Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий шахси ва ижодиёти барча замонларда илм ва ижод аҳлини ҳайратга солиб, илҳомлантириб келган. Илмда навоийшунослик энг етакчи соҳа саналади. Ўзбек адабиёти ва санъатида эса буюк алломанинг сиймосини яратишга бўлган ҳаракатларнинг ўзи бир тарих.
Таниқли адибимиз Омон Мухторнинг ўтган йили чоп этилган “Навоий ва рассом Абулхайр” номли китобидан жой олган “Ишқ аҳли” ва “Буюк фаррош” романлари улуғ бобокалонимизга бўлган юксак эҳтиромнинг яна бир тасдиғидир. Романлар қизиқарли услубда, ранг-баранг оҳангларда битилган.
Алишер Навоий таваллудига 566 йил тўлган айни кунларда мухбиримиз шу янги романлар муаллифи билан учрашиб суҳбатлашди, адибнинг Навоий ҳақидаги дил сўзларини, шоир шахси, тенгсиз ижодий меросига тегишли фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди. Қуйида суҳбат баёнини ўқийсиз.
Мамлакатимизда ҳар йили Алишер Навоий таваллуд топган кун кенг нишонланади. Улуғ шоиримиз шахсига бўлган қизиқиш, унга бўлган эҳтиром йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Навоийга ўз замонида ҳам бутун Шарқда жуда катта қизиқиш билан қаралган ва Ғарбда ҳам бунинг акс-садолари кўринган. Улуғ шоирга эҳтиром у таваллуд топгандан кейин ўтган асрларда ҳеч сусайган эмас, аксинча кўтарилиб борган. Айниқса, мустақиллик йилларида Навоийга кўрсатилаётган эъзозу эҳтиромни соҳибқирон Амир Темурга кўрсатилаётган ҳурмат-иззатдан кейинги иккинчи ўринда, деб айтиш мумкин.
Маълумки, Амир Темур ҳар қандай салтанатда бўлганидек, атрофига ўз диёри, ўз юртидаги ишончли одамларни кўпроқ йиғади. Лутфийнинг ота-боболари, Навоийнинг ота-боболари бир пайтлар Самарқанд атрофида жамланишган. Булар Шаҳрисабздан келганми, Китобдан ёки Бухородан келишганми, балки Самарқанднинг ўзиданми — биз буни фақат тахмин қиламиз. Ва биз биламизки, Амир Темур вафот этганидан кейин, унинг ўғли Шоҳрух Мирзо пойтахтни Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Табиийки, пойтахт кўчганда сарой аҳли: олимлар, аъёнлар, шоирлар, санъаткорлар — катта бир жамоа Самарқанддан Ҳиротга кўчади. Мен ишонч билан айтаман, романда ҳам шундай ёзганман, Навоийнинг ота-боболари вақтида шу ердан ўша томонга бориб қолган. Бу ҳам бизга Навоийнинг бевосита дахли борлигини кўрсатади. Иккинчидан, Навоийнинг тили бошқа қардош туркий халқлар тилларидан ажралиб туради, бизнинг тилимиз кўрки акс этган. Асарларининг бутун руҳи бизнинг Зарафшон воҳамиз, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд — шу атрофдаги лаҳжага яқин. Бир пайтлар Навоий тилини турк тилига, озар ёки уйғур тилига яқин, деган биродарларимиз ҳам бўлди. Бу гаплар нотўғрилигини улуғ шоиримиз асарларини қайта-қайта ўқиганда чуқур ҳис этасиз. Учинчидан, Навоий ғазалларига Шарқда жуда кўп шоирлар, айниқса, туркий халқларнинг шоирлари мухаммаслар боғлашган. Лекин энг кўп мухаммасни бизнинг шоирлар ёзган. Ана шу мухаммасларнинг ўзи Навоий ижодининг шоирларимиз фаолиятида давомдорлигини кўрсатади.
