Атоқли адабиётшунос, кўплаб машҳур олимлар устози Субутой Долимов таваллудига бу йил юз йил тўлади. Ўтган асрнинг 20-йилларидан муаллимлик фаолиятини бошлаган Субутой Долимов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби каби фахрий унвонлар соҳиби эди. Ҳинд эпоси “Калила ва Димна”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг олти жилдлик “Танланган асарлар”и (проф. Ғ.Каримов билан ҳамкорликда), Алмаий асарлари, ўнлаб адабиёт дарсликлари, методик қўлланма ва рисолалар Субутой Долимовнинг фидойи ва заҳматли ижодий меҳнати билан нашрга тайёрланган.
Халқимизда устоз отангдай улуғ деган ҳикмат бор. Комил инсонни комил устоз тарбиялайди. Оддий ўспирин етук мутахассис бўлгунига қадар асалари каби ўнлаб мураббийлардан “қиём” йиғади. Кимдандир муомалани, кимдандир касб сирларини, кимдандир устозликни ўрганади. Йиллар ўтиб унинг ўзи шогирдлар етиштиради.
Улуғ устозлар тарбиясини олишда биз энг бахтли авлод эканмиз, десам, хато бўлмайди. Чунки Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Аюб Ғулом, Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов каби машҳур олимлар бизга сабоқ беришган. Бу инсонларнинг мароқли маърузалари, амалий машғулотлари биз учун намуна эди. Шубҳасиз, улар орасида Субутой домла Долимов алоҳида ҳурмат-эътиборга лойиқ инсон эдилар.
Шундай одамлар бўладики, уларнинг ҳаётдан ўтиши муайян давр учун йўқотиш ҳисобланади. Яна шундай инсонлар ҳам бўладики, уларнинг вафот саналари узоқлашгани сари қадр-қимматлари ошаверади, йўқотишнинг салмоғи билинаверади. Айниқса, шогирдлар уларни ҳар лаҳза қўмсаб турадилар. Мутахассислик соҳасидаги ҳар бир янгиликка дуч келганда: “Бу ўринда устоз нима дер эдилар?” деб ўйланиб қоласан.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари сўз санъаткорлари бирор асар ёзишса — Абдулла Қаҳҳорнинг, тил муаммоларини ҳал қилувчи олимлар эса Аюб Ғуломнинг нима дейишини кутардилар. Худди шундай мумтоз адабиёт таҳлилида Ғулом Каримов, замонавий адабиётда Озод Шараффиддинов, адабиёт ўқитиш соҳасида Субутой Долимовнинг ўткир ва синовчан нигоҳларини ҳис қилар эдилар. Эҳтимол, ҳозирги айрим камчиликларимиз ана шундай устозлар назарини ҳис қилмаётганимиздадир. Муҳими, улар таълиму сабоқда ҳам, ҳордиқ чиқаришу меҳнатда ҳам ҳамиша биз билан бирга эдилар. Шу боис ҳамкасбларимиз билан учрашиб қолсак, суҳбатимиз албатта Субутой Долимов, Озод Шарафиддиновларга келиб тақалади.
Яқинда ҳассос шоиримиз Эркин Воҳидов Миллий университетимиз талабалари билан бўлган учрашувда шеърият сеҳри ҳақида сўзлай туриб, бирдан пахта далаларини эслаб қолди ва ҳазрат Навоийнинг ушбу байтларини ўқиди:
Саҳар ховар шаҳи чарх узраким,
хайлу хашам чекти,
Шиои хат била кўҳсор
уза олтун алам чекти.
Қазо фарроши чекти субҳнинг
сиймин супургусин,
Музаҳҳаб парларин андоқки,
товуси ҳарам чекти.
Маълум бўлишича, курс талабаси бўлган шоиримиз саҳар пайти пахта тергани чиққанида Субутой Долимов шу байтларни ўқиб, табиатнинг тонгдаги гўзал манзарасини Алишер Навоий қанчалар заргарона тасвир этганини шарҳлаб, шеърда ”супурги” сўзининг қўлланишини ҳам изоҳлаб, миллий шеърият учун барча сўзлар қадрли эканини ҳам тушунтирган эканлар. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Субутой Долимов сабоқларидан баҳра олган ҳар бир талаба хотирасида Эркин ака айтгани каби ўнлаб мисоллар топилади.
