ёхуд шифокор ёрдамида ҳур қиз бўлиб олиб, бўйдоқ йигитларга турмушга чиқаётган суюқоёқлар хусусида
Ҳалигача ёдимда, бундан 25 йил муқаддам қишлоғимизда 20 ёшли бир йигит никоҳ тўйи эртаси куни ўзини осиб қўйган эди. Ўшанда бутун қишлоққа миш-миш тарқалувди: “Келинчак қиз чиқмабди”, — деган. Афсуски, ҳозирги даврга келиб, бу иллат маданийлашиб ҳаёт ўзагига мослашиб бормоқдаки, ёш, ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ғўр йигитлар чув тушиб қолмоқда. Гап иффатини йўқотган, йиллар мобайнида айшини суриб-суриб, кейин бир содда йигитни топиб, келинчак либосини кийишга муяссар бўлаётган иродасиз қизлар ҳақида кетмоқда.
Шундай алдов қурбони бўлган Анварнинг мулоҳазасини баён қиламиз: “Мен Гулистон шаҳрида ўқиб юрган кезларим Сурайё деган қиз билан танишдим. У кўзимга дастлаб жуда одобли ва маданиятли қиз бўлиб кўринди. Мен унга кўнгил боғладим. Университетда охирги курсда ўқиётганим учун тўй тараддудини бошлаб юбордик. Қисқа муддат давом этган “ол товоғим, бор товоғим”дан сўнг ҳовлимизда данғиллама тўй бўлиб ўтди. Хуллас, никоҳ тўйига 5 миллион сўм сарф-харажат кетди.
Чилла ой кунларининг бирида мен жирканч дардга мубтало бўлиб қолдим. Ойим хусусий шифохонада лаборант бўлиб ишлар эди. Воқеани айтганимдан сўнг мени дарҳол тери-таносил касалликлари диспансерида текширувдан ўтказишди. Сурайё менга турмушга чиққунга қадар аввал сўзак касаллиги билан оғриб, хусусий шифохонада чала даволаниб чиққан экан. Қиз бўлиб тегишига эса жарроҳ ёрдам қилган. Мен судга мурожаат қилишни ўзимга иснод деб билиб, у билан тинчгина ажрашдим”.
Зокир исмли бир хўранданинг ҳикоясидан қисқа сатрлар келтираман: “Мен “Термиз-Тошкент” автомагистрали бўйича жойлашган ошхонадан (номини сир тутаман) ҳар доим овқатланар эдим. Шу ерда Нилуфар деган офитсантка хизмат қиларди. Бир куни овқатни еб пулини берай десам, ҳа деганда қиз келавермади. Ноилож ошпазнинг хонасига кириб, пулни берай десам, не кўз билан қарамай офитсиант қиз ошпаз билан дон олишиб ётибди. Шу-шу бу ердан овқат емайдиган бўлдим. Бу ҳам майли. Менга алам қилган жиҳати яқинда ўша офитсиант қиз бир диндор йигитни бошини айлантириб, иккинчи хотин бўлиб олибди. Буни қандай тушунса бўлади?”
Бундай фирибгар қизлар ўзини илк учрашувда нуқсонсиз, одобли, севги дардида ёнаётгандек тутадилар. Ўзларига йўл очиш учун, ўзига тўқ, обрўли оила фарзандининг бошини айлантириб, тўй-томоша билан турмушга чиқадилар. Улар бир марта оқ либос кийиб юзларидаги “қора парда”ни йиртиб ташласалар бўлди. Кейинчалик эрдан ажрашиб кетса ҳам ғам чекмайди. Самарқандлик Азиза деган аёлнинг иқроридан иқтибос келтираман: “17 ёшимда шаҳар касалхонасида бир шифокор йигит номусимга тегиб қўйди. У оилали эди. Бир бир йил мобайнида учрашиб турдик. Шу орада у пора олиб қамоққа тушиб қолди. Уйимизга ҳар куни совчилар келар эди. Мен ота-онамга бўлган воқеани айта олмадим. Мени бокира қизлардек катта тўй қилиб, дабдаба билан обрўли оилага келин қилиб узатишди. Ҳозир уч нафар фарзандни вояга етказяпман. Лекин ҳанузгача виждон азоби менга тинчлик бермай келади. Турмуш ўртоғим ички ишларда ишлайди. Яқинда катта унвон олди”.
Бу сўзлар айбига иқрор бўлиб, виждон азобида қийналаётган аёлнинг ҳасратлари эди. Энди бу масаланинг ҳуқуқий тарафи ҳақида ҳуқуқшунос нима дер экан?
Суҳбатдошим адвокат Акрам Пўлатовнинг мулоҳазалари билан танишинг: “Тўғри, мамлакатимизда соғлом авлодни шакллантириш юзасидан олиб борилаётган кенг қамровли сиёсатнинг ёрқин ифодаси сифатида никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтишлари мажбурий эканлиги қонун билан тасдиқланади. Лекин куёв ёки келин тарафидан гувоҳлар бу тиббий кўрикда иштирок этмайди. Ҳамма бало ана шунда. Қизнинг бокиралиги ҳақида фақат шифокор ва бўлғуси келинчакнинг ўзи билади, холос. Чунки қизлигидан айрилганларга қизлик ато қилаётган шифокорлар жуда кўп. Пул бўлса, чангалда шўрва. Бу жуда нозик масала.
Тўй ўтганидан кейин исбот ҳам қилиб бўлмайди, изоҳга ҳожат қолмайди. Суд амалиётида ҳам буни қилиш қийин. Кейинги пайтларда никоҳ шартномаси ҳақида кўп гапириляпти. Унда фақат мулкий муносабатларга эътибор қаратиляпти, холос. Агар юқорида зикр этилган воқеалар содир бўлганда фирибгарлик йўли билан никоҳдан ўтган шахсларнинг жавобгарлиги ёки товон тўлаши ҳам ушбу ҳужжатга киритилса, никоҳ шартномаси кучли қонун ҳужжатига айланар эди. Ва шу билан бирга фирибгарларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга ҳуқуқий имкон яратиларди”.
Ҳар йили кўплаб йигитлар никоҳ фирибгарлари қурбонига айланмоқда. Кўпчилик эса “иснод”дан қўрқиб, судга арз қилмайди. Уй-жой, бойлик, сохта обрў учун оқкўнгил, содда йигитларни алдаб, эрга тегиб олаётган суюқоёқ қизларнинг бу қилмишлари оила тинчлигининг бузилиши, ортиқча ташвишларнинг келиб чиқишига сабаб бўляпти.
Турсун Бек ТЎРАЗОДА
Ҳуррият” газетасидан олинди.