Бизнинг замонамизда ҳам машҳур шоирларимиз мухаммаслар боғлашган. Ғафур Ғулом, Собир Абдулла, кейинчалик Эркин Воҳидов, Жамол Камол, бошқалар. “Тепаликдаги хароба” романимда шундай мухаммаслардан бир банд, бир банддан келтирганман. Булар Навоий ҳақида романлар ёзишга киришаётганда шоир руҳини ҳис этиш йўлидаги ҳаракат бўлган. Бошқа бир қатор шоирларимиз сафида Навоий ғазалларига бир-икки мухаммас ҳам боғладим. Шулардан бирида Навоийнинг машҳур ғазалидаги “Ишқ аҳли аро наво бўлибдур”, деган сатр келадики, “Ишқ аҳли” деган романимнинг номи шу мухаммасни ёзганимда хаёлимга келган. Мана, ўша мухаммас:
Оламки, қошингда ё бўлибдир,
Юзунгда кезар сабо бўлибдир,
Босган қадаминг садо бўлибдир,
Кўзунг не бало қаро бўлибдир,
Ким, жонга қаро бало бўлибдир.
Боқма манга, деб у шарт қилди,
Рангимни бутун у зард қилди,
Жисмимни йўлида гард қилди,
Мажмуи давони дард қилди,
Дардингки, манга даво бўлибдир.
Ҳолим эмас эрди элда пинҳон,
Умрим уйини у қилди вайрон,
Сарсон бўлайинми ёки яксон,
Ишқ ичра анинг фидоси юз жон,
Ҳар жонки, санга фидо бўлибдир.
У қайтмаса, не қилай, хатодин,
Дарс олмаса вақтида ҳаёдин,
Қўрқиб ҳам ўтирмайин Худодин —
Бегона бўлибдир ошнодин,
Бегонага ошно бўлибдир.
Мен дердим, анинг нидоси жоним,
Оламдаги нур либоси жоним,
Олисдаги моҳ равоси жоним,
То қилди юзунг ҳавоси жоним,
Юз сори анга ҳаво бўлибдир.
Қисматми эди ишққа монеъ,
У билмади мангу не, не оний.
Бу кун ўтадир, келар-ку соний.
Бақо топар улки бўлди фоний,
Раҳравға бақо фано бўлибдир.
Қўй, қилма, Омон, шикояти ишқ,
Шундайдир азал ҳикояти ишқ,
Лекин йўқ экан ниҳояти ишқ,
То тузди Навоий ояти ишқ,
Ишқ аҳли аро наво бўлибдир.
Навоий — миллат фахри, ғурури. Улуғ шоиримиз номида вилоятимиз бор, Тошкент бағрида Навоий номида театримиз бор, кўча бор, метро бор. Мустақиллик йилларида унинг номи билан аталган Миллий боғ барпо этилди, бобомизнинг муҳташам ҳайкали ўрнатилди. Хуллас, биз ҳар бир қадамда Навоийнинг номига, руҳига рўпара келамиз. Навоийни эсламаган пайтимиз кам. Кўпчиликдан Навоийни биласанми, деб сўрасангиз биламан, дейди. Лекин, бошқа томондан қарасангиз, Навоийни билишдан қийин иш йўқ. Умуман, бизнинг шарқ адабиётини, айниқса, унинг даҳо вакили бўлган Навоийни биламан, дейишга киши истиҳола қилади. Менинг тасаввурим шундайки, бу бир уммон, ундан сиз бир челак сув олишингиз мумкин, холос.
Энди, шу ўринда яна бир гап. Мен ҳамма нарсани биламан, дейиш донолик эмас, нодонлик. Инсон ҳамма нарсани билиши мумкин эмас. Донишмандлар: қанчалик кўп ўқисам, ўзимнинг саводсизлигимни, нодонлигимни шунчалик билдим, дейди. Биз ҳам шундай ҳолга дуч келамиз: Навоийни қанчалик ўқисак, ўзимизнинг кам билишимизни, нодонлигимизни ҳис этамиз.
Навоийга бағишлаб юзлаб, минглаб китоб ёзилган. Мана, ўзимизнинг ўзбек адабиётида буюк устоз Ойбекнинг “Навоий” романи, Миркарим Осимнинг қиссаси, Иззат Султон, Азиз Қаюмов китоблари, Батнинг “Ҳаёт бўстони” асарини ёшликдан ўқиб келамиз. Бу асарлар ҳар бири биз учун қадрли, бироқ назаримда ҳамон мукаммал Навоий тасвири йўқ. Бу қайсидир ижодкорга насиб этишини ҳам тасаввур қилолмайман. Чунки Навоийнинг бутун бўй-бастини кўрсатишнинг умуман иложи йўқ. Шу боис “Навоий ва рассом Абулхайр” деб номланган китобдаги икки романимда мен ҳам Навоийни тугал кўрсата олдим демайман. Буни билганим учун ишга киришгандаёқ фақатгина бир рассомнинг Навоийни тасвирлаётган пайтдаги кузатишларини акс эттиришга ҳаракат қилдим. Бу бир ижодкорнинг буюк даҳо олдидаги қарзини ҳис этиб, уни “узишга” уриниши, дейиш мумкин.
