Мумтоз шеъриятимизнинг нодир намуналарига хос энг муҳим хусусиятлардан бири шуки, уларда шоир (лирик қаҳрамон) қалбининг ададсиз қийноқлари, оҳу зорлари ўқувчини ларзага солар даражада бутун кескинлиги, драмалари билан изҳор этилади. Айни пайтда шу руҳий қийноқлар ифодаси киши кўнглини асир этадиган, овутадиган нафосат, ғаройиб бир шоирона туйғу билан чулғанган бўлади, яъни уларда дард билан лаззат, мунг билан таскин уйғунликда келади. Жаҳон адабиётидаги энг ҳазин ва нурли севги қиссаси — ҳазрат Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достони бунинг ёрқин намунаси. Мана шу мўътабар анъана янги ўзбек адабиётига, жумладан, насрига ҳам кўчиб ўтган, айниқса, тўнғич миллий романимиз «Ўткан кунлар»да бу фазилат янгича кўринишда юксак даражада намоён бўлган.
Роман муаллифи тўғридан-тўғри Отабек ва Кумушнинг «ҳажр ва фироқли» ишқий мулоқотларида «самимият, яна тўғриси шеърият бор», деб эътироф этади ва бутун асар давомида ана шу нафосат — романтик руҳни бадиий кашф этиш йўлидан боради. Бу ҳол ХХ аср танқидчилигида кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, буни эскича усул, янги замон услубига, шафқатсиз реализмга зид деб китобийликда, ширинзабонлик, ҳатто чучмалликда айблаш ҳоллари ҳам юз берган.
Бундай қарашларнинг муайян сабаблари бор, албатта. ХХ аср жаҳон адабиётида романтик руҳдан бутунлай холи, ҳаётнинг ўта дағал, шафқатсиз, абсурддан иборат ҳақиқатини бутун кескинлиги, даҳшати билан очиб берувчи улкан адабий оқим пайдо бўлди. Бу йўналишда яратилган нодир асарларнинг бадиий кашфиёти ва шуҳратига маҳлиё бўлган биз каби бандаи ожиз мунаққидлар энди романтиканинг даври ўтди, дея ҳукм чиқара бошладик. Шоирона эҳтирос билан йўғрилган асарларнинг «шарқона шоирона услуби»га нописанд муносабат сўнгги йилларда бизда хийла кенг ёйилди.
Ана шундай бир шароитда Ғарбда, жаҳоннинг турли минтақаларида нима бўлди денг?! Турмушнинг ўта шафқатсиз, дағал ифодаларидан толиққан, зада бўлган китобхон, томошабин эҳтиёжини ўз вақтида нозик пайқаган сезгир ижодкорлар айни ўша «пуф сассиқ»қа чиқарилган шарқона романтик анъаналарга қайта бошладилар, ХХ аср поёнида пайдо бўла бошлаган «Титаник», «Ҳайратомуз ақл», «Қиш сонатаси» филмлари, П.Коэлонинг «Алкимёгар», «Бешинчи тоғ» романлари худди шу хислати туфайли Ғарб дунёсида шуҳрат қозонгани, катта шов-шувларга сабаб бўлгани ғаройиб ҳол! Гўзалликка, нафосатга шайдолик инсон зотининг боқий фазилатларидан экани, фан-техника, замонавий информатика мўъжизалари ҳам уни бу ноёб туйғудан мосуво этолмаслигининг ёрқин исботи бу!
Синчиклаб қаралса, Қодирий романларидаги шарқона эҳтиросларга йўғрилган ифодалар янги замон услубига, янги давр одамлари эҳтиёжи, завқига асло зид эмас эди. «Ўткан кунлар» муаллифи жаҳон адабиётидаги янги жараёнлардан, адабий-бадиий оқимлардан, «сўнгги приём»лардан яхши хабардор бўлган. Ўзи айтмоқчи, ҳатто «сўнгги приём»ларнинг баъзиларини «Ўткан кунлар»га эртароқ киритган; айни пайтда халқнинг савиясини, завқини, руҳини эътиборга олиб «эски приём»лардан, анъанавий шарқона ифода йўлларидан самарали фойдаланган. Адиб «Модомики, асар савияси ўзимизга маълум шу халқ учун ёзилар экан, яна бир мунча вақт «сўнгги приём»лардан кўз юмиб туриш, оралиқда «сўнгги приём»ни оз-оз қистира бориш лозим»лигини айтади ва қатъий қилиб: «эски приём билан ёзади, биноан алайҳи бу ёзувчига биринчи номерни бермаймиз» деб қилинган танқидлардан ҳуркмаймиз», дейди.
