Мумтоз адабиётимиз тарихида тасаввуф маслаги билан боғлиқ ижодкорлар кўп. Бироқ ҳам шоир, ҳам тариқат шайхи сифатида машҳур бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган. Абдулазиз Мажзуб Намангоний мероси шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.
Мажзуб ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, таваллуд санаси маълум эмас. Тахминан XVIII аср иккинчи ярмида туғилган. Баъзи маълумотларга кўра, у туғилган жой Қўқон, айримларида Қарши дея кўрсатилади. Вафот санасида ҳам бироз ихтилоф мавжуд: Қори Қундузийнинг “Таворихи манзума”сида ҳижрий 1256 (милодий 1849) йил дейилган бўлса, Пўлатжон Қайюмийнинг “Тазкирайи Қайюмий” асарида ҳижрий 1273 (милодий 1857) йил деб таъкидланади.
Мажзубнинг ҳаёти ҳақида ҳам маълумот жуда кам. У Бухоро мадрасаларида таҳсил кўради ва шу ерда Халифа Ҳусайн Янгиқўрғонийдан тасаввуф таълимини олади. Мазкур шайх хонақоҳидаги хизмат адосидан сўнг, тариқат (баъзи маълумотларга кўра икки — қодирия ва нақшбандия, айримларига кўра ҳатто тўрт тариқат) пешволигига иршод олади. Фарғонага қайтгач, Қўқонда яшайди. Сўнгра Наманган шаҳрига бориб, муқим бўлиб қолади. Муридларга тасаввуф сирларидан таълим бериш билан бирга халқни ҳақиқат ва эзгулик сари тарғиб қилиб яшайди. У Наманганда вафот этган.
Шайх ва шоир Мажзубдан салмоқли адабий мерос қолган бўлиб, асарлари асосан диний-тасаввуфий руҳда. Асарлари ўз даврида ва кейинчалик ҳам кўплаб қўлёзма манбалардан ўрин олган. ХХ асрга яқин, Туркистонда матбаачилик йўли билан китоб нашр этиш урф бўлгач, Мажзуб асарлари ҳам алоҳида тўпламлар ҳолида бир неча бор босилган ва кенг тарқалган. Мисол учун, “Мажзуб Намангоний” номи остида шоир шеърларидан танланган намуналар Тошкентдаги Яковлев матбаасида 1904 йили босилган.
Унинг ўзбек тилида алоҳида, форс тилида алоҳида “Девон”и бор бўлиб, уларда ғазал, мухаммас, қасида, соқийнома жанрлари етакчилик қилади. Бу шеърлар асосан Ҳақни таниш ва уни улуғлаш, инсон қалбини поклаш, юксак маънавий камолот мавзуларига бағишланган.
Бундан ташқари, Мажзубнинг форс тилида “Тазкираи Мажзуб Намангоний” ёки “Тазкират ул-авлиё” номли каттагина асари ҳам бор. Адабиётимиз тарихида Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асаридан сўнг тасаввуф намояндалари ҳақида Рушдий тазкирасигина маълум. Мажзубнинг тазкираси Аттор, Жомий, Навоий, Рушдий ва бошқа муаллифларнинг шу тахлит асарларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бу тазкира XVII — XIX асрларда яшаган тасаввуф шайхлари, дарвешларнинг турфа ҳоллари ва айрим тасаввуфий мақомлар, сўфиёна истилоҳлар мазмунига бағишланган нодир асардир. Унда, масалан, Алишер Навоий тазкираси каби исмлар кўрсатилиб, алоҳида шайх хусусида изчил сўз юритилмайди. Аммо бирор тасаввуфий масала юзасидан навбати билан, мазмунли ҳикояту мисоллар ёрдамида фикр билдирилади, айрим ўринларда (кўпроқ ҳикоятлар охирида) форсча ёки