Мен асарда Навоий образини суратдан сийратга айлантиргим келди, у даҳо бўлгани ҳолда, ерда юрган бир одам, бир банда бўлганини тасаввур қилиб, уни шу сифатда акс эттиргим келди.
Навоийнинг шахсий ҳаёти, ижоди, тафаккури бизнинг тасаввур этганимиз ёки тасаввур эта олганимиздан минг баробар кенг. Биз бир нигоҳгина ташлай оламиз. Мана шу бир нигоҳ орқалигина — рассомнинг нигоҳи орқалигина мен уни суратдан сийратга айлантиришга уриндим-да, — қайси даврда яшаган, қандай яшаган, нималарни ўйлаган — шуларни ҳам фақат рассомнинг тасаввури орқали акс эттирдим. Навоий тафаккурини англаш диққат марказида бўлди.
Бу гапларни батафсилроқ айтишимга сабаб, бизнинг баъзи адибларимиз, олимларимиз шундай талабларни қўйишадики, бир асарда гўё ҳамма нарса бўлиши керак. Сен Навоий ҳақида ёздингми, мукаммал тасвирлашинг керак. Ахир, биродар, одам ўзининг ҳолатини ҳам билиши керак-да, сен ҳам билгин, мен ҳам… Ҳали айтганимдек, у шундай чексизки, уни мукаммал акс эттиришнинг иложи йўқ! Асрлар мобайнида, барча авлодларнинг Навоийга бўлган қизиқиши, эҳтиромининг абадийлиги боиси ҳам шунда-да! Янги авлодлар янгидан мурожаат қилади. Мен Ойбек домлаларнинг, Миркарим Осимнинг авлодидан кейин ўз авлодимизнинг бир нигоҳини илғашга ҳаракат қилдим.
Навоий ҳақида асар ёзаман деган одам, табиий, унинг асарларини қайта-қайта ўқийди. Қайта-қайта ўқиган сайин бу асарларни чуқурроқ тушуниб борасан. Мана шу ўқишлар жараёнида биз Навоийнинг бирорта китобини хатоларсиз босмаганимизга гувоҳ бўлдим ва бу менинг энг катта ўкинчим. Бировга малол келмасин-ку, лекин биз Навоийнинг асарларини ҳеч бир, ҳаттоки, тиниш белгиларида ҳам хатосиз нашр этишга эришишимиз керак. Афсуски, баъзан жиддий, баъзан оддий хатоларга дуч келамиз. Мана, “Хазойин ул-маоний”дан бир-икки мисол. “Ғаройибус сиғар” қисмида, 28-бетда Оллоҳ маъносидаги “Кирдигоро” сўзи “кирдгоро”, деб босилган. Кўп жойларда “қаро” сўзи билан “қора” сўзи адашиб ёзилади. “Менга” ва “манго” сўзлари ҳам шундай. Навоий бу сўзларни икки хил ишлатади, у тилнинг бойлигини кўрсатади. “Хонумонимни қаро қилди юзи қора кўнгил”, дейди. Шоир бу сўзларнинг ҳар бир шаклида чуқурроқ маънони кўрган ва биз уларни айнан ўз шаклида ёзишимиз зарур. Баъзи ўринларда, масалан, “ушалғай” сўзи “ушлағай”, “ёра” сўзи “яра” тарзида хато босилган. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Бундан хулоса шуки, биз Навоийнинг ҳар бир сўзига жуда катта эътибор, эъзоз билан ёндашишга бурчлимиз.
Юқорида мухаммас ҳақида гапирдик. Навоий ғазалига мухаммас боғлайман, деб кўча гапларини тизиб, вазнни бузиб, ғазал руҳига тушмай ёзиш, менимча, бу ҳам жиддий хато, ҳатто одобсизлик.
