Самарқанд тарихий ёдгорликлари қурилиш услуби, зийнатлаш санъати нуқтаи назаридан ноёблиги билан жаҳоншумул аҳамиятга молик обидалар сифатида маълум ва машҳурдир.
Турли асрларда бино қилинган ёдгорликларнинг ҳаммаси ҳам бизгача етиб келган эмас, албатта. Масалан, Алишер Навоий Самарқанддалиги вақтида (1465/66 — 1469 йиллар) унга кўмаклашган Вафоий тахаллуси билан шеър ёзган Аҳмад Ҳожибек қурдирган мадраса, ўша даврда бино этилиб Мир Абдували, Фирузшоҳ, Қутбиддин садр номлари билан аталган мадрасалар, Хожа Фазлуллоҳ ибн Абдулвоҳид Абдуллайсий томонидан қурдирилган ва Алишер Навоий икки йил истиқомат қилган хонақоҳ, Амир Темурнинг муҳташам ва гўзал Кўксаройи, Улуғбек қурдирган Чиннихона ва бошқа кўплаб осори атиқалар шароит, табиий омиллар таъсирида ва ниҳоят, баъзан ҳаддан ортиқ бепарволик ва қаровсизлик оқибатларида «номи бор-у, ўзи йўқ» бўлиб қолган. Ана шундай ёдгорликлар қаторида халқ орасида Мадрасаи Хоним номи билан шуҳрат қозонган, ўша давр меъморлиги, наққошлик санъатининг гўзал маҳсули бўлган Сароймулкхоним ёки Бибихоним мадрасаси 500 йилдан кўпроқ вақтдан буён тарихий ва илмий асарларда тилга олинади, у ҳақда турлича фикру мулоҳазалар баён этилади: баъзилар шундай мадраса бор эди, дейишса, бошқалар унинг бўлганлигини шубҳа остига оладилар.
Шундай қилиб, номи бор, шуҳрати таралган, аммо ўзи сақланмаган Бибихоним мадрасаси ҳозиргача мутахассисларнинг ҳам, Шарқ тарихи ва унинг ёдгорликлари билан қизиқувчиларнинг ҳам диққатини тортиб келмоқда.
XV асрда ва кейинги даврларда яратилган тарихий ҳамда эсдалик асарлар кўздан кечирилганда, Бибихоним мадрасаси — Мадрасаи Хонимнинг эслатилиши жиҳатидан қизиқ ҳолатларга дуч келиш мумкин. Жумладан, Ғиёсиддин Алининг XV асрнинг бошида яратилган «Рўзномаи ғазовати Ҳиндистон» («Амир Темурнинг Ҳиндистон сафари кундалиги»), Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома» асарларида Амир Темур қурдирган Жомеъ масжиди тилга олиниб, унинг тасвири берилади-ю, аммо Бибихоним мадрасаси эслатилмайди. XV асрнинг 20-40 йиллари орасида юқорида эслатилган асарлардан фойдаланиб ёзилган Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» ва мавлоно Фасеҳ Хавофийнинг «Мужмали Фасеҳий» асарларида эса жоме масжиди билан бирга Сароймулкхоним мадрасаси — Мадрасаи Хоним тилга олинади ва унинг билан боғлиқ бўлган айрим маълумотлар келтирилади. Бундай маълумот 1403-1406 йиллар орасида Самарқандда бўлган испан элчиси Рюи Гонзалес де Клавихонинг машҳур кундаликларида ҳам бор.
