Абдулла Жаббор. Мен билган ва билмаган Машраб (2006)

Мамлакатимизнинг мустақилликка эришгани бизга мумтоз адабиётимиз намояндалари, жумладан, Раҳимбобо Машраб Намангоний шахси ва ижодининг камситилган ёки хаспўшланган жиҳатларини холис баҳолаш имкониятларини берди. Маданиятимиз тараққиёти йўлларида ўз шаъни, қадр-қиммати, том моҳиятини турли маломатлардан ҳимоя қилиб келган бу олтин мерос энди-энди чинакам ворислар қўлига тегди. Ўтган асрнинг 90-йилларигача бўлган даврда эса, Машраб шахси ва асарлари турли нохолис мафкуралар манфаатларига хизмат қилдириб келинди. У гоҳ одобсиз ва масхарабоз шахс, яланғоч шеърлар муаллифи, гоҳ йўқсулларнинг оташин ҳимоячиси, гоҳ мавжуд тузумга қарши исёнкор, гоҳ эса ислом динининг душмани, даҳрий, деб таърифланди.
Ушбу мақолада камина Шоҳ Машраб ижодининг камтар мухлиси сифатида, унинг шахси ва асарларига билдирилган муносабатлар хусусида айрим мулоҳазаларни айтишга жазм этдим.

I

Аввало, Машраб қандай қилиб “бепарда” шеърларнинг “одобсиз” муаллифи бўлиб қолгани хусусида. Шоир ҳақида энг кўп маълумот берувчи “Қиссаи Машраб” ва унинг вариантларида чиндан ҳам Шоҳ Машраб зоҳиран водийликларга хос ҳозиржавоб, тагзаминли қочирим ва мутойибаларга моҳир, кези келса, ҳеч кимни юзхотир қилмайдиган кескир сўзли қаландар шоир сифатида акс этган. Лекин уни зинҳор ҳажвчи шоир сифатида Махмур, Гулханий, Муқимий каби ижодкорлар билан бир сафга киритиб бўлмайди. Машраб ҳаётлиги чоғидаёқ унинг таржимаи ҳоли ва ижоди ҳақида фикр юрита бошлаган Шарқ тазкиранавислари асарларига мурожаат этган киши бунга ишонч ҳосил қилади.
Шоҳ Машраб ҳаёти ва ижоди бўйича тадқиқотларни бошлаб беришган рус шарқшунослари меҳнатини заррача камситмаган ҳолда шуни айтиш мумкинки, XIX аср охири — XX аср бошларида олиб борилган изланишларда юқорида тилга олинган қусурлар кўзга ташланади. Профессор Н.И.Веселовскийнинг 1896 йили Петербургда чоп этилган “Шарқ хотиралари” тўпламидан жой олган мақоласида, жумладан, шундай гаплар бор: “Девона Машраб — Ўрта Осиёда жуда ҳам машҳур бўлган беодоб (циник), ҳазил-мутойибачи. Мазмунан одоб-ахлоқ доирасидан ташқаридаги ҳикматлар, панд-насиҳатлардан тузилган тўпламлари бор(?!). Бизнингча, турли диний масалаларга салбий муносабатдаги ҳур фикрли одам сифатида, ҳамда… халқ ақлий ҳаёти маҳсули сифатида бу шахс чуқур диққат-эътибор ва ўрганишни талаб этади”. Кўриниб турибдики, муаллиф Шоҳ Машрабни фақат “Қиссаи Машраб” орқали билади ёки эшитган, холос. Бу асарни Машрабники деб ўйлаши ҳам қизиқ ҳол. Қиссадаги мана бу сатрдан (“Бу шаҳарнинг шайхи ким, муллоси ким…”) кейин келган бир сатр профессорни юқоридаги хулосага олиб келган бўлиши мумкин.
Шоир билан Хўжанд ҳукмдори Оқбўтабий ўрталаридаги мутойибалар ва бошқалар билан кечган юморга бой, истеҳзоли муносабатлар ҳам Машраб дунёқараши ҳамда ижодига теран нигоҳ билан қараб улгурмаган профессорни шундай янглиш хулоса чиқаришга олиб келганга ўхшайди. Бироқ юқорида келтирилган қочиримли байт ҳам, “қисса”даги бошқа кулгули вазиятлар ҳам мутасаввиф Шоҳ Машраб шахси ва ижодига соя сололмайди.
Сўнгги ўн беш йилги Шоҳ Машраб ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотларда бу масалага анча ойдинлик киритилди, номаълум муаллиф томонидан ёзилган қисса қаҳрамони ҳамда сўфий шоир Машраб феъл-атвори ва асарларига холис баҳо берилди.
Мақола муаллифининг “мазмунан одоб доирасидан ташқаридаги ҳикматлар тўпламлари бор” дейиши, бу “ҳур фикрли” одамни “чуқур диққат-эътибор билан” ўрганишга даъват этиши тагида илмга, адабиётга дахли бўлмаган манфаатлар ҳам бормикан, деб ўйлаб қоласиз.

