Бундан бир неча ой муқаддам “Ҳуррият” газетаси зиёлилик ва зиёлилар тўғрисида каттагина мақола эълон қилди. Теран мазмунга эга бўлган бу масала зиёлилар ҳаёти билан боғлиқ бир қанча долзарб масалаларни кўтариб чиққан ва шунинг учун ҳам газетхонларнинг эътиборини жалб қилмаслиги мумкин эмас эди. Бундан ташқари, бунга қадар ҳам баъзи бир оммавий ахборот воситаларининг вакиллари менга бот-бот мурожаат қилиб, бугунги ўзбек зиёлилари тўғрисида фикр-мулоҳазаларимни сўрашарди. Баъзан бундай саволларнинг замирида яққол қитмирлик сезилиб турарди. Яъни савол бергувчи “бугунги ўзбек зиёлилари зиммаларидаги вазифаларини бажаришмаётган, ўз қобиғига ўралиб олган, ҳаёт оқимидан четда турувчи лоқайд одамлардир”, деганга ўхшаш жавобни эшитиш иштиёқида бўларди. Хуллас, мана шу икки ҳолат мени қалам олишга мажбур этди ва мен кўнглимда анчадан бери йиғилиб келган фикрларимни қоғозга туширишга аҳд қилдим.
Гапни “зиёли” деган атаманинг маъносидан бошлайлик. “Зиёли” фикри равшан, онгли, одамларга зиё, нур улашадиган кимса маъносида ишлатилади. Ҳатто баъзи бир халқлар биз тушунган маънодаги зиёлини “ойдин”, “ойдинлар” деб атайди. Масалан, туркларда бу атама кенг тарқалган. Бундан ташқари, “интелгент”, “интелгенция” (лотинча intellectus сўзидан олинган) атамаси ақл, заковат, онг, идрок, инсоннинг фикрлаш қобилияти, деган маънони англатади. Луғатларда кўрсатилишича, “интеллигенция” “профессионал тарзда ақлий меҳнат билан шуғулланадиган ва бунинг учун зарур бўлган махсус маълумотга эга ижтимоий табақа”. Бунга инженерлар, техниклар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, ҳуқуқшунослар, фан ва санъат арбоблари ҳам киради. Бу таъриф, умуман, тўғри, бироқ унинг истиснолари ҳам бор. Ҳаётда махсус маълумотга эга бўлмаган, ақлий меҳнат билан шуғулланмайдиган, лекин жуда ақл-заковати ўткир, теран фикрлайдиган, нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур идрок этоладиган оддий одамлар ҳам тез-тез учраб туради.
Шўролар замонида зиёлилар қадрсизланди, уларнинг жамиятдаги мавқеини имкони борича пастга уришга ҳаракат қилинди, меҳнати муттасил равишда кам баҳоланди – муҳандислар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва ҳоказо зиёлилар шу қадар кам маош олар эдиларки, бу маош қўл учида тирикчилик қилиш учун зўрға етарди, холос. Космонавтлардан бири фазодаги мислсиз қаҳрамонлиги, оламшумул жасорати учун атиги 300 сўм мукофот пули билан рағбатлантирилгани тўғрисида ёзган эди. Ёхуд жаҳон чемпионлари халқаро ташкилотлардан ўз унвонлари учун етарли даражада ҳақ олган бўлсалар-да, унинг катта қисмини ватанларига қайтгандан кейин ҳукуматга топширишга мажбур эдилар.