Қанчалик жасорат билан айтилган доно сўзлар! Бу фикр бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Жаҳон адабиёти ва санъатининг қарийб бир асрдан кейинги ҳолати адибнинг бу борада нақадар ҳақ эканини тасдиқлаб турибди. Улуғ адибнинг ўз вақтида эски миллий анъаналар билан «сўнгги приём»лар, яъни замонавий адабиёт услубини оқилона қўшиб олиб боришдан иборат ноёб тажрибаси янги аср бошида ҳам асқотмоқда, жаҳон адабиёти ва санъатида янгидан-янги бадиий ихтиролар учун йўл очмоқда. Абдулла Қаҳҳор «Абдулла Қодирий, баъзи бир одамлар айтмоқчи, «бир-иккита рисола ёзган» анчайин ёзувчи эмас, балки янги давр адабиёти, Европа адабиёти гази билан ўлчаганда ҳам тўлақонли асарлар ёзган, ўзбек романчилигини бошлаб берган улкан адибдир» деганида тўла ҳақ.
«Ўткан кунлар»даги Отабекнинг руҳий драмалари ифодаси талқинига оид айрим лавҳаларни шу жиҳатдан кўздан кечирайлик.
Отабек Зайнабга унаштирилгани ҳақидаги хабарни Кумушга, унинг ота-оналарига етказиш учун Марғилонга отланган; у «кўтариб бўлмайтурган бир қайғу, чидаб бўлмайтурган бир ҳасрат»ни орқалаб борар экан, Кумушбиби шумхабарни эшитганда нималар бўлишини ва қандай ҳолларга тушишини, ота-оналари нима дейишини ўйлаб от устида эзилиб, ўртаниб, ўзининг дунёда бор-йўқлигига ҳам тушунмай кетаётир… Кўклам фасли таровати, табиат, теварак-атроф нафосати, қушлар чуғури ҳам кўнгил дардига таскин беролмайди. Қутидор хонадонига етиб боргач, шумхабарни айтмасликка ва бу даргоҳдан қайтмасликка қарор беради. Аммо, барибир, сир ошкор бўлади, Бироқ оқибат-натижа ҳам қаҳрамон, ҳам китобхон кутганидан ўзгача бўлиб чиқади: мулоҳазакор, андишали Қутидор қуда томон арз-ҳолларини тушуниб, унга розилик билдиради, нақадар нохуш, мушкул бўлмасин хотини Офтоб ойимни, қизи Кумушни, ниҳоят Отабекни ўз қарорига кўндиради. Мана шу жараён нақадар нафис, санъаткорона ифода этилган. Ўша топдаги ҳар бир қалбнинг титроғи, изтиробларини, уларга осон эмаслигини баралла сезиб, ҳис этиб турасиз. Айни пайтда юксак одоб-ахлоқ соҳиби, ўзбекона андиша бандаси бўлмиш бу шахслар бундай вазиятда ўзлари учун ҳар қанча мушкул бўлмасин, ўзгача йўл тута олмасликларига амин бўласиз. Айниқса, Отабек Кумушдан итобомиз сўзлар, аччиқ хитоблар кутиб ўтирганида у фариштадек уйга кириб келиб, кутилмаган жойда уни оғир ҳолатдан қутқаради: «Мен рози, мен кўндим», дейди дафъатан. Ёзувчи шу заҳоти Кумуш «бу сўзни нимадандир қўрққандек шошиб айтди» дея изоҳ беради. Мана шу шошиб ва нимадандир қўрқиб айтилган сўзда Кумушнинг шу топдаги кўнгил изтироби ва нафосати уфуриб турибди! Шундан кейинги ифода ўқувчи кўнглига ғаройиб бир таскин ва сурур бахш этади:
«— Кўндингиз… нега, а?
Отабек ҳайрат ва таажжуб ичида эди.