Аталадан фойда йўқ,
Овқат бўлиб сонда йўқ,
Унинг наззи хонда йўқ,
Куйдирмажон бўлган палов.

Хўрда касалга дори,
Мошхўрдахўр кетсин нари,
Кичирахўрни урсин пари,
Серсабзи ёғлиқ жон палов.

Капгир уринг — ширқилласин,
Сувни қуйинг пирқилласин,
Ош агар ёғлиқ келса,
Машраб ғазалхондир палов.

Машраб ижодининг чин шинавандаси бўлмиш падари бузрукворимдан эшитганим бу шеър ёки “Ажалнинг бир куни қолса, паловдан айрилиб бўлмас”, деб бошланувчи бошқа бир асар ҳам шоирнинг эл орасида мутойиба йўсинида шунчаки айтиб кетган шеърларидан бўлиши мумкин. Балки улар Машрабга нисбат бериб, ўзгалар томонидан ижод қилингандир? Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам Шоҳ Машрабдан на одобсиз шахс ва на ҳазил-мутойибачи шоир ясаб бўлади.
Шоҳ Машрабни Русия ўқувчиларига “машҳур қилган” бошқа бир мисолга эътибор қаратайлик. Шарқшунос Н.Н.Пантусов “Туркистон археология ишқибозлари тўгараги” баённомасида эълон қилинган мақоласида қуйидагиларни ёзади: “Хун-Тайчжи (Кунтожи — А.Ж.) кўчманчи қора қалмоқларнинг кучли ва жасур хони эди. Машраб унинг туяларини боқиб юрган пайтларда Кунтожи ўз чўпонининг авлиё эканлигини эшитиб қолади, қизини унга турмушга беради. Қизнинг исми Сатер-Жаб (Шарқ манбаларида Офоқ — А.Ж.) эди. Хон Машрабни ўз раҳнамоси, пири, деб тан олади. Девонаи Машраб билан бирга ётмаган бўлса-да, келин ўғил туғиб беради. Боланинг исмини Темурхон қўядилар, ҳам баҳодир, ҳам авлиё бўлиб вояга етган бола ўз байроғи остида курашиб, душманларини енгади, хон даражасига кўтарилади ва дунёдан ўтади. Темурхоннинг жасади Харгос дарёсининг шарқий (чап) қирғоғидадир. Машрабнинг хотини эса, Темурхон туғилганидан кейиноқ ҳар қандай жинсий майлни йўқотади ва покдамонлигича вафот этади”.
Бир қарашда, Пантусовнинг бу ҳикояси Шоҳ Машраб таржимаи ҳолини тўлдиргандай туюлади. Чунки бунда гап тарихий шахслар, далиллар, воқеалар ҳақида кетаяпти. Аслида эса, XIX асрнинг ҳангоматалаб рустилли ўқувчиси талабини қондиришга, уларнинг “хотини” билан яқинлик қилмай туриб ҳам “фарзандли бўлган” авлиё устидан кулишига кўмаклашгандай бўлади. Қолаверса, ҳукмдорлар ва дин арбобларига ҳамда уларга “мухолифат”да бўлган “Туркистон зиёлилари ўртасидаги муносабатларни” олисни кўзлаб тадқиқ этишдек мустамлакачилик сиёсатига хизмат қилади.