Зиёлилар фақат иқтисодий жиҳатдан эмас, маънавий жиҳатдан ҳам қаттиқ камситиларди – уларни “ижтимоий гуруҳ” ёки “ижтимоий табақа” деб атаб, пролетариат каби гегемон синфларга қарама-қарши қўйиларди. Ёки дунёни билиш ёхуд ўзгартиришда ақл-идрокнинг ижобий ролига юксак баҳо берган одамлар реакцион буржуа мафкурасининг тарғиботчилари сифатида қаттиқ қораланарди, ҳатто оғир жазоларга мустаҳиқ қилинарди. Давлат тепасида турган коммунистлар саксон йиллик ҳукмронликлари давомида ҳеч қачон зиёлиларга ишонган эмас. Шунинг учун узлуксиз давом этган қатли омларда қурбонларнинг асосий кўпчилиги зиёлилар бўлгани ҳам бежиз эмас. Аммо коммунистлар ҳар қанча уринмасин, зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги ролини ҳам, бу йўлдаги хизматларини ҳам йўқота олмадилар ва йўқота олмас ҳам эдилар. Чунки зиёлилар шунчаки бир гуруҳ ёки кичкина қатлам эмас, жамият ривожини таъминлайдиган қудратли куч эди. У ҳеч қачон ишчилар ёхуд деҳқонларга қарши турган эмас. Коммунистларнинг жамиятни бир-бирига қарама-қарши турувчи, бир-бирига душманлик руҳи билан суғорилган гуруҳларга ажратиб ташлаган синфий кураш ҳақидаги сохта назариясига қарши ўлароқ, зиёлилар жамиятдаги бошқа синфлар ва тоифалар билан ҳамкорлик қилиб келган. Бошқа синфларнинг ижтимоий фаолияти каби зиёлиларнинг ижтимоий фаолияти ҳам бутун жамият манфаатларига хизмат қилган. Қолаверса, мен зиёлиларни жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи, деб аташга журъат қилардим. Негаки, ҳаётнинг ривожига олиб келадиган ҳар қандай фикр ва ғояларни зиёлилар олға суради. Шу фикрлар жамият ҳаракатига мақсад ва йўналиш бахш этади, пировардида уларнинг ҳаммасини техника билан қуроллантиради ва ақл бовар қилмайдиган мўъжизавий ишларни амалга оширишга йўл очади. Инсоният тарихида шу пайтга қадар қандай муваффақиятларга эришилган, қандай юксакликлар забт этилган бўлса, буларнинг ҳаммаси зиёлилар олдинга сурган ғоялар ва ечимлар туфайли амалга оширилган. Лекин шундоқ бўлса-да, тоталитар тузум шароитида, диктатура қаттиқ амал қилиб турганда, ҳар томонда зулм авж олганда, эркинлик бўғилиб, таъқиб ва таҳдидлар, чеклашлар ва таъқиқлар авжига чиққан бир муҳитда энг етук зиёлиларнинг фикрлари ва ғоялари ҳар қанча қимматли бўлишига қарамай, етарли даражада инобатга олинмади.
Зиёлиларнинг жамият ҳаётида нақадар катта роль ўйнашини ўзбек халқи мисолида ҳам яққол кўрса бўлади. Бу юрт қадим-қадим замонлардан бери буюк алломалар, оламга донғи кетган муҳандислар, фалсафа илмида янги мактаблар яратган донишмандлар, астрономия ёхуд тиббиёт илмини бир неча поғона юқори кўтариб, ҳозирга қадар жаҳонга довруқ солиб келаётган олимлар, беқиёс давлат арбоблари, адиблар, шоирлар, муаррихлар юрти бўлиб келган. Қолаверса, ХХ асрда ҳам жадидлар ўзларининг ёрқин ғоялари ва фидойи ҳаракатлари билан жамият ривожига, истиқлол ғояларининг куртак боғлашига жуда катта ҳисса қўшиб келдилар.
Шўро замонида ҳам ўзбек халқи ҳар қанча тўсиқлар ва ғовларга қарамай, жуда ёрқин зиёлилар қатламини яратди. Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Восил Қобулов каби олимлар бутун жаҳон миқёсида илм-фан ривожида сезиларли из қолдирдилар. Буларнинг ёнига Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия каби ёзувчиларни, Ҳалима Носирова, Комил Ёрматов, Юнус Ражабий каби санъаткорларнинг номини қўйиш мумкинки, унча тўлиқ бўлмаган шу рўйхатнинг ўзи ҳам ўзбек халқининг интеллектуал қудрати нақадар зўр эканидан яққол гувоҳлик бериб туради.
