Суйима Ғаниева. Навоийнинг “ёри азиз”и (2007)

Шайхим Суҳайлий — зуллисонайн ўзбек шоири.
XV аср иккинчи ярми Ҳирот адабий муҳити вакили шоир, нуфузли арбоб Аҳмад Суҳайлийнинг аждодлари туркий-нажодлардан бўлиб, Шоҳрух Мирзо даврида амирлар қаторида муҳтарам саналганлар.
Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро” асарида Суҳайлийга юксак таърифини қуйидаги байт билан тугатади:

Хотамаш кори жаҳоний бидеҳи рост кунад,
Қаламаш ганжи маоний бидеҳи афшонад.

(Яъни: Муҳрига жаҳон ишларини топширсанг, тўғрилайди, Қаламига маънолар хазинасини берсанг сочади.)
Мен, деб ёзади Давлатшоҳ, Амирнинг ўзларидан (яъни, Суҳайлийдан) эшитдимки, ёшлик пайтларим Шайх Ориф Озарий мулозаматига етишган ва ундан муносиб бир тахаллусни тавсия этишни илтимос қилган эдим. Шайх Озарий қўлида бир жилд (китоб) бор экан. Дедилар: — Ҳозир шу китобни фол кўриш йўсинида очамиз, шояд, бир мувофиқ сўз чиқиб қолса. Китобни очсалар, “суҳайл” сўзи чиқибди. Бу сўзнинг мазмуни жуда таҳсинли, — дея буюрдилар. Шундан буён маънолар эшиги менга очиқ бўлди ва менга барчадан файзу ҳиммат етишди.
Суҳайл — 45 юлдуздан иборат юлдузлар туркуми, иссиқ фаслда кема шаклида кўринар экан. Суҳайл Бадахшонда тошни лаълга айлантирар, Яманда чармни хушбўй қиларкан. Дейдиларки, фозиллар Суҳайлий девони жилди гўё Яман чармидан ва Бадахшон лаъллари каби шеърларидан маънолар сочилиб туради…
Суҳайлийнинг форсийдаги шеърлари ҳақида марҳум академик Ботирхон Валихўжаевнинг яхши мақоласи эълон қилинган. Олим Тожикистон Фанлар академияси шарқшунослик бўлимида 762-ашёвий рақами остида сақланаётган қўлёзма девон (101 варақ) асосида шоирнинг форсийда битилган шеърларини таҳлил қилади.
Давлатшоҳ Самарқандий Суҳайлийнинг чиғатой улусидаги номдор хонадонлардан, соҳибқирон Амир Темур замонида аждодлари амирлар, Шоҳрух Мирзо замонида салтанат ишларини бажарганлар, деб ёзади. Навоий билан яқин бўлган бу шоирнинг ҳурмати, мартабаларини таърифлагач, “Ҳозир икки девон соҳибидир, бири туркийда, яна бири форсийда. Шеърлари ҳақиқат денгизининг сафинаси (кемаси) ва дақойиқ (нозик нукталар) рамзларининг ганжинаси”, деб уларга юксак баҳо беради. Шоирнинг 8 форсий байти ва 9 байтли форсийдаги ғазалини келтиради. Унинг асарлари “Суҳайл (юлдуз) нурида Бадахшондан Ямангача порлаб етишади” деган сўзлар билан фиқрани якунлайди.
Давлатшоҳ Суҳайлийнинг туркий девонидан 9 байтли қуйидаги ғазалини келтиради:

Ишқда мен комилу
Фарҳоду Мажнун шуҳрати,
Оллоҳ, Оллоҳ, не кишиларга
бу ишнинг ҳиммати.

Ёқа йиртиқдур, синиқ кўксум,
фигор ўлмак не тонг,
Ишқнинг расвоси оғир ушбулардур зийнати.

Узмасун деб риштаи жоним қўлумни боғламанг
Ким, неча тор ўлса нозик,
етмас анинг қуввати.

Эйки, дерсан ишқ ранжидин
фалон бўлмас халос,
Хотиринг жам этки, йўқтур
бу жабрнинг сиҳҳати.

Анкабутийдур наҳифу зор кўнглумким, эрур
Маскани кўксумда ангиргон
туганлар ҳайъати.

Ошиқ ўлғоч дину дониш
кўйидин туштум йироқ,
Ваҳ, не кофирнинг мундоқ айш эрур хосияти.

Сўрсалар аҳбоб кўнглум ҳолатин айт, эй сабо
Ким, бир оташнок юз бирла
тутошмиш суҳбати.

Эй, кўнгул бергувчи бўлғонлар анга ул кўрдек,
Бедилениким, қилибдур ишқ олам ибрати.

Дўстлар, келманг Суҳайлийнинг
мазори бошиға
Ким, кўнгул бузғучидур анинг
бузулғон турбати.

