Истеъдодли шоира Озода Бекмуродова «Сўз — энг ёруғ қисматимдир!» деган собит ақида билан қалам тебратаётган ижодкорлар сирасига киради.
Озоданинг шеърларида кўнгил кишисининг энг ичкин ва соҳир туйгулари рангин бўёқларда жилва қилади. Бу шеърларни ўқир экансиз, уларнинг шеър эканлигини унутасиз, зеро улар қайсидир маънода муаллифнинг иқрорномалари тарзида жаранг сочади. Бу шеърлар кўнглингизга мунгли бир оҳанг тарзида қуйилади, сизни мафтун этиб, ўз асирига айлантиради. Боиси — уларда ҳар қандай макон ва замонда ҳам сирли жумбоқ бўлиб қолгувчи аёл қалбининг теран мушоҳадалари баъзан маҳзун, баъзан масрур, баъзан эса карашмали сатрлар аро жо бўлгандир.
Айни шу жиҳатлари билан Озода Бекмуродованинг сўнги йиллардаги ижод намуналаридан таркиб топган «Юрак зарблари» дея аталмиш ушбу тўплам шеър соғинчи билан яшаётган кўнгилларингизга беназир туҳфа бўлади, деган умиддамиз.