Яхши ният — ярим давлат

Бир бор экан, бир йўқ экан, нияти бузуқ, ҳаммани ўзидан безор қилган бир ўғри бор экан. У ўғирликдан топган пулини карта ўйнаб ютқазар, ҳамма вақт ёлғонни дўндириб, кишиларни алдаб кетар экан. Бир вақт унинг иши юришмай қолибди. Қараса, ҳамма ўзини ундан четга оладиган бўлиб қолибди. Бир куни одамлардан шу юртда Хотами Тойга ўхшаган бир киши борлигини ва унинг ким нима сўраб борса, суриштирмай сўраган нарсасини беришини эшитиб, шунинг уйига борибди. Борса, оқ соқол бир нуроний одам кўрпачада ўтирган эмиш. Салом бериб кирибди. Сахий одам ҳам ўрнидан туриб кутиб олибди. Яхшилаб қорнини тўйғазибди-да, кейин: «Хизмат», дебди. Шунда ўғри йигит:
— Мен сиздан уч минг сўм пул сўраб келдим, албатта бир вақти билан қайтараман, — дебди.
— Уч минг десанг уч минг бор, болам, — деб сахий одам уч минг сўмни санаб йигитга берибди.
Йигит пулни олиши билан: «Энди сенга пулни қайтариб бўпман, топар ойда оларсан!» деб кўнглидан ўтказибди-да, жўнаб кетибди. Бир оз юргандан кейин пулни санаб кўрмоқчи бўлиб, чўнтагини пайпаслабди. Қараса, пул йўқ. Тушириб қўйган бўлсам керак, деб ўйлабди. Бу воқеани ўзига ўхшаган бир дўстига айтган экан, у:
— Э, яна бор, у лақмани яна уч мингини олмайсанми? —  дебди.
Йигит сахий одамнинг олдига келибди.
— Менга яна уч минг сўм керак бўлиб қолди, мен бир вақти билан ҳаммасини қайтараман, — дебди йигит.
— Майли, яна уч мингни ол, — дебди сахий одам. Йигитга уч минг сўм пулни яна санаб берибди. Йигит яна бузуқ ниятини ишга солиб, пул берганни ичида сўкиб, жўнаб кетибди. Бир неча дақиқа йўл юриб чўнтагига қўлини тиқса пул яна йўқ эмиш. Йигит ҳайрон бўлибди. Нима бало пулни санаб олдим, чўнтагимга солдим… Йигит хафа бўлибди, олдига ўзига ўхшаган дўстлари келган экан, уларга ҳам қарамай ўтаверибди. Охири бир чолнинг олдига бориб бўлган ишларни айтиб берибди. Шунда чол йигитга:
— Болам, «Яхши ният — ярим давлат» — деб бежиз айтмаганлар. Ниятинг ёмон бўлса қўлингдагини ҳам олдирасан. Сен ҳамма ёмонликларингни ерга кўм, яхши одамлар билан бўл. Шунда сен бахтли бўласан. Сен ўша одам олдига бориб яна пул олишинг мумкин. Аммо ниятинг холис бўлсин, — деб йигитга маслаҳат бериб юборибди. Йигит «борсамми, бормасамми?» деб ўйланиб, бир неча кунни орадан кечириб, бир куни яна пул сўраб борибди. Нуроний одам ҳам: «Кел, ўғлим кел, кел. Яхши келдинг, бир ёрдамлашиб юборсанг бўларди, — деб йигитнинг олдига бир неча минг пулни ташлаб, — буларни санаб бер», деб ўзи бошқа хонага кириб кетибди. Йигит кўнглида: «Нега менинг олдимга шунча дунёни тўкиб кетди. Мендан гумон ҳам қилмади, ўғирлаб кетар деб ҳам ўйламади» — деган гапларни ўтказиб, пулларни тахлаб, санабди. Лекин бир дирамни ҳам чўнтагига солмабди. Ҳалол санаб, ниятини ҳам бузуқ хаёлларга бурмабди. Бир неча дақиқалардан сўнг уй эгаси келиб йигитга: «Хуш келдингиз, ўғлим, овқатдан олинг, чой ичинг, дам олинг», — деб, йигитнинг қорнини тўйғазиб, дам олдириб, кейин йигитдан сўрабди.