Бир пайтлар, шўро даврида шоирнинг: “Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак”, деган гапини ушлаб олиб, уни даҳрийга айлантиришга уринишлар бўлган. Бу ҳақда кўп ёзилган, менинг гапим янгилик эмас. Бироқ ҳозирги кунда Навоийни зоҳидларга ўхшаган қилиб кўрсатишга уринишлар сезилиб қоляпти. Навоий зоҳид эмас, ошиқ. У шу оламнинг ошиғи, биринчи навбатда. Аввало, у Оллоҳнинг ошиғи. Лекин, айни пайтда Оллоҳ яратган шу дунёнинг ҳам ошиғи. Буни унутмаслик керак. Навоийнинг Оллоҳ ҳақидаги гаплари билан Ердаги ёр ҳақидаги гапларининг фарқига бориш керак.
Мисол учун, “Зуҳд ила тақво ҳарому, май ҳалол ўлди яна” сатрини олайлик. Бунинг Худога нима дахли бор? Ёки аниқ мисол: “Ошиқ ўлдим, билмадим, ёр ўзгаларга ёр эмиш, Оллоҳ-Оллоҳ! Ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш”. Яна: “Лабларингдин қон ютмоқ… жоми висолинг йиқса не ғам…”, деган сатрлар. Қолаверса, “Не ҳақни унут, не майни қўйғил мутлақ” деган сатрда гап фақат “май” эмас, балки “дунёдан баҳрамандлик”, “дунё ишлари”, деган маъно келади. Хуллас, Навоийда минг хил ҳолат, манзара бор, буларни қориштирмаслик керак, демоқчиман.
“Ишқ аҳли” эълон қилинган, “Буюк фаррош”ни ёзаётган пайтим. Навоийни ўзи эшитган (радиодами, бирор даврадами) уч-тўрт қўшиқни тинглаш доирасида билган бир дўстимиз менга таъна қилиб: “Навоийга яна ёр топиб бераяпсизми?!” деб қолди. Бу гапнинг бемаънилигини ва оғирлигини қаранг.
Гули, албатта, бир эртак ва ёшликдаги бир эпкин. Биринчи муҳаббат, деган тушунча. Номи Гули эканлиги шартли. Лекин Навоий кейинчалик бировни чинакам севган. Буни Ҳусайн Бойқаро ва бошқалар ҳам йўл-йўлакай, қандайдир беозор шаклда эслатишади. Зеро, Шарқда одоб доирасини сақлаш ниҳоятда муҳим фазилат саналган. Асарда ҳам айтганман, Навоий ғазалларини қайта-қайта ўқиб, бунга юзлаб мисолларга дуч келдим. Хўп, севмай туриб: “То лаби жонбахшидин топди Навоий коми дил” — деб ёзиб бўладими?! “Жонбахшидин” деган сўзга қаранг: “жон бахш этган” мазмунида. Буни Оллоҳга боғлаб бўладими?! Қўрқиш керак.
Умуман, Навоийга ҳавойи қараб, унинг реал ҳаётдаги реал инсон эканлигини унутиш ярамайди.
Асарда бу ҳолатни тасдиқлаганман. Қайтариб ўтирмайман! Умуман, бу — баъзибир одамларга Навоийни “қашшоқлаштириб, бутга айлантириш”нинг нима кераги бор, тушунмайман. У чинакам инсон, бир инсондек яшаган, савод етмаса айб Навоийда эмас.
Мен ҳурмат қилган, ҳатто қадрлаган баъзи олимларимиз Навоийнинг муҳаббатини яхлит ҳолда, биргина муҳаббат бу, деб уни Хадича бегимга боғлашади. Даҳшатли жойи, менинг асарларим баҳонасида ҳам, шундай фикр матбуотда анча кенг “ёритилди”. Бу — шу қадар одобсизликки, сўз билан ифодалаёлмайсан. Навоийга, ҳатто Ҳусайн Бойқарога енгил-елпи ёндошиш фақат саводсизлик эмас, баён қилиб бўлмайдиган даражадаги гуноҳ!
Биз Алишер Навоийдек даҳо шоирнинг авлодлари эканлигимиз билан фахрланиб, келажак авлодларга унинг меросини бутун етказишга масъулмиз. Бунинг учун тарғиботдан ташқари, ҳали яна кўп амалий ишлар керак.
Суҳбатдош Аҳмад Отабоев
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 6-сонидан олинди.