Ҳар қандай йирик адибнинг адабий ва эстетик қараши, биринчи навбатда, ўз ижодига бўлган муносабатида кўринади. Улуғ шоир Алишер Навоий ҳазратлари бадиий асарни гулга ўхшатган, яъни ижод маҳсули шоир наздида гулдай чиройли бўлмоғи, унда мазмун ва шакл уйғунлашмоғи лозим. Бу борада буюк бобомиз шундай ёзган:
Назмда ҳам асл анга маъни эрур,
Бўлсун анинг сурати ҳар на дурур.
Ҳазрат бадиий тасвирда муболаға, ташбиҳ, истиора меъёридан ортиб кетишини ҳам қоралаган:
Агар даҳр аро сепса мушки татор,
Кўнгулни қилур тийраю кўзни тор.
Абдураҳмон Жомийнинг “Қоида ва меъёрдан ортиқ тушган хол маъшуқ юзини бузади”, деган фикри ҳам мазкур масала моҳиятини теран акс эттиради. Навоий наздида инсонни ҳаётдан, жамиятда юз берган ва бераётган воқеа-ҳодисалардан ажратиб тасвирлаш асло мумкин эмас. Чунки инсон ижтимоий ҳаёт маҳсули.
Ким ҳаводис ери дурур олам,
Ондин озод эмас бани одам.
Навоийнинг инсонни тасвирлаш борасидаги фикрлари ҳам ғоят қимматлидир. Инсон зоҳирий кўринишда бир хил бўлса-да, ботиний, яъни табиати, руҳияти, дунёқараши жиҳатдан турли-тумандир.
Кимники инсон десанг инсон эмас,
Шаклда бир, феълда яксон эмас.
Улуғ шоир ўз ижодида мазкур қарашларига ҳеч оғишмай амал қилгани шак-шубҳасиздир. Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор ҳам худди шу йўлдан борган — сўзи ва иши бир ижодкор эди. У асар воқеалари замирида китобхонга айтмоқчи бўлган фикрнинг салмоғига катта эътибор берган. Башарти ғоя салмоққа эга бўлмаса, кимнинг асари бўлишидан қатъи назар, аямаган. Бу борада у Арастунинг: “Менга дўстларим ҳам, ҳақиқат ҳам қадрли, аммо бурч ҳақиқат тарафида бўлишни тақозо қилади”, деган сўзига амал қилган. Жумладан, Саид Аҳмаднинг “Тортиқ” тўплами ҳақида ёзган тақризида ҳикояларнинг бўшлигини мантиқий асослаб, шундай ёзади: “Унинг ҳикоясида бўлган “адабий” камчиликларни ёшлиги туфайли кечириш мумкин, лекин адабий тажрибасизликка боғлиқ бўлмаган камчиликларни кечирмаслик керак”. Бу фикрни адибнинг ижодий принципи дейиш мумкин. Чунки унинг ўзи бир умр шу фикрига, шу принципга амал қилиб келди.
Абдулла Қаҳҳор фақат бўш асарларни танқид қилмаган, балки яхши асарларнинг жозибасини ҳам очиб бериб, китобхон фазилатининг сири нимада эканлигини инкишоф қилиб, маҳорат йўлларини кўрсатган. Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи эълон қилинганда адиб ниҳоятда суюнган ва “Илҳом ва маҳорат самараси” сарлавҳали мақоласини ёзган. Унда шундай дейди: “Ўқишлик китоб ёзиш, унинг ҳар саҳифасини, ҳар сатрини китобхонга манзур қилиш, китобхонни қувонтириш, унинг кўнглини топиш осон эмас. Бундай китобни ёзиш учун ёзувчининг маҳорати, китоб ёзишга ҳаваси, ҳатто енгиб бўлмайдиган хоҳиши ҳам кифоя қилмайди, буларнинг устига дард, ҳаёт берган илҳом, калла ва қалбдан бошқа ҳар қандай майда орзу-ҳавасини, ҳар қандай манфаат-ғаразни қувиб чиқарадиган йирик-юксак ғоя мавж урадиган илҳом керак. Илҳом билан маҳорат топишгандагина китоб ёзувчининг қалбидан қўшиқдай отилиб чиқади, китобхоннинг қалбида акс-садо янграйди.
