XX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод қилган ўзбек ёзувчиларининг барча авлоди тарихнинг ўта мураккаб даврларини бошидан кечирди. Агар Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек ёзувчилари орасида сиёсий қатағонларнинг биринчи қурбони бўлган бўлса, Боту ва Рамзийлар, Чўлпон ва Фитратлардан кейин Шуҳрат ва Шукруллолар авлоди ҳам 30-50 йилларда авж олган қатағоннинг аччиқ тузини тотишга мажбур бўлди.
Ўзбекистон халқ шоири Шуҳрат гарчанд 50-йиллар қатағонидан омон чиққан бўлса-да, умрининг сўнгги кунларига қадар ана шу ажал майдонида орттирган жароҳатлари билан яшади. Унинг “Шинелли йиллар дафтари” шеърий туркуми ва “Шинелли йиллар” романида уруш мавзуи бадиий талқин этилган. “Институтни битиргач, 1940 йил кузида армия сафига чақирилгунимча Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетиб, фақат урушнинг охирги йилидагина ярадор ва контузия бўлиб уйимга қайтдим”, — деб ёзганди шоир. Ойбекнинг “Қуёш қораймас” романи ва Абдулла Қаҳҳорнинг “Олтин юлдуз” қиссаси таъсирида Шуҳрат ҳам ўзбек жангчиларининг уруш майдонларидаги жонбозлигини кўрсатиш ниятида “каттароқ нарса” ёзмоқчи бўлган. Бунда “асосий материал бўлиб ўз биографияси хизмат қилиши” зарур эди. Аммо унинг 1940 йил кузида бошланган жанговар йўли шоир мухлислари учун ҳамон қоронғи бўлиб келмоқда.
“Шинелли йиллар дафтари” шундай тўртлик билан бошланган:
Қирқинчи йил эди. Ноябр беши,
Ёшлигим бешигин тебратди сафар.
Бу сафар умримнинг жанговар эши,
У билан ҳамроҳдир илҳом ва зафар.
Шуҳрат Тошкент педагогика институтини тугатгач, армия сафига чақирилган ва ҳарбий хизматни ўташ учун Кавказга юборилган. Тбилиси шаҳрига етиб боргач, 63-тоғ-ўқчи полкига қарашли 1-баталоннинг 1-ўқув ротасига оддий жангчи этиб қабул қилинган. Ярим йил мобайнида баталоннинг асосий машғулотлари Грузия пойтахтининг Шаумян кўчасидаги гарнизонда, ёз ойларида эса шаҳар чеккасидаги лагерда ўтган. Кечагина ижод ташвишлари билан яшаган шоир урушнинг ўтли нафаси кириб келгунга қадар ҳарбий ҳаётга кўникиб борган. Уруш бошланиши билан эса баталон Бокуга кўчирилган ва Шуҳрат ноябр ойига қадар пиёда аскарлар билим юртида ўқиган. Лейтенант унвонини олиб ўқишда яхши натижаларга эришгани туфайли Ғулом Алимов (Шуҳрат) билим юртида взвод командири лавозимида қолдирилган.
Билим юрти 1942 йилнинг август ойида 164-курсантлар бригадасига айлантирилади ва навқирон лейтенант ўша ойнинг ўзидаёқ 2-рота командири ўринбосари лавозимида фронтга — Шимолий Кавказга жўнатилади. Рота 164-бригада таркибида Моздок шаҳри яқинидаги Чекало қишлоғига бориб жойлашади. Сентябр ойининг ўрталарида бошланган ва бир ярим-икки ҳафта давом этган аёвсиз жангларда баталон катта талофат кўради. Шуҳрат ана шу биринчи жангда урушнинг нафақат қанчадан-қанча обод шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилаётгани, балки минглаб бегуноҳ кишиларга қирон келтираётганини ҳам ўз кўзи билан кўради.
Окопдаман, кўзим ўнгидан
Бир-бир ўтар шонли лавҳалар.
Ширин ўйлар тинар. Сўнгидан
Қалбим ўртар қонли лавҳалар.
Бир лавҳаки, отилган гўдак
Ғарчча тишлаб ётар тилини.