Зиёлиларимиз республикамиз мустақиллигини катта қувонч ва зўр мамнуният билан кутиб олди. Мана, ўн икки йилдирки, ўзбек зиёлилари Юртбошимиз раҳбарлигида ҳамжиҳатлик билан ўлкамизни том маънода обод ва фаровон ўлкага айлантириш устида, истиқлол ғояларини кундалик ҳаётда вожиб қилиш йўлида қунт билан меҳнат қилиб келаяптилар. Шуниси қувонарлики, бу соҳада улар аллақачон катта-катта ютуқларга ҳам эришмоқдалар ва бу ютуқлар халқаро майдонда ҳам тан олинмоқда. Бугун фаол ишлаётган зиёлилар қаторида П.Ҳабибуллаев, Р.Раҳимов, Т.Долимов, Ш.Хўжаев, М.Шарифхўжаев каби олимлар, улар қаторида ўзларининг ёрқин кашфиётлари ва зийрак ақл-заковатлари билан нафақат Осиё ва Европа, балки Америка қитъасини ҳам ром қилишга улгурган ёш олимлар бор. Адабиёт ва санъатимиз-чи? Мустақиллик йилларида Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаевнинг тобланган истеъдодлари янги жиҳатлари билан намоён бўлмоқда, ўнлаб ўзбек санъаткорлари санъатнинг турли соҳаларида халқаро саҳналарда ҳамманинг қарсагига сазовор бўлиб, улоқни олиб келмоқда. Уларнинг ҳар қайсиси ўз соҳасида бақадри имкон зиммасидаги вазифасини ўташ йўлида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Албатта, буларнинг ҳаммаси жуда яхши ва жуда маъқул, улар истиқлолимиз бера бошлаган ҳосилнинг нишоналари. Булар катта ютуқлар, ҳар қанча мақтанса ярашадиган муваффақиятлар. Буларга маҳлиё бўлиб, ўзимизга қарсак чалиб, тўппимизни осмонга отиб юраверсак бўлаверади – ҳеч ким бизга бир нарса демайди. Лекин бугунги ҳаёт ўта шиддаткор, ўта суръатли, тезкор. У ҳеч қанақа тўсиқларни тан олмай учқур поезд каби, йўқ, поезд эмас, ракета мисол олдинга кетиб боряпти. Ўз ҳаракатида у ғоятда шафқатсиз – қоидани бажармаган ҳар қандай кимсани улоқтириб ташлайди. Унинг қоидаси эса битта: шу суръатга тенг қадам қўймоқ, ҳатто бир-икки қадам ҳаётдан илдамроқ юрмоқ керак, акс ҳолда, вақт ракетасидан тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Бугунги замон ёхуд давр билан ҳамқадам, ҳамнафас юрмоқ учун тинимсиз равишда ўз-ўзини таҳлил қилиб бориш, босиб ўтган йўлига танқидий назар билан қараш, умумлашмалар қилиш, йўлнинг қайси нуқтасига етиб келганлигини белгилаб олиш, белгиланган жойга етиб келолмаган бўлса, бунинг сабабларини ҳалол ва тўғри аниқлаш талаб қилинади. Бу вазифани эса зиёлилар бажармоғи керак бўлади.
Бу ўринда менга жиддий эътироз билдиришлари мумкин – зиёли зиммасига юкланаётган юк ҳаддан зиёд оғир эмасми? У ўз соҳасининг юмушини қилсинми ёхуд жамиятнинг кардинал вазифаларини ҳал қилсинми? Албатта, ҳар қайси зиёли, биринчи навбатда, ўз соҳаси тўғрисида қайғуриши, ўз касбининг моҳир устаси бўлмоғи даркор. Лекин бугун зиёлини зиёли деб атамоқ учун шунинг ўзи кифоя қилармикин? Биз – мана ўн икки йилдирки, бозор иқтисодиётига асосланган том маънодаги демократик жамият қуриш учун муқаддас кураш бошладик. Ахир, ҳамма эркин, тўқ, фаровон ва бахтиёр яшайдиган жамият қурмасак мустақилликнинг нима кераги бор эди? Истиқлолнинг улуғ неъмати ва бизга берадиган беқиёс имконияти ҳам шунда эмасми? Бу улуғ вазифа, муқаддас орзу, зўр олижаноб ният. Бундай жамият қуриш шунақа улкан ишки, у бир кишининг қўлидан келмайди. Бундай жамиятни баландпарвоз хитоблар, оташин чақириқлар, тинимсиз иддаолар билан ҳам қуриб бўлмайди. Янги жамият қурилиши ҳар кун сайин, ҳар қадам сайин бири биридан мураккаб, бири биридан мушкул муаммоларни олдинга суриб туради. Уларни ҳал қилибгина олдинга силжиш ва кўзланган манзилга етиб бориш мумкин.
