Фаолиятим давомида кўп олимлар билан суҳбатлашганман, асарларнинг яратилиш жараёнига гувоҳ бўлганман. Лекин биронта олимнинг “игна билан қудуқ қазиш” заҳматидан нолиганини эслолмайман. Аксинча… 1997 йил 19 августда Иззат Султонов домланинг уйига бордим. Учрашувимиздан домла хабардор эди. Эшикни очган Замира опа:
— Домла йўқлар. Навоий кутубхонасига кетдилар. Ичкари киринг. Ҳали замон келиб қоладилар, — деди. Кутдим. Пешин бўлаяпти. Кун қизияпти. Бир маҳал домла келиб қолди:
— Узр. Кеч қолдим. Мен кутубхонага яёв бориб, яёв қайтаман… Бир китоб ўқиганман. Номини биламан, муаллифи, қаҳрамони исмини унутибман. Кутубхоначилар жонимга оро киришди. “Машҳур асарлар энциклопедияси” номли асар тайёрланибди. Ўша китобдан излаганимни топдим.
Иззат домла тилла топган одамдан-да хурсанд эди…
Яна бир воқеани Улуғбек Долимов сўзлаб берган:
— 1991 йилнинг баҳори. Адамнинг соғлиғи анча ёмонлашган. Бир куни ётган жойларидан туриб, жавондан Огаҳий асарини олди. Иш столига ўтириб, ижодга шўнғиб кетди. Ҳаммамиз ажабландик, адамнинг хуш кайфиятлари кўнглимизни тоғдай кўтарди. Афсуски, бироз вақт ўтгач, адам жойларига беҳолгина ётди…
Озод Шарафиддинов, оғир бетобликка қарамай, “Миллатни уйғотган адиб” тадқиқотларини яратди. Бу асар ёзилганига ўн бир ой тўлганида Озод домла ҳаётдан кўз юмди.
Ҳақиқий олим ижод, изланиш жараёнида ҳузур-ҳаловат олади, ишламасликни хаёлига келтирмайди. Мана шундай меҳнатсевар адабиётшунослардан бири филология фанлари доктори, профессор Сайдулла Мирзаевдир. Хомчўт қилиб кўрсам, Сайдулла устоз 300 босма табоқдан зиёдроқ илмий тадқиқотлар, дарсликлар, қўлланма ва рисолалар чоп эттирибди. Яқинда “Шарқ” нашриёти Сайдулла Мирзаевнинг 30 босма табоқ ҳажмидаги “XX аср ўзбек адабиёти” китобини нашрдан чиқарди. Муаллиф XX аср ўзбек адабиётининг хронологик тарзда тўрт даврга ажратади. Китобда йигирма тўрт нафар ижодкор ҳаёти ва ижоди таҳлил қилинган.
Мазкур китоби XX аср ўзбек адабиётшунослигининг муҳим бир хусусиятини ёдга туширади. Маълумки, тазкира, ҳасби ҳол ўзбек мумтоз адабиётининг жанрларидан ҳисобланган. XX асрга келиб ёзувчи ҳаёти ва ижоди, адабий жараён манзаралари кенг ёритиладиган бўлди. С.Айний “Тожик адабиёти намуна”ларини (1925), Фитрат “Ўзбек адабиёти намуналари”ни (1927) яратди. Миён Бузрук 1930 йилда “Ўрта Осиё ва Қозоғистон адабиётига бир назар” ташлади. 1939 йили Сотти Ҳусайн ва Айн “Ўзбек адабиёти” номли катта шарҳ-мақола ёзди. 1943 йили Ҳамид Олимжон, 1946 йили Ойбек, 1979 йили К.Яшин ўзбек адабиётининг тадрижи тўғрисида маъруза-мақолалар тайёрлашди.
XX асрнинг 60-йилларидан бошлаб ўзбек адабиёти очерклари (1962), ўзбек адабиёти тарихи (1967), ўзбек танқидчилиги (1987), адабиёт назарияси (1978) чоп этилди. 1999 йили Н.Каримов, С.Мамажонов, Б.Назаров, У.Норматов, О.Шарафиддиновнинг “XX аср ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги пайдо бўлди. Хуллас, ўтган асрда бир қанча адабиётшунослар юз йиллик ўзбек адабиёти, танқидчилиги, унинг намояндалари ижодини кенг миқёсда ёритдилар.
XX аср ўзбек адабиёти, унинг намояндалари ижодини жиддий таҳлил, талқин қилганлардан бири Сайдулла Мирзаев бўлди. Олим “XX аср ўзбек адабиёти” номли катта асаригача ёзувчилар ҳақида кўплаб танқидий-биографик очерклар яратган. “XX аср ўзбек адабиёти” асарида муаллиф ўзбек танқидчилиги материалларидан унумли фойдалангани кўзга дарҳол ташланади. С.Мирзаев катта адабиётга эндигина кириб келаётган Беназир, У.Ҳамдам, Санобар Меҳмон қизи, Гулжамол Асқарова ҳақида маълумот беради. Иқбол Мирзо услубини белгилашга интилади. Эркин Хушвақтов комедияларини, Абдулла Қаҳҳор ижоди ҳақида икки-учта мақола ёзган Хуршида Ҳамроқулова номини тилга олади. Р.Қўчқорнинг “Сароб” романи ҳақидаги қарашлари билан ҳисоблашади.
Катта асар ёзишга чоғланган адабиётшунос ёзувчилар ҳаётини, улар яратган асарларни, ижодкор яшаган даврнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-адабий ҳаётини мукаммал билмоғи лозим. “XX аср ўзбек адабиёти” номли катта асарни яратиш учун муаллиф неча-неча бадиий, илмий асарларни ўқиган, ўзлаштирган.
