Таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров ижодига чизгилар
Аҳли қалам учун ижод — сўз ижоди. Сўзлардан фикрлар, китоблар, ғоялар, улар орқали эса келажак яратилади. Шу маънода сўз ижоди — ҳаёт ижодидир.
Сўзнинг ўз руҳи бор. У ўжар, мутакаббир, гоҳо табоҳкор руҳдир. Закий ақл, катта иқтидор, сабр билан тадқиққа қодир қалбгина уни имтисол этади.
Иброҳим Ғафуров — сўз руҳи билан баҳслаша оладиган, сўзларни сўзлата оладиган ижодкор.
Сўз дуч келган кишига эгилавермайди, товланавермайди. Аммо сўзларнинг товланишини, ниҳорланишини аниқ билган ижодкоргина улар билан баҳслаша олади, уларни сўзлата олади:
“Нисоланар сўзлар –
бағримга бош қўяр қатор бўлишиб –
аёлга ўхшаб қолар сўзлар –
қора қуёш ёмғирида
ивиган, бўртган, тиниқ тортган
аёл шундай бўлар”.
Кўксингизга бош қўйган сўзлар ҳам сизни мутлақ ихтиёрингизга ўтган сўзлар эмас, у нисоланиш холос. Аёл ўз ожизлиги билан сизни ўзига имтисол этади, дилингизни ёради, яъни ўзи орқали сизни сўзлашга мажбур қилади.
“Нисоланар сўзлар кузги бодринг каби
кўм-кўк, қарсилдоқ –
мен уларни бағримга босаман
муқаддас нима бор шундай сўздан ортиқроқ”.
Сўзларнинг нисоланиш боисини энди англагандирсиз.“Архаик сўз” шеърини ижодкор сўзпарастлигининг ажойиб исботи дейиш мумкин.
Биламизки, архаик сўз — унутилган сўз. Аслида халқ мавжуд экан, сўз унутилиши мумкин эмас. Лекин сўз ўзини сўзлата оладиган ва ўзи билан баҳслаша оладиган Одамнинг келишига ишонади.
Иброҳим Ғафуров — сўзни ақлнинг жавҳари, Етукка етиш имкони деб биладиган адиб. Мутолаа, ёзиш, фикр излаш, ижод уни шундай хулосага олиб келган. Аслида классик адабиётдан, даҳо ижодкорлардан олинган сабоқ бу. Шунинг учун у сўзлардан дурдоналар ясаган адибларнинг асарларини таржима қилади, улардан ақлу тафаккурни улуғловчи фикрлар, Етуклик қидиради. Менинг фикримча, етукликни кимда эканлиги эмас, балки унинг муқаррарлигига ишониб, унга талпиниб яшаш ибратлидир.
Сўз ақлнинг тўла ифодачиси эмас, бироқ усиз ақлнинг шаклланишини, ўсишини, Етукка етишини тасаввур қилиш мушкул. Шунинг учун адиб ёзади: “Инсон ақлига ақл қўшиб боргани сайин Яратганни теран англайди. Ақлига ақл қўшилгани сайин имонига имон қўшилади. Ақлнинг бойлиги ва ўсиши имоннинг бойлиги ва ўсиши – камолотига айланади…”. Ақлга ақл қўшиш билан Худога яқинлашиб бориларкан, ақлнинг жавҳари бўлган сўз ҳам муборак бўла боради. “Шунинг учун, адиб таъкидига кўра, “сўзни илоҳий деб тушуниш, уни муқаддас деб билиш” зарур.
Иброҳим Ғафуров — Шарқ классик адабиёти ва ўзбек адабиёти тарихининг билимдони. Шарқ классик адабиёти умрбоқий ғояларга, бетакрор нафислик ва маънавий улуғлик намуналарига тўла; ўзбек адабиёти тарихини билмай, севмай эса тилда кашфиёт қилиш мушкул. “Уйқумни ўчирди руҳият ҳазратлари, — деб ёзади адиб. — Ҳушимни ўчирди аларнинг ҳайбатлари қулф урган ғайратлари…” Таниш ҳол. Уйқуни ўчирган сўз ҳазратларидир. Шунинг учун адиб асарларида Гуштасп, Зардўшт, Табарий, Умар Хайём, Халлож, Абул Ҳусайн, Румий, Ғаззолий, Навоий, Бобур, Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, устозлар — Озод Шарофиддинов ва Ғайбуллоҳ ас-Салом сўзлайди.
Иброҳим Ғафуров — сўзларни куйлата оладиган ва бўзлата оладиган шоир. Шоир сўзни куйлатиб тирикликни, гўзалликни, боқийликни улуғлайди, сўзнинг бўзлагани эса шоирнинг иллатлардан халос бўлишга даъватидир.
