“Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” номли китобда машҳур ёзувчимизга: “Бадиий сўз санъатини пухта эгаллаган ёзувчи” (Ойбек), “Адабиётимиз фахри, йирик, бетакрор, ўзига хос ёзувчи” (Одил Ёқубов), “Прозамизнинг бақувват чинорларидан бири; том маънода иймони, эътиқоди мустаҳкам адиб; атоқли зот, улкан адиб, йирик шахс” (Абдулла Орипов) каби бир-биридан маъноли таърифлар берилган.
Мен оддий бир китобхон, мутахассис-олим сифатида Абдулла Қаҳҳорнинг яна бир хусусияти тўғрисида фикр юритмоқчиман.
Юқорида номи келтирилган китобда тағин шундай сатрларни ўқиймиз: “А.Қаҳҳор нафақат адабиёт аҳли билан, балки фан, маданиятимизнинг кўп соҳаларига мансуб атоқли арбоблар билан яқиндан алоқа қилиб, тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб турарди. Машҳур академиклар Ҳ.Абдуллаев, М.Ўрозбоев, М.Муҳаммаджонов, Ж.Саидовлар, тиббиёт илмининг таниқли намояндалари, профессорлар Эргаш Отахонов, Шабот Хўжаев ва бошқалар унинг дўстлари, суҳбатдошлари эдилар”.
Атоқли танқидчимиз Озод Шарафиддинов ўзининг “Абдулла Қаҳҳор” номли китобида адибнинг меҳнаткашлар ҳаёти билан яқинроқ танишиш мақсадида бир неча ойлаб Тошкент вилояти хўжаликларидан бирида, Мирзачўлда яшагани, бўлажак қаҳрамонлари ҳаётини кузатганлигини ёзган.
Чўл шароитида олимлар, агрономлар, хўжалик раҳбарлари, бригада бошлиқлари, оддий меҳнаткашлар билан бўлиб ўтган бевосита мулоқотлар, уларнинг мураккаб шароитда бажараётган ишларини синчковлик билан ўрганиш Абдулла Қаҳҳорга қўл келгани шубҳасиз.
Бугун Ўзбекистонимиз пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи, пахта толаси экспорти бўйича иккинчи ўринда туради. Кейинги йилларда Халқаро пахта ярмаркасининг Тошкентда ўтказилаётгани дунё бозорида ўзбек пахтасига бўлган қизиқишнинг нақадар ортганлигидан далолат.
“Қўшчинор чироқлари” романида туман раҳбари Аҳмедов шундай дейди: “…Бараканинг сири ерни кўпроқ ҳосил беришга мажбур қилишда, уни миниб олишда экан… Саноатимиз бераётган тракторни узанги, илмни жилов қилиб ерни миниб оладиган хўжалик зўр хўжалик ҳолига келади…”
Бу гап бекорга айтилмаган. Экин майдонидан баракали ҳосил олиш учун унинг унумдорлигини муттасил ошириб бориш лозим бўлади.
Колхозчи Рўзимат мажлисда: “… Директор кўнипти, лекин ерни бориб кўрганидан кейин: “Бу бир парча ерни трактор билан ҳайдаш замбарак билан қуён овлашдай гап, қўшниларинг кўнса, ҳаммаларинг ерларингни қўшиб яхлит қилинглар, бир кунда ҳайдатиб бераман”, депти… Трактор бир ярим кун ишлаб, тизза бўйи ҳайдаб берипти… Тракторнинг ҳақини ўн уч хўжаликка сочилганда битта отнинг уч кунлик ем-хашагидан арзон тушипти”.
Бу сатрлар истеъдодли адиб ўшандаёқ қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жуда узоқни кўра олганидан далолат беради. Дарҳақиқат, лахтак ерга солиштирганда 10-20 гектарли яхлит майдонларда ҳайдов агрегатининг асосий вақти бурилиш ва қайтишларга эмас, шудгорлашнинг ўзига сарфланади. Ерни чуқур ва сифатли ҳайдайди.
