Биз кўпинча кечикиб юрамиз. Ёнгинамиздан оқиб ўтаётган сувнинг қадрини у қуригандан кейин ёки кўриб-билиб, мулоқотда бўлиб юрган одамингнинг бебаҳолигини у оламни тарк этганидан сўнг англаймиз. Ёхуд асарлари билан қалбингдан чуқур жой олган ёзувчига хат ёки мақола ёзиб меҳрингни изҳор қилмоқчи бўлганингда баногоҳ энди хотира ёзиш фурсати келиб қолган бўлса — бу кечикиш эмасми?
Ўқувчилик йилларимдан Шукур Холмирзаев асарлари мухлисиман. Имкон борича барча китобларини ўқишга ҳаракат қиламан. Унинг асарларини ўқиганда ғалати ҳолатга тушаман: фикру-зикрим асар қаҳрамонларида бўлади. “Сўнгги бекат” романидаги қаҳрамонларни чўлдаги хўжаликларда айнан учратганман.
Мен ана шулар ҳақида, ёзувчи асарларининг ҳаётийлиги, уларни қанчалик севиб ўқишим ҳақида адибнинг ҳаётлик чоғида ёзмоқчи эдим. Афсус, ўлим ҳақ экан. Яна кечикдим. Аммо бир таскин бор — ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон ўлмайди. Унинг ижоди ҳақидаги баҳс, мунозаралар давом этаверади.
Шундай одамлар бўладики, дунёларга сиғмай юради. Юрак бўронларидан қочиб қутулолмайди. Бойлик, мансаб деганларни майда нарсалар ҳисоблайди. Эътиқоди, мақсади йўлида бор-йўғини фидо қилади. “Дадам адабиётни деб кўп нарсаларнинг баҳридан кечганлар. Адабиётни, ижодни ҳаётининг мазмуни деб билганлар”, деб ёзади ёзувчининг қизи Сайёра Холмирзаевани адибнинг уч жилдлик сайланмасига ёзган сўзбошисида. Дарҳақиқат, қатор романлар, қиссалар, драма ва ҳикоялар муаллифи Шукур Холмирзаев чин маънодаги фидокор ёзувчи эди.
Асарларини ўқир экансиз, унинг ўзига хос оҳанги сизни сеҳрлаб олгандек бўлади. Китобни охирига етмагунингизча тинчимайсиз. Адибнинг кичик ҳикояларида ҳам катта фикр, китобхонни мафтун этадиган нимадир бор. Ана шу “нимадир” ҳақида ўйласам хаёлимга “меҳр” деган сўз келаверади. Фақат меҳру-муҳаббат билан ёзилган асаргина сизни асир қилиши мумкин.
Ёзувчининг асарларидагина эмас, унинг ўз қиёфасида ҳам ўзгаларга ўхшамайдиган нимадир бор эди: доимо ўйчан юрар, кўзлари сизга қараб турса-да, хаёли бутунлай бошқа томонда бўларди… Ўшанда кузнинг илк кунлари эди. Тошкент дорилфунунининг биринчи курс талабаси бўлган бир гуруҳ қизлар ҳозирги Амир Темур хиёбони қаршисидаги дорилфунуннинг эски биноси эшиги олдида суҳбатлашиб турардик. Шу пайт узун бўйли, йирик-йирик кўзлари синовчан боқувчи, ёйдек эгилган қоп-қора қоши ва пешонасига тушиб турган сочи ўзига ярашган йигит бизга яқинлашди.
— Барно, бери келчи, — деди у нарироқда тўхтаб.
Хорижий тиллар факультетида ўқийдиган бўйлари паст, ёқимтойгина сурхондарёлик дугонамиз пилдираб унинг ёнига борди. Ҳаммамиз жим бўлдик.
— Барнонинг акаси, — деди қизлардан бири. — “Ўн саккизга кирмаган ким бор” китобини ёзган ёзувчи Шукур Холмирзаев шу киши-да…
— Барно энди биз билан яшамайди. Акасиникига кетса керак, — деди дугонамиз афсуслангандек…
Шукур Холмирзаев илк ҳикояларидан бошлаб китобхонларнинг севимли ёзувчиси бўлиб қолганди. Унинг ҳар бир янги асари интизорлик билан кутилар, босилиб чиққач ўзи ўқиган филология факультетида учрашув ва суҳбатлар ўтказиларди. Эсимда, “Тошкент оқшоми” газетасида адибнинг “Ёввойи гул” ҳикояси эълон қилинди. Ҳаммамизнинг қўлимизда газета. Курсдошларимиздан бири кечки пайт Шукур Холмирзаев келармиш, деган гапни топиб келди. Тайёргарлик кўрдик. Пастки қаватдаги катта залга гуллар қўйиб жой ҳозирладик.
Ўшанда ярим тунгача ҳикоя ҳақида, адабиёт ва ҳаёт ҳақида ёзувчи билан дилдан суҳбат бўлганди. Шукур аканинг ашаддий мухлислари “Ёввойи гул” ҳикоясидаги қаҳрамонни Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони”даги Беллага, яна бошқаси эса Лев Толстойнинг қайсидир қаҳрамонига ўхшатиб, асарни мутолаа қилиш чоғида туғилган фикр-мулоҳазаларини баён этганди.
— Сиз одамнинг ичида яшириниб ётган ҳис-туйғуларини топасиз, асарларингизни ўқиган киши менинг кўнглимдан ўтганини ёзувчи қандай сезди экан, деган хаёлга боради, — деганди Шукур Холмирзаевнинг китоблари, расмларини йиғиб юрадиган бир дугонамиз.