…“Уфқ”да тасвир этилган қишлоқ ҳаётини, одамларини кўриб ҳар бир ўзбек катта ифтихор билан: “Биз ўзбеклар!” — дейди, қардош халқлар ўзбекни меҳр билан: “Ўзбек оғайним”, деб атайди”. Мазкур роман ҳақида фикр билдирган бирорта адабиётшунос унинг ҳақиқий лейтмотивини белгилаб бермаган эди, Абдулла Қаҳҳор белгилаб берди.
Абдулла Қаҳҳор адабий қарашларида нафақат бир-икки ижодкорнинг, балки ўша давр адабиётининг олдидаги вазифаларни ҳам белгилаб берган эди, десак муболаға бўлмайди. Чунончи, “Ижодий фаоллик ва жасорат” мақоласида у шундай ёзади: “Ёзувчининг қулоғи ҳамиша халқнинг кўксида бўлиши, унинг қалбидаги ҳаяжонни дарҳол сезиши, илғаб олиши, шундан илҳомланиши, асарини мана шу илҳом, кучли эҳтирос билан ёзиши керак. Ўшанда ёзувчи халқнинг тили учида турган гапни айтади, халқ дилининг таржимони бўлади. Эҳтирос билан ёзилган ҳақиқий асарда лоқайд саҳифалар эмас, сатрлар, сўзларга ҳам ўрин бўлмайди. Бундай асарлар адабиётдагина эмас, халқнинг маънавий ҳаётида ҳам катта воқеа бўлади. Шундагина ёзувчининг сўзи китобхоннинг қулоғидан, қиёфаси унинг кўз ўнгидан кетмайди”.
Шунингдек, ушбу мақолада ижодий фаоллик ва жасоратга тўғри таъриф берилган, унинг ижод жараёнидаги моҳияти очилган, яъни роман кетидан роман, поэма кетидан поэма, туркум шеърлар, пиесалар ёзиш эмас, балки ҳаёт, давр талабларини теран англаб, бадиий ҳақиқат орқали халқнинг онгига етказиш, образлар фаолиятида қўйилган масалани ҳал қилиш ҳар бир шахснинг бурчи эканлигини англатиш таъкидланган. Бу фикр шу пайтгача ҳам ўз қимматини йўқотмай келяпти, бундан кейин ҳам йўқотмайди.
“Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа хислатлари қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир. …Улуғ Навоий ҳақ-ҳаққониятга келганда, вазирлик либосини ечиб ташлаб “қора халқ” қучоғига отилган, Фурқат ёлғончилик уяси бўлмиш бойларнинг юзига “туф” деб шеър ёзган…”, деб қайд қилади “Шижоат ҳақида” мақоласида. Маълумки, ҳар қандай фикр кишининг табиатига, ички нидосига, дунёқарашига боғлиқ. У олам ва одамни қандай идрок этса, шундай тасвирлайди. Абдулла Қаҳҳор табиатан шижоаткор эди. Шу хусусияти унинг мазкур мақоласига ҳам кўчган.