Шоҳ Машраб ҳаёти ва ижодини кенг кўламда ўрганиш, ўз ўқувчилари оммасига етказишда заҳматкаш олим, профессор Н.С.Ликошиннинг хизматлари каттадир. У “Девонаи Машраб” қиссасини рус тилига сўзма-сўз таржима қилди, кўплаб шарҳлар билан бойитди. Унинг мазкур асарга ёзган кириш сўзида ҳам жуда қимматли маълумотлар бор. Заҳматкаш шарқшуноснинг бу китоби кўплаб тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилди.
Афсуски, Н.С.Ликошин туркистонлик мутасаввифлар ижодини Хожа Ҳофиз ва бошқа форсигўй шоирларники билан муқояса этаркан, анча нохолис фикр юритиб, маҳаллий аҳоли ўртасида Машраб шахси ва ижодига нисбатан икки хил муносабат мавжуд, деган ғояни мустаҳкамлашга, Машрабни исёнкор ҳажвчи, курашчан шоир сифатида таърифлашга интилган. Муаллиф кириш сўзида “маҳаллий аҳолининг энг саводсиз қисми вакили ҳам Машрабнинг “қуюшқондан ташқари бирор шеъридан парча айтиб” бера олишини, маҳаллий олим — мулла эса шоирни “мусулмонлигига ҳам шубҳа билан қараладиган, у ҳақда гаплашиб ўтиришга ҳам арзимайдиган шахс”, деб ҳисобланганини айтади. Ликошиннинг Хожа Ҳофиз ва форс адабиётининг бошқа мутасаввиф вакилларини улуғлаб, “маданияти орқадаги мамлакатнинг (Туркистоннинг — А.Ж.) тайёргарлиги суст шоирлари”ни камситиши қай бири пишиқ эканлигини синаб кўриш учун иккита гавҳарни бир-бирига уриштиришдек бемаъни қилиқни эслатади.
Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида фикр юрита туриб Ликошин ушбу мақоласида, ўзи сезмаган ҳолда, ўз даъволарини рад этади. Профессорнинг Чуст уездидаги танишлари — шариат қозиси домулло Масъуд Мағзум Муҳаммад Мурод ва унинг ўғли шайхулислом Нодим Ликошин сўрови билан ёзилган Машраб таржимаи ҳоли муқаддимасида шоирга қуйидагича таъриф берадилар: “Улуғ мақомлар соҳиби, олижаноблик самосининг юксак парвозли қуши, авлиёлик осмонининг энг юқорисида порлаган тўлин ой, модарзод қаландар, ошиқлар майхонаси, илмлар уммонининг тўлқини, ҳақиқат денгизининг жавоҳири, Наманган азиз-авлиёларининг кўрар кўзи, Турон авлиёси…” ва ҳоказо.
Кўриниб турибдики, Наманган уламо ва зодагонларининг пешволари — бири шариат қозиси, бошқаси шайхулислом бўлган зотлар Шоҳ Машраб шахсига нисбатан юксак эҳтиром ила муносабатда бўлишган.
