ХХ асрнинг 30 — 50-йилларида, собиқ СССРнинг барча жумҳуриятларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам советларнинг катта террор сиёсати оқибатида бир қанча таниқли давлат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ва адабиёт намоёндалари бегуноҳ қатағон-қирғин қилинган эдилар. Улар сафида бошқа миллатга мансуб кишилар ҳам бор эди. Ўзбекистондаги рус ёзувчиларидан Борис Чепрунов шулардан бири эди.
Борис Чепрунов 1891 йил 25 январда Хоразм воҳасининг Кўҳна Урганч шаҳрида туғилади. Унинг отаси Ўрта Осиё рус империяси томонидан босиб олингандан кейин мустамлакачи ҳукуматнинг колониал сиёсати оқибатида бу ерларга Россиядан мажбуран кўчириб келтирилган рус крепостной деҳқонларидан эди. Борис кичиклигиданоқ отаонаси яшаб турган ердаги ўзбек, туркман болалари билан бирга ўйнабўсиб, уларнинг отаоналаридан ҳикоя, эртак ва афсоналарни эшитиб, бирга иноқлашиб кетади; маҳаллий халқ тарихи, тили ва урф-одатларига бўлган муҳаббати тобора орта боради. 1905 йили, отаси вафотидан кейин, эндигина 14-15 ёшга кирган ёш Борисга ишлаб, оилага ёрдамлашишга тўғри келади. У Урганчдаги бир корхонага кичик хизматчи бўлиб ишга киради. Бу ерда у айрим мустамлакачи тўраларнинг маҳаллий халқ ишчиларига нисбатан шафқатсиз муносабатлари, порахўрликларини кўриб уларга нисбатан нафрати, меҳнаткаш ерли халқларга нисбатан меҳр-муҳаббати, ачиниш туйғулари ўса боради…
1910 йили Янги Урганчдаги Россия Осиё банки бўлимига ишга ўтган Борис дам олиш кунлари идора қошидаги арабча хатсаводни ўрганиш машғулотларига қатнай бошлайди, Тошкентда чиқиб турган “Туркестанский курьер” газетасида илк мақолаларини эълон қилади. Кейинчалик эса Тошкентга келиб, маҳаллий рус ва ўзбек матбуотида фаол қатнашади, ўзбек ва рус ёзувчилари билан алоқага киришиб кетади; 1934 йили Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасида рус адабиёти бўйича адабий маслаҳатчи, 1935 йили рус ёзувчилари бўлими раиси, “Литературний Узбекистан” журналининг таҳрир ҳайъати аъзоси вазифаларида ишлайди. Журналда маҳаллий рус ёзувчилари билан бирга, ўзбек ёзувчиларидан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Усмон Носир асарларининг русча таржималарини ҳам бостиради. Ўзининг “Хоразм ҳикоялари”(1931), “Матёқубов”(1933), “Миёвиддин Мирзо”, “Жунаидхон”(1936) каби асарлари эълон қилинади. “Мустамлакачилар” деган роман ёза бошлайди.
Чўлпон 1935 йили “Муштум” журнали таҳрир ҳайъатига жалб этилиши биланоқ Борис Чепруновнинг “Миёвиддин Мирзо” қиссасини ўзбек тилига таржима қилиб, журналнинг 1936 йилги ўндан ортиқ сонида чоп эттиради. Қиссага қисқагина кириш сўзи ҳам ёзиб, асар ҳақида шундай деганди: “Ўртоқ Борис Чепрунов томонидан ёзилган “Миёвиддин Мирзо” қиссаси халқ ижодига тааллуқли бир асардир. Халқ ижодида “Миёвиддин Мирзо”га ўхшаган ҳайвонлар ҳаётига оид асарлар кўпдир. Бу асарларда айрим ҳайвонларга турмушдаги жонли типларнинг сифати берилган. Шунинг билан айрим бир даврнинг хусусиятлари изоҳ қилинади. “Миёвиддин Мирзо” қиссаси Фарғонанинг сўнгги хони Худоёрхон даврига оиддир. Бу асарда хон ҳукуматининг бутун қабиҳлиги ва шариат қонунлари панжаси остида ҳимоясиз ҳолдаги камбағалларнинг эзилганлиги кўрсатилади. Асардағи ҳар бир ҳайвон ўша турмушдаги жонли бир кишини жуда усталик билан ифода қила олади. Халқ ижодида сатира жуда яхши томир ёзғон. Бизнинг сатирамиз кенг халқ ижодидағи тажрибалардан, усталиқлардан фойдаланиши керак. Шунинг учун “Муштум”да “Миёвиддин Мирзо” қиссасини босиб борамиз”.