XV асрнинг охирларида таниқли тарихчи Мирхонд томонидан ёзилган «Равзат ус-сафо»да ҳам бу мадраса тилга олинган. Лекин XVI асрнинг бошларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан ёзилган «Бобурнома»да Амир Темур ва Мирзо Улуғбекнинг «имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур» дейилиб, жумладан Амир Темурнинг жомеъ масжиди эсланса-да, Сароймулкхоним мадрасаси — Мадрасаи Хоним негадир тилга олинмайди. Аммо XVII асрнинг аввалида яратилган манбаларнинг айримларида Мадрасаи Хоним сифатида яна тилга олинади… Сароймулкхоним мадрасаси эслатилган манбаларнинг маълумоти анча асосли ва ишонарли бўлганидан шундай хулосага келиш мумкинки, Мадрасаи Хоним мавжуд бўлган ва унинг қурилиши Сароймулкхоним номи билан боғланган. Шунинг учун Сароймулкхоним мадрасаси сифатида қайд этилган.
Сароймулкхоним (1341-1407) Қозонхоннинг қизи бўлиб, аввал Амир Хусайнга турмушга чиққан. Амир Ҳусайн Балхда ўлдирилгач 1370 йили Амир Темур уни ўз никоҳига киритган. Сароймулкхонимнинг Амир Темурдан фарзанди бўлмаган кўринади, шундай эса-да, у Амир Темурнинг кўпгина фарзанд ва набираларини, жумладан Халил Султон, Улуғбек Мирзони тарбиялаб вояга етказган. Амир Темур вафотидан (1405 йил) сўнг эса, 1407 йили ўзи тарбиялаган Халил Султон ва унинг хотини Шодимулк хоҳиши билан заҳарлаб ўлдирилгани ҳикоя қилинади. Бу таажжублантирадиган ва ҳайратланишга боис бўладиган бир тарих. Чунки ўз вақтида Сароймулкхоним Шодимулкни ўлим чангалидан қутқазишга қанчалик жонбозлик кўрсатган бўлса, эндиликда Шодимулк ўз халоскорининг ўлимини тезлаштиришга шунчалик интилган эди…
Сароймулкхонимнинг фаолияти ҳақидаги маълумотлар оз бўлса-да XV асрнинг бошида унинг ташаббуси билан Амир Темур қурдирган Жомеъ масжид рўбарўсида — шарқий томонида бино қилинган мадраса манбаларда эслатилади.
1403-1406 йилларда Самарқандда бўлган испаниялик элчи Клавихонинг кундаликларида қайд этилганидек, 1404 йили Амир Темур сафардан қайтгач, Оҳанин дарвозасига яқин жойда қайнонаси (Сароймулкхонимнинг онаси) хотирасига бино қилинган гўзал бир иморатга келиб тушади. Клавихонинг замондоши Ибн Арабшоҳ ҳам бу бинонинг меъморлик жиҳатидан ниҳоятда ҳашаматли ва улуғворлигини тасдиқлайди. Бу иморат ўша Мадрасаи Хоним ёки Сароймулкхоним қурдирган мадраса эди, дейишади.
Сароймулкхоним мадрасасининг қурилиш вақти ҳақида икки хил фикр учрайди. Улардан биринчиси — мадраса Амир Темурнинг Жомеъ масжидидан олдин қурилган, деган фикр бўлса, иккинчиси — Жомеъ масжиди қурила бошлагандан сўнг бино этилган, деган фикрдир.