Шоҳ Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида баҳолиқудрат маълумот берган Муҳаммад Бадеъ Малеҳо Самарқандий(“Музаккир ул-асҳоб”), Абдулмутталиб Хожаи Фаҳмий(“Мажмуаи Фаҳмий”), Мажзуб Намангоний (“Тазкират ул-авлиё”) ва бошқаларнинг ҳам оташнафас шоир ҳақида чуқур иззат-икром ила қалам тебратганлари тарихдан маълум. XIX асрнинг охирги чораги — XX асрда яшаб ижод қилган тадқиқотчиларнинг дастлаб чоризм, сўнг “қизил империя”чилик сиёсати таъсири остидаги маломатларидан ўлганидан кейин ҳам қутулмаган шоиримиз шахси ва адабий мерос нохолис муносабатлар Истиқлол арафасидагина барҳам топди.
Келинг, энди Машраб шахсига тақалган “исёнкор” аталмиш “фазилат” (аслида айбнома) ҳақида бироз мулоҳаза юритайлик. Собиқ совет даврида чиққан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “исён” сўзига “синфий, миллий, ҳуқуқий манфаатларни ҳимоя қилиб кўтариладиган қўзғолон”, дея таъриф берилган. Иккинчи маъноси эса, “Худонинг амрини бажаришдан бош тортиш, диндан қайтиш”дир. Хўш, у ҳолда Раҳимбобо Машраб қайси маънодаги “исёнкор шоир” бўлди?
Бу ўринда айтиш керакки, ҳар қандай иймон-эътиқодли шоир каби Машраб ҳам ўзи яшаб турган замон ва макондаги ижтимоий ҳақсизликлардан ранжиган, нафсининг қулига айланганлар, золимлар, насл-насаби, давлати, мансаби билан ғурурланувчилар, риёкор дин пешволари, мутаассиб руҳонийларга нисбатан норозилигини очиқ изҳор этган. Лекин у ҳеч қачон эзилган халқни ижтимоий ноҳақликка қарши бош кўтаришга чорлаган эмас. Бироқ заҳматкаш олим Жалолиддин Юсупов улуғ шоир меросини бутун фасоҳати билан билан идрок этишимиз йўлида кўп азият чеккан бўлса-да, “Меҳрибоним қайдасан” китоби сўнгсўзида буюк сўфийни ўзбек халқи тарихида “исёнкор шоир” номи билан машҳур эди, дейди ва бу исён ўзининг чекланганлиги билан характерланганлигини айтади. Шу кунда Машраб ҳаёти ва ижоди бўйича фаол тадқиқотлар олиб бораётган файласуф олимимиз Мўмин Ҳошимхоновнинг шўро давридан қолган “Машраб исёнкор шоир”, деган ақидага ҳамон собитлиги кишини ҳайратга солади. Машраб у айтгандай “ортидан халқни эргаштириб, исёнкор руҳда ўз қарашларини тарғиб қилиб” юрмаган. Олимимиз сўфий шоирга “ўз даврининг ижтимоий тузумини ўзгартириш, ҳукмрон доиралар мафкуравий ғоясига қарши курашиш чораларини халққа тарғиб қила олмади”, деб таъна қилиши ҳам мутлақо мантиқсизликдир.
У ўзи мансуб бўлган нақшбандия тариқати таомилларига мувофиқ, пири муршид мақомига аллақачон етган пайтида ҳам муридлар қўлини олишдан тийилган. Ҳатто шоир бўлиб туриб ҳам шуҳрат таратиш майлига қарши борган:

