Шерали Қодиров. Бойсун мўъжизаси (2007)

Мамлакатимизда бой кўмир захиралари мавжуд. Бу қазилма бойлик ўлкамизнинг асосан икки минтақасида жойлашган. Ҳозирда Ангрен конидан қўнғир кўмир, Шарғун ва Бойсун конларидан эса тошкўмир қазиб олинмоқда.

Бойсун кўмир конида айни пайтда қазиш ишлари икки йўналиш бўйича олиб бориляпти. Мутахассислар “Жанубий” майдондан ташқари “Марказий ва Шарқий” майдонларда 29 миллион тонна ўта сифатли бўлган  тошкўмир борлигини аниқладилар.

Бойсун кўмир конлари захиралари ғарб томонга қараб салкам 125 километрга чўзилган. Кўҳитанг тоғ этакларига борганда кўмир қатламининг қалинлиги 25-30 сантиметр бўлса, шарқ томондаги кўмир қатлами 2 метрдан 18 метргача етади. Демак, Бойсун кўмир конида ишлар тўлиқ қувват билан амалга оширилса, она замин бағридаги бойликдан халқимиз узоқ йиллар мобайнида фойдаланиш имконига эга бўлади. Конда кўмир қазиб олиш ёпиқ усулда бажарилади, яъни махсус мосламалар ёрдамида портлатилиб вагончалар билан ташқарига олиб чиқариларди. Натижада маҳсулотнинг сифати йўқолиб, 70-80 фоизи кулга айланарди. Ўз-ўзидан маълумки, сифатини йўқотган кўмир харидор ва истеъмолчиларнинг талабига жавоб бера олмайди. 58 миллион сўм маблағ ҳисобига кичик брикет фабрикасининг қуриб ишга туширилиши билан сифат ва самарадорлик анча кўтарилди. Энг муҳими,қазиб олинаётган кўмирдан ортиқча чиқит чиқмайди. Янги корхонанинг афзаллиги ҳам ана шунда. Эндиликда ишлаб чиқарилаётган кўмир-брикет 2 килограмм оғирликда ғишт шаклида бўлиб, ўта сифатлилиги билан жуда ҳам харидоргир бўлмоқда. Таъкидлаш лозимки, бошқа ҳудуд конларидаги брикетга мазут қўшилади. Қўшилган маҳсулотдан қўланса ҳид тарқалиб, олов йўлларини кукун босади. Бойсун кўмирига эса бентонит маҳсулоти ва Денов ёғ заводидан совун чиқиндиси ҳисобланмиш махсус аралашма қўшилади. Маҳаллий маҳсулот аралашмаси билан тайёрланган кўмир экологик жиҳатдан тоза ҳисобланиб, атроф-муҳитни бир қадар зарарланишдан ҳам асрайди.

Мутахассисларнинг фикрича, қазиб олинаётган кўмир 8-200 килокаллориягача иссиқлик беради. Шунинг ўзи ҳам Бойсун кўмирининг сифати жуда юқори эканлигидан дарак беради. Маълум бўлишича, Бойсун кўмирининг таркибида жуда муҳим бўлган кўмир кокси, кўмир электроди, карбит-калтсий моддалари мавжуд.

Навоийдаги электрокимё заводи лабораториясида ўтказилган тажрибаларда Тўда кўмир конидан энг сифатли активлашган кўмир олиш мумкин эканлиги аниқланган. Яъни 10 тонна маҳсулотдан 3 тоннагача активлашган кўмир олиш мумкинлиги илмий ва амалий жиҳатдан исботланди. Ҳозирда ана шундай активлашган кўмирга Ўзбекистоннинг эҳтиёжи 1,5-2 минг тонна атрофида бўлиб, асосан хориждан келтирилмоқда. Активлашган кўмирнинг 1 тоннаси жаҳон бозорида 1500 дан 4000 долларгача баҳоланар экан. Ҳолбуки, юқори сифатли активлашган кўмирни Бойсунда ҳам тайёрлаш имконияти мавжуд. Дарвоқе, бу ноёб маҳсулот озиқ-овқат, тиббиёт, енгил саноат, ҳарбий техника, радио техника учун ҳам жуда керак.

Тўда кўмир кони билан хорижий ишбилармонлар ҳамиша қизиқишган. Масалан, бундан 10-15 йил муқаддам кўпгина хорижлик ишбилармонлар йилига 500 минг тонна кўмир ишлаб чиқарадиган корхона қуришни таклиф қилган эдилар. Бироқ коннинг темир йўлдан узоқ масофада жойлашгани ушбу лойиҳани амалга оширишга имкон бермасди. “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” янги темир йўлининг барпо этилиши эса бу каби ишларга кенг йўл очди. Агар мазкур темир йўл линияси Тўда кўмир конига туташтирилса, ҳақиқий Бойсун мўъжизаси рўй бериши, шубҳасиз.

Натижада, халқимиз ва хорижий истеъмолчиларга йилига минг-минг тонналаб сифатли тошкўмир ва брикет маҳсулотлари етказиб берилади. Шу билан бирга мамлакатимиз эҳтиёжи учун хориждан келтирилаётган активлашган кўмир ҳам айнан Бойсунда ишлаб чиқарилади.

Яна шуни айтиш  қувончлики, ҳозирда ушбу кўмир конидан атиги тўрт километр узоқликда кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тсемент заводи қуриш учун амалий ишлар бошланиши кўзда тутилмоқда. Тўда кўмир конида эса айни чоғда кунига 15-20 тонна кўмир ҳозир қазиб олинаётган бўлса, замонавий технологиялар жорий қилинса, ҳар куни 300-400 тонна маҳсулот қазиб олиш мумкин бўлар экан.

Мутахассисларнинг аниқлашича, ушбу кон захираси 100 йилга етади.

Ҳа, истиқлол туфайли мўъжизаларга бой юртимизнинг бойликларини қазиб олиш, ундан самарали фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Шерали ҚОДИРОВ,

“Ҳуррият” мухбири.

«Ҳуррият» газетасидан олинди.