Ҳозир саводи кам одам ҳам Ерни шарсимон шаклда деб билади. Бироқ Ерни “текис, доира шаклида” дейиш мусулмон оламида узоқ вақт урф бўлган. Бу ҳол илмий манбаларда ҳам қайд этилган. Масалан, атоқли адабиётшунос олима Фозила Сулаймонова “Шарқ ва Ғарб” монографиясининг (“Ўзбекистон” нашриёти, 1997) “Марказий Осиёда илм-фан” сарлавҳали бобида буюк аллома Аҳмад Фарғонийнинг оламшумул кашфиётлари ҳақида фикр юритиб шундай мулоҳазаларни қайд этади: “Фарғоний, Қуръонда ер текис доира дейилишига қарамай, сайёрамизнинг шар шаклида эканини ҳозирги тушунчалар билан исботлаб берган”. Биз бу мулоҳазаларни ўқигач, наҳотки Қуръони Каримда Ер сайёраси текис доира шаклда деб берилган бўлса, деган фикрга бордик ва сўнгги йилларда ўз она тилимизда нашр қилинган Қуръони Карим нусхаларидан шу масалага доир оятлар қандай таржима ва тафсир қилингани билан қизиқдик. Алоуддин Мансурнинг “Қуръони Карим ўзбекча изоҳли таржима”сидаги (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1992 йил) “Ван-нозиот” сураси 30-оятида: “Ва шундан кейин Ерни ёйиб — текис қилди”, деб ёзилган. Кейинги таржима ва тафсирларда эса Ернинг шарсимонлиги тушунилган ҳолда, назаримизда, уни қисман эътироф этишга уринилганга ўхшайди. 2004 йили “Тошкент ислом университети” нашриёти томонидан ўзбек тилида чоп этилган “Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири” “Нозиот” сураси 30-оятида мана бу сўзларни ўқиймиз: “Шундан кейин Ерни (туяқуш тухуми шаклида) ёйиб, текислаб қўйди”.
Қуръони Каримнинг рус тилига академик И.Ю.Крачковский қилган таржима нусхасида ҳам, Валерия Порохова таржимасида ҳам Ернинг туяқуш тухуми шакли ҳақида бирор сўз учратмаймиз. Валерия Порохова мусулмонликни қабул қилган аёл бўлиб, Дамашқ шайхининг келинидир. У бажарган Қуръони Карим таржимаси Қоҳирадаги Ал Азҳар илмий-текшириш Ислом академиясининг олий комиссияси томонидан маъқулланган ва дунё аҳли диққат марказида турибди. Демоқчиманки, Қуръони Каримда Ер айнан туяқуш тухуми шаклида деб ҳам, текис доира деб ҳам айтилмаган. Агар айтилган бўлганида эди, бу ҳолат, албатта, русча таржималарда ҳам ўз аксини топган бўлур эди. Умуман, Ернинг шакли Қуръони Каримда қандай акс этгани сўнгги бир неча аср мобайнида Қуръони Карим тарафдорлари ва бу муқаддас Китобнинг инсониятга Аллоҳ томонидан нозил қилинганини инкор этувчилар ўртасидаги фикрий курашларда асосий масала бўлиб турибди.
Мен ўзим ўттиз пора Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржималарини ўқиб, рус тилидаги бошқа таржималарга қиёсан солиштириб, қуйидаги хулосаларга келдим. Аввало, Қуръони Каримда Ернинг шакли ҳақида очиқ бир нарса айтилмаган. Аллоҳ Қуръони Каримдаги қатор оятларда Ернинг яратилиши ҳақида “Ерни ёйиқ қилдик”, деб ваҳий юборади. Қуръони Каримнинг бирор оятида “Ерни япалоқ, текис ёки доира шаклида” қилиб яратдик, дейилмаган. И.Ю.Крачковский бу оятни “и землю после этого распростер” деб, В.Порохова эса “Потом Он землю распростер”, деб таржима қилган. “Распростер” сўзи эса ўзбек тилида кенг ёзмоқ, катта очмоқ, кермоқ, ёймоқ, тарқалмоқ, сочилмоқ, чўзилмоқ маъноларини беради.
