Азим Суюн. Япония жаннат эмас, аммо… (1991)

Бундан икки-уч йил бурун кунчиқар мамлакати ҳисобланмиш олис Японияда «Японча-ўзбекча луғат» нашр этилганлигини эшитиб ҳайратлангандим. Яқинда эса ўзбек тилида гапира оладиган ва ёза оладиган япон олими — Токио дорилфунуни адабиёт куллиёти доценти, шарқшунослик кутубхонасининг илмий ходими Хисао Кумацу билан танишиб жуда хурсанд бўлиб кетдим.

Тўғриси, тил билиш одатий ҳол ҳисобланиши керак. Хорижий давлатларда аслида ҳам шундай. Лекин шундоқ ёнгинангда ўз она тилини — ўзбек тилини билмай, билишни истамай, билса ҳам «юмалоқ ёстиқ» қилиб гапирадиган, гапирса ҳам ўз фикрларини икки энлик қоғозда ифода этолмайдиган жужун (манқурт)ларни кўравериб… ёки Ўзбекистонда етмиш йилдан буён яшаб, ўзбек тилининг «ў» ҳарфини ҳам «ҳазм» қилолмай келаётганларнинг гоҳ очиқ, яширин таъна-дашномларини эшитавериб… сабр-тоқат билан кун кечираётганингда… бирдан бир япон сен-ла она тилингда эркин, равон суҳбат қурса, гурунглашса ҳайратланмай, севинмай бўладими, ахир?!

Хисао Кумацу жаҳондаги ҳар томонлама ривожланган давлатнинг фарзанди. Электронлаштирилган, компьютерлаштирилган мамлакат олими. Аммо ғоят самимий, нозиктаъб, мулойим, хушфеъл инсон.

«Японларнинг ҳам армони борми?» — деб сўрадим ундан ярим ҳазил, ярим чин оҳангда. «Армонсиз одам, ҳатто армонсиз давлат бўлмайди, — деди у жилмайиб. — Бизнинг ҳам армонларимиз кўп, уларни қўятурайлик, бироқ ўша техникалашган, машиналашган, роботлашган диёримизда табиий одамгарчилик, инсонгарчилик туйғулари тақчил бўлиб бораяпти. Айтайлик, бир ота-онанинг икки фарзанди бир дастурхон устида бемалол суҳбатлашиб ўтиролмайди. «Темиртан»лар билан банд, улар билан кўпроқ «суҳбат» қуришади. Бундай ҳаёт кечириш кейинги йилларда ёшларимиз ичида сезиларли норозиликларга сабаб бўлмоқда. Темирлар ҳеч қачон инсонга инсондек дўст бўлолмайди…»

Хисаони, унинг дардини тушунгандек бўлдим. Аммо менинг Ўзбекистоним бугун Япония каби мамлакатлар ривожи, тараққиёти сари интилмоқда. Мен унга шу ҳақда сўзлаб бердим. Хисао ҳам мени тушунгандек бўлди. Тараққий этиш йўлларини ўзича шарҳяади.

«Энг аввало, — деди у, — ҳамма соҳада бирдай иш юритувчи тил — ўз она тилингиз бўлиши керак. Фақат она тил орқалигина инсон сийратидаги бор мавжуд имконият юзага чиқади! Она тил билангина асл маърифатга эришилади. Миллий кадрлар пайдо бўлади. Ахир, она тилда иш юритилмаса ҳақиқий юрт эгалари қаёқдан туғилади? Бегона тиллилар… сизнинг Ватанингиз учун эмас, ўз шахси ва ўз ватанлари манфаати, дея гоҳ ошкора, гоҳ яширин ҳолатда ҳаракат қилади. Инсон табиатан шундай яралган.

Мамлакатингиз тараққиётга эришаман деса, тезроқ чин истиқлолга — мустақилликка эга бўлмоғи керак! Мустақиллик ягона бўлади. Унинг иқтисодий, сиёсий… каби турлари йўқ.

Мустақилликка эришган мамлакат, албатта, биринчи галда ўз ички имкониятларини ишга солади, чет давлатлар билан тўғридан-тўғри алоқа қилади. Ўзбекистоннинг ички имкониятлари жуда катта. Мен ишонтириб айтаманки, Японияда ҳам бундай имконият йўқ. Тангри берган сахий офтоб, табиий бойликлар, тенгсиз иқлим… эҳ-ҳе, Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ!

Тағин бир гап. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳар бир жабҳада қадимги Туркистон каби ҳамжиҳатлик билан иш юритиш зарурият бўлади. Ахир, йўлингиз бир, сувингиз бир, ҳавоингиз, тупроғингиз бир! Тақдирингиз бир! Хабарим бор… Халқларингиз орасидаги нифоқ — узоқ қуллик занжирларининг узилишига эмас, балки, янада яшовчанлигига хизмат қилади!

Япония жаннат эмас, аммо мустақил давлат. Унинг бахти фақат шунда!»

Хисао Кумацунинг бу мулоҳазалари менинг учун янгилик эмас. Йигирма-йигирма беш йилдан буён шундай ўйлаб келаман. Лекин буюк бир мустақил давлат олими фикрлари билан ўзимнинг қарашларим хосу мос, муштараклигидан, рости, ичимда хурсанд бўлиб қўйдим. Унинг гапларини жим туриб эшитдим.