Машрабо, шуҳратталабни кейнида офоти бор,
Орифи вақт ул бўлур, иймонға офат бўлмаса.

Авлиёйи модарзод, яъни онадан туғма авлиё деб эътироф этилган Машраб жуда ёшлигиданоқ ишқи илоҳий соҳиби сифатида банданинг бандага муҳаббати унинг Оллоҳга бўлган муҳаббатидан бир учқун, деб билган. Катта эътиқод ила ўзига топинган мухлисларни “қисса”даги каби сўзи ва иши билан рад этган, улар ихлосини сўндириш учун ғайритабиий қилиқлар қилишдан ҳам тоймаган. Кимдир бу қилиқларни Ҳақ олдидаги эркалик деб, кимдир жунунвор девоналик деб, яна кимдир эса уятсизлик, беодоблик, деб баҳолайди.

II

Машрабни ўз даври ҳукмдорлари билан доимий ихтилофда бўлган, улардан жабру жафо кўрган, дейиш ҳам ноўрин. Чунки Амир Темур ва кўпгина темурийлар, Шайбоний ва қатор шайбонийлар ўтмишдаги азиз-авлиёлар руҳи покидан мадад олганлар, ўз даврларидаги бундай мўътабар зотларни пир тутганлар. Ялангтўш баҳодирлардан беш нафари Даҳбедда (Самарқанд) — буюк юртдошимиз Махдуми Аъзам қабрлари пойига ўз васиятлари бўйича дафн этилгани фикримиз исботидир. Шоҳ Машрабнинг жаҳонгашталикда кечган умри давомида тақдир йўлиқтирган барча ҳукмдорлар бу авлиёйи замонга чексиз ҳурмат-эътибор кўргазганлар. Ҳатто Машрабни дорга осдирган Маҳмуд Қатағон ҳам бундан мустасно эмас.

Харобот айлагай ҳар юртни золим бўлса султони…

Ёки:

Ҳазар этмоқ керакдур беадолат подшолардин…

Ёхуд:

Қаноат шаҳрига киргин, муаттарликни хў қилгин,
Ки беминнат эмасдур бойни берган ош ила нони —

дея айрим ҳукмдорларга танқидий муносабатини аён қилган Шоҳ Машраб айни чоғда: “Гоҳ амру гоҳ фақирлар бирла бўлдим ошно”, дея ҳукмрон доиралар билан ҳам яхши муносабатда бўлганлигини айтади.
Ҳазрат Алишер Навоий: “Қилибман онча исёнким, агар дўзах аро кирсам…” сатри билан бошланувчи шеърда шу қадар кўп гуноҳларим борки, агар дўзахга кирсам менинг оҳу фиғонимга жаҳаннам остин-устин бўлиб кетади. Эй худо, мени афв этгин. Чунки мен учун алоҳида дўзах яратгандан кўра афв этмоқ осонроқдур, дейдилар. Шоҳ Машраб ҳам исён деганда Оллоҳ айтган амалларни тўлиқ бажара олмасликни, демакки, итоатдан чиқишни тушунади.

Муллалар илмига мағрур, омилар исёнга ғарқ,
Кас на билсун рўзи маҳшар кимни тоши кам келур.

Ёинки:

Ҳеч киши дунёдин аммо ғарқи исён кетмасун —

деганида шоир ана шуларни назарда тутган эди.
Қуръонда сўфийларнинг сифатлари қуйидагича берилган экан: “Ли-ил фуқаро илмуҳожирни ал-лазина ухрижу мин диёриҳим ва амволиҳим“. Яъни: “Улар худо йўлида мол-мулки ва диёридан мосуво бўлган муҳожирлардир”. Яна бир иқтибос Боязид Бастомийдан: “Менинг муридим улдурким, дўзах лабида ўлтургай. Кимники дўзахга олиб келсалар анинг илкидин тутуб беҳиштга элтгай ва ўзи унинг ўрнида дўзахга киргай”. Машрабни исёнкорликда айбловчи айрим уламолар билан сўфий шоир ўртасидаги ихтилоф, менинг назаримда, шу икки иқтибос мазмунига бориб тақалади. Чунки “илмига мағрур” кимсаларнинг айримлари сўфийлик таълимоти ва унинг ҳамма нарсадан “ихтиёрий мосуво” тарафдорлари фикрига қўшилмайдилар. Чунки бу дунё ноз-неъматлари, ҳузур-ҳаловатларидан кечмоқ учун, жавонмардлик қилиш учун уларнинг руҳий тайёргарликлари йўқ. Демакки, улар “Менга дўзахни танҳо бер, халойиқ куймасун ҳаргиз”, деган Машрабни англашлари мушкул. Негаки, бу мақомга етиш учун шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат (фано) мақомлари аро юксалиш талаб этилади. Улар учун бундан кўра шоирни исёнда, даҳрийликда, ношукрликда айбламоқ осонроқ.
Машраб эса бу дунёда одамлар маломатига қолмоқни Жалолиддин Румий (“Менга дам урмагил доғи маломатдин”) каби тушунади:

Ошиқ бўлсанг шундоқ бўл, олам куфринг битсунлар,
Расво бўлгил халқ ичра, номинг олиб кетсунлар,
Девона бўл ишқида, сенга кесак отсунлар,
Туфроғ бўлгил йўл узра, сени босиб ўтсунлар,
Кофирликдан ўзга ҳеч менда одат қолмади.