Адиб “Поэзия — юксак санъатдир” мақоласида Чустий ижодига тўхталиб, шоирнинг дастлабки ижодида мумтоз шеъриятга эргашиш, ҳатто Навоий, Муқимий, Фурқат, Амирий шеърий мисраларидан фойдаланиш ҳоллари мавжудлигини, вазн, қофияда ўз-ўзини қайтариш ҳоллари борлигини холис кўрсатади. Адиб ёзади: “Боғимда” шеъри Чустий ижодининг мотиви бўлса, “Нур кони келди” деган шеъри шоирнинг камолот даражасини белгилайдиган шеър”. Мақолада келинган хулосадан ижодкорнинг ўзига бўлган ишончи сусаймайди, балки ортади. Айни пайтда, ушбу хулосалар шоирнинг ижод йўлини белгилаб олишига хзмат қилади. Мақоласига адиб шундай хулоса ясайди: “Чустий талантли шоир. У ёзган бирмунча шеърлар, ашулалар ҳозирги поэзиямизда маълум ўринни олади. Унинг вазифаси мана шу муваффақиятни мустаҳкамлаш ва олға қараб дадил-дадил қадамлар ташлашдир. Биз юқорида унинг илгарилашига халал бериб турган нарсаларни кўрсатдик. Оз муддат ичида диққатни жалб қиларлик фаолият кўрсата олган шоир учун бу камчиликлардан қутулиш, биринчи навбатда, зарур бўлган ишдир”. Абдулла Қаҳҳорнинг адабий-эстетик қарашлари шундай қувватга эгаки, унда адабиётшунослик масалалари ижод жараёнининг сир-асрорлари билан уйғунлашиб кетган. “Ҳаёт ҳодисасидан бадиий тўқимага” мақоласи бунга яққол мисол бўлади. Маълумки, адабиётшуносликда фабула нима, у қандай восита эканлигини аниқ тасаввур қилишга талабалар тугул мутахассислар ҳам қийналади. Чунки бу борадаги қарашлар ҳар хил, мисоллар эса кам, улар ҳам аниқ эмас, мавҳум. Адибнинг мақоласини ўқиб, ушбу масаланинг моҳиятини яққол англайсиз. Ҳатто фабулага ёрқин, аниқ таъриф бериш мумкин: ҳаётий воқеликдан келиб чиққан, ундан туғилган бадиий воқелик, яъни бадиий ҳақиқат — асар воқеаси фабуладир. Тўғри, мақолада “фабула” деган термин ҳам, бундай таъриф ҳам берилмаган. Лекин мақола бунга имкон беради.
Адиб ёзади: “Агар ёзувчилик турмушдан нусха кўчиришдан иборат бўлса, бундан осон иш бўлмас эди. Ҳаётдан айнан кўчириш, китобдан кўчиришдай гап. Копия копия бўлиб қолаверади. Бундай нарсалардан оригиналлик кутиш беҳуда. Оригиналлик ҳаёт ҳақиқатини дилдан ўтказиш, унга кўнгилдаги гапларни сингдириш, тилагингни қўшиб ифодалаш билан юзага келади. Бадиий ҳақиқат вужудга келтирадиган, маҳалла комиссиясининг “шунга ишонинг”лар, деган мазмундаги справкасига ҳожат қолмайдиган меъёр, факт ва уйдирма меъёрини топишнинг мушкуллиги ҳам худди мана шундадир”. Бу гапларнинг барчаси маҳоратга тегишлидир. Ёзувчининг ўзи эса ижод жараёнида унга амал қилган, асарларининг ўқишлилиги сири ҳам ана шундадир.
Адабий-эстетик қараш фақат мақола ёзш билан чекланмайди, балки ёш талантларни илғаб олиши, уларнинг кўнглини кўтариши, оёққа туришига кўмак бериши, асари ҳақида тўғри гапни айтиб, йўлга солиш ҳам белгиланади. Шукур Холмирзаевнинг “Тўлқинлар” номли биринчи қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида босилганда, ёш ёзувчининг истеъдодини биринчи бўлиб Абдулла Қаҳҳор илғаган ва унга қуйидаги хатни ёзган:
“Ҳурматли Ш.Холмирзаев!
“Шарқ юлдузи”да босилган “Тўлқинлар” повестингизни ўқидим. Повесть яхши таассурот қолдирди. Маъмуржонни бошда табассум билан тасвир этасиз. Бутун асар давомида қисқаликка интиласиз. Ёзувчиликда кўзингиз очилиб келаётгани кўриниб турибди. Назаримда, повестнинг номи тўғри эмас. Кейинги ишларингиз бароридан келсин!
Салом билан: Абдулла Қаҳҳор”.
Атоқли адибнинг бу эътирофи ёш ёзувчига қанот боғишлаганини унинг ўзи эътироф этганди.
Абдулла Қаҳҳорнинг “Киши шунга суюнадики, адабий ёшларимиз замонимизнинг талабини сезади, адабиётга унинг юксак ижтимоий-эстетик вазифасини идрок қилиб, олий мақсад учун курашда қўлидаги қурол эканини англаб кираётибди”, деган фикри бугунги ёшлар ҳақида ёзилгандек жаранглайди. Демак, устоз адибимизнинг адабий-эстетик қарашлари, ўлмас асарлари билан бир қаторда, бадиий ижоднинг мукаммаллиги учун хизмат қилаяпти.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 33-сонидан олинди.