Ҳомил Ёқубов 91 йиллик умрининг бир кам етмиш йилини адабий танқид майдонида сергаклик билан ижод қилиб ўтказди. Турли хил инқилоблар, сиёсий жангу жадаллар, пинҳона зиддиятлар, оммавий қирғин, қама-қамалар авж олган ХХ асрда профессионал танқидчи бўлиш қиличнинг дамида юришдек гап эди. Биология фанида, генетика соҳасида авж олган сохталик ижтимоий билимлар, хусусан, адабий танқидчиликда рўй-рост кўзга ташланди. Не-не эзгу умидлар билан танқидчилик майдонига кириб келган Вадуд Маҳмуд бор-йўғи 8 йилча, Отажон Ҳошим, Раҳмат Мажидий, Ҳамидулла Убайдуллаев, Абдулла Олимжон 10 йил атрофида, Олим Шарафиддинов ва Сотти Ҳусайн 13 йилга яқин танқиднинг машаққатли нонини еди. Билишимча, Абдураҳмон Саъдий ва Ҳомил Ёқубов танқид соҳасининг бузруклари даражасига етдилар: умрлари поёнига қадар танқид майдонини тарк этмадилар. Тўғри, Иззат Султон ҳам Ҳомил Ёқубов сингари ХХ асрнинг 30-йилларида танқид майдонига кириб келди. Адабиётшуносликнинг иззатли сиймосига айланди. Лекин И.Султонов гоҳ арбоб, гоҳ ёзувчи-драматург, киносценарист сифатида танқид майдонини тарк этиб турди.
Ҳомил Ёқубов табиатан босиқ, бағрикенг, одамохун инсон эди. У бўлар-бўлмасга тутақавермас, ўзини катта олмас, илмий изланишларини сира бўшаштирмас, кўнгил майлига бўйсуниб яшарди. Мен Ҳомил Ёқубовни бундан ярим аср илгари САГУда (ҳозирги ЎзМУ) ўқиб юрганимда таниганман. Учинчи курс филолог-талабаларининг ўқув жадвалига “Ўзбек адабиёти тарихи” деб ёзилган, уни доцент Ҳ.Ёқубов ўтиши билдирилганди. Жадвалга биноан аудиторияга ўртабўй, жуссаси увоққина, қалин кўзойнак таққан, оқ юзли, файзли, ўрта ёшлардаги ўқитувчи тортинибгина кириб келди. Ўтадиган фани ҳақида озгина гапирди-да, минбарга чиқди. Маъруза бошланди. Домланинг “семиз” папкаси ҳам, “сарғайиб кетган” конспект дафтари ҳам йўқ эди. Ўқитувчи фанини яхши билиши дарҳол билинди. Аммо Ҳ.Ёқубов тортинибгина гапирар, талабага тик боқмас, ўтилаётган мавзуга бус-бутун шўнғиб кетарди. Талаба бола-да: ўзини дарҳол эркин сезди, нима қилса қилди. Илмсевар талабалар эса, ўқитувчининг гапларига, ундаги мантиққа, ғаройиб фактларга маҳлиё бўлдилар. Хуллас, Ҳомил ака ҳаммага эмас, хосларга — илм шайдоларига маъруза ўқиди. Ажабки, талабалар ўқитувчига мўл савол бердилар, уни баҳсга чорладилар. Дастлаб бўш-баёв кўринган устоз баҳсга ўч экан:
— Шунақамас-де. Сиз асосий масалани тушунмийвоссиз… Мани олдимга келинг, пикрлашовуз…
Аспирантлигимда, 1962 йили яна Ҳомил Ёқубовнинг тингловчиси бўлдим. Бу сафар устоз ўзбек адабий танқидчилиги тарихи, назарияси ҳақида махсус курс ўқиди. Адабий танқид домланинг ўттиз уч йиллик қадрдон майдони эди: тингловчилар бу мураккаб майдоннинг ўтмиши, ХХ асрдаги ҳолати, катта-кичик намояндалари, турли оқимлар ҳақида аниқ, қизиқарли маълумот олдилар. Маърузачи мумтоз танқидчиликнинг тазкира, ҳасби ҳол, маноқиб сингари таянч жанрлари, адабий-танқидий асарлар хусусида гапирди; жадид танқидчилиги, унинг намояндалари ижоди ҳақида асосли фикрларини айтди. Бизни, 60-йилларнинг аспирант, тадқиқотчиларини кўпроқ ўзбек совет танқидчилигининг муаммолари қизиқтирарди. Ўқитувчи Маркс, Энгелс, Ленин асарларини, адабий методлар тарихини пишиқ ўзлаштирган экан. Дарсда, табиийки, социалистик реализм, унинг назарий асослари ҳақида кўп гапирилди. Лекин ўқитувчи масала моҳиятини аниқ, лўнда ифодаламас эди. Мен кейинчалик Ҳ. Ёқубовнинг “Бадиий метод улуғ Ленин талқинида”, “Ўзбек совет адабиётида социалистик реализмнинг шаклланиши хусусиятлари”, “Лирикада конфликт” сингари тадқиқотларини синчиклаб ўқидим. Олим бу асарларини ёзиш учун кўп китобларни ўқиганлигини, уларни теран уқишга интилганлигини сездим…
Шундай ҳам бўладики, олиму санъаткор ўзини қанчалик қийнамасин, кунни тунга улаб ижод қилмасин, барибир, кутилган натижага эриша олмайди. ХХ асрда социалистик реализм ҳақида ёзмаган адабиётшунос, танқидчи қолмади ҳисоби. Лекин бу метод ҳақидаги изланишлар сароб бўлиб чиқди. Чунки соцреализм методи аввал-бошданоқ сохта қонуният асосида пайдо бўлди. Хусусан, у масалалар масаласи — гуманизм ва гўзалликни ўта сунъий, жўн талқин қиларди. Ҳ.Ёқубов ижодида соцреализмга ҳаддан ташқари берилиниб, инсон руҳияти нозик талқин этилган асарлар, ҳақиқий гўзаллик ишонарли кўрсатилган шеърлар ноҳақ танқид қилинган мақолалар учрайдики, беихтиёр: “Беайб парвардигор экан-да”, деб юборасан киши.
