Истеъдод Худодан берилади. Ҳар қанча меҳнат ва заҳмат маҳсули бўлмасин, истеъдоддан бебаҳра ижод маҳсули юксак мақомга кўтарила олмайди. Чинакам иқтидор соҳиби илк асариданоқ кўнгилларга йўл топади. Дастлабки ижод намуналари биланоқ эътироф қозонади, назарга тушади. Сирожиддин Саййид ана шундай салоҳият эгаларидандир.
Шоирнинг илк китоби “Руҳим харитаси” номи билан чоп этилган. Шубҳасиз, биринчи китоби нашр қилинган ёш шоир юрагида андак ҳадик, бир оз ҳаяжон бўлади. “Устозлар нима дер экан?”, деган хавотир чулғайди қалбини. “Тошкент оқшоми” таҳририятида хизмат қилаётган пайтда ана шундай хаёллар оғушидаги шоирга кутилмаганда кимсан устоз Абдулла Орифнинг ўзи телефон қилиб: “Китобингни ўқидим, Сирож! Ана шу мўъжаз китобдан катта қадамларнинг товуши келяпти” дегани, биринчидан, устоз ижодкорнинг янги авлодга хайрихоҳ назари ифодаси бўлса, иккинчидан, тоза, самимий эътирофни англатади. Бинобарин, Сирожиддин Саййид 1984 йили чоп этилган ана шу илк китоби биланоқ ўзининг ижодий келажаги ҳақида муайян тасаввур бера олди.
Шундан буён шоирнинг “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Асрагил”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”, “Куйдим”, “Ватанни ўрганиш”, “Кўнгил соҳили”, “Кўксимдаги зангорларим”, “Қалдирғочларга бер айвонларингни” сингари ўн бешга яқин шеърий тўплами чоп этилди. Энг муҳими, унинг ижоди тўпламдан тўпламга, китобдан китобга сайқал топа борди. Моҳиятан теран, бадиий жиҳатдан баркамол шеърлари ўқувчилар қалбини забт қилишда давом этаётир.
Яқинда Сирожиддин Саййид шеърий тўпламлари сони яна биттага ортди. “Ўзбекистон” нашриёти шоир мухлисларига унинг “Дил фасли” китобини ҳадя этди. Шоирнинг ўқувчиларга айтадиган оҳорли сўзлари борлиги, шеърларининг кўнгил эҳтиёжи самараси ўлароқ юзага келгани тўпламнинг аҳамиятини кўрсатадиган далиллардир.
Ватан ва миллатга муҳаббат туйғуси Сирожиддин Саййид шеърларининг асл моҳиятини, мағзини белгилайди. Шоир “ризқ-рўзи ҳалол, мангу халқ” фарзанди эканидан ифтихор ҳиссини туяди. “Азал булбулларга ошён” бўлган она замин “боғларини босган қарғалар кетгани”дан, юртга соҳиблик асл эгаларига муяссар бўлганидан қувонади. Мана бу мисралар ана шу қувонч изҳори ўлароқ қуйилиб келади:
Амир Темурлардан қолган номус-ор,
Бир синиқ ғишти ҳам
шараф-шон, юртим.
Сен — ўлмас ғурурсан,
сўнмас ифтихор,
Суви ҳам, қуми ҳам зарафшон юртим…
Арузда ёзиш осон эмас. Бунинг учун наинки сўзни нозик ҳис этиш, уни маҳорат билан саралай олиш, муайян мезонга сола билиш зарур. Бунинг учун мумтоз адабиёт мутолаасидан лаззат олмоқ, “билимлар учлиги” — илми аруз, илми бадеъ, илми қофия сирларини эгалламоқ талаб этилади. Сирожиддин Саййид жуда кўп замондошларидан шу каби фазилатлар соҳиби экани, билганларини амалиётда маҳорат билан қўллай олиши туфайли ажралиб туради. У Навоийни кўп ўқийди. “Хазойин ул-маоний”ни хатм қилган кунини энг катта байрам, деб билади. Муҳими, шеърларида улуғ Навоийдан, мумтоз шеъриятимиздан баҳрамандлик таъсири сезилиб туради:
Чаман ичра ўзи ҳам бир
атиргулдай бўлиб қолгай,
Дилимнинг қонига булбул
қанотин гар булаб қўйса…
Менга ханжар билан шамшир
тиғига ҳаргиз ҳожат йўқ,
Узун мижгонларини гар
нигорим бир қадаб қўйса.