Адибнинг ҳар бир асарида шоирона идрок муқаррардир; у шоирона нафислик билан тасвирларига, образларига, шеърларига қиёслар, ташбиҳлар, сифатлар қидиради. Унинг шеъриятга машрабона ошиқ қалби ҳар қандай ифодани поетикага айлантиришга шай, Навоий, Оллоёр, Яссавий, Машраб, Нисше ҳақидаги эсселари поетикага монанд. Мансуралари эса шоирнинг биз ҳали англаб етмаган ва етарли баҳолай олмаган поетик дурдоналаридир.
“Сув капалакни аллалаб ухлатарди. Майин насим беланчагида”. Ажойиб поетик нафислик! Шоир сўзларни куйлата туриб руҳни улуғликка чорлайди. “Шу қушчалик ҳолинг йўқми? – сўроқлайди юрагим. – Йўқми ғайрат, шижоат? Қирқилганми қанотинг? – Сўфийларнинг чўққисига чиқа бермас ҳар ким ҳам, — мен тасалли бераман ўзимга. – Сўфийларнинг чўққисига чиқар кимса муҳаббати ўлмаса, санамларнинг ўт ишқидан асло умид узмаса”. Сўфийлик — улуғлик чўққиси. Ҳақу ҳақиқатга, Етукка чуқур муҳаббат кишини ушбу чўққига элтади. Аслида улуғларга эргашиш улуғликдан дарак.
Қуйидаги ноодатий тасвирни тингланг: “Ўлим тож кийдирар ишқнинг бошига. Янгиланар ўлим янгиланар ишқ мангу ясантириб борар бири бирини…” Сўфиёна мажоздан саволлар уйғонади. Ишқ изтироб бўлиши мумкин, лекин унинг ўлимга етаклаши ҳаётийми? Ишқ ўлим билан тожга муяссар бўладими? Менинг фикримча, “Ишқ ўлди” — юрак бўзлашидир. Унинг тагида юрак унутолмаган бир нафис туйғу яширинган. Бу охирги мисрада яққолроқ ифода этилади: “Дарҳақиқат, ишқ ўлганда яшашдан нима қолади?” Ушбу шеърда шоир қалбининг сўзга сўфиёна ошиқлиги мужассамдир.
Иброҳим Ғафуров — сўзлардан, бадиятдан донишмандлик, ҳикмат излайдиган адиб-файласуфдир. У ким ҳақида ва нима ёзмасин асарларини сермаъно, сермағз қилишга интилади. Шунчаки тасвирчилик, баёнчилик бадиятнинг ҳам, фалсафанинг ҳам алдови эканини у яхши билади. Унинг ижод тарзи борлиқдан маъно-мағз, шарифлик ва суббуҳлик излашдир.
“Бутунлик” деб аталган мансурада бутунлик истаб, аммо бутун бўлолмаган одамнинг ўйлари ифодаланган. Адиб бутунликни “осон нарса” деб атайди. Чунки бутунда ўсиш йўқ, ўзгариш йўқ, ранг-баранглик йўқ, шу боис уни англаш осон. Ҳаётда эса бутунни топиш мушкул. У нидо қилади:
Айт, бутунми манави дарахт
ҳосилидан айрилган,
ҳосил бериб шох-бутоғи қайрилган?
Айт, бутунми, йўл бўйида
ташландиқ боғ?
Мунғаяди жуда қари
ўриклар лазиз мевалари
тамомила таланган?
Ёки айт-чи, бутунмикин,
манави билқиллана юриш
қилиб кетиб бораётган қиз?
Айт, бутунмисан сен ўзинг.
Уйқуга ётаётганда,
саҳарда ёстиқдан бош кўтарганда
ҳеч сезасанми ўзингни бутун?
Билмайсанми, қачон,
қачон бут бўлар одам?
Унгача бутунлик ҳақида
мендан сўрама.
Бутун бўлмаган одам бутунликни қаердан билсин, ахир. Ўта мураккаб саволга ўқувчисини рўпара қўяди. Ҳатто у, бутунлик ҳақида сўрама, парча-парча бўлиб кетган одамдан, деса ҳам муаммо ўқувчи қалбини тарк этмайди. “Парча-парча бўлиб кетган одам” етолмаган бутунликка кимдир, қачондир етиши керак, акс ҳолда бутунлик ҳақида ўйларнинг бари лағвонадир.