Давлатшоҳ шоирнинг яна бир матлаъини ҳам келтиради:

Эй, мени жавру жафо
бобинда муътод айлаган,
Ўзгалар бирла вафо қасрини бунёд айлаган.

Ҳусайн Бойқаро девонида қуйидаги ғазал бор:

Ҳусн ила сен комилу Ширину Лайли шуҳрати,
Ишқ аро мен хор ўлўб
Фарҳоду Мажнун туҳмати.

Офият чоғи фароғат соғинур эрди кўнгул,
Ишқ аро билгурди, ваҳ-ваҳ,
ул фароғат меҳнати.

Ишқ тиғидин танимда юз туман наълу алиф,
Бир гадо янглиғки,
тўш-тўшдин кесилмиш кисвати.

Оҳ ўти ўртаб таним ишқингда печу тоб ила,
Ул сабабдин бўлди гўё барқ янглиғ ҳайъати.

Ишқида жонимни ол,
жисмимни куйдур, эй ажал,
Елға совурғилки,
ишқ аҳлининг ўлсун ибрати.

Воизо, гар хўбларнинг
ишқи гуноҳ эрур, не ғам,
Чунки Тенгрининг гуноҳ
аҳлиға кўбдур раҳмати.
Эй Ҳусайний, дер эрдим
ишқини пинҳон сақлайин,
Билмадимким, айламиш
кўз ёши олам шуҳрати.

Кўринадики, Суҳайлий Ҳусайний ғазалига татаббуъ ёзган. Шарқ мумтоз шеъриятида татаббуъ шоирнинг бирор шеърдан таъсирланиб, маъқул кўриб, ундаги вазн, қофияни (радиф бўлса, уни ҳам) сақлаган ҳолда шеър яратишдир. Бундай шеърларни жавобия, назира ҳам дейдилар.
Навоий девонларида шу вазн, шу қофияда ёзилган шеърлар бор. Балки Ҳусайний ҳам, Суҳайлий ҳам улуғ шоир ғазалига татаббуъ қилгандирлар.
Шайхим Суҳайлий ҳақида Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ёзади: “Хуросон мулкининг мутааййин (таниқли) элидиндур. Кичик ёшидин табъ осори ва зеҳн намудори андин кўп зоҳир ва ҳамида ахлоқ ва писандидамаош атворидин боҳир эрди. Султон Абу Саид Мирзо хизматиға тушуб, махсус мулозим бўлди ва ашъори эл орасида шуҳрат тутти ва ҳоло йигирма йилдин ортуқроқдурким, Султон Соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро) мулозиматидадур ва рафеъ (юқори) муносиб ва аъло маротиб(мартабалар)га мушаррафдур; андоқким, мулку мол, балки салтанатнинг барча маслаҳат ва аҳволиға мушор ун-илайҳ ва мўътамаддун-алайҳ (кўрсатиб ўтувчи ва ишончли) ва аморат зайлучасида (гиламча) сокин ва тақарруб (яқинлашиш) маснадида (ўрни) мутамаккин(барқарор)дурким, ҳеч номулойим амрға мансуб ва ношойиста айбға матъун (айбдор) ва маъюб (айбланган) эмас ва бу давлатда андоқки интизоми ҳоли бийик бўлди, назми аҳволи дағи авж тутти ва бу “Ийдия” қасидасининг матлаъи яхши воқеъ бўлубтурким…”, деб ёзади ва бу қасидасидан ҳамда ғазалидан 2 байт, “Лайли ва Мажнун” достонидан Лайлининг хасталиги таърифидаги бир байт келтирилади.
Навоий эътирофича, “Агарчи туркча шеърға машғуллуқ оз қилур эрди, аммо бу матлаъ анингдурким:

Зуҳд эли тасбиҳ деб ҳайрон қолур авбош аро,
Риштаи жисмимни кўрса қатра-қатра ёш аро”.

Фиқра Навоийнинг шундай сўзлари билан якунланади: “Аввалдин охирғача фақир била илтифот ва иттиҳоди кўп учун мундин ортуқ таърифин қилилса, ўзумни таъриф қилғондек бўлурдин қўрқуб ихтисор қилилди. Оқибати хайр бўлсун!”.
Шайхим Суҳайлийни Навоий ўз “Лайли ва Мажнун” достонида ҳам тилга олади: “Жаҳондаги машҳур бу афсонани (яъни “Лайли ва Мажнун”ни) Низомий ва Хусрав Деҳлавий шеърга солдилар. Ишқ ҳақидаги бу ривоятни назм авжининг Суҳайл юлдузи ҳам ёзмоқликка майл қилди, дунё саҳифасида мавжуд бўлмаган асар яратди…”.
Навоийнинг “Соқийнома” асарида ҳам Суҳайлий ҳақида парча бор. Унда шоир Суҳайлийни соғинганини (у Ҳиротдан узоқда бўлган дамлар), унинг дамсоз ва ҳамрози эканлиги, чархдан унга турли зулмлар бўлиб турганида, ғусса ва андуҳлар гирдобида қолганида дўсти суҳбати ва руҳий мададига эҳтиёжмандлигини изҳор этади:

Манга гар дарди ғам анбуҳ ўлди,
Қисматим ғуссаву андуҳ ўлди.