— Негаки, — деди Кумуш, — мен сизга ишонаман…
— Шунинг учун…
— Шунинг учун кўндим…
— Кўнглингиз фаришталар кўнглидек.
— Сизнинг ҳам кўнглингиз…
Икки жон, икки юрак гўёки биттадек бир-бирисини англар, бирисидан бирисига ўтиб юрар эди шу вақт.
… Қутидор тарафидан эртага Тошканд жўнаш эълони берилди. Иккисининг ҳамма вақтлари шамъ ёнида сўзлашиб кечди…»
Шуниси ҳам борки, вазият тақозоси билан мушкул ҳолатнинг бу хилдаги гўзал ечими асло персонажлар қисматидаги драмаларнинг бутунлай бартараф этилиши эмас. Балким, бу ечим олдиндаги янгидан-янги мушкул жумбоқлар, кўргиликларнинг дебочаси эканлиги тасвирдаги ширин ва ҳазин бир оҳангдан англашиниб туради. Бу ҳаёт, тақдир шафқатсизлигини нафосатга йўғрилган ҳолда ифода этишнинг, нафис туйғулар тили билан сўзлашнинг беназир намунаси!
Адиб қаҳрамоннинг фақат интим, ишқий-оилавий кечинмалари эмас, ижтимоий фаолияти, манфаатлари ифодасида ҳам айни шу йўлдан боради. Романнинг «Қипчоққа қирғин» бобини эслайлик.
Шаҳарда қипчоққа қирғин уюштирилган куни эрталаб Отабек дўсти билан шаҳар ташқарисига Мингўрикка сайрга чиққан. Табиатнинг кўркам, латиф қучоғида ором олиб, турмуш ташвишларини бир дам унутиб кечга яқин шаҳарга қайтиб, шаҳар дарвозасига қадам қўйиши биланоқ даҳшатли манзараларга — боши танидан олинган кишилар гавдасига дуч келади. Суриштириб биладики, шаҳарда қирғин бошланган, кун бўйи қипчоқ зоти бўлса молдай сўйилган. Отабек йўлида давом этади, одим сайин боши кесилган мурдаларни кўради… Ниҳоят, даҳшату ваҳшат ичида Ҳасаналига йўлиқади. Ҳасанали мислсиз раҳмсизлик тўғрисидаги ҳикоясини бошлайди: «Худда қиёмат бўлди! Бечоралар нима гуноҳ қилдиларикин?.. Йигитлар тутиб келтуриб турадир, жаллод бош кесиб борадир… Чидаб бўлмади, дўконни ёпиб қочдим…»
Отабек «бас» дея Ҳасанали ҳикоясини тўхтатади, унда бу ёғини эшитишга тоқат қолмайди, бекнинг юраги эзилиб оқиш даражасига етади. Бу ҳодисалардан ўзини йўқотар ҳолга келади. Кечки ошни ҳам емай, отаси билан ҳам учрашмай «гўё шу йиртқичлар дунёсидан яширингандек оқ кундаёқ тўшагига ётиб, кўрпасига бурканиб» олади.
Нега ўша дамларда Отабек отасига дуч келишни лозим кўрмади? У бир оз ўзини тутиб олгач, эртаси отасига рўпара келади. Отасига дуч келганида илк бор фарзандлик одобини бузиб унга салом бермайди. Чунки ўз отасини қипчоқ қирғинига алоқадор деб ўйлайди. Кеча кўрган, эшитган даҳшатлар ҳам биру ўз отасининг бу ишларга «алоқадор»лиги дард устига чипқон. Шу ўй-хаёл уни эзади. Лекин Отабек, барибир, Шарқ ўғлони, кечаги ҳолатда отасига рўпара келганида «қуюшқон»дан чиқиб кетишига кўзи етган. Шунга қарамай, кечаги дард асорати бугун ҳам унга тинчлик бермайди. Қалб титроғи тўла босилган эмас… Отага саломсиз рўпара бўлган ўғлон ҳолатини кўриб бу ёғи нима бўларкин, дея энтикиб турасиз. Инсон руҳиятининг моҳир билимдони ўша топда оқил ота билан яхши тарбия топган фарзанд орасидаги ўта кескин ва нозик муносабатлар, улар кўнглида кечган тиғиз ва нафис туйғу, ўй-хаёлларни мислсиз маҳорат ва назокат билан қоғозга туширади. Ҳар қанча қаҳр-ғазаб ўтида ёнмасин, Отабек, барибир, биринчи бўлиб сўз очолмайди, одоб юзасидан ота юзига тик қараб «гуноҳи»ни юзига солишга ботинолмайди. Орада бирмунча муддат жимлик ҳукм суради. Ниҳоят, биринчи бўлиб ота гап бошлайди. Сўнг Отабек тилга кириб кечаги қонли воқеалар, бу ишларда отасининг иштироки хусусида нозик қочириқлар ила имо-ишоралар, таъналар қилади. Фаросатли ота дарҳол буни тушуниб, рўй берган воқеаларнинг тафсилоти, бу ишларга ўзининг алоқаси йўқлиги, имкон қадар бу хатарнинг олдини олишга урингани, бироқ иложсиз қолгани ҳақида батафсил гапириб беради.