Ҳомил Ёқубов кенг қамровли олим эди. Баъзи “қатъиятли” қаламкашлар сингари у Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ижодидан юз ўгирмади. Аксинча, Абдулла Қодирий асарларидаги ҳаётийлик, самимийлик, табиийликдан ҳузурланди; “Синчалак”ни синчиклаб талқин қилди; умри поёнида Навоий ва Чўлпон мавзуида тадқиқот яратди. Домла ижодида мумтоз адабиёт намояндалари – Бобур, Турди, Муқимий ҳақидаги тадқиқотлар юксак мавқега эга. Айниқса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди борасида шўро адабиётшунослигида биринчилардан бўлиб тадқиқот яратганлиги мақтовга лойиқ. Олим Бобур лирикасини, “Бобурнома”ни “соцреализм ойнагини ечиб қўйиб” асосли талқин этади. Тарки одат амри маҳол деган гап бор. Мен ҳозиргина “ечиб қўйилган соцреализм кўзойнаги” тўғрисида гапирдим. Ёқубов домла Бобурнинг Ҳиндистондаги ҳаёти ҳақида ёзар экан, Маркснинг “Ҳиндистонда Британия ҳукмронлиги” асаридан, гарчи маврида бўлмаса-да, икки бор иқтибос келтиради. Адабиётшунос “Бобурнома” муаллифини ҳам шоир, ҳам подшо сифатида кўрсатади. Кейинчалик Бобурни шоир сифатида бир хил, ҳукмрон сифатида ўзгача талқин қилиш майли кучайди.
Ҳомил Ёқубов қарийб 60 йил ўзбек танқидчилиги майдонида қоядек мустаҳкам турди. 30-йиллардан бошлаб биронта ёзувчи ижоди, кўзга ярқ этиб ташланган асар унинг назаридан четда қолмади. Ҳамза, Айний, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Абдулла Қаҳҳор, Яшин, Шайхзода, Миртемир, Мамарасул Бобоев, Асқад Мухтор сингари ёзувчиларнинг эл-юртга танилишида устоз танқидчининг танқидий очерклари, тадқиқотлари, адабий портретлари, тақризлари, шарҳлари муҳим аҳамият касб этди. Танқид майдонида қойим тураркан, Ҳ. Ёқубов ҳар хил оқимларни, турли тенденцияларни, ёзувчилар ижодидаги ўзгаришларни аниқ кўриб, билиб турди. Лекин одамда алоҳида меҳр, симпатия деган гап бор. Олим-мунаққид Ёқубов Ойбекни ўзига жуда яқин оларди. Педтехникумда бирга ўқидилар, алғов-далғовли 30-йилларда ёнма-ён ижод қилдилар, Ойбек қаерда бўлса, Ёқубов ўша ерда бўлишга интиларди. “Шарқ юлдузи”да, Академиянинг Тил ва адабиёт институтида ҳамкор бўлдилар. Ойбек 20-йиллардаёқ адабий танқидчилик соҳасининг фидойиларидан бирига айланди. Ойбек ҳақида ёзмаган танқидчи қолмади, ҳисоби. Лекин Ҳомил Ёқубов ҳамиша ойбекшуносларнинг етакчиси бўлди. Пировард-натижада, устоз мунаққид Ойбек ижоди ҳақидаги бош китоб — тадқиқотини яратди, фан доктори илмий даражасини олди.