Албатта, Чўлпон Борис Чепруновнинг Туркистон ўтмишидаги хонлар бебошлиги ва зулмига қарши аллегорик шаклда, ҳайвонлар турмушидан олиб ёзилган “Миёвиддин Мирзо” қиссасинигина эмас, балки унга ғоявий жиҳатдан яқин бўлган “Мустамлакачилар” романини ҳам таржима қилиши эҳтимолдан узоқ эмас эди. Чунки бу даврда Чўлпоннинг чор ва совет истибдодига кучли нафрати унинг фақат бадиий асарлари (масалан, “Кеча ва кундуз”) орқалигина эмас, балки айрим таржималари орқали ҳам изҳор қилинаётган эди. (Масалан, А.Афиногеновнинг 30-йиллари сталинча даҳшатли қўрқитув сиёсати таъсирида ёзилган “Страх” ҳикоясининг “Ваҳм” номидаги таржимаси.) Афсуски, 1937 йили республикамизда рўй берган сталинча қирғин сиёсати оқибатида Борис Чепруновнинг сўнгги асари — “Мустамлакачилар” романи босилмай қолади. Чўлпон таржимасидаги “Миёвиддин Мирзо” қиссаси ҳам алоҳида китоб бўлиб чиқмайди. Чўлпоннинг ўзи эса Чепруновдан анча бурун қамалиб, таржиманинг қўлёзма нусхаси ҳам йўқ бўлиб кетади. Қамоққа олингунга қадар ўша вақтдаги матбуот ва мажлисларда Борис Чепруновни аёвсиз “фош қилиш” давом этади.
1937 йилнинг 2 — 7 сентябр кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг 4-пленумида бир қанча талантли ўзбек, рус ёзувчи ва шоирлари каби Борис Чепрунов ҳам советларга қарши бўлган троцкийчи-бухаринчи террорчиларнинг Тошкентдаги гуруҳи аъзоси, тарихни сохталаштирувчи, буржуа миллатчилик ғояларининг ҳимоячиси деб аёвсиз танқид қилинди. Бу ҳақда 5 сентябрдаги йиғилишда рус ёзувчиси Плетнев сўз олиб, Борис Чепруновнинг “Жунаидхон” романида жадидлар идеаллаштирилган, деб чиқади. “Мен, — дейди у, — ўртоқ Чепруновнинг “Жунаидхон” романига тўхталмоқчиман. Бизнинг адабий доираларимизда мазкур асар адабиёт оламимизда бутун бир адабий ҳодиса дейилиб, кўкларга кўтарилди. Мен меҳнат таътилига кетганимда ушбу китобни ўзим билан бирга олиб кетиб, синчиклаб ўқиб чиқдим. Бу ерда шуни очиқ айтишим керакки, китобда жуда кўп носоғлом фикрлар, кўп сиёсий хатолар мавжуд. Жумладан, асарда асосий мавзу — жадидизм масаласида шундай хатолар бўлган. Романда жадидлар бўяб, нуқсонсиз қилиб тасвирланган. Асарда майда савдогарлар, ҳунармандлар — ҳаммаси гўё ўз халқининг маданияти ҳақида қайғурадилар, инқилоб учун фаол курашадилар. Бунинг оқибатида романда жадидизмнинг моҳияти очилмай қолиб кетаверади. Бу оқимнинг ортига бекинган йиртқич одамлар башараси очилмайди. Уларнинг ҳаммаси гўё бир фариштасимон, гуноҳсиз кишилар қилиб кўрсатилади. Бу тўғри эмас, ўртоқ Чепрунов! (Чепрунов: — Романни тушунмапсиз!) (Қаранг: “Стенограмма 4го пленума Союза советских писателей Узбекистана”, начато 2 сентября 1937 года, окончено 7 сентября 1937 года, ЦГА УЗ, фонд № 2356, опись, 1 ед.хр.30, стр. 42.)