ўзбекча байтлар келтирилади. Кўп ҳолларда “эшон”, “азиз”, “дарвеш” деб номлари кўрсатилмай, ўша зотнинг ҳолати ёки у билан боғлиқ бирор воқеа тўғрисида сўзланади. Мисол учун, Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий, Мусохон Даҳбедий, Шариф Хожа Тошкандий, Мирмақсуд Хожа эшон, Офоқ Хожа эшон, Ҳазрат Имлои Бухорий, Домла Исо Охунд, Халифа Ҳусайн, Мавлавий Намангоний, Мавлавий Жабалий, Халифа Ашур, Мулло Лутфуллоҳ Чустий, Халифа Абдуқаюм ва бошқа яна кўплаб замонасининг валийлари ҳақида ҳикоялар қилинади. Сўфи Оллоёр, Машраб, Мирзо Жони Жонон, Мирзо Абдулқодир Бедил каби машҳур шахслар ҳаётидан келтирилган воқеалар асар мундарижасини бойитган. Шунингдек, тазкирада айрим шоирлар, асар мазмун-моҳиятига кўра, фақат авлиё сифатида талқин қилинади, шеърлари хусусида сўзланмайди. Мисол учун, Бобораҳим Машраб тазкирада “Девона Машраб” дея келади ва баъзи ўринларда у ҳақдаги воқеалар ҳикоя қилинади. Табаррукан, Машраб ҳақидаги бир ўрин (таржимаси)ни келтирсак:
“Бир куни девона Машраб бир нав дарахтга суяндилар. Дарахт энгашди, ҳамида бўлди. Ёнларида ўлтурган киши айдики: “Эй, девона, дарахт энгашди”. Машраб айдиларки: “Энгашса улуғ бўлур.”… Ўшал ниҳол дарахти байд, яъни тол дарахти эрди. Чунон улуғ бўлдики, унинг олдида бир катта тол бор эрди, ўшал бирлан баробар бўлиб, (ундан ҳам) ўтди. Ҳозир ҳам қурумаган, кўкариб турубди. Мавлавий (Мавлавий Намангоний назарда тутилмоқда — О.Ж.) айтадилар: — “Эгилса катта бўлади, дедилар. Машраб орифи биллоҳ эрдилар. Мазмуни ҳадиси пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламни шу ибора ила адо қилдилар…”
Бу каби гўзал ва чуқур мушоҳадага сабаб бўлувчи ўринлари бисёр мазкур асарни муаллиф умрининг охирги йилларида ёзган кўринади. Чунки тазкирада келтирилган айрим шахслар XIX аср биринчи ярмида яшаганлар. Умуман олганда, ушбу асар нафақат тасаввуф нуқтаи назаридан, балки адабий-тарихий жиҳатдан ҳам алоҳида тадқиқотларга мавзу бўла олади.
Мажзуб тасаввуфда зикри жаҳрия (ошкора зикр) йўлининг ўзига хос услубини татбиқ этади. Унга эргашувчилар XIX асрда Туркистонда кўпчиликни ташкил этган.
Тасаввуфдаги жазба ҳолатида мақом ва даража ҳосил қилувчилар “мажзублар” дейилади. Мажзубийлик “жазба” (интилиш) сўзидан ясалган бўлиб, руҳий таважжуҳ қилмоқликдир. Ҳол илмида туғма салоҳияти бор солик (тариқат йўлчиси) мажзубий бўла олади. Шунинг учун айрим манбаларда уларни “мажзуби солик” деб ҳам аталган. Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида ҳам айрим мажзублар ҳақида маълумот келтирилганлиги фикримиз далилидир.
Мажзубийлар фавқулодда кароматлар ҳам содир қила олганлар ва халқ орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлганлар. Аммо кўпгина тасаввуф шайхлари мажзуб соликларнинг тариқат пири қўлида тарбияланишини шарт деганларки, бунда ҳар қандай жазба ҳам тарбия ва бирор етакчи раҳнамога муҳтож эканлиги назарда тутилган.