Сен фалак меҳнатидин шод ўлғил,
Даҳр бедодидин озод ўлғил.

Шодлиғ таркини тутма охир,
Ҳам бу ғамгинни унутма охир.

Кимки келса бу тараф ёд айла,
Тарабойин сўз ила шод айла.

Бу сўзлар чиндан ҳам икки — бир-бирига суяниб қолган шоирнинг, бир-бирининг руҳиятини чуқур идрок этиб, тасалли бера оладиган инсонларнинг яқинлиги, дўстлигига маънодор ишоралардир.
Суҳайлий сиймосига яна бир ҳусн — даврнинг таниқли шоири, адиби, машҳур нотиқ Ҳусайн Воиз Кошифий абадиятга дахлдор асар “Калила ва Димна”ни таржима қилиб, уни Шайхим Суҳайлийга бағишлаб “Анвори Суҳайлий” деб номлаганидир. Бу тафсил Суҳайлийнинг адаб аҳлига ҳомийлик қилганига бир ишора.
Сом Мирзо “Туҳфаи Сомий” тазкирасида “Амир Шайх Низомиддин ал-машҳур Суҳайлий туркий насабли бу шоирнинг истеъдоди — табъи яхши, идроки ўшал уфқ юлдузидек порлоқ”, дея Давлатшоҳ маълумотларини такроран баён қилиб, шоирдан форсийда битилган 3 байтни келтиради. Қуйидаги учинчи байтини:

Шаби ғам девбоди оҳам аз жо бурд гардунро,
Фуру бурд аждаҳои сайли
ашкам рубъи маскунро

(Яъни: Ғам кечасида оҳим тўфони осмонни жойидан қўзғатди: Кўз ёшларим селининг аждари ернинг тўртдан бирини ютиб юборди) бир анжуманда шоир ўқиганида кимдир: — Амир, шеър ўқурмисиз, ё одам қўрқутурмисиз? — деган экан”.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да Ҳусайн Бойқаро умароси сирасида ёзади: “Яна Шайхимбек эди. “Суҳайлий” тахаллус қилур учун Шайхим Суҳайлий дер эдилар. Бир тавр шеър айтур эрди. Қўрққудек алфоз ва маоний дарж қилур эрди”. “Анинг абётидин бир байт” деб мазкур “Шаби ғам…” деб бошланадиган байтини келтиради ва ёзади: “Машҳурдирким, бир қатла бу байтни Мавлоно Абдураҳмон Жомий хизматида ўқубтур. Мавлоно айтибдурким: “Мирзо, шеър айтасиз, ё одам қўрқутасиз?”. Девон тартиб қилур эрди. Маснавиёти ҳам бор”.
Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида Навоий Самарқандда эканида Шайхим Суҳайлий Мирзо Султон Аҳмадга (Абу Саид Мирзонинг катта ўғли, Мироншоҳ Мирзонинг набираси, Самарқанд ҳукмдори) форсий қасида ёзиб, кўриб бериш учун Навоий ҳузурига олиб келибди. Навоий мамдуҳ (мақталувчи) исми билан безалган жойдан сўнг сўзни боғлаш учун бир байт керак, деганда, Суҳайлий илтифот юзасидан, Сиз ёзиб берсангиз, дебди. Навоий, Сиз ҳам ўйланг, мен ҳам, дея қуйидаги байтни битибди:

Баҳори боғи жавоний, ниҳоли гулшани адл,
Гули риёзи карам, сарви жўйбори виқор.

(Яъни: Ёшлик боғининг баҳори, адолат гулшанининг ниҳоли, Яхшилик бўстонининг гули, улуғлик анҳорининг сарви.)
Суҳайлий ҳам шу байтни қоғозга туширган экан. “Иттифоқо, — деб ёзади Хондамир, — таворуд воқеъ бўлубтур, ҳар икковлари ҳам бир хил байт айтишган”.
Навоийнинг ёри азизи, “Мажолис ун-нафоис”да Ҳазрати Маҳдуми Нуран, Шайх ул-ислом Абдураҳмон Жомийдан сўнг ёдга олинган. Шайхим Суҳайлий яхши дўст, яхши инсон, истеъдодли зуллисонайн шоир, саховатли ҳомий, ибратли давлат арбоби бўлган. Шояд, унинг она тили туркийда тадвин қилинган девони топилса деб умид қиламиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 36-сонидан олинди.