Биринчи фикрни Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сида учратиш мумкин. Асарнинг 1399 йили Самарқанддаги Жомеъ масжидининг қурилишига бағишланган бобида, жумладан шундай ёзилган: «Амир Темур ўша пайтлари кўпинча масжид яқинидаги Мадрасаи Хоним ва Туман оқо хонақоҳида бўлур эди». Бу фикрни академик В.В.Бартольд ҳам 1924 йили ёзган «Самарқанддаги археологик ишлар» мақоласида тасдиқлаб, «Сароймулкхоним мадрасаси Темурнинг Жомеъ масжидидан олдин унинг хотини томонидан қурдирилган», деб ёзади. Бу муаллифлардан бири XV аср тарихчиси бўлса, иккинчиси ўша аср тарихини чуқур билган XX аср олими. Аммо ҳар иккала муаллиф ҳам Мадрасаи Хонимнинг Амир Темур Жомеъ масжидидан олдин қурилганига ишора қилмоқдалар. Иккинчи хилдаги фикр, яъни Мадрасаи Хонимнинг Жомеъ масжиди қурила бошлагандан сўнг бино этилгани масаласига келсак, унда бу соҳада XV аср муаррихларидан Ибн Арабшоҳ, Клавихо ва Мавлоно Фасеҳийнинг фикрлари диққатга сазовордир. Жумладан Ибн Арабшоҳ номи билан машҳур бўлган Шаҳобиддин Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Димишқийнинг «Китоб ул-ажойиб ул — маҳдур фи ахбор Темур» номли асарида ёзилишича, мадрасани қуришга масъул бўлган муҳандис ва меъморлар (афсуски, уларнинг номлари ҳозирча номаълум) уни Жомеъ масжиди рўбарўсида — шарқий томонда қуришни бир овоздан маъқуллаганлар ва бу билан икки бинони «қўш иморат» (орадан юз йил ўтгач, Шайбонийхон ва унинг келини Меҳрибонхоним ҳам шу услубда мадрасалар қурдирганларки, у «қўш мадраса» тарзида ҳам аталган экан, ҳозирги кунда бу мадрасалардан ном-нишон қолмаган) услубида яратишни лозим кўрганлар. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, Мадрасаи Хонимнинг қурилиши Жомеъ масжиди қурила бошлагандан сўнг амалга ошган ва шу туфайли 1404 йили Амир Темур сафардан қайтган пайтда, Клавихонинг гувоҳлик беришича, мадрасада қурилиш ишлари давом этаётган экан. Мавлоно Фасеҳийнинг «Мужмали Фасеҳий» асарида 1404-1405 йиллар воқеалари баёнида Жомеъ масжиди ва Мадрасаи Хоним ҳақида ёзилганлардан ҳам шунга яқин хулосаларга келиш мумкин. Сайёҳлар учун мўлжалланган «Бибихоним» рисоласининг муаллифи Л.Ю.Манковская ҳам буни тасдиқлайди. Бинобарин, Мадрасаи Хонимнинг қурилиши вақти ҳақида икки хил мулоҳаза мавжудлиги маълум бўлди. Агар юқорида келтирилган манбаларнинг маълумотларига синчиклаб қаралса ҳамда Бибихоним номи билан боғланган ривоятлар, афсоналар ҳам ҳисобга олинса (чунки бу ривоятдаги Амир Темур сафардалиги вақтида қурилган иморат ва қайтганидан сўнг меъморни жазолашга интилиш фикри билан ҳақиқий Мадрасаи Хонимнинг қурилиши, унинг бир манбага кўра, айвонининг, иккинчи манбага кўра, даргоҳи, яъни эшиги ўрнининг, кейинги ишлардаги маълумотга кўра, пештоқининг Жомеъ масжидиникидан баланд ва кенг бўлганлиги учун муҳандис ва меморлар эмас, балки Маҳмуд Довуд ва Муҳаммад Жалд каби ишбоши саркорларнинг калласи Конигилдаги Боғи Дилкушода кесилиши каби ўхшашликлар), Мадрасаи Хонимнинг ҳақиқатан Амир Темур сафардалиги (1399-1404 йиллар) вақтида, яъни 1400-1404 йиллар орасида қурилганидан далолат беради. Демак Жомеъ масжиди Амир Темур тасдиқлаган лойиҳа асосида қурила бошлаган бўлса (1399), Мадрасаи Хонимнинг қурилиши лойиҳасини у кўрмаган, шекилли. Шу сабабли 1404 йили сафардан қайтган Амир Темур икки иморатни бир-бирига таққослаган, ўзи қурдирган Жомеъ масжидидан кўра Сароймулкхоним қурдирган мадрасанинг ҳашаматлироқ экани унинг иззат-нафсига теккан ва оқибатда саркорлардан қасд олгани табиий кўринади. Хуллас, Мадрасаи Хоним — Сароймулкхоним мадрасасининг барпо этилиши Амир Темур тасдиқлаган лойиҳа асосида Жомеъ масжиди қурила бошлагандан сўнг амалга ошган деган фикр ҳақиқатга яқинроқдир.