Хўш, бу қирғинлардан мақсад нима? Яна шу савол қўзғалади. Жавоб аён: Бу қирғинни уюштирганлардан биттаси мингбоши бўлмоқчи, иккинчиси Нормуҳаммаднинг ўрнига минмоқчи, учинчиси яна бир шаҳарни ўзига қарам қилмоқчи. Хон эса Мусулмонқулга бўлган адовати учун қипчоқни қириб аламдан чиқмоқчи… Уларда бундан бошқа мақсад йўқ. Ота-бола суҳбати асносида Юсуфбек ҳожи дилидаги асосий дардини тўкиб солади. «Мен кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб» деб бошланувчи кўплар учун ёд бўлиб кетган машҳур нутқ бу одам ҳаёти маъноси, умри, фаолиятининг муайян якуни, умри давомида тўплаган тажрибаларидан чиқадиган бош хулосасидир; авлодлар олдидаги армони, узридир; келгуси авлодларга қолдирган васияти, аччиқ сабоғидир. Титраб, тўлқинланиб айтилган бу оташин сўзлар, Ҳожи қалби тубидан вулқондай отилиб чиққан бу дард-алам тўла фарёд бутун бир мамлакатни, миллатни ларзага солишга, ҳушёр торттиришга қодирдир! Бу сўзларда заррача бўлсин ясамалик, сунъийлик йўқ, бошдан-оёқ самимий, бинобарин, шеърий, ҳа, юксак шеърий асар каби баланд пардаларда янграйди. Отабек ота сўзларини тинглар экан, ўзининг ўринсиз шубҳа, таъналаридан уялиб ерга қарайди. Ўша топда ўзининг эл-юрт ғамида куйиб-ёнишлари отасининг дарду фарёдлари олдида арзимасдек туюлади унга.
Маълум бўляптики, Отабекнинг ижтимоий йўналишдаги кўнгил дардлари ишқий-оилавий ташвишлари залворидан асло кам эмас. Шу билан баробар, улар орасида, бадиий талқинида фарқли жиҳатлар ҳам мавжуд. Ишқ изтироблари пайтида қаҳрамон сентиментал ҳолатларга тушади, йиғидан, кўз ёш тўкишдан ўзини тия олмайди. Мисолларга мурожаат этайлик. Отабек «тутуруқсиз совғани кўтариб» гулларга, кўкатларга бурканган қирлар оралаб отда борар экан, узоқда қўш ҳайдаб юрган йигитнинг ашуласи қулоғига чалинади, теваракни зир титратган «Икки ёрни ажратувчи бу фалакнинг гардиши!» мисралари Отабекнинг истиқболидан ҳикоя қилгандек кўнглини ларзага солади, шу топда ўзини тутолмай йиғлашга тушади, кўз ёшлари юзи оралиқ эгарнинг қошига ва отнинг ёлига тома бошлайди… Отабекнинг «Наво» куйини тинглаш онларидаги ҳолати бундан-да мунгли, таъсирчан: «Дуторнинг нозик торларидан, тилсимлик юракларидан чиққан «Наво» куйи ўз ноласига тушунгучи… бу йигитка борган сайин дардини очиб, йиғлаб ва инграб сўзлар эди… Эшиткучи эса дунёсини унутиб йиғлар, кучини йиғиштириб йиғлар ва ҳасрату аламини кўз ёшиси билан тўкиб йиғлар эди…» деб ёзади муаллифнинг ўзи ҳам тўлқинланиб.