“Менга ханжар билан шамшир тиғига ҳаргиз ҳожат йўқ” мисрасидаги вазн сакталигини эътиборга олмаганда, бу байтлардаги мумтоз ғазалнависликка хос жозибани ҳис этмаслик мумкин эмас.
Сирожиддин Саййид шеърларидан бирини “Навоийни ўқиш” деб номлаган. Унингча: “Ҳар бир калла, ҳар бир бош жаҳолатдан қўрқиши керак. Ҳар бир бола, ҳар бир ёш Навоийни ўқиши керак”. Навоийдек улуғларни ўқимаслик, англамаслик жаҳолатга олиб келишидан огоҳ қилишни бурч, деб билган шоир: “Ҳар бир ота, ҳар бир мўйсафид Умр ҳикматларин кўрсатиб, Нафс арқонларин қирқиши керак, Фарзандлари, набирасига Навоийни ўқиши керак”, дея таъкидлайди.
Адабиётимизнинг минг йиллик тарихи гувоҳлик беришича, чин дўст, чин ёр топиш шуаро учун ушалмас армон бўлиб келган. Ҳазрат Навоий “Меҳр кўп кўргузуб меҳрибоне топмаган”и, Фурқат “Оҳким, йўқтур мани табъимга лойиқ улфатим”, дея изтироб чеккани бунинг далилидир. Устоз Абдулла Ориф: “Ғуссали дилга-чи лекин йўқ ҳамдам” деганда, айни шу туйғуни назарда тутган. Сирожиддин Саййиднинг:
Қисмат қаттиқ, алам бисёр, эл ғофил,
Бу дунёда борми
бир дилхоҳ, Бобур? —
дейиши сабаби ҳам шунда.
Сирожиддин Саййид сўзга зуғум ўтказмайди. Шеърларининг оҳанги табиий, мисраларининг аксарияти қуйма. Айниқса, ғазалларида фикр таъсирчан, тасвир оҳорли. Минг йиллардан буён куйланиб келаётган Ватан мавзуи унинг қаламида ўзгача инкишоф топади. Туйғуларнинг самимийлиги ўқувчига ҳам юқади:
Бу диёрда тоғу тош шоир бўлиб,
Ерга тушгайдир қуёш шоир бўлиб.
Ўргатар куйлашни булбул сувлари,
Майса ҳам тебрайди бош шоир бўлиб.
“Булбул сувлари” жумласидаги ғализликни истисно қилганда (эҳтимол, асл матнда “сувлара” бўлгандир), бу мисралар юқоридаги таърифларга нечоғли мос эканини таъкидлаш ортиқча бўлар.
Сирожиддин Саййид оз сўзга кўп маъно юклайди. Сўзни исроф қилишдан сақланади. “Шеър аро полвон бўлиш осон эмас”, деган биргина таъриф орқали Абдулла Орифнинг миллий адабиётимизда тутган ўрнига муносиб баҳо беради. “450 000 лола” шеърида Иккинчи жаҳон урушининг бутун фожиаси лўнда, таъсирчан, бетакрор ифодалангани ҳам фикримизни тасдиқлайди:
Кўз олдингга келтирсанг
Бўйларию кўз-қошин.
Тўрт юз эллик минг лола —
Кўкрагида қўрғошин.
Ҳар кўклам кўкка етар
Тўрт юз эллик минг нолам.
Ёт элларда ётибди
Тўрт юз эллик минг болам.
Сирожиддин Саййид “Шоир кимдир?” дея савол қўяди (“Нуқтаи назар” шеъри) ва “Мир Алишер бобонинг биринчи ва мангу муовинидир”, деган хулосага келади. Адабиётга бундай юксакдан қараш ижодкорга муайян масъулият ҳиссини юклайди.
Чўлпон адабиётни “ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви”, дея таърифлаган эди. Сирожиддин Саййид шунга уйғун фикрни ўзига хос тарзда, бетакрор ифодалайди. Унингча: “Шеър гарчи шоирнинг кўксида ёнган, Бўғзини куйдирган олов унидир. Шеърият — гул эмас, чечакмас, асли. Руҳ ва кўнгилларнинг кир совунидир”. Бинобарин, инсон руҳи ва кўнглини адабиётчалик поклайдиган бошқа бир ҳодиса ҳанузгача аниқланган эмас. Муҳими, шоир кўҳна бу ҳақиқатни поэтик жиҳатдан янгича ифодалаганидир.