“Ёйиқ” сўзи ўзбек тилининг изоҳли луғатида чуқур бўлмаган; ясси, юза деган маъноларда берилган ва бу сўз ўз ичига жуда кўп маъноларни (учбурчак, тўрт бурчак, чўзиқ, шарсимон, спиралсимон ва ҳоказо) сингдиришини ҳам назарда тутишимиз зарур. Қадимги тафсирчилар ўз даври учун қулай қилиб ёйиқ сўзини танлаб олишган. Эҳтимол, бу кейинги мутаржимларни Аллоҳ “Ерни япалоқ, текис доира шаклда яратди”, деган хулосага олиб келгандир?! Шунинг учун ҳам 2004 йили ўзбек тилида нашр қилинган “Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири” муаллифи (ўрни келганда мутаржим улкан ва олижаноб, ўта масъулиятли ишни уддалагани, халқимиз эътирофига сазовор бўлганини айтиб ўтмоқчиман) “Нозиот” сурасида Ер “туяқуш тухуми шаклида” деган изоҳни қавс ичида берган бўлиши мумкин.
Абдулазиз Мансур таржима ва тафсиридаги Қуръони Каримнинг йигирма иккита сурасидаги йигирма тўртта оятда Ер ўз ўқи ва Қуёш атрофида айланиши ҳамда шакли шарсимон эканлиги ҳақида қимматли маълумотларни аниқлашга муяссар бўлдик. “Ёсин” сурасининг 37-оятида “Тун ҳам улар (қудратимиздан) учун бир аломатдир. Биз ундан кундузни суғуриб олишимиз билан бирданига улар зулматда қолурлар”, деб айтилган. 40-оятда: “На қуёш ойга етиши мумкин ва на кеча кундуздан ўзувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузадилар”, ва “Оли Имрон” сурасининг 190-оятидаги “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир”, деган ишораларга эътиборимизни қаратайлик.
Аввало, “ақл эгалари учун аломатлар бордир” дейиш орқали ақлни ишлатиб, илм қудрати билан кеча ва кундузнинг ўрин алмашиб туриши моҳиятини тушунишга чақириляпти. Демак, Қуръони Карим инсониятни дунёни яхшироқ билишга чорлаяпти. Ғарб файласуфларининг: дин “дунёни билиб булмайди”, деб айтади деган хулосалари мутлақо Ислом динига тўғри келмаслигини шундан ҳам билиш мумкин.
Иккинчидан, кеча ва кундузнинг ҳосил бўлиш сабабини ақл эгалари илм билан кашф этди ва тушуниб етди. Яъни Ернинг ўз ўқи атрофида 24 соатлик айланиши натижасида кеча ва кундузнинг ҳосил бўлиши ХV асрга келиб аниқланди. Энди ўйлаб кўринг: Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши ҳақида Қуръони Каримда ўша пайтда очиқдан-очиқ маълумот берилганида мутаассиблар буни тушунишга тайёрмидилар? Ушбу оятлар келганидан минг йил ўтгач, ҳисоб-китоб ва чизмалар билан илмий асосланган Коперник таълимоти намояндалари Бруно ва Галилейнинг бошига мутаассиблар қандай савдолар солганини бир эсга олайлик. Бруно тириклай ўтда ёндирилди, буюк Галилей эса хор-зор қилинди. Галилей охир-оқибат ўз таълимотидан воз кечишга мажбур бўлди.
