Профессор Бегали Қосимов миллий адабиётимизнинг ҳақиқий билимдони эди. 60-йиллардан бери жадид адабиёти, мумтоз адабиёт тарихи, адабий алоқалар юзасидан салмоқли илмий тадқиқотлар, “Излай-излай топганим…”, “Миллий Уйғониш” каби фундаментал асарлар ёзган, адабий меросимиз хазинасидан олиб, табдил қилинган қатор китоблар нашрига бош-қош бўлган шу мўътабар устоз билан бир илмий-педагогик жамоада бирга ишлаганимдан, айниқса, талабалик йилларимда маърузалар эшитиб, сабоқ олганимдан фахрланиб юраман. Бугун жадид адабиёти тарихини устоз хизматларисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Б.Қосимов бу даврнинг етук олими эди. Фақат ўзбек адабиёти эмас, балки бу жадидчилик даврига дахлдор бошқа қардош халқларнинг адабиёти тарихи ҳамда шу даврнинг адабий сиймоларини жуда яхши билар эди. Бирор жадид зиёлиси тўғрисида гап кетса — у ўзбекми ёки татар, қозоқми ёки турк бундан қатъи назар — дарҳол далиллар асосида суҳбат мавзуига илмий мазмун, жон бахш этарди. Ўша даврнинг жуда кўп манбаларини синчиклаб ўрганган устозга бирор манба хусусида гап очиб қолинса, мазкур адабий манбанинг қанчалик аҳамиятли ёки аҳамиятсиз эканлигини кайфиятидан, авзойидан билиб олиш қийин эмасди. Агар манба муҳим бўлса, домла дарҳол жиддий тортиб, унинг қадрли жиҳатларини айтар, агар иккинчи даражали ҳисобланса, бироз камгап бўлиб, тортиниб, гўё сўзлаш малол келаётгандек қисқача фикр билдирарди. Мен Вадуд Маҳмуд ижодини ўрганиб юрган кезларимда бу адабиётшунос тўғрисида бир неча бор илҳом билан гапирганига гувоҳ бўлганман.
Бегали Қосимов адабиётнинг қай бир соҳаси тўғрисида ёзиш ёки гапириш лозим бўлса, бирор манбани излаб юрмасдан қўйилган масала юзасидан бемалол соатлаб гаприши мумкин эди. Домла қалби дарё инсон эди. Илмга лиммо-лим тўлиб турган бир дарё эдики, ундан қанчадан-қанча илмга чанқоқ шогирдлар сув ичгани билан камаймайдиган, асло тугамайдиган бир дарё олим эди. Устоз айнан шу тўлиб-тошиб турган ҳолида касалликка чалиниб, вафот этгани биз шогирдларни чуқур қайғуга солди…
80-йиллар охирларида Бегали Қосимов ўзбек филологияси факултети талабаларига мумтоз адабиётимиз тарихидан, хусусан, Алишер Навоий ижодидан мазмундор маърузалар ўқир, домланинг узоқ муддатлар эсда қоладиган имтиҳонлари бўлар эди. Албатта, бу жараёнда талабаларнинг билим даражаси, дунёқараши турли усулларда холис текширилар, кўп ҳолларда, гарчанд пастроқ баҳо олсалар-да, талабалар домланинг жуда объектив баҳо қўйганлигини очиқ тан олишар эди…
Биринчи воқеа: Алишер Навоий ижоди юзасидан маъруза ва амалий машғулотлар якунланган. Б.Қосимовга айнан шу адабий давр манбаларидан имтиҳон топширишимиз керак. Эсимда, мен “Ҳайрат ул-аброр”нинг композицион қурилиши билан боғлиқ саволга жавоб берганман…
Сирдарёлик бир қиз курсдошимизга Навоийнинг ҳаётига оид маълумотларни сўйлаш лозим бўлган. Албатта, ҳар кимга маълум ҳақиқат — Алишернинг Ҳиротда таваллуд топганлиги, ота-онасининг кимлиги, Ҳусайн Бойқаро билан бирга ўқигани, болалиги гапирилган. Бироқ талаба қиз кутилмаганда Ҳирот теграсида айланиб қолган ва беихтиёр имтиҳон олувчи профессорнинг эътиборини ўзига жалб этган. Шунда домла аниқловчи саволни беришни мажбур бўлади:
— Тўғри айтасиз, Ҳирот — Алишер Навоий туғилган жой. Хўш, Ҳирот қаерда жойлашган экан? (Жимлик.) Тошкент билан Самарқанд орасидами ёки Тошкент билан Бекобод оралиғида?