Бинобарин, бундай шароитда зиёлиларнинг ҳаммаси касб-кори, ишлаётган соҳасидан қатъий назар, бирлашмоғи керак эмасми? Ҳамма ишни бир одамнинг зиммасига юклаб қўймасдан, муаммоларни ҳал қилишга бақадри имкон ҳисса қўшмоғи ҳам фарз, ҳам қарз эмасми? Мана, энг оддий бир саволни олайлик – бу савол билан қизиқмайдиган одам бўлмаса керак. Хўш, биз мўлжал қилган манзил қаерда? Биз ҳозир йўлнинг қаерига етиб келдик? Тўғри, ортга қарасак, йўлнинг анчасини ўтиб қўйибмиз, лекин олдинда яна қанча йўл бор? Бизни нималар кутяпти. Ўзимизни қандай синовларга чоғлайлик? Хўш, бу саволларга зиёлилар, фикри тиниқ ойдинлар жавоб бермаса, ким беради? Шу ўринда Максим Горькийнинг бир вақтлар ҳар бир мактаб ўқувчиси яхши биладиган “Изергиль кампир” деган ҳикояси эсга тушади. Ўшанда Данко деган йигитнинг образи бор: қавми бир жойдан иккинчи манзилга кўчаётганда, қабила қалин ўрмондан ўтишга мажбур бўлади. Ўрмон борган сари қуюқлашиб, ҳамма ёқни зулмат босади. Одамлар йўлни йўқотиб, қий-чув, дод-фарёд бошланади. Шунда уларнинг орасидаги Данко деган йигит шартта кўкрагини ёриб, юрагини суғуриб олади-да, қўлида боши узра кўтаради. Машъалдай ловуллаб ёнган юрак ҳамма ёқни ёритади. Одамлар йўқотган йўлларини топиб олишиб, хатардан халос бўлишади.
Бу бир эртак, чиройли афсона. Лекин ҳаётда худди шундай фидокорлик билан халққа хизмат қилган зиёлилар ҳам бор. Кези келганда, шундайлардан бирини тилга олмай ўта олмайман. Бу – академик А. Сахаров эди. У ўз соҳасида жуда катта ихтиролар қилган, бир неча марта энг нуфузли мукофотлар олган, бутун дунёга таниқли одам эди.
60-йилларнинг бошларида шўро ҳукумати бевосита Н. Хрушчевнинг буйруғи билан навбатдаги атом бомбасини синовдан ўтказмоқчи бўлади. Бомбани яратишда бевосита иштирок этган А. Сахаров ядровий қуроллар борган сари бутун инсониятга таҳдид солаётганини англаб, бомба синовини ўтказишга қарши чиқади. Бу Н. Хрушчевни қаттиқ ғазаблантиради. Ўжарлик қилиб, ўз аҳдида оёқ тираб туриб олган А. Сахаров ишдан ҳайдалади, ҳамма имтиёзларидан маҳрум қилинади, ҳатто бир неча йил Москвадан қувилиб, Нижний Новгород шаҳрида бадарғада бўлади. Лекин шунда ҳам А. Сахаров таслим бўлмайди, ҳамма маҳрумиятларга чидаб, муҳтожликларни бошидан кечириб, умрининг охирига қадар инсон ҳуқуқлари учун фаол кураш олиб боради. Мен бу инсон тимсолида, унинг принципиаллигида, матонатида, иродасининг мустаҳкамлигида ҳақиқий зиёлининг ёрқин идеалини кўраман.
Назаримда, бугунги зиёлилар “зиёли” деган том маънодаги қутлуғ номга муносиб бўлмоқ учун ўзлигидан кеча оладиган буюк фидокор бўлмоғи керак.