Ёдимда — Субутой Долимов етмиш ёшдан ўтганда ҳам университетда сабоқ берардилар. Аммо кафедрамизнинг ҳар бир аъзосига қўйиладиган талаб устозга ҳам тааллуқли эди: ўқитувчими, доцентми, профессорми ҳар йили илмий ҳисобот тайёрларди. Шунда домламиз қисқа муддатда Огаҳийнинг олти жилдлик “Танланган асарлар”ини, ”Калила ва Димна” ҳинд эпосини, Кайковуснинг “Қобуснома”сини, “Адабиёт ўқитиш методикаси” дарслигининг кейинги нашрини, “5-синфда адабиёт ўқитиш қўлланмаси”ни, нечтадир мактаб дарсликлари, “Умр сабоқлари” деб номланган таржимаи ҳол китобини нашр эттирганликларини айтдилар. Шунда ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси мудири профессор Ғулом Каримов:
— Домла, сизнинг бир суткалик кунингиз ҳаммамизники каби 24 соатми? Ёки ошиқчаси ҳам борми? — деб сўраганлар. Устоз эса ўта камтарлик билан, оддийгина қилиб: ”Умр тугаб қолаётганга ўхшайди. Улгуриб қолишим керак”, — деб жавоб қайтарган эдилар. Ҳақиқатан ҳам, Субутой Долимов “умрнинг охиригача яшашга улгуриб қол” шиорини ”ишлашга улгуриб қол” тарзида қалбига сингдирган самимий инсон эдилар. Агар кафедрага бирор юмуш билан ўн одам келса, шулардан етти-саккизтаси домлани сўрарди. Чунки устозимиз адабиёт илмининг қомусий олими эди. Айниқса, мумтоз адабиёт шеъриятини шарҳлашда уларга етадиган кимса йўқ эди.
Аввалги мақолаларимдан бирида озарбойжонлик профессор П.Ҳалиловни эслагандим. Бу зукко олим Озарбойжондан Ўзбекистонга илм истаб келувчиларга: “Бирор сўзнинг маъносини билмасанг, Субутой муаллимдан сўра. Агар Субутой муаллим ҳам билмаса, демак, у сўзнинг маъноси йўқ экан”, — дер эдилар.
Кутубхонамдаги энг азиз ва мўътабар китобларимдан бири Субутой Долимовнинг “Умр сабоқлари” мемуар асаридир. Унда: “Ҳурматли Омонжон, сизга эсдалик учун — 6/V 78”, деб ёзилган дастхат бор. Китобдан Ойбек, Олим Шарафуддинов, Тўйчи Ҳофиз каби ажойиб инсонлар ҳақидаги хотиралар ҳам ўрин олган. Ҳа, ажабланманг. Тўйчи Ҳофиз ҳақидаги хотиралар. Субутой Долимов, агар адабиёт соҳасида фаолият кўрсатмаганларида, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов каби машҳур ҳофиз бўлишлари шубҳасиз эди. 1977 йили домланинг етмиш йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган йиғилишда Озод Шарафиддинов 1928 йилдаги бир воқеани эслаганларида, ҳеч ким ажабланмаган эди. Озод аканинг айтишларича, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедовнинг 60 йиллик юбилейлари ўшанда Субутой Долимов ижросидаги мақом билан бошланган экан. “Умр сабоқлари” китобида бу ҳақда қуйидаги сатрлар бор:
“Насруллойи” — оғир мақом: хусусан, дуторда ижро қилиш жуда қийин, чунки дуторда ярим, чорак, нимчорак ва қочириқ овозларни чиқариш, авжини чалиш, бармоқларни ишлатиш, пардаларни ўз ўрнида эзиш ва нола чиқариш жуда мураккаб иш эди. Қўлимга дуторни олдим, зарб билан ўн минут чалдим. Ҳамма жим. Дутор нола қилади, фиғон чекади…
Тўйчи Ҳофиз, Шораҳим ака, Абдусоат ака, Успенскийлар оғир тин олишган. Назаримда устозларим бутун вужуди билан тинглашарди. Улар чеҳрасида мамнуният. Ўзим ҳам ҳаяжонландим. Қўлимда дутор, кўзимда ёш. Бу қувонч ва хурсандлик ёшлари эди” (С.Долимов, “Умр сабоқлари”, Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти, 1978. 22-бет).