— Сизлар мени ошириб суюб юбордингизлар. Бу яхши эмас, аччиқнинг ортиқчаси зарарли бўлганидек, ортиқча ширинлик ҳам фойда келтирмайди, — деб мақтовдан талтайиб кетган баъзи ижодкорлар ҳақида гапириб берган эди Шукур ака.
Ҳа, булар талабалик чоғимиз Шукур Холмирзаев билан учрашувлардан қолган узуқ-юлуқ хотиралар. Китобларим сақланадиган жавонни ёзувчининг асарлари тўлдириб турибди. Уларни қайта-қайта ўқийман. Мана, қўлимда адибнинг сайланмаси, ундаги “Одам” ҳикоясини биринчи марта ўқиганимда йиғлаб юбордим. Ҳикояда одам умри, ёшлик ва кексалик тадрижи ниҳоятда табиий тасвирланган.
Тўғрисини айтсам, бу ҳикоя ҳақида кўпроқ ўйлашимга тўқсонни қоралаган қайнонамнинг қилиқлари сабаб бўлди. Қайнонам бир куни ярим тунда мени чақиртирди. Борсам ўрин-тўшакларини йиғиб, кийиниб ўтирибди. Қўлига нималарнидир тугиб ҳам олган. “Ҳа”, дедим, ҳайрон бўлиб. “Юринг, кетамиз, нега кийиниб келмадингиз?” — деди у қизишиб. — Тошмурод жиянимникига олиб борасиз, деган эдим-ку!” (Жиянлари қўшни вилоятда яшайди).
— Кечаси қаёққа борамиз, энажон. Тонг отсин, олиб бораман, — дедим қўлидаги тугунни олишга ҳаракат қилиб.
— Бормайсизми, ўзим кетаман! — деди у эшик томон йўналиб.
Нима қилишимни билмай қайноғамни чақирдим. “Ҳа, она, янги сериал бошлаяпсизми? Йўлда йиқилиб бир бало бўлиб мени шарманда қилмоқчимисиз!”, — деди у аччиқланиб.
— Бораман, дедимми — бораман! Мен билан ишинг бўлмасин… — ҳассаси билан дарвозани тарақлатиб очди. Шу пайт унинг кўзларида бир ўт чақнаганини кўрдим. Ҳа, худди Шукур Холмирзаевнинг “Одам” ҳикоясидаги кампирникига ўхшаш.
Қайнонам тўрт қадам ҳам юролмади. Менга суяниб кетаётган томонга оғиб йиқила бошлади. Уйга олиб кириб ётқиздик…
“Бир куни Раҳима кампир ёш қизалоқдек қувониб уй атрофида тимирскиланиб юрди. Сўнг нарвонга тирмашиб томга чиқиб олди ва пастга туша олмай йиғлаб ўтирди. Куёв келиб бир амаллаб пастга туширди”. Бу ўша ҳикоядан олинган парча. Қаранг, бу икки кампир нақадар ўхшаш. Бу қадар ҳаётий ёзиш фақатгина чинакам истеъдодларга насиб этадиган бахт эмасми?
“Ёввойи гул”нинг қаҳрамони Восит қишлоқда туғилган. Ўқишни тугатиб ишлаш учун шаҳарда қолади. Аммо иши юришмайди, соғлиги ёмонлашади. Хуллас, шаҳар ҳаётига кўниколмай кетиб қолади. Ёзувчи Восит образига тоғдан олиб келинган гулни қиёслайди. Тоғдан кўчириб келинган гул қанчалик парвариш қилинмасин қуриб қолади. Ҳикоядан инсон туғилган жойида азиз, деган хулоса келиб чиқади. Шу ҳикоя чиққандан кейин, баъзи дўстларимиз шаҳарда қолиш фикридан воз кечиб, қишлоғига кетиб қолган…
Ким билади, бу ҳолат ёзувчининг ҳам бошидан ўтгандир. Кўп вақтини дала ҳовлисида ўтказганига сабаб ҳам балки шудир. Нима бўлганда ҳам Шукур Холмирзаев асарларида ҳақиқий ўзбекона ҳаёт, дашт одамларининг ўзига хос турмуш тарзи бениҳоя гўзал ва ҳаққоний тасвирланган. Унинг “Ўзбек характери”, “Ўзбекнинг соддаси” ҳикояларига эътибор қилинг — бир-бирига ёмонлик қилишни раво кўрмаган одамлар. Улар сизнинг отангиз, амакингиз, тоғангиз — шундоқ ёнингиздаги яқинларингиз бўлиб гавдаланади. Шунчалик сизга яқин бўлган, юрак ҳароратингизга ҳамоҳанг асарлар ёзган ёзувчини фақат туғилган кунларидагина эмас, ҳар куни, ҳар бир асарини ўқиганда, номини тилга олганда эсласанг арзийди. Дарвоқе, эртага — 24 март, айни Наврўз Шукур аканинг туғилган куни…
Шукур ака ҳаётлигида қанчалар ўйчан, ичидагини унчалик ҳам ташига чиқаравермайдиган, оғир-вазмин, ҳатто бир қадар мураккаб шахс бўлиб туюлган бўлса-да, уни негадир ўз ҳикояларининг қаҳрамонларига менгзаб, Ўзбекнинг соддаси, дегим келади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 12-сонидан олинди.