Иброҳим Ғафуров — Ғарб адабиёти, фалсафаси ва эстетикасидан яхши хабардор олим. Айнан олимлик хислати унга жаҳон адабиётидаги бадиий-фалсафий ва нафосатшуносликка оид қарашларни, жараёнларни кузатиб, улардаги кашфиётларни илғаб боришга ёрдам беради. Шунинг учун унинг ўзи мансуралар жанрини яратишга Борхес, Монтен, Сен-Сёнагон ва ҳинд, хитой, япон адиб-файласуфларининг асарлари таъсир этганини таъкидлайди. Худди шунингдек, у ўзининг олим-адиб сифатида шаклланишида Мопассан, Хемингуей, Эдгар По, Бабел, Грин, Балзак, Паустовский ва рус адиблари Достоевский, Распутиннинг хизмати катта бўлганини эътироф этади. Албатта, буюк ижодкорларга эргашиш, уларнинг бадиий-естетик меросидан баҳраманд бўлиш, қандай эзгу ва эътиборли машғулот бўлмасин, етарли эмас, олим-адибнинг ўзида ҳам бетакрор тафаккур, мушоҳада ва иқтидор бўлиши шарт эди. Бу ўринда олим-адибнинг юқоридаги ижодкорлар ҳақидаги бадиаларини, ўзбек адабиётининг умрбоқий меросига кирган таржималарини, Навоий, Машраб, Чўлпон ва замонавий адибларнинг бадиий-естетик қарашларини ўрганишга бағишланган тадқиқотларини эслаш ўринлидир. Луис Борхеснинг ранг-баранг ёндашувларидан, турли бадиий-фалсафий ва эстетик мактабларни, оқимларни бирлаштирганидан ҳайратга тушган ўқувчилари: «Cиз қайси мактаб вакилисиз», деб сўрашганида у: «Мен Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзимга жо этганман», деб жавоб берган экан. Ушбу сўзларни Иброҳим ака ҳам ғурур билан такрорлаши мумкин.
Иброҳим Ғафуров — хушсўз ва дилсўз инсон. Аслида хушсўзлик ва дилсўзлик зиёлилик белгисидир. Мен Иброҳим ака билан беш-олти йил ҳаммаслак сифатида ёнма-ён юрганман. Унинг дарғазаб бўлиб бақирганини, биров ҳақида бадфикр билдирганини эшитмаганман. У сўзнинг уволи нималарга олиб келишини яхши билади. Ҳинд фалсафасида “аура” деган тушунча бор. Унга кўра айтилган сўз беиз кетмайди, мутлақ унут бўлмайди. Сўзлар аура – макон, муҳит яратади. Номақбул муҳитга тушиб қолсангиз, сиқиласиз ва тезда уни тарк этгингиз келади.
Адиб ўн ёшидан бери бадиий сўз санъатига маҳлиёдир. Аввал халқ эртаклари, достонлари ва қўшиқлари унинг хаёлини забт этган бўлса, кейинчалик жаҳон адабиёти дурдоналари мақсадига айланди. 1956-1961 йиллари у Ўрта Осиё давлат университетининг филология факултетида таҳсил олди. Талабалик йилларидаёқ “Танишув” (1959) ҳикоясини, кейинчалик адабий-бадиий мақолаларини чоп эттира бошлайди. У ўзбек ўқувчиларига адабиётшунос-танқидчи сифатида танилди. 1973 йили “Ёнар сўз” адабий-бадиий асарлари тўплами учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг лауреати унвонига, 1989 йили эса “Ўттиз йилнинг изҳори” асари учун Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. “Ўттиз йилнинг изҳори” асари адибнинг ўз ижод йўлига бир назари, бадиий ижоднинг маҳобати ва инсонийликни улуғлаш санъати эканини англашга, очиб беришга интилиш эди. Ўзбек китобхонлари ва адабий-бадиий танқидчилик уни муносиб баҳолади. Мустақиллик йилларида Иброҳим Ғафуров ижодида миллий адабиёт тарихига мурожаат кескин ошгани кузатилади. У “Авесто” ва Қуръони Карим, Яссавий, Сўфи Оллоёр, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Бухорий, Термизий, Бобур, Машраб, Фитрат, Беҳбудий, Ҳамза каби аждодларимиз меросига миллий истиқлол нуқтаи назаридан назар ташлайди, ундаги ахлоқий теранликлардан, илмга ташналиклардан завқланади.
Дадил айтиш мумкинки, Иброҳим Ғафуров ўзбек таржимашунослигида ўзига хос мактаб яратди. У жаҳон адабиётининг дурдоналари бўлган “Пангартра”, “Калила ва Димна”ни, мопассаннинг “Азизим”, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба”, Нисшенинг ҳикматларини, Хемингуейнинг “Чол ва денгиз”, Ч. Айтматов ва В. Распутиннинг бир қатор романларини ўзбек тилига ўгирди. Ушбу асарларнинг қайта ва қайта нашр этилаётганини таржимоннинг маҳоратига берилган юксак баҳодир. Энг муҳими шундаки, адиб ҳар бир чет эл ёзувчисининг сўз маҳоратини, услубини, миллий ўзига хослигини чуқур билади ва туяди, шу боис ҳам унинг таржималари ранг-баранг бадиий мактабларга тааллуқлилиги билан ҳавас уйғотади. Улардаги бадиий-фалсафий мушоҳадалар ва психологизмнинг таъсирчанлиги ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Шу кунларда 70 ёшини қаршилаётган Иброҳим ака Ғафуровга сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва ўқувчиларни шод этадиган бадиий-фалсафий дурдоналар яратишда омадлар тилаймиз. Сўзларингиз янада пурҳикмат бўлсин, устоз!
Виктор Алимасов,
фалсафа фанлари доктори.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.