Одатдагидек, бу ўринда ҳам Қодирийнинг қаҳрамонни тоқат қилиш мумкин бўлмаган оғир вазиятдан, тиғиз руҳий ҳолатдан олиб чиқиш санъати кишини лол қолдиради. Бу шунчаки адабий приём бўлмай, энг муҳими, унда адибнинг асл ҳаёт фалсафаси ёрқин намоён бўлган: «Наво» куйи унинг бутун танидаги сувларини кўзи орқалиқ тўкдирди-да, фалакнинг тескари ҳаракатидан шикоят этиб қўйди ва дунёда ёлғиз ҳасратгина бўлмаганлигини билдиргандек ўзининг «савт» куйини ер юзига шодлик ва суйинч ёғдириб арз эта бошлади. «Наво»нинг сиҳирлик «савт»и Отабекнинг кўз ёшларини қуритди-да, бир енгиллик бағишлади. «Наво» билан ювилиб кеткан унинг умид гулзорида янги чечаклар униб чиқди…»
Ниҳоят, Кумуш ўлимидан бир йил ўтгач, Отабекнинг қабристонда Кумуш қабри ёнидаги ҳолати, сўнгги кўз ёшлари тасвирини ўқиймиз. Аввалги лавҳалардаги кўз ёшлар гўзал табиат, гўзал куй жўрлигида тўкилган бўлса, бу галгиси фано интиҳоси ва бақо бўсағасида илоҳий калом садолари оғушида оқади:
«Қуръон оятлари қабристон ичига оғир оҳангда оқар эди. Қабр ёнига тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам Қуръон оятларига қўшилишиб оқар эди». Эътибор берсангиз, Қуръон оятлари оқимида фақат ҳазинлик эмас, илоҳий бир таскин ҳам бор.
Бугун баралла айтиш мумкинки, Отабекнинг ишқи ҳар қанча ҳаётий, табиий бўлмасин, айни пайтда у сирли-сеҳрли илоҳий руҳ билан йўғрилган. Айниқса, бу ҳол охирги лавҳада аниқ кўринади. Моддиюнчи мунаққидлар бу ҳолатни ўта нохуш қабул қилганлар. Чунончи, Сотти Ҳусайн роман муаллифи Отабекнинг ишқ, муҳаббатини илоҳийлаштирган, «А.Қодирий «илоҳий муҳаббат»га аниқ ишониб, шуни тарғиб қиладир. Яъни ғайритабиий кучнинг борлиғини исбот қилмоқчи бўладир», дея муаллифга ғоявий айб қўяди ва қатъий қилиб: «Ишқ, муҳаббат илоҳий бўлмай, табиий, моддий бўладир, илоҳий деб қилина турған ҳар қандай таъбир ёлғон, кўз бўявчиликдир», деб ёзади. Ким ҳақ, ким ноҳақ, ким кўз бўёвчи эканини ҳаётнинг, адабиёт, санъат ривожининг ўзи кўрсатди, кўрсатаётир. Юқорида эслатилган ҳар уч лавҳада ҳам кўз ёшлари билан йўғрилган ўта маъюс, мунгли драматик ҳолатнинг бунақа нафис, рангин, чиройли тасвири сўз санъатида сийрак учрайдиган ноёб бадиий топилма! Менингча, бунақа сентиментал ҳолатларни ҳамиша ҳам инсоний заифлик аломати, деб аташ тўғри бўлмас. Аксинча, у юксак инсонийлик, самимийлик белгиси. Дард-аламларни чин дилдан ҳис эта билиш, ўртаниш, кўз ёши тўка олиш ҳам буюк башарий фазилат.
