Демократия! Бу сўз сўнгги ўн йилликдаги энг тотли сўзлардан бири бўлди. Ўн йил ичида энг кўп тушунишга интилганимиз ва энг кўп тушунмаганимиз ҳам шу сўз бўлди. Сабаби – биз “демократия” деса, “ялт” этиб Ғарбга қарадик. (Тўғри-да, илгари демократик жамиятда яшаб кўрмаган бўлсак). Дастлаб уни баланд-баланд минбарларда, очиқ майдонларда кўрдик. Етмиш йил оғзига талқон солиб юрган одам учун бу кўриниш нақ мўъжизанинг эди. Ғарбнинг бу хил мўъжизаларига маҳлиё бўлиб, дўппимиз тушай деб турганда бундай қарасак, биздаги энг катта бойлик – ҳаё, иффат, ор-номус аталмиш туйғулар бундай демократик жамиятда энг арзон “матоҳ”лар рўйхатига тушиб қолар экан. Ҳарқалай, биз демократияни шундай тушундик-да. Етмиш йил таланавериб бисотида ор-номус ва ғуруридан бошқа ҳеч вақоси қолмаган одам учун шу демократияни деб бу бойликдан воз кечиш малол келди. Ўйлаб-ўйлаб демократияни икки қисмга бўлдик: ғарбона ва шарқона демократия! Бу “топилма”ни топишга топдиг-у масаланинг яна бир ғалваси чиқди. Хўш, ғарбона демократия билан шарқона демократиянинг чегараси қаерда? Биз йўқ чегарани ахтариб юрган кезларда бу жараёнга қаратилган бошқа бир иддаолар ҳам юзага келди.
Тушунмоқчиликнинг келиб чиқиши табиий эди. Чунки ғарб жамияти ўзининг барча ахлоқсизликларини демократия билан ниқоблади. Ваҳоланки, бу “эркинлик” тимсолида шайтон сурати бор. Бундай “демократия” диний нуқтаи назарга эса мутлақо зиддир.
Демократиянинг аҳлоқсизлик тимсоли сифатида таъриф этилаётгани масаласига келсак, айтиш мумкинки, жамиятдаги аҳлоқсизликнинг демократияга алоқаси йўқ. Эркинлик дегани аҳлоқсизлик дегани эмас. Эркинлик дегани қонунсизлик дегани ҳам эмас. Аҳлоқ – юксак тушунча. Унинг бўлиши ёки бўлмаслиги сиз билан менинг виждонимиз ва иймонимиз ҳукмидадир. Бугун ғарб бизнинг нуқтаи назаримизда барча аҳлоқсизликларга эркинлик тамғасини қўйиб намойиш этаётган экан, бунинг учун демократия балога қолмасин. Бу Ғарбнинг демократияси эмас, балки ўз номи билан Ғарб жамиятининг аҳлоқсизлиги, холос.
ХХ аср тонгида буюк ватанпарварларимизнинг “…жаҳолатимиз илмсизликдадир” деган фикри ХХI аср тонгида ҳам ўз оҳорини йўқотмаганлиги, нақадар таассуфли бўлмасин, тан олишга маҳкуммиз. Бизнинг бугунги жаҳолатимизнинг дастлабки кўриниши ўз ҳуқуқларимизни билмаслигимизда намоёндир. Ваҳоланки, биз бугун ҳуқуқий демократик жамият қураяпмиз. Бундай жамиятни барпо этишнинг шарти эса одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишлигидир. Демократиянинг асосида эркинлик ётади. Эркин бўлишнинг бирдан-бир йўли инсоннинг ўз ҳуқуқларини англашидир. Одамлар ҳақларини қанчалик кўп билсалар, шунчалик эркинлашади. Шахс эркинлашса, жамият эркинлашади. Эркинлик жамият ривожланишининг кафолатидир. Бир сўз билан айтганда, демократия, қайсидир маънода ўзликни англашдир.
Афсуски, бизнинг бугунги ҳуқуқий саводхонлигимиз болаларимизникидан қолишмайди. Бу аҳволга тушишимизнинг тарихи ўрта мактаблардан бошланган. Чунки мактабларимизда берилаётган ҳуқуқий тарбия кўнгилдагидек эмас. Қонунларни билмаслик ва тушунмаслик касали қонунга нисбатан ҳурматнинг йўқолишига олиб келади. Қонун топталган жойдан жиноятнинг униб чиқиши шубҳасиздир.
Бугун замон ўзгарди. Демак, зиммамиздаги масъулиятларимиз-да ўзгарди. Чунончи, бугун халқ вакили ҳисобланмиш депутатларимизнинг ҳам вазифалари кечагидан бир оз ўзгача. Бугун улардан кўприк қуриб бериш ёки тупроқ йўлни асфальт қилиб беришни талаб қилиш анчайин эриш туюлади.
Депутатнинг эндиги асосий вазифаларидан бири ўз сайловчиларига қабул қилинаётган қонунлар ва қарорларнинг моҳиятини етказишдан ҳам иборатдир. Хўш, бу чиройли жумлалар ўзининг амалдаги ижроси билан мос келаяптими? Биз орзу қилаётган ҳуқуқий демократик жамиятнинг тақдири кўп жиҳатдан ана шу саволнинг жавобига боғлиқ.
Дарҳақиқат, юртимиз келажагини буюк кўриш истагида эканмиз, дунёнинг демократик давлатлари рўйхатидан жой олишни хоҳлар эканмиз, бу орзуларга эришмоқ шарти ўзимизни ва ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни англашимизда. Шунинг учун бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёжмандмиз. Демак, бугун ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардек кўпайиб кетган радиоканаллардаги олди-қочди гаплар, телевидениемизда тинимсиз намойиш этилаётган тутуруқсиз клиплар, кўплаб матбуот нашрларидаги сийқа мақолалар ўрнига одамларимизнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришгахизмат қиладиган эшиттиришлар, кўрсатувлар, мақолалар бериб борилса, айни муддао бўлур эди.
“Моҳият” газетасида чоп этилган.