Занжирли трактор 10 гектар ерни бир кунда, ғилдираклиси ярим кунда ҳайдаб ташлайди. Энг асосийси, катта ерда трактор кам ёнилғи “ейди”, кўп ҳайдайди. Натижада бу юмуш, энг камида, икки-уч марта арзонга тушади.
Бир сўз билан айтганда, фермер замбарак билан қуён овлаб ўтирмайди.
Адиб асарларида пахтани сифатли терадиган, уни ерга кам тўкадиган замонавий машиналарни яратиш, улардан унумли фойдаланиш, ғўзани машинабоп қилиб ўстириш, далаларни машина теримига тайёрлашдек долзарб масалалар ҳам ўз ифодасини топган. Бевосита қишлоқ хўжалигига оид бундай масалаларга у ўзининг аниқ-равшан муносабатини билдирган, тегишли фикр-мулоҳазаларини ўқувчилари ҳукмига ҳавола этган. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки машинани темирчи ясайди ва тузатади. А.Қаҳҳорда эса, темирчининг қони бор эди. Шу ўринда Озод Шараффиддинов китобидан ушбу иқтибосни келтириш ўринлидир: “А.Қаҳҳор кўп масалаларда қўли уста эди — масалан, машина бузилса ўзи созлар, электр ўчиб қолса ёқишга ақли етарди. Ҳар хил нарсалар бузилса, ўзи бир зумда тузатар, ҳовлининг турли жойларига кнопкалар ўрнатиб, ҳар хил сигналларни ишлатиб қўярдилар. Умуман, отаси — темирчи уста Абдуқаҳҳордан ўтганми, темир-терсак ишларига чапдаст эдилар”.
Адиб қаламига мансуб “Пахтакорнинг ҳар бир ютуғи қимирлаган жонни қувонтиради” сарлавҳали мақоласида ўқиймиз: “…Машина теримда шу чоққача қоматини ростлай олмай келганига бирдан-бир сабаб унинг ҳали бекам-кўст эмаслиги деб бўлмайди. Агар бирдан-бир сабаб шу бўлса, наҳотки машина мактаб болаларидан ҳам ёмонроқ, шулардан ҳам камроқ пахта терса! Бунинг сабаблари кўп. Бу кўп сабаблардан бири қолоқлик, қўрқоқликдан келиб чиқадиган шубҳа-гумондир. Шубҳа-гумон ҳар қандай одамни ҳам ланж қилиб қўяди. Машина масаласида катта-кичик раҳбар ходимлар, айниқса, машинани ишлатиш-ишлатмаслик изм-ихтиёрига тушиб қолган кишилар орасида мана шундай ланж одамлар кўпроқ бўлиб келди”.
Адибнинг ўзи савол қўяди: “…Кўчада бирон аёл оғир чамадон кўтариб кетаётган бўлса-ю, бирон эркак чамадонни унинг қўлидан олиб, автобусга чиқариб қўйса, қандай яхши. Бу одам хунук бўлса ҳам, майиб бўлса ҳам, барибир, ҳамманинг кўзига бирдан яхши кўринади. Мадомики, шундай экан, аёл кишининг бўйнидаги фалон минг килограмм юкни “менга орт”, деб елкасини тутиб турган машина нима учун ҳамманинг кўзига бирдан яхши кўринмайди?”
“Машина — одамнинг дўсти” мақоласида пахта териш машинаси билан боғлиқ муаммолар қаламга олинган: “Машинанинг ҳали мукаммал эмаслигига унинг ижодчилари инженер-конструкторлар иқрор, шунинг учун олимлар билан бир ёқадан бош чиқариб, унинг камчиликларини йўқотиш устида муттасил иш олиб боришяпти. Нима янги чиққан вақтида мукаммал эди — паровозми? Электр лампочками? Автомобилми? Тракторми?.. Демак, бугун бўлмаса эртага ҳар жиҳатдан мукаммал машина яратилади”.