Энди мадрасанинг ўзи ҳақида бир-икки мулоҳаза.
XV аср манбаларининг кўпчилигида ҳамда кейинги асрларда битилган асарларда Амир Темур қурдирган Жомеъ масжидининг тасвир-тавсифи анча кенг берилган. У ҳақда ёзилган шеърлар ҳам келтирилган. Аммо унинг рўбарўсидаги Мадрасаи Хоним баъзан фақат тилга олинади, кўп ҳолларда эса умуман эслатилмайди, унинг тасвир ва тавсифи ҳам учрамайди. Бинобарин, муаррих Ибн Арабшоҳ ва испан элчиси Клавихонинг бу соҳадаги айрим ишоралари диққатга сазовордир. Ибн Арабшоҳнинг маълумотига кўра, Мадрасаи Хоним ўзининг қурилиши, салобати билан ҳам Жомеъ масжидидан ажралиб турган. Клавихо эса бу иморатнинг маҳорат билан зийнатланганини алоҳида уқдиради. Мавлоно Фасеҳий мадраса айвонларининг баландлигига ишора қилса, Яздий ва Мирхонд мадрасага кириладиган пештоқдаги даргоҳнинг Жомеъ масжиди даргоҳидан баланд ва кенглигини бевосита эслатадилар. Ана шу ишораларга асосланиб, Мадрасаи Хонимнинг умумий кўриниши, салобат ва ҳашаматини Жомеъ масжиди билан қиёслаган ҳолда тасаввур этиш мумкин. Тасаввур этиш мумкин деганимизнинг сабаби шундаки, бу мадрасанинг қурилиш лойиҳаси ҳам, вақфномаси ҳам ва бошқа ҳужжатлари ҳам ҳозирча номаълум. Шундай бўлса-да, мавжуд маълумотлар асосида унинг тахминий лойиҳаси (план-схемаси)ни давримиз олимларидан Ш.Е.Ратия ва Плетнев чизганлар. 1984 йилнинг март ойида Тиллакори мадрасаси ҳужраларидан бирида тарихий ёдгорликларни таъмирловчи ажойиб мутахассислар билан шу мавзуда суҳбатлашганимизда Мадрасаи Хонимнинг тақдири уларни ҳам қизиқтираётганлигининг шоҳиди бўлган эдик. Бу мутахассисларнинг ҳаққоний фикрига кўра, Мадрасаи Хоним жойлашган ерда ҳар томонлама қазишмалар ўтказилганидан сўнггина Мадрасаи Хонимнинг тузилиши ҳақида қатъий бир хулосага келиш мумкин. Мамнуният билан шуни эслатиш лозимки, шундан сўнг мадраса жойлашган ерда қазишмалар олиб борилди ва унинг излари аниқланди…
Яна Мадрасаи Хонимга қайтайлик. Маълум бўлишича, бу мадраса Амир Темур сафардалиги вақтида тезкорлик билан қурилганга ўхшайди. Унинг хашамати ва салобати Амир Темур диққатини ҳам ўзига тортган. Шу туфайли, тарихий манбаларда уқдирилишича, Амир Темур 1404 йили сафардан қайтгач, Самарқандга келиб, Сароймулкхоним мадрасасида қўнган. Масалан, Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»сида бу ҳақда шундай ёзилган: «Темур Жомеъ (масжиди) қарама-қаршисидаги Сароймулкхоним мадрасасига келиб тушди». Бу фикр Мирхонднинг «Равзат ус сафо»сида ҳам келтирилган. Клавихо эса бу воқеанинг куни, ойи ва йилини аниқ кўрсатган — 1404 йил, 29 сентябр, душанба куни. Яздий ва Мирхонднинг ёзишларича, Амир Темур ана шу мадрасада туриб, турли давлат ишларини бажарган, чет эллик элчиларни қабул қилган. Бу масалада хусусан «Равзат ус-сафо»да қуйидаги мазмунда баён этилган маълумот қизиқарлидир:
Амир Темур Самарқандга қайтгач, Сароймулкхоним мадрасасида қўнди. Амирзода Пирмуҳаммадни тилаб, Зобулистонга жўнатди. Миср элчисига тўн, камар туҳфа қилиб, ўз мамлакатига қайтишга рухсат берди. Мавлоно Абдуллоҳ Кеший ва бир неча бошқа кишиларни Миср элчисига қўшиб улардан Миср ҳокими малик Фаррух номига зарҳал билан битилган мактубни ҳам (мактуб Мавлоно Шайх Муҳаммад ибн Хожа бандкор Термизий котиб қўли билан эни уч газ, узунлиги етмиш газ қилиб ёзилган эди) жўнатди. (Миср давлати архивларидан бу нодир санъат асарини ахтариб топиш, агар сақланиб қолган бўлса уни асл ворисларига қайтариш, ҳеч бўлмаса нусхасини олиш устида ўйлаб кўрсак, эзгу бир иш бўларди). Бошқа элчиларни, жумладан Фаранг, Дашти Қипчоқ, Ҳиндистон элчиларини ҳам қабул қилиб, юртларига қайтишларига рухсат берди. Шу вақтда Тошкент, Янги ва Хитой чегарасигача бўлган шаҳарлар ҳокимлигини Мирзо Улуғбекка, Андижон, Тироз, Қашқарни эса амирзода Иброҳим султонга топширди. Сўнг Сароймулкхоним мадрасасидан отга миниб, ўзи қурдирган Кўксаройга борди. Қизиғи шундаки, бу маълумот тарихий манбаларда айнан такрорланмайди. Жумладан, Яздий ўзининг асарида Сароймулкхоним мадрасасидаги қабул маросимларини батафсил ёритмайди, балки унда Жомеъ масжиди қурилиши саркорлари Маҳмуд Довуд ва Муҳаммад Жалднинг гуноҳи текширилгани ва жазога ҳукм этилгани айтилади-ю шундан сўнг Амир Темурнинг Сароймулкхоним мадрасасидан Боғи Чинор томон йўл олгани ёзилади. Клавихонинг кундалигида Оҳанин дарвозаси яқинида жойлашган ҳашаматли бинога келиб қўнгани ва унинг ниҳоятда гўзаллиги, салобатлилиги, бошқа бинолардан фарқланиши ҳақидаги фикрларидан шундай хулосага келиш мумкинки, Амир Темур испан элчиси Клавихони ҳам шу мадрасада қабул қилган ва ана шу қабул вақтида эспан элчиси бу бинонинг гўзаллигидан, ҳашаматидан ҳайратда қолган кўринади. Агар шундай бўлса, унда Мирхонднинг ёзганларида ҳақиқат бордек туюлади.
Яздийнинг маълумотига кўра, Амир Темур Хитойга юриш қилиш олдидан ҳам Сароймулкхоним мадрасасида қўнган. Бу далилларнинг ҳаммаси Сароймулкхоним мадрасаси барпо этилиши билан ҳамманинг диққат эътиборини тортгани, у муҳим ишларни амалга ошириш марказларидан бирига айланиб қолганлигидан гувоҳлик беради.
Аммо XV аср манбаларида бу иморатнинг бевосита вазифасига кирадиган фаолияти ҳақида, яъни мадраса сифатида унинг толиби илмлари, дарс ўтган мударрислари, улар сони ва шунга ўхшаган масалалар ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамади. Ваҳоланки, кейинги даврларда, жумладан Улуғбек давридаги мадрасаларнинг фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотлар бизгача етиб келган.
