма-ён яшаб келганлигини, адабий жараённинг ўзига хос, бетакрор хусусиятларини ўрганиш, қонуниятларини очиш вазифалари ҳам мавжуд.
Иззат Султон ижодий фаолияти ана шу ўзгаришлар жараёнида кечди. Хусусан, олим ва адиб дунёқарашидаги эврилишлар билан баробар гўзал санъат асарларининг яратилиши сабабларини кузатиш адабиётшунослар олдидаги муҳим вазифалардир. Иззат Султон эстетикасида реализм концепциясини ўрганиш алоҳида диққат-эътиборга молик. Алишер Навоий ижоди ва мумтоз адабиётимиз фалсафаси И.Султон талқинида, адиб ва олим назарий тафаккуридаги умуммуштарак хусусиятлар, бадиий-эстетик принциплар, тарихий меросни илмий ва бадиий ўзлаштириш ҳамда ўрганиш тамойиллари, хусусан, И.Султон ижодида кино, театр ва драма назарияларининг муштарак ҳамда ўзига хос хусусиятлари сингари бир қанча масалалар ўз тадқиқотчиларини кутаётир. Нафақат И.Султон ижоди мисолида, балки умуман, ХХ аср ўзбек адибларининг бадиий изланишлари асосида ҳаётни, воқеликни эстетик ўзлаштириш спецификаси билан боғлиқ образли тафаккур типлари, ижтимоий-фалсафий, бадиий тафаккур кўринишлари, унинг юз йил мобайнидаги динамикаси, эволюцияси, турғунлик ҳолатлари адабиётшунослар эътиборидан четда қолиб келяпти. Ваҳоланки, адабий матн нафақат яхлит бадиий бутунлик, шу билан бирга, асарнинг юзага келиш тарихини намоён этувчи гўзаллик ҳодисаси ҳамдир. У ижодкор туйғулари ва дунёқарашининг маълум шаклга кирган кўринишидир.
Драматург учун ижодий жараённинг яна бир нозик жиҳати бор. Драманинг ўқувчи-китобхон томонидан қай тариқа идрок этилишидан ташқари, саҳна талқинлари, томошабин муносабати сингари муштарак жиҳатларни эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Кўринадики, ушбу омилларни уйғунликда ўрганиш драматург дунёсига киришга, бадиий маҳоратининг ўзига хос хусусиятларини билишга ёрдам беради. Драмага хос образли тафаккурнинг китобхон ва томошабин томонидан қай йўсинда идрок этилиши санъаткор маҳоратини белгилашда муҳим ўрин тутади. Китобхон, актёр, режиссёр ва томошабиннинг тасаввури ва баҳси орқали яхлитлик касб этган таассуротни драманинг бадиий-эстетик савиясини ҳам, драматург маҳоратини ҳам кўрсатувчи кўзгу дейиш мумкин.
Бадиий ғоялар психологиясини, яъни муайян асарнинг туғилиш жараёнини ўрганиш нафақат санъаткорнинг фикрлаш тарзини, шунингдек, унинг ўша даврдаги дунёқараши билан узвий алоқадорликда намоён бўлган образли тафаккур маданиятини ҳам ойдинлаштириш демакдир. Аҳамиятсиздек кўринган у ёки бу деталнинг санъаткор онги, нигоҳи, назари туфайли ёқут мисоли нур таратиш жараёнларини кузатиш завқ-сурур бағишлайди. Иззат Султон поэтикасида шундай бадиий воситалар борки, улар митти, жузъийдек туюлиши мумкин. Лекин уларнинг адабий матндаги бадиий самараси жиддий, юракларни ларзага солиб юборади.
Иззат Султон драмаларидаги бадиий воситалар оддий ва самимий, дарров кўзга ташланавермайди. Улар маънавий-интеллектуал тайёргарлиги бор китобхон ва томошабинга, тадқиқотчига дарров кўринади. Бунинг боиси битта. У ҳам бўлса, мазкур ижод тарихининг илдизлари ҳаёт чашмаларидан сув ичган, воқелик бағрига яширинган. Ёзувчи қўлига қалам тутқазган, илҳомлантирган, кўнглига яширинган у ёки бу ниятнинг бадиий ғояга айланишига туртки берган фактлар, ҳолатлар, воқеа-ҳодисалар ана шу булоқлардан баҳра олган.
Адибни асар ёзишга даъват этган факт-маълумотлар, воқеа-ҳодисалар драмаларга кўчиб ўтгач, оддийлигича қолмайди, улар жонланади. Муайян образлар, ғоявий йўналишлар, деталлар оғушида — санъатдаги янгиланган бадиий ҳаётини бошлайди.
И.Султон ижодий лабораториясига дахлдор мазкур масалалар ҳам тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келаётир. Реал ҳаёт билан бадиий асар воқеалари ўртасидаги қиёс, ёзувчи асарларидаги табиийлик ҳамда ғайритабиийлик, томошабин ва ўқувчини унчалик ишонтирмайдиган жиҳатлар ва аксинча, ишонтириш, ҳайратга солиш хусусиятларига кўра кўнгилларни забт этган бадиият сеҳри бизни И.Султон поэтикасини ўрганиш сари йўналтиради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 51-сонидан олинди.