“Насруллойи” куйининг ижроси нақадар мураккаблигини созандалар яхши билишади. Уни Тўйчи Ҳофиздек машҳур санъаткор олдида ижро этиш эса осон бўлмаган. Йигирма ёшли Усмонжон (Субутой Долимовнинг асл исмлари)нинг катта устозлар олдида бу тарзда созандалик синовидан ўтиши эса, улкан жасорат бўлган…
Аммо бари бир яхшиям Субутой Долимов адабиёт йўлини танлаганлар, дейман. Сабаби санъатда Бобораҳим ака, Жўрахон ака, Расул қори, Маъмуржон ака, Орифхон ака каби ҳофизларимиз бор эди. Лекин адабиётда, айниқса, адабиёт ўқитиш методикасида Субутой Долимов ёлғиз эди ва шундайлигича қолди. Мусиқа соҳасидаги илму ҳунар эса, адабиётшунослик ва ўқитувчиликда юксак мақомга эришган устозга катта завқ-шавқ ва иродаю заковат бағишлади. “Умр сабоқлари”да домла шундай ёзадилар: “Ўқитувчилик ажойиб касб. Мен ўқитувчиликни санъаткорликка ўхшатаман. Негаки, яхши ҳофиз ёқимли мақоми билан тингловчиларни ўзига жалб этади. Ҳамма завқ билан тингласа, ҳофизнинг ўзи ҳам ҳузур қилади, айтган мақоми ҳам юракларга кучли таъсир этади. Ўқитувчи, хусусан, она тили ва адабиёт ўқитувчиси ажойиб тил билан, нозик, гўзал, пухта нутқ билан дарс берса, синфдаги ҳамма болаларнинг диққатини ўзига жалб этади, бундай дарсдан болалар завқланади, ўқувчининг завқи эса ўқитувчига ҳузур бағишлайди”.
Устознинг ҳар бир машғулоти бизга ана шундай завқ бағишлаган. Муҳими шундаки, устоз ўзининг ҳар бир шогирдидан ҳам ана шундай дарс ўтишни талаб қилганлар. Кўпинча: ”Бадиий адабиётни севмаган, ҳис қилмаган ўқитувчи дарс бермасин, чунки адабиёт ўқитувчиси ҳам билим беради, ҳам тарбиялайди”, — дер эдилар.
Субутой Долимовнинг адабиёт ўқитишдаги фаолияти ҳақида устоз Қудрат Аҳмедов шундай деганлар: “Субутой Долимовнинг методистлик фаолияти адабиёт ўқитишнинг уч соҳасида аниқ сезилади. Биринчидан, ифодали ўқишда; иккинчидан, ўқувчи ёзма нутқини шакллантиришда; учинчидан, шарҳлаб ўқитишда”. Ҳа, устозимиз адабиётшунослик, матншунослик соҳасида ҳам катта илмий салоҳиятга эга эдилар. Эсимда, Кайковуснинг Муҳаммад Ризо Огаҳий таржима қилган “Қобуснома” асарини биринчи марта нашр қилиш ҳаракатида юргандилар. Бир куни ишхонага жуда асаблари бузилган ҳолатда кириб келдилар. Мен бунинг сабабини сўраганимда, бир амалдор “Қобуснома”даги диний тушунчага алоқадор ўринлар қисқартирилиши кераклигини таъкидлаганини айтдилар. Мен: “Бу — “Қобуснома”ку, демадингизми?” — деб сўрадим. Шунда устоз: “Мен унга: “Аллоҳ, Худо, Ислом, Иймон” деган ўринларни қисқартириб, Кайковусни сенга биринчи коммунист қилиб бераман”, дедим”, — дедилар. Овозларидан алам, кесатиқ оҳанги жуда аниқ сезилиб турарди. Кейинчалик не-не машаққатда Ғулом Каримов билан ҳамкорликда Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг олти жилдлик “Танланган асарлар”ини нашрга тайёрладилар. Огаҳийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган номзодлик диссертациялари эса, ҳажман ҳам, мазмунан ҳам докторлик илмий даражасига лойиқ эди…
Устоз Субутой Долимов ҳаётда жуда ҳазилкаш ва ўта самимий инсон эдилар. Аҳмад Алиев, Шариф Юсупов, Озод Шарафиддинов, Муҳаммаднодир Саидов, Раҳматилла Иноғомов, Ўткир Ҳошимов ва каминанинг фарзандларча эркалик билан қилган ҳазилларимизни улкан дарёдек қабул қилар, бу ҳазилларга чиройли жавоблар топар, енгил табассум ҳадя этар эдилар.
Устоз хотирасига доир мақоламизни домла яхши кўрган байтлар билан якунламоқчиман. Шунчаки сайр қилиб юрганларида ҳам Субутой ака Фузулийнинг бетакрор мисраларини ёд айлар эди:
Гул ғунчалиғинда хор иландир,
Очилса, бир ўзга ёр иландир.
Аслинда тикан чекар азобин,
Фаслинда ҳаким олар гулобин…
Беназир устознинг охиратлари обод бўлсин, деймиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 15-сонидан олинди.