Абдулла Қаҳҳорнинг ўша мақоласидаги мана бу фикрлари ҳам эътиборга молик: “Жон оғритган дўст бўлмайди”, дейишади. Пахтакорга, айниқса, хотин-қизларимизга ким дўст: машина тўккан озгина пахтага қараб оҳ-воҳ қилган, одамнинг меҳнатига куйган бўлиб одамнинг ўзини эсидан чиқарган киши дўстми ёки одамни шундай меҳнатдан буткул қутқараман деб турган машина дўстми?”.
Пахта териш машинасининг деҳқонга дўстлиги қай даражада эканлигини оддий ҳисоб-китоб орқали баҳоласа ҳам бўлади. Масалан, бир миллион тонна пахтани қўлда териб олиш учун мавсумда ҳар бири ўн тонна пахта терадиган юз мингта моҳир теримчи керак бўлади. Далалар ва ғўзалар машина теримига агротехник талаблар даражасида тайёрланса, йиғим-терим ишлари тўғри ташкил этилса “ЎзКейсмаш” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган “Кейс” пахта териш машиналарининг ҳар бири мавсум давомида минг тоннагача ҳосилни териб бера олади. Бир миллион тонна пахтани йиғиштириб бериш учун шундай машиналарнинг мингтаси кифоя қилади. Бу, мингта машина ўзининг юз мингта дўстини оғир қўл теримидан озод этди, дегани эмасми?!
Аёлларнинг қишда қор кечиб, кўсак узиб, кечалари билан уни чувиш, эркакларнинг ҳўл пахтани сушилкаларда қуритиш, сушилка учун ўтин топиш, ўтин учун ўрик ва жийда кесишдек машаққатли ишлардан қутилганини айтмайсизми!
Эътиборли томони шундаки, Абдулла Қаҳҳор пахтани машинада теришни, пахта териш машинасини собитқадамлик билан тарғиб қилган. Ҳатто Фарғона вилоятининг пахта тайёрлаш режасини бажаргани муносабати билан 1966 йили ёзган “Табрик” мақоласида ҳам машина теримига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини, унинг ижтимоий аҳамиятини уқтириб ўтишни унутмаган.
Кейинги йилларда мамлакатимиз пахтакорлари зафар маррасини октябр ойининг биринчи ярмидаёқ забт этмоқдалар. Фермер хўжаликларининг ривожланиб бораётгани, уларга замонавий техника воситалари, кимёвий ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, пахта касалликлари ва зараркунандаларга қарши кимёвий препаратлар ва биологик воситалар узлуксиз етказилаётгани, сув таъминоти, банк, суғурта хизматлари дадил йўлга қўйилгани, энг асосийси, бу тадбирларнинг бошида мамлакатимиз раҳбари тургани бундай муваффақиятларнинг асосий гаровидир.
Бундай имкониятларга эришиш деҳқоннинг, жумладан, А.Қаҳҳорнинг ҳам азалий орзуси эди. Бу орзу эндиликда ушалди.
Дарҳақиқат, халқ дарди билан яшаш, меҳнаткашларнинг оғирини енгил қилиши мумкин бўлган омилларни тарғиб қилиш, саноатда бўладими ёки қишлоқ хўжалигидами — юртдошларнинг кундалик юмуши, турмушига енгиллик киритадиган янгиликларни қўллаб-қувватлаш, аслида, чинакам халқпарвар адибларга хос юксак фазилат. Сокин ижодхонасида ўтириб хаёлот олами билан банд ижодкорлар ҳам кўп. Бироқ элининг, юртининг ташвиш-ғамидан доимо огоҳ, ҳаётдаги ўсиш-ўзгаришлардан бохабар ёзувчининг ўрни, мавқеи бошқача бўлади. Бу жиҳатдан ҳам устоз адиб Абдулла Қаҳҳор фаолияти бугунги қалам аҳлига ибрат бўла олади.
Муҳаммад Тошболтаев,
техника фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 13-сонидан олинди.