1937 йил 19 октябрда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг рус адабиёти бўлими фаоллари билан биргаликда ўтказилган кенгайтирилган мажлисда 1937 йил 20 сентябрда “Комсомолец Узбекистана” газетасида босилган “Буржуа миллатчилари ва уларнинг ҳомийлари” деган мақола муҳокамаси бўлиб ўтади. Мақолада Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби бир қанча ўзбек ёзувчи ва шоирлари миллатчилиқда айбланган, маҳаллий рус ёзувчиларидан Бондаренко, Титов-Омский, таржимон Лидия Соцердотова ва бошқалар рус ҳамда ўзбек миллатчи ёзувчи-шоирларининг ҳомийлари ва тарғиботчилари деб туҳмат қилинган эди. Мазкур мажлисда сўзга чиққан Борис Чепрунов ва Лидия Соцердотова газетанинг бу фикрларига қарши чиқиб, танқиднинг туҳмат ва уйдирмалигини, мақолада айбланиб тилга олинган шахсларнинг гуноҳсизликларини исботлашга ҳаракат қиладилар. Лекин олдиндан шундай қаршиликлар бўлишини кутган НКВДнинг матбуот ва адабиёт ташкилотларида ишлаётган айрим айғоқчилари “Комсомолец Узбекистана” газетасида босилган мазкур туҳматкорона танқидни ёқлаб чиқадилар. Борис Чепрунов эса, уларга қарши чиқиб: “Мақоланинг руҳи туҳматдан иборат, у шахсий ўч олишга ўхшайди. Бондаренко ҳалол, меҳнаткаш бир одам, у бизнинг яхши дўстимиз… Мен Титов-Омскийни ҳам анчадан бери биламан, у ёш ёзувчилар ичида ишчан, ғайратли бир йигит, уни ахлоқий-маиший бузуқликда айблашлари ўринсиз, деб биламан”, — дейди.
Шундан кейин мажлисда Виленский деган кимса сўзга чиқиб, Борис Чепрунов билан бирга, ўзбек ёзувчиларидан Чўлпон ва Усмон Носирга тош отиб, уларнинг асарларини “Литературний Узбекистан” журналида эълон қилган муҳаррир Карцевни троцкийчи бузғунчиликда айблайди: “Ёзувчилар органи бўлган журналда кўп ишлар қилиниши керак эди, — дейди у ҳужумга ўтиб, — лекин унинг раҳбари троцкийчи Карцев бунинг ўрнига Чўлпоннинг романини ўзи бош бўлиб олиб келиб, журналда босишга буйруқ берди, бу ҳам етмагандек, кейин яна халқ душманлари бўлган Чепрунов ва Лаврентевнинг асарларини ҳам босди. Буларнинг ҳаммаси тўғридан-тўғри сиёсий кўрликдан бошқа нарса эмасдир”(ЦГА Уз, фонд 2356, опись , ед.хр. 27, стр. 9). Шундан сўнг таржимон Лидия Соцердотова сўз олиб, Борис Чепрунов фикрларига ҳамоҳанг фикрларни айтади, “Адабиётда буржуа миллатчилари ва уларнинг ҳомийлари” мақоласида номлари тилга олинган ўзбек, рус ёзувчи, таржимонларнинг ноҳақ айбланганликларини, жумладан, у газетада Абдулла Қодирий каби ёзувчиларга нисбатан бўлаётган ноҳақ ҳужумлар, унинг таржимонларига нисбатан ҳам ноҳақ туҳмат тошлари отилаётганлиги нотўғри, дейди. Соцердотова Абдулла Қодирийга ҳужум қилган Ковалчук билан баҳслашади:
“Ковалчук(Лидия Соцердотовага): — Сиз Абдулла Қодирийнинг сиёсий қиёфасини биласизми?
Лидия Соцердотова: — Ҳа, мен у кишини яхши биламан, у киши озодликда юрибди.
Ковалчук: — Сиз Абдулла Қодирий тақдирида фаол иштирок этганмисиз?
Соцердотова: — Ҳа, мен Абдулла Қодирий тақдирида муайян даражада иштирок этганман… Абдулла Қодирийнинг халқ душмани эканлигига ишонмайман.
Ковалчук: — Сиз ўртоқ Сталинга хат ёзганмисиз?
Соцердотова: — Ҳа, Абдулла Қодирийга ёрдам қилдим, мен ёздим, лекин, нимагадир, хатнинг қоралама нусхаси бу ердаги ёзувчилар уюшмасида экан…”
Борис Чепруновни қамоққа олиш ҳақида Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссарлиги 1937 йил 4 декабрда қарор қилади.
