Симадзаки Тосон (1872-1943)

Япония романтик шеъриятининг йирик вакилларидан бири Симадзаки Тосон (島崎 藤村) ажойиб шеърлар ва романлар муаллифи сифатида машҳур эди. У шеъриятнинг янги – “синтайси” шаклини яратди. Бу ҳол шоирнинг тўртликларида ўз ифодасини топди. Унинг шеърлари халқ қўшиқларига ҳамоҳангдир. Оддий деҳқон оиласида дунёга келган С.Тосон назм ва насрда қадрдон табиат манзараларини меҳр билан тасвирлайди. Шоирнинг энг сара шеърлари япон шеъриятининг олтин фондига киритилган.


ШАДДОД ҚИЗ ОЦУТА

Навқирон ёшлигим – баҳорий кеча,
Лекин унда асло кўринмас гуллар.
Онамни, отамни эслолмам ҳечам,
Зулматга соядек сингдилар улар.
Дунёда соялар сояси бўлиб,
Кимсасиз етимча қолдим ўкиниб.
Сўнг бир доно йигит бўлдию пайдо,
Аввало ўзига этди у шайдо.
Сўнгра афсонавий шаҳзодага хос,
Мени ғам-ғуссадан айлади халос.

Доно йигит менга англатди шуни:
– Агар кута олсанг тайинли кунни,
Узарсан хурмонинг энг сархилини.
Мен шаддод Оцута қайтардим жавоб:
– Лекин етиб келди камолот кузи,
Мана буни кўринг, – дедим-да узиб,
Хурмони узатдим йигитга шу тоб.
Хурмога лабини босиб кўргач сал,
Деди: – Хўп мазали экан-ку, хурмонг,
Нега индамадинг бу ҳақда аввал?

Доно йигит тағин англатди шуни:
– Яхши бўлсин десанг ҳаёт мазмуни,
Сархуш айлагувчи шаробдан ичма.
Қувонч билан унга қайтардим жавоб:
– Ҳузурбахш этишга қодирдир шароб.
Ҳозир эса баҳор, нўш этиб яйранг, –
Дея тутдим унга шароб тилларанг.
Йигит деди ичгач, қизариб сал-пал:
– Бунчалар ҳузурбахш бўлмаса шароб,
Нега индамовдинг бу ҳақда аввал?

Доно йигит яна айлади тайин;
– Десанг гар дунёда бахтли яшайин,
Қўшиқ тингламагин, оздирар йўлдан…
Мен жавоб қайтардим қувониб дилдан:
– Қўшиқда мужассам қалб ифодаси,
Эътибор беринг деб, кўнгилдан жўшиб,
Куйлаб бердим унга ишқий бир қўшиқ.
У бўлса қўшиқдан маст бўлиб тугал:
– Қўшиқ шаробдан ҳам ўткирлигини
Билмасдим, айтмабсан бу ҳақда аввал?

Доно йигит менга англатди сўзлаб:
– Билсанг, мен юрибман ҳақиқат излаб.
Сен-чи, қизиқтириб қўйдинг жуда ҳам.
Қувонч билан жавоб қайтардим шу дам…
– Ҳақиқатга севги элтиши мумкин.
Дарди аён бўлди дил фиғонида,
Эҳтирос уйғонди жисми-жонида:
– Билмасдим ишқ шундай зўрлигин гўзал,
Нега индамовдинг бу ҳақда аввал?

Атрофга куз шоми чўккач, икковлон,
Тентираб юрдик биз урганча жавлон.
Кўзим тушиб ердан тошчани дарҳол
Қўлга олдим, оддий, оппоқ қор мисол.
Доно йигит шунда англатди менга:
– Донолик ҳикмати ёр бўлди сенга.
Тошчани бера қол, мен балогардон,
Асрайман ёмон кўз ва балолардан!

ҚУШЛАРСИЗ ҚИШЛОҚ

Қушларсиз қишлоқда кўршапалак кўп,
Елкасида омоч, борар Сосукэ,
Балиқчи тўрини судрар Косукэ,
Тоғдадир Сосукэ, сувда Косукэ.

Бодринглар гуллайди шом шафағида,
Шабнамлар салқини тут япроғида.
Чигиртка чириллар тоғ сўқмоғида,
Тўлқинларда жавлон урар Косукэ.

Барханларда ўсар яшил исона*,
Қумда қақраб ётар қайиқлар ана,
Тўлқинлар урилар қирғоққа яна,
Тоғда шундай орзу қилар Сосукэ.

Тақдирни тақдирга алмашди улар,
Елкасида омоч – борар Косукэ,
Балиқчи тўрини судрар Сосукэ,
Тоғларда Косукэ, сувда Сосукэ.

Туман тарқаб кетди, тўшалди шабнам,
Баҳор ўтиб кетди, етишди куз ҳам,
Соҳилда чечаклар гуллар камдан-кам,
Қум босиб кетиши тайин, билсангиз.