Ишқий, интим кечинмалар онларида мискин, ожиз кўринган Отабек эл-юрт қайғуси йўлида ҳар қанча ўртанмасин, куйиб-ёнмасин, мардона, шижоаткордир. Эл-юрт йўлидаги шижоат, ҳатто фожиа — ўлим хабарида ёзувчининг қалами ҳам шафқатсиз, мардона тус олади: «Қаноатшо Авлиё отадан ёзар эди: «Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқунушмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим…» Ота ва она эса, ўз навбатида, жасур ўғлоннинг қаҳрамонона шаҳид бўлиш хабарини мардона қарши оладилар, бу ўринда нолалар, фарёдлар, кўз ёши тўкишлар йўқ: «Юсуфбек ҳожи хатми Қуръон қилиб юртка ош берди. Ўзбек ойим қора кийиб таъзия очди».
Мана шу мардона хабар ҳам ўзгача оҳангдаги шеърий руҳ билан йўғрилган. «Ўткан кунлар»да ёрқин намоён бўлган шахс ҳаёти, қалб драмаси ва нафосатини бадиий кашф этишдек ноёб фазилатнинг бугунги кунда юқорида эслатилган жаҳон адабиёти, санъатининг энг яхши намуналари билан муштарак эканлиги кишида фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. «Ҳайратомуз ақл» филмининг ўзбекча таржимаси томошаси пайтида ҳамкасб дўстим ғурур билан филм сценарийси муаллифи Зулфия Назар ота қонидан ўтган шарқона севги таронаси руҳини америка кино санъатига олиб кирибди, деди. Бу гапда жон бор. Шу ўринда кичик бир изоҳ: филм ўзбекчага русча «Игры разума»дан сўзма-сўз «Тафаккур ўйинлари» деб ўгирилган. Инглизча асл номи «Beautifull mind» «Гўзал тафаккур» ёки «Ҳайратомуз ақл» деган маънони англатади. Шу ном унга ярашади. Зотан, Зулфия Назарнинг филмга асос бўлган жаҳонга машҳур китоби «Ажойиб ақл» деб аталади. «Ҳайратомуз ақл»даги севги, вафо, садоқатнинг сеҳрли кучи, «Қиш сонатаси»даги икки ёшнинг нозик ибо, самимият, нафосатга чулғанган ишқий мулоқотлари, «Алкимёгар» романидаги ёш испан йигити Сантяго билан араб қизи Фотима, «Бешинчи тоғ»даги Илёс пайғамбар билан бева аёл ораларидаги пинҳона оташин муҳаббат тароналари — гўзаллик, нафосат, ибо туйғуси санъат, адабиётнинг мангу учар қаноти эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ғаройиб бир ҳол: айни жаҳон адабиёти, санъатида бўлгани каби миллий адабиётимиз ҳам муайян муддат ҳаёт ва ундаги шафқатсиз ҳодисаларнинг яланғоч тасвирига ўта маҳлиё бўлишдан чекиниб, асл миллий қадриятларимизга қайта бошлади. Воқеликнинг фожиавий ҳақиқатлари қаламга олинган «Офтоб ойим», «Қоракўз мажнун» ҳикоялари (С.Аҳмад), «Тушда кечган умрлар» романи (Ў.Ҳошимов) бошдан-оёқ Қодирийга хос латофат ва нафосат туйғуси билан йўғрилган; «Тепаликдаги хароба» романидаги (О.Мухтор) Маликул калом Мавлоно Лутфийнинг латиф севги достони тасвири асарга ўзгача руҳ бахш этган, «Бозор»да (Х.Дўстмуҳаммад) эса Фозилбек ва Қадриянинг Отабек билан Кумуш ишқ достонини ёдга туширувчи севги қиссаси миллий носирларимиз модернизмнинг ўзгача йўлларини қидираётганидан бир далолатдир.
Абдулла Қодирий тажрибаси ва ҳозирги жаҳон адабиёти, санъатидаги, қолаверса, бугунги ўзбек адабиётидаги муштаракликлар хусусидаги кузатиш, ўй-мулоҳазалардан чиқадиган энг муҳим сабоқ шуки, санъат, адабиётдаги «эскича» ва «янгича» ифода йўллари устида шошма-шошарлик билан ҳукм-хулосалар чиқаришдан тийилайлик, азизлар. Биз эскига чиқарган ифода йўллари бугун ёки эртага бирдан янгиланиб буюк бадиий ихтиро, кашфиётлар учун замин, асос бўлавериши мумкин экан.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 9-сонидан олинди.