Қуръони Каримдаги қуйидаги суралар оятларининг барчасида кеча ва кундузнинг ўрин алмашишида ибратли аломатлар борлиги айтилади: 3-сура 190-оят; 6-сура 13-оят; 7-сура 54-оят; 10-сура 6-оят; 14-сура 33-оят; 16-сура 12-оят; 17-сура 12-оят; 21-сура 33-оят; 24-сура 44-оят; 25-сура 62-оят; 27-сура 86-оят; 28-сура 71-, 72,- 73-оятлар; 31-сура 29-оят; 35-сура 13-оят; 36-сура 37-оят; 39-сура 5-, 67-оятлар; 45-сура 5-оят; 57-сура 6-оят; 79-сура 29-оят.
“Ёсин” сурасининг 40-оятида “На қуёш ойга етиши мумкин ва на кеча кундуздан ўзувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар”, дейилади. Ҳақиқатда ҳам Ер ўз ўқи атрофида айланганида кеча ва кундуз ҳам Ер билан бирга 460 м/с тезлик билан, Ер Қуёш атрофида айланаётганида 30 км/с тезлик билан ва Қуёш галактикада ҳаракатланаётганини эътиборга олсак 295 км/с тезлик билан фалакда сузади. Ушбу оятнинг русча таржималарида кеча ва кундуз фалакда сузади, дейилади. Ўзбек тилидаги таржимада эса қавс ичида “Қуёш, ой, юлдузлар”, — деб тафсир берилгани ҳолда фақат уларнинг фалакда сузиши тасдиқланиб, кеча ва кундуз эса айтилмай қолган.
“Набаъ” сурасининг 6-7-оятлари И.Ю.Крачковский таржимасида қуйидагича: 6-оят: “Разве Мы не сделали землю подстилкой”; 7-оят: “и горы — опорами”. Ўзбек тилидаги таржимада 6-оят: “Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?!”; 7-оят: “Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!” тарзида берилган. “Опора” ва “қозиқ” сўзлари маъносида эса фарқ бор. Шунинг учун ҳам ўзбекча таржимада “қозиқ” сўзи ушбу оят маъносини яхши англата олмагани учун қавс ичида Куръони Каримга тегишли бўлмаган: “Ерни тутиб турувчи” деган изоҳ берилган. “Опора”: тиргович, тиргак, тирак, таянч, суянчиқ, асос, негиз, пой ва ҳоказо маъноларни беради. Шу сабабли юқоридаги оятдан ҳар бир тоғ Ернинг тагида турибди, деган маъно чиқади. Аслида инсонга тоғлар осмонни кўтариб тургандек кўринади. (Ерни учта ҳўкиз кўтариб туради, у учта ҳўкиз балиқ устида, балиқ сув устида каби эл оғзидаги афсоналарнинг бирортаси Қуръони Каримда йўқ). Тоғлар Ернинг негизида деган маъно юқорида келтирилган оятнинг мазмунида бор. Ҳақиқатан ҳам коинотдан Ерга назар солган фазогирлар барча тоғлар Ер юзида яшовчи одамларга нисбатан пой бўлиб турганини кўришган. Евроосиё, Африка қитъалари тоғлари Америка қитъаси одамлари учун, Америка тоғлари эса Евроосиё ва Африка қитъалари одамлари учун негиз, пой бўлиб турибди. Шу сабабли ҳам тоғларни Ер учун негиз (опора) деб тушунсак, Ернинг шарсимон шаклда эканлигини осон тасаввур эта оламиз.
Албатта, Қуръони Каримда мен тушуна олмаган оятлар ҳам бор. Масалан, соя ҳақидаги оятлар. Соя ҳосил бўлиши мураккаб оптик жараёндир. Ҳали бу борада оптикашунос физикларимиз изланиш олиб борадиган жиҳатлар кўп. Қуръони Каримда соя ва зулмат фарқлангани ҳайратланарли. Осмон инсонга зангори бўлиб кўринади, лекин осмонни зангори қилиб яратдик, деган оят йўқ. Атмосфера сийраклашгач, осмон қоп-қора зулмат бўлиб кўринади.