Энди Сароймулкхоним мадрасасининг кейинги даврлардаги тақдири ҳақида айрим маълумотларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Амир Темурнинг Жомеъ масжидидан ҳам ҳашаматли, меъморлик ва санъаткорлик нуқтаи назаридан ундан устунлик қилувчи Мадрасаи Хонимнинг ўз вақтида тезкорлик билан шошилинч тарзда бино этилиши унинг кўп ўтмай харобага айланишига олиб келмадимикан? «Бибихоним ва меъмор» афсонаси ҳам ана шу мадрасанинг қурилиши билан алоқадор тарзда яратилмадимикан? Бизнингча, боғлиқ ва алоқадор бўлса керак. Негаки, Амир Темурнинг ўзи қурдираётган ва саркорлари белгиланган Жомеъ масжидининг қурилишига Сароймулкхоним аралаша олмасди. Ўзининг ташаббуси билан бино қилинаётган мадраса қурилиши эса бошқа гап.
Сароймулкхоним мадрасасининг кейинги даврдаги тақдири ҳақида кўпинча олимлар, жумладан Л.Ю.Манковская ҳам «Бибихоним мадрасаси XVI аср охирларида Бухоро амири Абдуллохон II нинг буйруғига биноан таг-туги билан бузиб ташланди», деган фикрни билдирадилар. Аммо машҳур олим М.Е.Массон бу масалада XVI аср тарихчиси Ҳофиз Танишнинг «Абдулланома» асарида келтирилган фикрни маъқуллашга мойиллик кўрсатади. Ҳофиз Таниш шундай ёзган эди: «Ҳозир… ҳижрий тўққиз юз тўқсон бешинчи (яъни 1587 мелодий) йилда унинг (Самарқанднинг) маъмурлиги ниҳоятда ортди. У вилоятда буюк амир (Темур) ва унинг авлодларидан қолган ҳамда бузилиш ва вайроналикка юз қўйган иморатларни (Абдуллохон II) тузатишга буйруқ берди. Жаноб Қулбобо Кўкалдош уни тузатиш ва қуришда тиришқоқлик кўрсатмоқдалар». Ҳофиз Таниш қайси иморатларнинг бузилиш ва вайронликка юз қўйганини ном-баном аниқ ёзмаган. Шунинг билан бирга уларнинг қайсилари тузатилгани ҳақида ҳам маълумотга эга эмасмиз.
Аммо ўша даврда харобаликка учраган иморатлар қаторида Сароймулкхоним мадрасаси ҳам борлигини айрим манбалар тасдиқлайди. Бу мадрасани Қулбобо Кўкалдош таъмирлашга улгурмаган кўринади. Чунки 1605 йили ёзилган «Тазкират уш-шуаро»нинг муаллифи Мутрибий Самарқандий (у Самарқандда туғилиб вояга етиб ва шу ерда оламдан кўз юмган) кўпгина шоирлар, жумладан Фигорий Самарқандий ҳақида сўз очиб, унинг турар жойи тўғрисида шундай ёзади: «Фигорий Сароймулкхонимнинг олия мадрасасидаги (ҳозирда мадрасанинг олийлик сифатларига футурлар етган) ҳужрада яшар эди».
Шуни уқдириш лозимки, Мутрибий Сароймулкхоним мадрасасини айрим кишиларга ўхшаб Амир Темур қурдирган Жомеъ масжиди билан аралаштирмайди. Чунки бошқа бир муносабат билан бу масжид номини «Масжиди Жомеъи бузруг» — улуғ Жомеъ масжиди сифатида тилга олади.