“Боғи ҳирсингни муҳаббат оташи бирла қурут”, дея даъват қилган шоирнинг ўзи аллақачон бу маломатларга тайёр эди. Машраб таржимаи ҳоли атрофида фикр юритган айрим тадқиқотчилар ҳамон урғу беришаётган “Жисман мажруҳ қилинган шоир”нинг ўзи айнан шу нарсани — ҳирснинг ўлдирилиши шартлигини таъкидлайди.

Сўфийлик осон эмасдур, ҳар киши рост англаса,
Қўйди йўлдин халқни нолойиқ иршод оқибат.

Бу байтда Машраб замонига келиб пайғамбаримиз даврларидан бошлаб тараққий этган сўфийлик тариқатида ҳам маълум бузилишлар рўй бергани, “абдоли вақтман”, дея кўксига урган сохта сўфийлар пайдо бўлгани, “нолойиқ иршод” билан динда пешволик рутбасига эга бўлиб олган айрим сўфийнамо раҳнамолар ножўя фатволар ила халқни тўғри йўлдан адаштирганлар, деган фикр олға сурилади. Машрабнинг энг катта мухолифлари ҳам ана шу манфаатпараст шахслар эди. Чунки улар нафақат оддий халқни, балки шариат номидан берилган хато фатволар билан ҳукмдорларни ҳам йўлдан оздирар эди. Алал-оқибат, ана шундай янглиш ёки атайлаб адаштириш учун берилган фатво Шоҳ Машрабни мансурвор дорга тортилишига олиб келган эди.
Садриддин Салим Бухорийнинг “Ғиёс ул-луғат”га таяниб ёзишича, “Ладуний илм — Оллоҳ таоло томонидан ато қилинган илм. Ундай илмга уриниш, саъй-ҳаракат, риёзат чекиш натижасида, Оллоҳ таоло хоҳласа, эга бўлиш мумкин. Чунки бу, Оллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларгагина берилувчи илоҳий илмдир. Ладуний илм учга бўлинади: ваҳий, илҳом ва фаросат(интуиция). Ваҳий пайғамбарларга, илҳом авлиёларга, фаросат орқали билиш эса сўфийларга Оллоҳнинг изни (рухсати) билан берилади”.
Шоҳ Машрабнинг қуйидаги сатрлари улуғ шоирнинг Ҳақ таоло инъом этган ана шундай неъматлардан баҳрамандлигидан далолат бермасмикан?

Нидо келдики: Эй Машраб, сени ман жаннати қилдим.

Ёки:

Бир Худодин ўзгаси барча ғалатдур Машрабо,
Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?!

Ёки:

Ҳеч билолмайман ўзумни қайси қавмийман бу кун,
Лекин арш устида Жибрилдур менинг ҳамсуҳбатим.

Ёки:

Кўрдум тушумда шамъи жамолинг,
Куйдум, уриб чарх парвона бўлдум.

Ёки:

Маърифатни хатти арраҳмонда юрдум ахтариб.

Ёки:

Суратим гарчи башар келди, малакдур сийратим.

Ёки:

Бир ҳу этубон Лайлини Мажнун қилаёздим,

ва ҳокозо.
Юқорида келтирилган ва Шоҳ Машраб асарларидаги ҳаммани ҳайратга солувчи бошқа кўплаб “эркалик”ларни шарҳлаш масъулиятини камина зиммамга ололмайман. Бу, тасаввуф таълимотини чуқур ўрганган билимдонлар чекидаги юмуш. Шу ўринда муҳтарам ўқувчи эътиборини, назаримизда, Машрабнинг ўзи бир умр орзу қилган шаҳид мақомига етишига хизмат этган, замонанинг қатл ҳақидаги ҳукмига имзо чекишига олиб келган омилларга тортмоқчимиз.
1. Тасаввуф илмининг билимдони Нажмиддин Комилнинг тўғри таъкидлашича, даврларнинг алмашиниши, шоҳларнинг ўзгариши, сиёсату раёсат дарвеш сўфийнинг эътиқодига, хулқига таъсир қилмаслиги керак, сўфий майда манфаатлар, одамларнинг кундалик ташвишларигина эмас, умуман, фоний дунёнинг ғаму муаммоларидан устун турадиган, тафаккурининг сатҳи фалак қадар қамровли, қалбида маънолар булоғи қайнаб ётадиган комил инсон ҳисобланган. Яна шу олимимизнинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: “Сўфийларнинг ўзини ҳам ориф сўфийлар, зоҳид сўфийлар, ринд сўфийлар, фақир сўфийлар, файласуф сўфийларга ажратиш мумкин…”.
Шоҳ Машраб келтирган биринчи иқтибосимиздаги барча фазилатларга эга сўфий шоир эди. Энди кейинги иқтибос нуқтаи назаридан шоир ҳаёти ва ижодига эътибор қилсангиз, санаб ўтилган беш тоифадаги сўфийларга хос хислатларнинг ҳаммаси Шоҳ Машрабда зоҳир бўлганлигини кузатиш мумкин. Ҳурматли танқидчиларимиз шоир зоҳидликни танқид қилган, уни ақалли шу тоифага киритмаслик керак, дейишлари мумкин. Лекин:

Мурдаликни ихтиёр этдим, бугун кийдим кафан,
Мисли Юсуфдек жаҳон мулкига бўлдим беватан,
Гўшаи узлатни олдим, юз ёшурдум халқдан —

сатрларини битганида шоиримиз “Мабдаи нур” ва “Кимё” асарларини ёзишга ўтирган, “узлатни олган” эди. Ўтдек чақнаб, жаҳонгашта кезган даврида яратган шеърлари билан мазкур китоблардаги шеърларни солиштириб кўрган киши ҳам бу ҳолатни кузатган бўлиши керак. Панд-насиҳат йўсинидаги асарлар шоирнинг қанчадир муддатга “халқдан юз ёшурган” даврида дунёга келган, дейиш учун асос бўла олади. Худди шунингдек, риндлик, фақирлик, файласуфлик хислатлари ҳам Машраб учун бегона эмаслиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
2. Шоҳ Машраб ижодига муҳаббати бор кишилар шоир тўпламларига кирган ҳофизлар севиб куйлайдиган бир мухаммасдаги қуйидаги сатрларга эътибор қилган бўлишлари керак:

Ялдо тунида бўлгани ёрим била ҳамгап,
Бир ғамзага тарож этибон дин ила мазҳаб,
Сиррини ниҳон этди — будур боиси матлаб,
Қўтоҳназар эл билмаса, деб хаста бу Машраб,
Минг маънини бир нукта била мухтасар эттим.

Бу бандда шоир Маъшуқ — Ҳақ дийдори орзуси ҳақида сўйлайди. Яъни Ялдо туни — узоқ давом этган соғинч тунида Оллоҳнинг жамолини кўрмоқ орзуси ҳақида гап боради. Тўғри, бу тоифадаги асарларда Ёр — инсон ва Ёр — Ҳақ образлари уйғунлашиб кетиши ҳам кузатилади. Лекин айни мисолимизда дин ва мазҳабни Ёр — инсоннинг бир ғамзаси учун эмас, Ёр — Ҳақ висоли орзусида торож этилаяпти. Энг муҳими эса, кейинги сатрларда сўфийлар, Оллоҳнинг чин ошиқлари сирининг пинҳон тутилиши кераклиги ҳақида сўз боради. Бу сирни ақли комил бўлмаган кишилар билмаслиги учун “Минг маънини бир нукта”, яна бир сўз билан — “Оллоҳ” сўзи билан қисқа қилинганлигини таъкидлайди шоир. Ҳозиргача шу шеърдаги “нукта” сўзини “нуқта” деб ҳисоблаб келган ҳурматли машрабшунослар мени кечиришсин.
Демак, сўфийлик таълимотида шундай сирлар бўлар эканки, уни кенг оммага очиш мумкин эмас. Буни шоирнинг қуйидаги сатрларидан ҳам билса бўлади:

Тасдиғи сўзум бирдур, вале икки эмасдур,
Валлоҳу биллоҳ,
Аммоки халойиққа ажаб икки тилим бор,
Бул сирри ниҳондур.