Қуръони Каримнинг 22-сура 18-оятида “(Эй, Муҳаммад!) Осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўп инсонларнинг (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми?…” дейилади. Сажда қилаётган инсонни кўз олдимизга келтиришимиз мумкин. Бироқ Ер ва ундаги бошқа жонзотлар, сайёралар, ҳайвонот ва наботот оламининг саждага бош эгишини тасаввур этишга одатланмаганмиз. Эътибор беринг: Ер сайёраси ўз ўқи атрофида ҳамда Қуёш атрофида айланиш жараёнида гоҳ Жанубий қутбга, гоҳ Шимолий қутбга томон оғади. Шунинг натижасида йил фасллари ҳосил бўлади. Ушбу оғиш жараёнини саждага эгилганлик сифатида тушуниш мумкин, деб ўйлайман. Инсон ҳам Ер билан биргаликда шу жараёнда иштирок этаяпти. Бироқ Аллоҳ унга онг берган, инсон ақли расо мавжудот. Шунинг учун унинг саждаси онгли равишда бўлиши талаб этилади. Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалар барча осмон жисмларига тааллуқли, деб уйлайман.
Қуръони Каримнинг 41-сура 11-ояти қуйидаги тарзда берилган: “Сўнгра тутун ҳолатда бўлган осмонни (яратишни) қасд этиб, унга ва Ерга: “(Фармонимга) “ихтиёрий ёки мажбурий ҳолда келингиз”, — деган эди, улар “Ўз ихтиёримиз билан келдик”, — дедилар”. Ўзбек тилига тутун деб таржима қилинган сўз В. Порохова таржимасида “пеленой из дыма” (тутун қатлами) деб берилган. Буни қаранг: космогония фани фақат XX асрдагина олам газ-чанг (тутун) булутининг (қатламлари) сиқилишидан осмоннинг пайдо бўлганини айтган бўлса, Қуръони Каримда бу хабар 14 аср олдин берилган. Ушбу оятда осмон ва Ер ўз ихтиёрлари билан яқинлашишгани айтилади. Ўз ихтиёрлари билан деган сўзнинг маъноси Ерда ҳам, осмонда ҳам бир-бирларига интилиш бор дегани. Физикадаги бутун олам тортилиш қонуни гравитация майдони билан боғлиқ. Гравитация майдонининг табиатига кўра, жисмлар бир-бирига маълум қонуният билан ихтиёрий равишда тортиладилар. Электр, магнит майдонлари табиатига хос итарилиш хусусияти йўқ. Гравитация майдони ҳақидаги маълумот юқоридаги оятда қанчалар гўзал қилиб берилганидан завқланасиз. Зарраларнинг (жисмларнинг, планеталарнинг, юлдузларнинг) ўзаро тортилиши (гравитация кучи, оятдаги ихтиёрийлик) натижасида жисм шар шаклини олишга интилиши ҳозирги замон фанига маълум. Шунинг учун Қуёш, планеталар, уларнинг йўлдошлари ва юлдузларнинг шакли шар шаклига яқин.
Қуръони Каримнинг 21-сура 30-оятида: “Кофир бўлганлар осмонлар ҳам, Ер ҳам (аввалда) яхлит бўлганини, бас, Биз уларни ёриб юборганимизни ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам имон келтирмайдиларми?!”, дейилади. Космогония фани илгари сураётган буюк портлаш нуқтаи назари ҳам ушбу оятнинг замонавий илм ютуқлари билан ниҳоятда мувофиқ эканлигини тасдиқлайди. Илм-фан тараққиёти шуни ҳам кўрсатмоқдаки, қачонлардир Ердаги қуруқлик бир бутун, яхлит бўлган ва улар кейинчалик қитъаларга ажраган.
Қуръони Каримнинг 44-сура 10-оятида: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз осмон аниқ тутунни келтирадиган кунни кутинг!”, дейилган. Астрономия фани ютуқларига асосан, Ер ҳар 200 миллион йилда фазода газ-чанг (тутун) қатламидан ўтиб туради ва ушбу нуқтаи назар ҳам юқорида келтирилган оятда ўз ифодасини топган.