Тақдир, касб тақозоси икки йирик сиймо Ҳомил Ёқубова ва Иззат Султоновни ўзаро яқинлаштирди, ҳамкор, ҳамфикр қилди. Улар узоқ йиллар давомида Тил ва адабиёт институтида ёнма-ён фаолият олиб бордилар, икки етакчи бўлимни бошқардилар. Иззат Султонов социалистик реализмнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон миллий адабиётларида шаклланиши, ривож топиши ҳақида докторлик диссертациясини ёқлади. Ҳ. Ёқубов ҳам, айтилганидек, соцреализмни чуқур ўрганди. Иззат Султонов мумтоз адабиётни билишда Ҳ. Ёқубовдан қолишмасди. Унинг ижодида “Навоийнинг қалб дафтари” асари мисоли олтин тож бўлди. Икки олим ҳамкорлиги самараси ўлароқ “Ўзбек совет адабиёти тарихи очерки” (1962), “Ўзбек адабиёти тарихи” ( 1967; уч том, 4 китоб), 5 жилдли “История узбекской советской литературы” китоби, икки жилдли “Ўзбек совет танқидчилиги” (1987) асарлари пайдо бўлди. Бу асарлар янги ўзбек адабиёти, танқидчилигининг муҳим бир қисмига якун ясади. Ҳар икки олим 6 жилд, 7 китобдан иборат “История многонациональной советской литературы” номли маҳобатли китобдаги ўзбек адабиёти бўйича материалларни ёзиш, уюштиришда бош-қош бўлдилар. ХХ асрнинг 60-йилларидан Тил ва адабиёт институтида замонавий адабиёт бўйича тайёрланган диссертация, тадқиқотларга И. Султонов ва Ҳ. Ёқубов раҳбарлик қилдилар.
Етук олим ҳамма ерда ҳурмат топади. Ҳомил Исломович ҳозирги ЎзМУ филология факултетининг ўз одами эди. Домла бу масканга бот-бот келишни, бир умрлик дўсти Субутой ака билан дилдан суҳбат қуришни, жиддий масалалар ечимини Ғулом Каримов билан ҳал қилиб олишни, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов сингари ёш дўстлари билан, бирдам бўлса-да, яйраб олишни истарди. Қадрдонлари илтимосига кўра устоз талабаларга ваъз қилар, аспиранту тадқиқотчиларга мутахассислик бўйича маслаҳат берарди. Университетнинг Ғулом Каримов бошлиқ аҳил адабиётшунос-ўқитувчилари ҳар ойда бир бор йиғилишар, мумиёи асл (палов) устида ажиб суҳбатлар давом этарди. Бора-бора ойлик йиғилишлар “гап”га айланиб улфатда Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Ҳомил Ёқубов, Сидиқ Фузаилов, Аҳмад Алиев, Абдуғани Алиев, Аъло Ашрапов, Муҳаммаднодир Саидов, Озод Шарафиддинов ҳақиқий аъзо бўлиб, устозлар лутфан У.Норматов, Ҳ.Муҳаммадхўжаев ва мени қаторларига дастёр-аъзо сифатида қўшгандилар. “Гап”га гоҳ Турғун Алиматов, гоҳ Умар Отаев, гоҳ Маъруфхўжа Баҳодиров, гоҳ Фахриддин Умаров қатнашарди. Гарчи улфатчиликка санъаткор таклиф қилинган бўлса-да, ҳамма Субутой Долимов ижросидаги куй-қўшиқни интизорлик билан кутарди. Субутой ака Чўлпонни “кўрган” дуторни “қўлга олиб, уни аста-секин гапга соларди”. Дутор созлангач, сеҳрли куй бошланар, Субутой ака куйиб-ўртаниб Фузулий, Навоий, Бобур, Муқимий сўзлари билан катта ашулани бошлардилар. Тингловчилар муайян фурсат арши аълога кўтарилардилар. Ўша дамларда инсоният яратган кашфиётлар орасида куй-қўшиқ бебаҳо эканлигини ҳар ким ўзича англарди. Ҳомил Ёқубов куй чалмас, ашула айтмасди, лекин санъат ташрифида маст бўлаётганлиги яққол кўриниб турарди. Шундай пайтлари у кишим “-изм”лар билан чандиб ташланган, қуюшқонга тиқилган қарашларни тамоман унутар, санъатнинг беғубор осмонида ҳузур қилардилар.
ХХ аср ўзи билан хокисор фарзанди аллома Ҳомил Ёқубовни олиб кетди. Устоз умрлари давомида билағон олим, танқид майдонининг ҳушёр эгаси сифатида кўп яхши ишларни амалга оширди. Устозни кўрган, билган, ундан яхшилик кўрган киши борки, яхши одам эди, Оллоҳ раҳматига олсин, дея дуо қилади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 40-сонидан олинди.