Сабоқдошимиз Тошкент — Самарқанд орасида Гулистон, Жиззах шаҳарлари борлигини, Ҳирот бу атрофда эмаслигини яхши билган. Бироқ Тошкент — Бекобод томонларга йўли тушмаган, география фанидан ҳам саводи ўзига яраш экан, чамаси, домланинг чалғитиб текширувчи “жавоб”ининг иккинчи вариантини танлайди:
— Ҳирот Тошкент билан Бекобод орасида жойлашган, домла.
— Ҳа, шунақами? — домла унинг синов дафтарчасини ёпиб қўлига тутқазади: — Чиқинг, тайёрланиб келасиз…
Иккинчи воқеа: Биздан бир курс кейин ўқиган Тешабек ёзда уйланиши керак. Аммо кетолмайди. Ёзги сессияни ёпмаган. Б.Қосимов фанидан қарздор. Нима қилсин? Аллақайси домлаларга қўллаган усулини ишга солмоқчи бўлади. Аввал, домланинг уй адресини билиб олади. Сўнгра курсдоши Ботир билан бозорга тушади. Бозорлик қилган бўлади. Бегали Қосимов эшикни очганда қарздор талабани, қолаверса, қўлида алланималар кўтариб келганини кўриб ҳайратга тушади. Мулозамат учун тил учида: “Келинглар”, дейди. Домланинг салобати босган икки курсдошнинг тили калимага келмайди. Тешабек нима қиларини билмай дарҳол мақсадга кўчади бир амаллаб: “Қарздор эдим. Имтиҳон топширишим керак эди. Уйдагилар кутиб турибди. Уйлантирмоқчи эдилар…”. Суҳбат узоқ чўзилмайди. Домла қисқа гапиради: “Сизга ким айтди Бегали Қосимов уйида имтиҳон олармиш деб?”. Бундай саволнинг жавоби оғир, албатта. Тешабек тилдан олади. Ёрдамчи Ботир минғиллайди. “Энди домла, шу ўртоғимиз…”. Табиийки, Б.Қосимовнинг: “Сиз ўртада даллол бўлиб келдингизми?”, деган кинояли писандасидан кейин Ботир ҳам тилдан қолади. Бегали Қосимов ана шундай тоза бир муаллим эди. Бу жиҳатдан ҳам кўпчиликка ибрат эди.
Бегали Қосимовнинг илмий рисола ва мақолаларида ҳам мавзу-муаммога холис ёндашуви яққол сезилиб туради.
Бир тоифа одамлар борки, фақат оддий гапни эмас, балки бутун бошли жумлаларни ёши ва илмий даражасига кўра ўзидан қуйироқ касбдошларидан кўчириб, ўз фикри сифатида мақолаларига ва ҳатто китобларига киритиб юбораверади. Айнан шу тоифа олимлар бошқа тиллардан таржима қилинган ёки эски ўзбек ёзувидан табдил этилган манбалардан зарур ўринларда фойдаланиб, қора меҳнатини бажарган кимсаларнинг исм-шарифини ёзиб ўтишни “унутиб” қолдиради.
Менингча, бу тоифадаги ёшу кекса олимларга Б.Қосимов илмий фаолиятидаги бағрикенглик, бировлар меҳнатини қадрлаш принципи сабоқ бўларди. Тўғриси, юқоридаги фикр-мулоҳазалар адабиётшунос устозимиз томонидан сўзбоши ва изоҳлар билан нашр этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Танланган асарлар”ини ўқиш жараёнида хаёлимга келган эди. Б.Қосимов унда Беҳбудий ижодига тегишли мақола ёзган ва ёки кичик бир манбани табдил қилган талаба-тадқиқотчилар хизматини ҳам таъкидлаб ўтишни лозим кўрган. Аслида, илмий этиканинг оддий талаби ҳам шудир.
Б.Қосимов сўзи амалига мувофиқ келадиган ҳақиқатгўй ва тўғрисўз, чин маънодаги миллатпарвар бир инсон эди. Шу боис ҳар қайси тадбир ёки анжуманларда ўзини кўрсатиб, куйиб-пишиб гапирадиган, аммо сўзи амалига тескари юрадиган сохта миллатпарвар кимсаларни ёқтирмасди. Гарчанд очиқ гапирмаса ҳам, гоҳида жимгина ўтирган сабр-бардошли домланинг изтиробли юзидан бу ҳолат сезилиб турар эди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 39-сонидан олинди.