Қуёш жойлашган галлактикада ҳозирча икки миллиард юлдуз мавжуд. Қолган юлдузларни ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилиняпти. Қуёшдан энг яқин юлдузгача бўлган масофа 4 ёруғлик йилига, Қуёшдан галактикамизнинг марказигача 40 минг ёруғлик йилига, бизнинг галлактикадан коинотни кузатиш мумкин бўлган чегарагача бўлган масофа 4 миллиард ёруғлик йилига тенг. Бунда бизнинг кўриш имкониятларимиз ёруғликнинг тарқалиш тезлигига монанд ҳолда чеклангандир. Барча галактикалар ўз юлдузлари билан бирга улкан тезликда олам сарҳади томон ҳаракат қилмоқда. У галактикаларнинг бизга нисбатан тезлиги орта бориб, ёруғлик тезлигига тенг бўлгач, бизларга бутунлай кўринмай қоладилар (Хаблл қонуни).
Юлдузлар кўринмай қоладиган ушбу чегарани биринчи осмон сарҳади сифатида олишимиз мумкин, деб ўйлайман. Хаблл қонунига биноан, юлдузлар биринчи осмон чегарасидан ўтганида, бизга маълум бўлган физика қонунлари амалда бўладими ёки йўқми, бу ҳақда маълумот йўқ. Юлдузларнинг тезлиги мазкур чегарадан ўтгач, ёруғлик тезлигидан катта бўлади деган нуқтаи назар бор. Агар шундай бўлса, ўз-ўзидан бизга маълум қонун амал қилинмагани аён бўлади. Чегарадан ўтган юлдузларнинг тақдири нима бўлиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Улар ўз ҳаракатларини ёруғлик тезлигидан катта тезлик билан давом эттиришадими ёки бутунлай ғойиб бўлишадими? Бу инсониятга ҳозирча номаълум. Ўйлайманки, иккинчи осмонда инсоният учун биринчи осмонда маълум бўлган табиат қонунлари амалда бўлмайди. Демак, еттита осмон мавжуд бўлса, бизлар биринчи осмонда жойлашган Ерда яшаяпмиз. Иккинчи осмоннинг борлигини сезяпмиз. Қолган осмонлар ҳақида билишга фаннинг ҳозирги равнақи ожизлик қилади. Ва биз бу ҳақда Қуръони Карим оятларидан бўлак ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз.
Қуръони Каримнинг 37-сура 8-оятида “У (жин)лар олий мавжудот бўлмиш (фаришталар сўзлари)ни эшита олмаслар, уларга ҳар томондан (юлдузлар) отилур”, дейилган. Русча таржимада: “Они не прислушиваются к верховному совету и поражаются со всех сторон”, деб берилган. И. Крачковский ҳам, В. Порохова ҳам юлдуз сўзини қўлламаган. Ёки Қуръони Каримнинг 15-сура 17-оятида “Яна уни (осмонни) барча қувғин этилган шайтонлардан муҳофаза қилдик”, дейилади. В.Порохованинг русча таржимасида “И охроняем их от Сатаны, побитого камнями”, деб берилган. И. Крачковский эса: “И охронили Мы их от всякого сатаны, побиваемого камнями”, деб ўгирган. Эътибор беринг: русча таржималарда ўзбекчадаги юлдуз сўзи йўқ, балки тош дейиляпти.