Ҳар қандай шоирнинг ижодий камолотини кўрсатадиган бош омил — шеърларида теран ҳикматларнинг гўзал бадиият билан акс этишидир. Ижоднинг юксалиш палласида фикр теранлашади, “қаймоқ боғлайди”, ифода сайқалланади, ўзига хослик яққолроқ намоён бўлади. Сирожиддин Саййид шеърларида ана шу камолот аломатлари бўй кўрсатаётгани алоҳида эътиборга лойиқдир. Мана бу мисралар ҳам фикримизни тасдиқлайди:
Кетар жисминг муваққатдир,
Ватан — мангу муҳаббатдир.
Агар кимда муҳаббат йўқ,
Жаҳонда номурод бўлгай.
“Дил фасли” китобининг алоҳида бўлими “Бойбува, дуо айланг…” (“Бозор ижодиёти”дан) деб номланади. Бу бўлимда шоир коса тагида нимкоса тарзида миллий маънавиятимиз ривожига салбий таъсир кўрсатаётган ҳодисаларни қоралайди. “Бош қолиб қорин билан ўйлайдиган”лар ҳеч қачон юртнинг корига яраши мумкин эмаслигини таъсирчан ифодалайди. “Ичи тўла риё, кўнгли қаро” кимсаларнинг “кийиб юрган чопонлари зар ранг” эканига таажжуб изҳор этади. Уларнинг сурати ва сийрати мутаносиб эмаслигини ҳажв қилади.
Муборак ҳадислардан бирида: “Киши бирор гуноҳ амалга қўл урса, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Гуноҳига астойдил тавба қилса, бу қора нуқта кетади. Тавба қилмай, гуноҳларда давом этса, қора нуқталар сони ҳам кўпайиб боради”, дейилади. Шоирнинг мана бу мисраларида ана шу ҳадис мазмуни гўзал поэтик ифодасини топгани Сирожиддин Саййид шеъриятида муборак сарчашмалардан баҳрамандлик таъсири кучаяётгани исботидир:
Мен бу чаман саҳнасига
ошиқ бўлиб келган эдим,
Гул рангига тушундиму
дил зангига тушунмадим, —
дея, риёкорлик, кўнгли қаролик дилни занг босишига сабаб бўлишини образлар, тимсоллар воситасида тасвирлайди.
“Ахтарайлук” ғазалида миллат турмуш тарзига кириб келаётган нобоп аъмоллар ҳажв тиғига олинган. Буюк Хоразмий машҳур “Муҳаббатнома”да “Анингким, ол юзинда менг яратти, Бўйи бирла сочини тенг яратти”, дея сочининг бўйи билан тенглигини ёр гўзаллигига далил ўлароқ мадҳ этган эди. Таассуфки, замонамиз шоирларида энди бундай мисраларни ижод қилиш имконияти кам. Ижод қилсалар ҳам ёр сочининг бўйи билан эмас, бўйни билан тенглиги ҳақида ёзишлари мумкин, холос. Сирожиддин Саййиднинг зулфлар кесилишига оид мана бу байти ҳам фикримизни тасдиқлайди:
Бўйинлар осилур зулфлар кесилмиш,
Биз энди ўзга бир дор ахтарайлук.
Ундан ҳам ёмони — вужудни кўз-кўз қилишга, яланғочликка ружу қўйилаётгани қуйидаги мисраларда аччиқ истеҳзо билан ифодаланган:
Кўриб киндикларини ҳалқа таққан,
Қочайлик, бир чуқур ғор ахтарайлук.
Миллий ахлоқ, уни асраш ҳақида қайғуриш миллат зиёлиларининг зиммасидаги масъулиятдир. Шоирнинг бу каби шеърлари ана шу масъулиятни ҳис этиш, эртанги кун учун куйиниш самарасидир.
Сирожиддин Саййид замонавий миллий адабиётимизда ўз ўрнига эга, эътирофга сазовор шоирларимиздан. “Ўзбекистон халқ шоири” унвони унга жуда-жуда ярашади. “Дил фасли” китоби шоир ижодининг янги, янада баланд миқёсларга кўтарилиш палласига дебоча бўлишини истар эдик.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 30-сонидан олинди.