Ёшлик ҳам шунақа – қайда у ҳозир,
Қани орзуларнинг изи беназир?
Орзусин йўқотди Сосукэ изсиз,
Орзусин йўқотди Косукэ изсиз.

Юлдуз нилуфарлар гуллади яна,
Олхўри гуллари кулади яна.
Қалин ўрмонзорни оралаб, ана –
Боришар Сосукэ ҳамда Косукэ.

_____________
* И с о н а – озуқабоп ўсимлик.


КЕМАНИНГ ЙЎЛИ

“Шалоп” этиб қувноқ эшкаклар,
Бирин-кетин тушади сувга.
Кўкда учиб юрибди булут,
Кема гўё ботар парқувга.

Осмон тиниқ бўлиб турганда,
Қарасангиз денгиз бағрига,
Кўринади япроқ чирпирак –
Чўкар экан зулмат қаърига.

Гарчи жўшқин сув булоқ эмас,
Майсазорда чопмас пайдар-пай,
Чексиз денгиз далаларини
Ғарқ айлади сувга бутунлай.

Олис елкан тўдаларини,
Булутларни сурув қўй мисол,
Шамол-чўпон ҳайдар барини
Денгиз чўли бўйлаб бемалол.


КЎКАТ БОЛИШ

Шомги қора тўлқинлар аро
Чорлоқларнинг қичқириқлари…
Орзуларнинг ёйиб қанотин
Учгим келар чорлоқ сингари.

Ёш юрагим ҳасратга тўла,
Излаб юпанч тополмайман ҳеч.
Ўйларимнинг ғамгин музлари –
Эриб оқар тинмай эрта-кеч.

Тўлқинларнинг оқ кўпиклари
Қулоч кериб бир-бирин қувар.
Интиларкан сўл қирғоқ сари
Соҳилдаги тошларни ювар.

Мен неча бор дарвеш мисоли
Кўкат болиш қўйдим бошимга.
Ўт-ўланлар дардимни тинглаб
Айландилар қайғудошимга.

Шундай бошин эгади доим
Зарурат-ла инсон боласи.
Ўрмон ичра адашган каби
Еру кўкни тутса ноласи.

Менинг қайғу ғамимданмикин,
На тоғларда, на дала ёқда –
Тундлигича ёришмас осмон,
Ҳатто куз ҳам ўтиб бормоқда.

Юрагимни босди оғир ғам,
Кўзёшлардан ҳўл бўлди ёқа.
Сўлиб борар сўнгги гуллар ҳам,
Дарё шошар номаълум ёққа.

Хўп шириндир тонгги булутга,
Кечки жала бўлиб қуюлиш.
Хуш ёқади кечки жалага
Тонгги жала бўлиб туюлиш.

Булут эмас, жала эмасман,
Бир япроқман шамол учирган.
Адашганман йўлдан, ҳавасманд
Парвозларга шайланиб турган.

Тонгда менга бўлдилар ҳамроҳ,
Ваҳимачи сариқ булутлар.
Оқшом чоғи кузатиб қўяр,
Оқ йўл тилар Оқдарё қутлаб.

Митинока кашталарига
Ўхшаб кетар ҳислар туғёни*.
Дарбадарман мени тортади
Мияганинг чўли, ёбони.

О, эҳтирос ёндириб турган
Юрагимга қўнолға гўша!
Ўт-ўлани соғинч уфурган
Сен қувончсан менга ҳамиша.

Дарвеш учун чўл шамоллари
Жаранглайди мисоли чилтор.
Рангсиз тошлар жонланиб бирдан
Гуллар бўлиб кўрсатар рухсор.

Агар кимки ҳаёт йўлида
Юрган бўлса ёлғиз, дарбадар –
Бу қайғули қиш манзарасин
Англаб етар, албат, бир қадар.

Мен пойтахтга ташлайман нигоҳ,
Кўк юзида булутлар санқир.
Аралашиб қор билан кўзёш
Енгим узра музламоқдадир.

Дўл аралаш шамол уфурар
Муз остида дарё нега жим?
Йўқ, сув ҳамон олдингидайин
Денгиз томон шошмоқда, балким?

Қанот қоқар, йиғлаганича,
Булутларга ғарқ бўлар ҳакка.
Бу жойларда шўрлик зағизғон
Кўз ёшига кўмилар якка.

Қуюқлашди қоронғилик ҳам
Кўзёшлари муз бўлиб қотди.
Ғойиб бўлди одам, ўт-ўлан,
Ёлғиз ўзим қайғуга ботдим.

Маржон-маржон муз парчалари
Инграр гўё – дарди қайғунинг,
Нима учун йиғлаяпти у?
Мунча мунгли қўшиғи унинг!