Шарқда, хусусан, Ўрта Осиёда мажзубийлик ўрта асрларданоқ мавжуд бўлган. Лекин унинг тартибли ва кенг тарқалган шакли эса айнан XIX асрга тўғри келади ва у Абдулазиз Мажзуб Намангоний номи билан узвий боғлиқ. Унинг “Девон”идаги кўпгина шеърлар махсус мақом ёрдамида сўфийларнинг зикр мажлисларида навҳа қилинган. Мана шу зикр мажлисларини “мажзубхонлик” ва унга эргашувчиларни “мажзубийлар” дея аталган. Шоирнинг ирфоний мавзудаги ғазал, мураббаъ, мусаддас ва, айниқса, соқийномалари ўзига хос услубга эга. Шу боис унинг “Соқийнома”си сўфийлар суҳбатларида махсус мақом билан ўқилган. Пўлатжон Қайюмий ҳам бу соқийноманинг 181 саҳифалик қўлёзмаси ҳақида ўз тазкирасида маълумот беради.
Мазкур соқийнома мутолааси, ўз навбатида, зикр вазифасини ҳам ўтаган. Айтиш керакки, бу ижрода ҳеч қандай мусиқа асбоблари иштирок этмаган. Махсус оҳанг билан куйловчи хонақоҳ ҳофизлари асосан Мажзуб шеърларини, баъзи ҳолларда Хожа Аҳмад Яссавий, Ҳувайдо ва кейинги давраларда Ҳазиний асарларини ҳам айтишган.
Мажзубхонлик қуйидаги шаклда бўлган: пир (ёки халифа) шоирнинг маълум ғазал ёки соқийномасини зикр йўлидаги махсус мақом билан ижро этган. Ҳалқа қилиб ўтирган соликлар шеърнинг маълум жойига етганда ёки айримларининг охирида керакли зикр тасбеҳларини келтирганлар. Аксар ҳолларда ҳалқа иштирокчиларининг кўп қисми муҳаббат ва илҳомнинг кучидан жазба ҳосил қилиб, бехуд бўлганлар. Ўзини йўқотмаган, ҳушёр солик Қуръон оятларидан тиловат қилган ва охирида пир дуо қилиб мажлисни тугатган. Мажзубхонликларда ўқилган шеърларга мисол тариқасида Мажзубнинг “Нисоринг бўлай, соқийи дилрабо” дея бошланувчи юқорида таъкидланган катта ҳажмли соқийномасини, ёки:
Машғул этиб ўзингга, айла мени қаландар
Ул Нақшбанд валийга айла ғуломи чокар —
дея бошланувчи ғазалини келтириш мумкин.
Мажзубийлик XIX асрнинг иккинчи ярмидан Туркистоннинг кўп шаҳарларида, хусусан, Фарғона водийсида кенг тарқалган. Мажзубийликнинг бир кўриниши ҳозирги кунларда ҳам водийда сақланиб қолган.
Абдулазиз Мажзуб тасаввуф арбоби ва шоир сифатида ўша давр маънавий ҳаётида катта мавқе тутган. Машҳур шоир ва шайх Зиёвуддинхон Ҳазиний Хўқандийнинг пири Муҳаммад Ҳакимхон халифа айнан Мажзуб Намангонийнинг муриди бўлганлиги ва узоқ йиллар унинг даргоҳида яшаганлиги ҳам ушбу фикрни қувватлайди. Фурқат, Ҳазиний ва бошқа ижодкорлар асарларида Мажзубнинг улуғлиги ва “мажзубхонлик”лар файзига ишоралар мавжуд.
Ушбу далиллар ҳам кўрсатиб турибдики, Мажзубнинг ҳаёти ва ижодий меросини атрофлича ўрганиш маънавий меросимизнинг узвийлиги ва мукаммаллигини тўлдиришга хизмат қилади.
Отабек Жўрабоев,
филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 25-сонидан олинди.