Бир ҳафта ўтарўтмас, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси шошилинч равишда мажлис ўтказиб, гўё ғоявий зарарли унсур сифатида қамалиши муносабати билан уни уюшма аъзолигидан чиқаришга қарор қилади.
Борис Чепрунов бир ярим ой қамоқ азобини чеккач, 1938 йил 23 январда биринчи бор терговга чақирилади. Бунгача у ва унинг асарлари ҳақида ёзувчилар уюшмасида туҳматли ҳужумлар уюштирилган ва ички тақризлар йиғилиб бўлган, у энди терговчи олдида фақат унга қўйилган ўша “айб”ларни сўзсиз бўйнига олиши ва ўзини охиригача “фош қилиши” керак эди, холос! Узоқ вақт қамоқ ва қийноқ азобидан ҳолсизланган Борис Чепрунов ўзига қўйилган айбларни бўйнига олишга мажбур бўлади, терговчилар эса, баённомада уларни янада бўртириб, ўз қўллари билан бичибтўқиб ёзиб қўядилар.
Борис Чепрунов беш ойдан зиёд қамоқ азобида қийналиб ётади ва 1938 йил 8 октябрда СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг Тошкентдаги кўчма сессияси қарори билан олий жазо — отувга ҳукм қилинади. Ҳукм ўша куни ижро этилади.
Бу машъум ҳодисадан сўнг адибнинг оила аъзолари ҳам таъқиб ва тазйиққа учрайдилар, қўрқувда яшайдилар. Улар ўз уйларидан чиқарилиб, сарсонсаргардонликка юз тутадилар. Ёзувчининг НКВД ходимлари томонидан олиб кетилган асарлари ёндириб ташланади, фақат баъзиларигина (масалан, сўнгги асари “Мустамлакачилар”нинг қўлёзмаси) тасодифан омон қолади. Сталин вафотидан сўнг, бир неча йил ўтгач унинг оила аъзолари (рафиқаси, укаси ва бошқалар) Борис Чепруновнинг ишини қайта текшириб, оқланишига ёрдамлашишларини сўраб юқори ҳуқуқ органларига ариза бера бошлайдилар. Борис Чепруновни билган ва унинг асарларига тақриз ёзган айрим рус ёзувчилари, Узлит раҳбарлари гувоҳ сифатида қайта суриштирилади. Уни 30-йиллардан яхши билган Андрей Иванов, Александр Удалов Борис Чепруновнинг ўша вақтдаёқ адабиётда машҳур бўлганлиги, бошловчи рус шоир ва ёзувчиларига самимий ёрдам кўрсатганлиги, ундан ғоявий зарарли фикрларни эшитмаганликларини айтадилар. “Жунаидхон” романига ёзилган салбий тақриз муаллифи Узглавлит бошлиғи ўринбосари Бресловский чақирилиб, ўша вақтдаги тақризга бугунги муносабати ҳақида сўралганида, у тақриз бошқа мутахасис томондан ёзилиб, фақат унинг имзосигина борлиги, ўзи бу соҳада мутахассис эмаслигини тан олади. Бирмунча вақт ўтгач иш қайта кўрилиб, СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг 1957 йил 28 июндаги қарори билан Б.Чепрунов оқланади.
Борис Чепрунов расман оқланганидан кейин баъзи асарлари қайта босилиб, ёзувчи ҳаёти ва ижоди ҳақида илк мақолалар кўрина бошлайди. У ҳақда рус танқидчи ва адабиётшуносларидан И.Гринбергнинг “Единство творческого и жизненнего пути”(1965), Ирина Тёмкинанинг “Не листай страницы, воскреси”(1990) мақолалари эълон қилинади. Уларда биринчи бор Б. Чепруновнинг ҳаёт йўли, яратган асарлари ва уларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари холис ёритилади. Бироқ, шунга қарамасдан, ўтган эллик йил ичида Борис Чепрунов ҳақида бошқа ишлар амалга оширилмади, унинг “Яширин душман”(1931), “Матёқубов” (1933) каби асарлари қайта нашр этилмади. Чўлпон таржимасидаги “Миёвиддин Мирзо” қиссаси ҳам ҳалиҳамон китоб ҳолида чоп этилганича йўқ…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 51-сонидан олинди.