41-сура 12-оятда: “…Биз қуйи (Ерга яқин) осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик…”, дейилган. В.Порохова таржимасида “…Украсили Мы ближний свод огнями…”, деб берилган. Демак, русча таржимада юлдуз сўзини ишлатишга ўта эҳтиёткорлик ва минг мулоҳаза билан ёндашилган. Чунки юлдузни улоқтириш ҳозирги замон фани нуқтаи назаридан жуда кўп асослар билан лоф деб қаралади. Аслида осмондаги метеор жисмлар деб номланувчи тошлар Ер атмосферасига кириб, ўта кучли ишқаланишга учраганда қизийди ва ўзидан нур чиқаради. Бу манзара бизга худди юлдуз учгандек бўлиб кўринади. Қуръони Каримнинг асл арабча нусхасида юлдуз сўзи йўқдирки, рус таржимонлари бу сўзни кўп ишлатишмаган. Тафсирларда метеор жисмларни юлдузлар деб тушунтириш унчалик ўзини оқламаганини айтишимиз керак. Шунинг учун Қуръони Карим таржимасидаги “юлдуз” сўзини юлдуз маъносида, учар юлдузни эса метеор жисмлар маъносида тушунишга ҳаракат қилиш зарурлигини айтмоқчимиз. Негаки, таркибан юлдузлар оловдан иборат. Шунинг учун ҳам рус тилидаги таржималарда юлдузлар чироқ деб эмас, балки олов — огон тарзида тўғри берилган.
Қуръони Каримнинг 16-сура 8-оятида “У яна минишингиз учун… сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур”, деган жумлалар борлигига эътибор беринг. Бу маълумотни келажакда яратиладиган турли транспорт воситалари ҳақида ахборот сифатида тушуниш унча мураккаб эмас. В.Порохова таржимасининг 1004-изоҳи билан танишганда барча тафсирчилар бу оят мазмунини айнан шундай шарҳлаганлари аниқ бўлди.
Аллоҳ ҳеч нарсага зор бўлмаганидек, унинг сўзи бўлган Қуръони Карим ҳам ҳеч қандай бўяб-бежашларга муҳтож эмас, қайтанга бу муборак Китоб оятларини билиб-билмай янглиш таржима ва тафсир қилиб қўйишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин, дейишимиз ва бу ишга жуда катта масъулият билан ёндашишимиз зарур. Афсуски, Қуръони Каримни бошидан охиригача ўқиб ва уқиб олмоққа ҳамманинг ҳам тайёргарлик даражаси ва имкони етавермайди. Кўпчилик кундалик турмуш ташвишлари билан банд. Айримлар фақат у ер-бу ерда диний саводли кишиларнинг суҳбатларини узуқ-юлуқ эшитиб боришади. Дин илмидан хабардорлар орасида эса гоҳида ҳар хил муболағага йўл қўювчилар ҳам учрайдики, бу одамларни Қуръони Каримнинг маъно-моҳиятини тўғри илғаб олишларига халал бериши, имонида иккиланишлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Шўролар давридаги айрим филмларда Ислом динини ёмон кўрсатиш учун асосан диний мавзудаги ҳикояларда учрайдиган лофлардан усталик билан фойдаланилган. Масалан, “Шум бола” филмида Або Муслим ҳақидаги лофлар шулар жумласидандир. Профессор Фозила Сулаймонованинг “Шарқ ва Ғарб” рисоласининг 387-саҳифасида Қуръони Карим тафсирлари, мерожномалар, қиссас-ул-анбиёларда айрим тафсирчи ва ижодкорлар фантазия жиҳатидан чегарани унутганлари тилга олинган (масалан, Ҳазрат Алининг қиличи 40 қулоч деб талқин этилиши мантиққа зид. Аслида бу қилич Туркияда, музейда турибди ва 70-80 см.дан узун эмас).
Эйнштейн Ньютоннинг нуқтаи назаридан устун бўлган ўз нисбийлик назариясини инсониятга тақдим этар экан, “Кечир мени, Ньютон”, деб сўз бошлайди. Буюк Ньютон инсоният учун жуда азиз, лекин ҳақиқат инсоният учун ундан ҳам азиз эканини Эйнштейн биларди. Қуръони Карим тафсирлари ва тафсирчилари ҳам биз учун азиз. Бироқ Аллоҳ ва унинг улуғ Китоби Қуръони Карим ҳамда пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом биз учун уларданда азизроқдир. Бошқа Аллоҳ йўқ ва бўлмайди ҳам. Аллоҳ инсониятга бошқа бундай улуғ Китоб ва пайғамбар юбормайди. Лекин инсоният беҳисоб Қуръони Карим тафсирчиларига эга бўлиши ва улар ўз навбатида беҳисоб тафсирларини тақдим этишлари мумкин. Биз улар ичидан Қуръони Карим оятларини энг мукаммал даражада изоҳлай олганларинигина танлашимиз ва эътироф этишимиз лозим. Ва бунда ўтмишдаги улуғ тафсирчиларга ҳам узримизни кўнгилдан кечирсак, уларнинг руҳи албатта шод бўлади, деб ўйлайман.