Зулм туфайли минглаб келинчак
Тарк этади севган элини…
Нималарни қилмади душман,
Нималарни кўрмади кўзим.
Тўла-тўкис тасвирдан ожиз
Чўзилса-да ҳафталаб сўзим.
Баъзисига дил бовар берса,
Баъзисига етмайди ақлим.
Шу босқинчи немисни кўрса,
Дерми Гёте: — Шу менинг халқим?!
Душман танкларининг баталонни ёриб ўтиши ва қуршовда қолиш мумкинлиги аниқ бўлгач, бригада штабидан Алагир қишлоғига чекиниш ҳақида буйруқ келади. Таркибида бор-йўғи 300 га яқин жангчи қолган баталон Алагирга чекиниб, бошқа полкка қўшиб юборилади. Шуҳрат мудофаа чизиғида урушни давом эттираётган мазкур полкда рота алоқачиси билан олдинги маррага бориб, жанг майдонини кузатмоқчи бўлганида бармоғига дайди ўқ тегиб яраланади ва Алагирдан 40-50 км. узоқликдаги госпиталга тушади. Бир ойча даволанганидан кейин, ноябр ойининг бошларида Кавказорти ҳарбий округига юборилади. У Тбилисида ўз ротасининг қаерда жанг қилаётганлиги хусусида бирор маълумот ололмагач, ҳарбий округ кадрлар бўлимининг йўлланмаси билан Грознийга, Шимолий Кавказ фронти штабига йўл олади. Жангчи шоир Боку шаҳрига борар экан, иттифоқо поездда 164-бригаданинг интендант хизматида ишлаган Синелниковни учратиб қолади ва ундан бригаданинг Гудермес шаҳрида қайта тузилаётганини эшитади. Шундан кейин Шуҳрат бошқа поездга ўтириб, декабр ойининг сўнгги кунларида Гудермес шаҳрига етиб боради ва 4-баталонга қарашли 2-ротага командир этиб тайинланади. У уч ой мобайнида ротага раҳбарлик қилгач, 1943 йил апрелида 4-баталон командирига ўринбосар қилиб тайинланади.
Баталон Гудермес шаҳрида бир ярим-икки ой мобайнида ўқув машғулотлари ўтказгач, унинг таркибий қисмлари қайта шакллангандан сўнг, 1943 йил феврал ойи бошларида фронтга жўнатилади. Душман самолётлари бомба ёғдириб турган жанговар манзилга етиб бориш осон кечмайди. Ниҳоят, бригада март ойининг ўрталарида Гривинская станицасида жангга киради.
Гривинская станицаси Қора денгиздан 3-4 км. берида, Анапа шаҳрининг қарши тарафида жойлашган эди. Ўн кунча давом этган қақшатқич жанглардан кейин бригада станицани озод қилишга муваффақ бўлади. Икки кунлик ҳордиқдан кейин Қора денгиз йўналишида ҳаракатни давом эттиради. Чамаси, ана шу станицада олиб борилган жанг кейинчалик шоирнинг қуйидаги сатрларида ўз ифодасини топган:
Ҳужумга отланди шонли эскадрон,
Қиличлар қинидан суғрилди мағрур.
Гўёки уфқда ухлаган бўрон
Қоп-қора булутлар сари югурур.
Ўқ тегиб, олдинги қатордан бири
Отидан майсага йиқилди беҳол.
Сўнгги бор қиличин тиклаб юқори,
Ҳайқирди: — Қўлимдан қиличимни ол!
Шуҳрат станица учун олиб борилган жангларда енгил жароҳатланади. Кичик снаряд парчаси ўнг оёғига теккан командир 4-баталоннинг тиббий-санитария қисмида қолади. У мазкур қисмда уч-тўрт кун даволанганидан кейин бригада штаби томонидан чақириб олинади ва бригада командирининг ўринбосари қилиб тайинланади. Айни пайтда штаб бошлиғи лейтенант Ғулом Алимовни “Қизил юлдуз” орденига тавсия қилингани билан қутлаб, унга шу ҳақдаги гувоҳномани топширади.