— Хўш, хизмат?
— Ота, озгина муҳтожлик бўлди. Бир оз пул бериб турсангиз, мен сизга кейин қайтариб берсам, — дебди йигит.
— Болам, истаганингни айтиб, керагини санаб олавер, — дебди сахий одам ва йигитнинг олдига бир даста пул қўйибди.
Йигит тўрт минг сўм пулни санаб олибди-да, хайр-хўшлашиб кетибди. Ўзича ўйлабди: «Бу одамиинг олдига уч марга келдим ва ҳар сафар ҳам кўнглимга сиғган пулни олдим. Лекин бирор марта менинг на исмимни, на турар жойимни сўради. Бунчалик сахий, яхши одам бўларкан-да. Агар ўлмасам олган ўн минг сўм пулимни бир йўласи устида совғаси билан қайтараман, шу нуроний кишига бундан кейин боласидай хизмат қилганим бўлсин…»
Бир неча дақиқа йўл босгандан кейин яна қўрқа-писа чўнтагига қўлини солибди. Қараса пул турганмиш. Севинганидан бозорга борибди-да, бир косибга:
— Менинг тўрт минг сўм пулим бор, менга бир ҳунар ўргатинг, ҳам ҳунарманд бўлгунимча шу пулимни ишлатиб туринг, — дебди.
Косиб айтибди:
— Мен сени бошқа бир ҳунармандга берай, лекин пулингни ўзим ишлатай. Бир йилдан кейин пулингдан қанча фойда чиқса ҳаммаси ўзингга буюрсин, — деб, косиб йигигни гиламдўзга шогирд қилиб берибди.
Йигит бир йилда гилам тўқишни ўрганибди. Косиб эса йигит берган тўрт минг сўм пулидан йигирма беш минг сўм фойда кўрибди. Бир куни йигитни олдига чақириб:
— Болам, мен сен берган тўрт минг сўмдан йигирма беш минг сўм фойда кўрдим. Сен шу пулни ол, — деб йигитга йигирма беш минг сўм пулни берибди.
Йигит пулнинг ярмини олиб, ярмини косибга қайтарибди-да:
— Агар, сиз мени гиламдўзга шогирд қилиб бермаганингизда мен ҳунар ўрганмаган бўлардим, мен шаҳарнинг энг олдинги гиламдўзларидан бириман. Халқ мени ҳурмат қилади. Мен бахтимдан шодман. Шунинг учун менга ярми бўлади, — дебди.
Косиб ҳам йигитдан хурсанд бўлибди. Йигит пулни олиб, ўзи ҳунар қилиб тўқиган бир кичик гиламни кўтариб, сахий одамнинг олдига борибди.
— Мен сиздан уч йўласи пул олдим ва ҳаммаси ўн минг сўм пул бўлди, мендан шу омонатингизни олинг, — дебди йигит.
— Мендан, — дебди нуроний одам, — тўрт минг сўм пул олгансиз, олти минг сўм пул эса сиз эшикдан чиқар вақтингизда ҳовлимга тушиб қолган эди. Фақат сўнгги олган пулингизни оламан.
Йигит сўрабди:
— Нега, ахир? Мен сиздан олиб чўнтагимга солдим, эшикдан чиқдим, қандай тушиб қолди?
— Болам, аввалги икки йўла пул олганингизда ниятингиз ёмон эди, ёмон ният билан келгандингиз, шунинг учун пул сизга юқмади. Кейин сизда яхши ният пайдо бўлиб келдингиз ва олган пулингиз фойда берди. Болам, ниятингиздан барака топинг, ҳамиша яхши ният билан бировнинг ҳовлисини босинг, — дебди ва йигитдан фақат тўрт минг сўм пулни олибди. Йигит эса ўзининг ҳунаридан совға қилиб атаган гилампи тутқазибдп. Нуроний одам гиламни олиб, йигитнинг пешонасидап ўпиб, фотиҳа берибди. Шундай қилиб ниятини яхши қилгани учун йигит бойибди ва ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлиб яшабди. У ҳозир ҳам меҳнат қилиб яхши яшаётган эмиш.