Илм-фан қотиб қолмаганидек, дин ҳам, диний қарашлар ҳам доимо ривожланишдадир. Физика-математика фанлари доктори, бир қанча юксак мукофотлар совриндори бўлган марҳум академик Б.П.Захарченья: “Физика фани ҳар куни эришаётган ютуқлар Яратгувчи мавжуд эканлигини тасдиқлаб турибди”, деган эди. Мен ҳам шу фикрдаман. Шундай фикрда бўлган олимлар ҳозирги даврда ниҳоятда кўп. Биология, химия, генетика, медицина ва бошқа турли фанларнинг жуда кўплаб ютуқлари Қуръони Каримда ўз тасдиғини топгани ҳеч кимга сир эмас. 1998 йили “Труд” газетасида “Молчаливые гены” сарлавҳали бир мақола босилган эди. Унда ёзилишича, инсон танасидаги генларнинг жуда оз миқдори ирсият учун хизмат қилар экан. Ўзини намоён қилиш учун ҳеч қандай интилиши бўлмаган қолган генларнинг барчасини мақола муаллифи “сукут сақловчи генлар” деб атаган. Бу генларнинг вазифаси инсоннинг кундалик қилаётган ишлари ва хатти-ҳаракати бўйича ахборот тўплаб бориш экан. Бу янгилик кишини анча ўйлантириб қўяди, албатта.
Мақоламизни Қуръони Каримнинг ушбу оятлари билан якунламоқчиман: “У сизлар учун кеча ва кундузни, қуёш ва ойни бўйин сундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйин сундирилгандир. Албатта, бунда англайдиган қавм учун (Унинг қудратига далолат қилувчи) аломатлар бордир”, “У Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Аввалу охирда (яъни дунё ва охиратда) ҳамд фақат Унга хосдир. Ҳукм ҳам Уникидир ва (қиёмат куни) Унгагина қайтарилурсиз”.
Мансурхон Тоиров,
физика-математика фанлари доктори, профессор
Мансурхон Тоиров 1967 йили Ўзбекистон Миллий университети физика факултетини битириб, Санкт-Петербургдаги А.Ф. Иоффе номли Физика-техника институти аспирантураси ва докторантурасида таҳсил олган. 1989 йили шу илм даргоҳида ярим ўтказгичлар физикасига доир докторлик илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилган. В.М.Тучкевич, Ж.И.Алферов, Б.П.Захарчения каби машҳур академикларнинг шогирди бўлган профессор М. Тоиров юздан ортиқ илмий асарлар, рисолалар ҳамда ихтиролар муаллифи. Кўпгина илмий мақолалари чет элларда ҳам нашр қилинган. 2003-2004 йиллари Санкт-Петербург ва 2005 йили АҚШнинг Денвер шаҳрида бўлиб ўтган ярим ўтказгичлар физикасига доир халқаро анжуманларда маърузалари билан қатнашган. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда олий ўқув юртларида кўп йиллар самарали фаолият олиб борган.
1995 йили М. Тоировнинг ҳафталигимиз саҳифаларида эълон қилинган илм ва руҳият муносабатларига бағишланган “Ваҳий қўнғироқлари” мақоласи муштарийлар эътиборини қозонган эди. Қуйида олимнинг шу мавзудаги яна бир тадқиқотини газетхонлар эътиборига ҳавола этмоқдамиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 49-сонидан олинди.