Сосюн Фукагава

КЎККА ЧЎЗИЛГАН ҚЎЛЛАР

Хиросима шаҳрини шартта
Қоқ иккига бўлиб, айқириб,
Қирғоқларга бошини уриб
Оқар дарё — мовий ва катта.
Суяк кўрдим тубида ногоҳ,
У даҳшатли кундан бир гувоҳ…

Кимники бу қордек оқ суяк,
Мана бу қўл, мана бу ияк?
Кўз олдимга келди ногаҳон
Тундек қора сочли жононлар,
Шу сочларни ўполмай, армон —
Гирдобида қолган ўғлонлар…

Айтинг, қачон бўлади унут
Бу шарпалар даҳшати, қачон?
Ҳамон ажал уфуради дуд:
Ёш жонларнинг оташи ҳамон
Сув ичра ҳам ёниб турибди,
Йиллар оша кезиб юрибди!

Кўкка чўзган қўлларига боқ,
Боқ уларга, дўстим, яхшироқ!
Шулармасми меҳри бир жаҳон
Тундек қора сочли жононлар,
Ё шу сочни ўполмай, армон —
Гирдобида қолган ўғлонлар?

Қулоқ сол-чи, шивир-шивирга,
Бу на сувнинг қалқиб оқиши,
На ўт, япроқ болқиб оқиши.
Бу бемаҳал қум, тупроқ, ерга —
Айланганлар қалби садоси!
…Кўзни босар даҳшат пардаси…

Кимники бу қордек оқ суяк,
Мана бу қўл, мана бу ияк?
Сувдан келар инсон товуши:
Онти, нафрат, фарёд, қарғиши…
«Энди мажруҳ бўлмасин асло
Сизнинг ёрқин, беқиёс дунё!»

Шуҳрат таржимаси