Демак, 1605 йили Сароймулкхоним мадрасаси ўзининг олдинги ҳашаматини муайян даражада йўқотган бўлса-да, аммо мавжуд ҳужраларида одамлар яшаган. Мутрибий ўз асарида фақат ўша замоннинг анча машҳур бўлган шоири Фигорий номини тилга олади, эҳтимолки, бошқалар ҳам — мударрислар, толиби илмлар ҳам бўлгандир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, юқоридаги фикрга, яъни Сароймулкхоним мадрасаси XVI аср охирида Абдуллохон II нинг буйруғига биноан таг-туги билан бузиб ташланди, деган фикрга таҳрир киритиш маъқул. Шундан сўнгги даврда Сароймулкхоним мадрасаси тақдирида фожиа юз беради. XVIII аср ва ундан кейинги даврларда ёзилган китобларда бу мадраса тилга олинмайди. Жумладан, 1834 йили Абу Тоҳирхожа томонидан яратилган Самарқанд ва унинг ёдгорликларига доир «Самария» китобида Амир Темурнинг Жомеъ масжиди, Улуғбек, Тиллакори мадрасалари ва бошқа обидаларнинг номи тилга олинса-да, аммо Сароймулкхоним мадрасаси бирон жойда эслатилмаган.
Демак, бу вақтда мадраса таг-туги билан бузилган кўринади. XVII асрнинг охири ва XVIII асрнинг бошларида ёзилган «Тарихи касира»да шундай бир эътироф учрайди:
XVII асрнинг ўрталарида ва иккинчи ярмида Мовароуннаҳр, жумладан Самарқандда катта фатарот (харобалик) юз берган экан.
Шунинг учун 1637-1638 йилларда Аҳмадхўжа томонидан Шайбонийхон мадрасаси яқинида бино қилдирилган олий мадраса шунчалик талофат кўрган эканки, (қурилганига 20 йил бўлмай) 1656-1657 йилларда Аҳмадхўжанинг ўғли Янгихўжа отаси қурдирган олий мадрасани катта таъмир қилиб, қайтадан ўз ҳолига келтирган экан. Шу жиҳатдан қараганда XVII асрнинг бошларида анча хароб бўлган Сароймулкхоним мадрасаси ана шу фатарот вақтида қулаган бўлиши мумкин. Шундан сўнг унинг тош ва ғиштлари бошқа мақсадларда ишлатилган кўринади…
Бу мадраса ва унинг қандайлиги ҳақида янги сўз археолог олимларимизнинг ғайрати билан майдонга келар ва фанимизни, тушунчаларимизни янги хулосалар, ашёвий далиллар билан бойитар, тарихчи ва филолог олимларимизнинг иштирокида янги-янги манбаларнинг кашф этилиши билан бу мадрасанинг илмий-маданий ҳаётдаги мавқеи белгиланар, деган умиддамиз. Араб мақолида айтилганидек: «Алвақту сайф ул-қотеъ» — вақт ўткир қиличдир.
Бу масалага алоҳида эътибор қилинишининг боиси шундаки, ўша вақтларда бино этилган иморатлар кимнинг номи билан аталишидан қатъий назар, улар ижодкор меъмор, донишманд, муҳандис, моҳир наққош, ҳаттот, тошйўнарларнинг ажойиб меҳнати туфайли майдонга келган…
Ҳозир Регистондан Сиёб бозори томон бораётганда кўчанинг чап томонидаги ёдгорлик — Амир Темур қурдирган Жомеъ масжиддир (жума эмас, жомеъ — «жамъ» сўзининг кўплиги бу ўринда катта маъносини ҳам англатади). Форсий манбаларда у «Масжиди жомеъи Амир Темур» тарзида эслатилганки, уни «Амир Темурнинг жомеъ масжиди» тарзида таржима қилса бўлур. Аммо кейинги даврда бу бино турли маълумотнома, йўл кўрсатгич ва архитектура ёдгорликларига бағишланган асарларда, ҳатто бинонинг ўзида ўрнатилган мармар лавҳада «Бибихоним мачити» деб ёзилганки, бу — нотўғри. Уни ўз номи билан «Амир Темурнинг Жомеъ масжиди» деб аташ ва мармар лавҳада ёзиш шарт ҳам зарур.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 14-сонидан олинди.