Ёки:

Зоҳидлараро тақво ҳижилим бор,
Ўз йўлум омондур.

Худди мана шу мисолларда “Қиссаи Машраб” ва шоиримиз ҳақидаги бошқа асарлар, эл оғзида юрган ривоятлардаги қаландар Машраб билан шоир Машраб ўртасидаги тафовут сирлари акс этган, деб ўйлаймиз.
Хўш, сўфийлар, шу жумладан, Шоҳ Машраб, элга фош қилиш мумкин эмас, деб ҳисоблаган — пировардида, фош этиб қўйилган сир нима? Бу, “Мени Ошиқу Маъшуқ дерлар бу оламда”, деган Машраб ўзининг Оллоҳ севган, азиз қилган валиюллоҳ эканлигини тан олишида ҳамда “Бир ҳу била Лайлини Мажнун қилаёздим”, дея ўзининг ошиқликдан ташқари маҳбублик даъвосини очиқ-ойдин ифшо этишида эмасмикан?
Бу ўринда шундай хулосага келиш мумкинки, барча тегишли босқичларни босиб ўтгач, ягона Оллоҳга бирлашиб кетиш ҳақидаги фикрларни Жомий, Навоий каби буюк мутафаккирларимиз ўз асарларидаги тимсоллар воситасида ғоят назокат билан пардалаб ифода этганлари ҳолда, Мансур Ҳаллож, Насимий ва Шоҳ Машраб бу ғояни ҳамда Яратган томонидан Ладуний илм ила баҳраманд этилганликларини очиқ-ошкора айтдилар, бундай улуғ неъматлардан бебаҳра каслар қўлида шаҳид бўлдилар. Бошқача айтганда, ўша замонларнинг ноқис қулоғи “Худойберди” исмининг ”Худой” деган қисмини эшитиб, “берди”сини илғай олмади.
Биз машрабхонлар тасаввуф илмининг билимдонлари — заҳматкаш тадқиқотчилар Нажмиддин Комил ва Ғайбулла ас-Салом, Жалолиддин Юсупов ва Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳнинг сўнгги 15-16 йил давомида Шоҳ Машрабни чинакамига англаш, тадқиқ этиш бўйича олиб борган илмий изланишларидан ғоят катта маълумотга эга бўлдик. Бу шарафли юмушга Иброҳим Ҳаққул, Султонмурод Олим каби истеъдодли олимларимиз яна кўпроқ эътибор беришларини истаймиз. Ҳамидхон Ҳомидий, Неъматжон Отажонов, Аҳмад Убайдуллоҳ ва Мўмин Ҳошимхонов каби машрабшунослар Шоҳ Машраб ҳаёти ва ижоди бўйича изланишларга замонавий руҳ беришларини тилаймиз. Энди “Ёши етмиш бирга етган бандаи радди фалак” ёхуд “Ҳеч киши билмас мени қайдин бу ерга келганим”, деган сатрлар муаллифининг туғилган йилию макони ҳақида баҳс юритавериш даври ўтди. Шу боис, Раҳимбобо Машрабнинг халқимиз томонидан суйиб-ардоқланаётган асарлари ҳаётбахш руҳи, фасоҳати ҳақида янги-янги тадқиқотлар юзага чиқишидан умидвормиз. Шояд, буюк шоир ҳақида ҳозиргача билган, англаганларимиз ёнига янги маълумотлар, шарҳлар қўшилиб, шууримизни янада бойитса.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 23-сонидан олинди.