Шу воқеадан кейин бригада Новороссийск шаҳри бўсағасига юборилади. Янги манзил сари борар экан, осмонда душман самолётлари пайдо бўлиб, бригадага қарашли техника ва аскарларни ўққа тутади. Осмонда даҳшатли ҳаво жангги бошланиб кетади. Бу, олдинги маррадан атиги 3 км. берида рўй берган ҳаёт-мамот жангларидан бири эди.
Душман самолётидан ташланган бомбанинг сочма парчаларидан бири Шуҳратнинг белига тегиб, умуртқа суяги контузия олади. Бригада жанговар салоҳиятини сақлаб қолиш мақсадида шу атрофдаги ўрмон бўйлаб сочилиб кетади ва тунни ўрмон ичида ўтказади. Ярадор жангчи ҳамшира кўмагида мудофаа чизиғида турган жанговар қисмлардан бирининг тиббий-санитария бўлимига боради. У ерда жароҳатланган жангчининг ярасини боғлаб, бошқа ярадорлар билан бирга юк машинасига ўтқазишади ва темир йўл бекатига юборишади. Сўнг ярадорлар санитария поездида Кропоткино шаҳридаги госпиталга етиб келадилар. Ўша куннинг эртасига врачлар операция қилиб, ярадор жангчининг белидаги ажал парчасини олиб ташлайдилар. Жангчининг бахтига, снаряд парчаси суякка бориб тегмаган, шунга қарамай, умуртқа суягидаги контузия унинг ҳаракат қилишига қаттиқ монелик қилар эди. У бир ой даволаниб, 17-18 май кунлари госпитални тарк этади. Комиссиянинг тиббий хулосасига кўра, у даволаниши лозим эди.
Мазкур комиссия хулосаси асосида Шуҳратга 45 кунлик таътил берилади. Ва шоир дастлаб Бокуга келади. 1943 йил май ойининг сўнгги кунларида Красноводск орқали Тошкентга, азиз онаси бағрига етиб келади:
Мана мен тирикман, йиғлама, она!
Йиғлама, сатқаи кўзингнинг ёши.
Ғам шамъи қошида бўлма парвона,
Йиғлама, ботмаган умринг қуёши…
Ёлғизинг, арзанданг ўлмаган, ҳаёт!
Ўлмаган ниятинг ўлмаган каби!
Дўстларга шарафу душманга лаънат
Дейишдан тинмаган, тинмайди қалби…
Уруш жангоҳларидан омон қайтган Шуҳрат бир неча йиллик даволанишдан кейин 1947 йилда “Шинелли йиллар” романини ёзишга киришди. Роман, шоирнинг ижодий ниятига кўра, икки китобдан иборат бўлиши ва биринчи китобда 1940 — 1943 йилларда рўй берган жанговар воқеалар тасвирланиши лозим эди. Аммо биринчи китоб якунланиб, босмага тайёрланаётган пайтда, шоирнинг ўзи айтмоқчи, бахтсиз тасодиф юз берди. Шуҳрат 1951 йил 10 феврал куни бир неча қаламкаш биродарлари билан бирга қамоққа олинди. Терговчи ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, маҳбусни умуман ер юзидан йўқ қилиб юбориш учун унинг уруш йилларидаги машаққатли ҳаёти саҳифаларини қайта-қайта варақлаб чиқди. Шоирнинг қуршовга тушмай қолиш сабаблари борми, қайси госпиталларда даволангани, қандай командирлар ва врачлар билан ҳамнафас бўлгани борми, ҳаммасини қайта-қайта суриштирди…
Аммо Шуҳрат уруш ва урушдан кейинги йилларда қандай бало-қазоларни бошидан кечирган бўлмасин, Парвардигорнинг меҳри тушган инсон экан. У ана шу “бахтсиз тасодиф”ларнинг барчасини енгиб, ўзбек адабиёти хазинасига ҳисса бўлиб қўшилган тўрт роман, тўрт пиеса, 30 дан зиёд шеърий ва насрий асарларнинг муаллифи сифатида маданиятимиз тарихида бир умрга қолди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 6-сонидан олинди.