Меҳнат мавзуси, меҳнатга муносабат XX аср ўзбек адабиётида муҳим аҳамият касб этади. Бу муаммо назарий баҳс, тортишувларга сабаб бўлган. Аксарият адабиётшунослар Ғафур Ғулом поэзияси ҳақидаги гапни “Гўзаллик нимада?” шеърининг таҳлилидан бошлашади. С.Мирзаев бу шеър ҳақида фикр-мулоҳаза билдирмаган. Аммо “Қутлуғ қон” романини таҳлил қилар экан, шундай ёзади: “Йўлчи ҳалол ишлаб, ҳалол яшашни истайди. Меҳнатсиз кун кўришни, текинхўрлик қилишни ёқтирмайди”. Қизиқ, Йўлчи яшашни қора меҳнат қилиш, ҳалол пул топиш, деб билади. Ваҳоланки, Мирзакаримбой, Ҳакимбойвачча бекорчи эмас, улар ҳам тинимсиз меҳнат қиладилар. Уйғуннинг “Жонтемир” достонини таҳлил қиларкан, муаллиф “тонг кулмасдан бурун Жонтемир қуюқ бир завқ билан туришини, пўлат отларини ўйнатиб, экин майдонига юришини” кўрсатади. Саид Аҳмад биографик очеркида, хусусан, “Қирқ беш кун” романида “халқимизнинг XX асрнинг 30-йилларида Катта Фарғона канали қурилишидаги қаҳрамонона меҳнати, қудратли халқ ҳаракати ёритилганини” Сайдулла Мирзаев қониқиш билан таъкидлайди.
Ҳозир меҳнатга муносабат ўзгарган, гўзалликни англаш ўзгача. Бошқача айтганда, адабиётнинг методологиясида ўсиш, ўзгариш, янгича қарашлар қатъийлашмоқда. Методология — адабиётшуносликнинг жон риштаси, асаб тўқимаси, формуласи. Айтиш мумкинки, сўнгги 20 йилда методологик қарашлар тубдан ўзгарди. Шўро адабиётининг асос-моҳиятини социалистик реализм белгиларди. Ҳозир социалистик реализмнинг моҳияти фош қилинди. Сайдулла Мирзаев “Ўткир Ҳошимов” очеркида ёзади: “Ўткир Ҳошимов ўз романларида соцреализм талабларига зид ҳолда ҳаётни ҳеч қандай пардозсиз тасвирлаш йўлидан бориб, жиддий ютуққа эришган”. Биринчидан, Ўткир Ҳошимов асарлари пардоз, бадиийликдан йироқ эмас. Иккинчидан, ёзувчи атайин соцреализм талабларига зид бормаган, у тирик одамларни табиий тасвирлаган, холос. Яна шуниси борки, соцреализм методи тарихни қўли қадоқ халқ яратади, шу халқ бойларга қарши муттасил кураш олиб боради, деган қоидаларни илгари сурган.
С.Мирзаев китобида халқ тимсолига, унинг яратувчи кучига жиддий эътибор берилган. “XX аср ўзбек адабиёти тарихи” китоби муаллифи “Зайнаб ва Омон”ни, ундаги эркин муҳаббат масаласини улуғлайди. Таажжубки, достондаги эпизодик Собир образи Мажнун характерига қиёсланади. С.Мирзаев “Машъал”, “Мангулик”, “Йўлчи юлдуз”, “Инқилоб тонги”ни ҳам бемалол, бугунги назарий-эстетик қарашларни ҳисобга олмай таҳлил, талқин қилаверган. Муаллиф С.Айний, Ойдин портретларини китобига киритган. Муаллиф “Дохунда”, “Қуллар” ҳақидаги гапларни мухтасар қилиб, “Эсдаликлар”, “Судхўрнинг ўлими”ни кенг, асосли талқин қилиши жоиз эди. Мустақиллик замони янги ўзбек адабиётидаги, асарларни танлаш, саралаш имконини берди. Ойдиннинг ҳикоялари, “Ғолиблар”, “Қудратли тўлқин”, “Фидойи” сингари асарлар ҳозирги замоннинг эстетик кўрсаткичи талабларига мос келмайди. “Назир отанинг ғазаби”, “Бригадир Карим” сингарилар ташвиқий-иллюстратив асарлар сифатида тарих музейи экспонатига айланди.
Сайдулла Мирзаев асарида муаммоларни қўйиш, уларни илмий-назарий ҳал қилиш етишмайди. Айниқса, XX аср ўзбек адабиётини 1900 — 1930; 1940 — 1950; 1960 — 1980-йиллар тарзида қўйиш, хронологик ўрганиш ўзини оқламайди. Ваҳоланки, аксарият тадқиқотларда даврлар аниқ проблема асосида ўрганилганки, бу йўл ўзини оқлайди. Даврни хронологик ўрганиш — чек-чегарани йўққа чиқаради, бепоёнликни келтиради.
Муаллиф ўз асари жанрини монография, деб белгилаганки, у илмий мантиқни, муаммолар қўйишни тақозо қилади. “Ҳамза”, “Уйғун”, “Комил Яшин”, “Ҳамид Олимжон”, “Ойдин”, “Садриддин Айний” сингари адабий-танқидий мақолалар эскича услубда ёзилгандай таассурот қолдиради.
Бу каби камчиликлардан қатъи назар, меҳнатсевар, фидойи адабиётшунос Сайдулла Мирзаевнинг “XX аср ўзбек адабиёти” тадқиқоти XX аср ўзбек адабиётининг ўзига хос хусусиятлари, шаклланиш йўлларини ёритгани билан адабиётшунослигимизга қўшилган муносиб ҳиссадир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 7-сонидан олинди.