Хисао «Ўзбекистон тараққиёт талаби билан ҳам мустақилликка эришолмаслиги мумкинми?» деган саволимга «Ҳа, чин демократик кучлар, партиялар хилмахиллиги бўлмаса мумкин, узоқ давом этиши мумкин!» — дея қатъий жавоб берди.

Шундан сўнг уни тарих, адабиёт, санъат доирасидаги суҳбатга тортдим. Ўзи, қилаётган ишлари ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилдим. У рози бўлди.

— 1951 йил 28 февралда туғилганман. Лекин бу муҳим эмас. Муҳими: йигирма йилдан буён XIX асрнинг иккинчи ярмидаги ва XX аср бошларидаги Туркистон тарихи, адабиёти билан шуғулланиб келишим. Асосий ишим Фитрат фаолияти ва ижоди ҳақида.

«Фитратнинг «Мунозара» асари ҳақида қайдлар» деган илмий рисолам 1981 йилда Анқарада нашр этилган. «Фитрат ва «Ёш бухороликлар»нинг фикр ҳаракатлари тадрижи» деган рисолам эса инглиз тилида чиққан. Бундан ташқари «Бухоро маҳаллаларига доир», «Бухоро ва Қозон», «Ўрта Осиё мусулмонларининг аҳволи», «Тошкент эшонлари», «Андижон қўзғолони ва Мадали эшон», «Қўқон ва Истанбул» сингари мақолаларим турли манбаларда эълон қилинган.

Туркияда уч йил тадқиқотлар олиб бордим. Турк ва ўзбек тилларини шу ерда ўргандим…

Ҳа, Хисао ўзбек, турк тилларига самимий муҳаббат қўйган. У бундан ташқари инглиз, рус тилларини ҳам пухта эгаллаган олим. Хисаонинг тил билишдаги ютуқларини кўриб, ўзимизнинг бечора «тилсиз» олимларимизнинг ношудлигини эсладим. Кўпчилиги ҳатто ўз она тилларида эркин гаплашишни билишмайди-я, ёзиб-чизишни-ку қўяверинг!

Хисаонинг айтишича, умуман ҳозир Японияда, ўзбек тилини билишга қизиқиш кучайган. Киато университетида чиғатой-ўзбек тили ўқитилаяпти экан. Мано деган профессор Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»сини япон тилига таржима қилибди. Бир қанча мутахассислар назарлари Алишер Навоий, Абулғозийхон, «Шайбонийнома» муаллифи Муҳаммад Солиҳ, Убайдуллахон ва бошқа шоир, олим, давлат арбоблари ижоди, ҳаёти, фаолиятларини ўрганишга қаратилмоқда экан. Энг муҳими, ўзбек тилини ўргатувчи дарслик яратилибди…

Хисаодан бундай қизиқишлар изоҳини сўраганимда, қуйидагича жавоб берди: — Бизнинг ҳисоб-китобимизга қараганда, дунёдаги жамики ўзбеклар сони йигирма тўрт миллионни ташкил этади. Бундай қадимий ва катта халқнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс! Шундай экан, Ер юзидаги ҳар бир ўзини билган миллат ўзбек тилини, тарихини, маданиятини, адабиётини, санъатини ўрганмаслиги, унга эътиборларини қаратмаслиги мумкинми?..

Японияда ўзбеклар яшаш-яшамаслиги билан ҳам қизиқдим. «Билишимча, — дейди у — бизда озчилик — уч-тўрт оилагина яшайди, аммо қондошларингиз татарлар билан бир юз йигирма-бир юз эллик оилани ташкил этади. Яқинда Япония ҳукумати бу мусулмонлар учун алоҳида масжид қуриб бермоқчи. Улар ўз урф-одатлари, расм-русумларини унутган эмас».

Хисао Кумацу бугунги Ўзбекистон билан бир олим сифатида чуқурроқ танишга ҳаракат қилди. У Самарқанд, Бухоро, Андижон вилоятлари сафарида бўлди. «Ўзбекистон тарихий ёдгорликлари ва маданиятини сақлаш жамияти»да, Тошкент тумани «Ленин йўли» давлат хўжалигида ажойиб гурунглар берди. Филология фанлари номзодлари, олимлар Ортиқбой Абдуллаев, Нўъмонжон Раҳимжонов, «Ёдгорлик» илмий-ишлаб чиқариш фирмасининг бош директори Амирсаид Усмонхўжаев ва камина Хисао суҳбатларидан баҳраманд бўлдик. Дунёнинг бир четида ўзбек тилини ўрганиб, халқимиз тарихини, маданиятини оламга ўзича танитаётган япон дўстимиздан миннатдорлигимизни яшириб ўтирмадик, унга, япон халқига аталган яхши сўзларимизни айтдик.

«Халқлар, давлатлар илтифоқи икки кишининг оддий мулоқотидан, дўстлигидан бошланади, мана бизлар дўст бўлдик, энди навбат Ўзбекистон ва Японияга…» — дейди Хисао ширин жилмайиб.

Хисао Кумацу Қозонга учиб кетди. Ундан Истанбулга ўтади. У ўз ватанига борганидан сўнг илмий ишлар билан шуғулланишидан ташқари бирор япон мактабида ўзбек тилидан дарс бермоқчи!

Омад сенга ёр бўлсин, ўзбекнинг дўсти, дўстим Хисао Кумацу!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1991 йил 16 август.