Чолғудан-чи, қўпол бармоқлар
Қўшиққа мос бир куй чалдими?
Яралмоқда мусиқий оҳанг,
Ё муғанний бўлиб қолдими?

Ёш-яланглар, мурғак болалар,
Қалбларида севги йўқ ҳали,
Қўл ушлашиб, ўтиб боришар
Ё вақт эрта суҳбатлашгали?

Соғинч мени қувар даладан –
Музлаб қолган ўтлар ғичирлар.
Биринчи бор қишки денгизга
Йўлсиз чиқдим, титраб, пичирлаб.

Тонг маҳали соҳилда туриб,
Азиз ерлар, пойтахт ёлқинлаб –
Қолган жойга қарайман ғамгин,
Атрофимда фақат тўлқинлар.

Шом олдидан қумлоқ соҳилдан
Кечки шафақ қизартган ёққа –
Совуқ денгиз томон боқаман,
Кўзим ёшга тўлади жиққа.

Қояларга урилар тўлқин
Парчаланиб денгизга қайтар.
Тўлқин билан сўлғин офтоб ҳам
Тунаш учун уфққа ботар.

Кўрган чоғи қуёш ботишин
Олис уйин эсламайди ким?
Кўриб қолса сувнинг қайтишин,
Ўйлар ҳаёт сўнгини балким?!

Бу кимсасиз бўм-бўш соҳилда
Бутунлайин тўхтаб қолди вақт.
Хўмрайишган қорли булутлар.
Сувга қулаб бўлдилар карахт.

Олислардан келар тўлқинлар,
Урилади келиб соҳилга.
Ва дафъатан кутилмаган сас –
Тонгги қушча кирдими тилга?

Ким бўлди бу тонгда сайраган
Таралмоқда янги бир қўшиқ?
Ё булбулми – ўша яйраган,
Куйламоқда мунчалар жўшиб?

Ёки баҳор кириб келдими?
Гарчи ҳали ҳаммаёқда қор,
Назаримда қум барханларда
Яшил майса кўрсатар виқор.

Наҳот баҳор бошланган бўлса?
Кўрсам дейман кўклам тусини.
Денгизда ҳам ҳидлайман гўё
Гуллаб турган олча исини.

Мен баландроқ чиқдим қояга,
Келдими деб, қарайман, баҳор?
Олис уфқда турар ялтираб
Жўшаётган тўлқинлар қатор.

______________
* VIII–IX асрларда япон шеъриятида кўп ишлатилган машҳур ибора.


ИЛК МУҲАББАТ

Турар эдинг олма тагида
Пешонангда ўйнар кокилинг.
Унга гулли тароқ тақибсан
Ўзинг худди олманинг гули.

Оппоққина майин қўл билан,
Менга қизил олма узатдинг.
Унинг қирмиз товланишида
Илк муҳаббат сеҳрини тотдим.

Мен нафасим ичимга ютиб
Гултароққа теккиздим қўлим.
Астагина босдим лабимни
Гўзаллигинг майига гулим.

Ўз-ўзидан олмалар ора
Пайдо бўлди кимнингдир изи.
Сен бўлсанг-чи, айёрлик ила,
Ким келди? – деб сўрашинг қизиқ!


СУЗУВЧИ БУЛУТ

Ёлғиз боққа чиқаман аста,
Гулдан узмай кўзим қирини,
Кўкда эса сузувчи булут
Менга очар ижод сирини.

СЕНИНГ ҚАЛБИНГ

Сенинг қалбинг чирилдоқ мисол,
Тинмай сайрар куз шамолида.
Майса узра тонг ёруғида
Кўзёш қилиш бор аъмолида.

Гар чилторинг битта торига
Қўлингни сал теккизсанг борми,
Мусиқага тўлади қалбинг
Ва бутунлай ёзар хуморни.

Қалбинг учун бунча майинлик
Ҳам сезгирлик не учун керак,
Ахир менинг эҳтиросимни
Сезмайди у! Қайғур, эй юрак!


ИККИ САДО

ТОНГ

Тонг садосин эшитдингизми?
Ухлаётиб тушлар ораси,
Сал қизарган булутлар билан
Таралганда чумчуқлар саси.
Кўтарилиб баланд осмонга
Куйлар: – Шарқдан балқимоқда нур.
Тонг – Ибтидо ҳамда Вақт эрур.
Тонг – Йўл ила Куч-қувват жонга.
Тонг – Туйғудир, Сўздир аслида.
Тонг – Муҳаббат баҳор фаслида.
Ҳаёт деган шан қўшиқ билан
Интилади Садо кўк томон,
Чарх уради нурга ҳамоҳанг.
Ерга қайтгач, сўнгги юлдузлар
Билан кунга беркинади Тонг.

ОҚШОМ

Шом садосин эшитдингизми?
Ҳориб-чарчаб, ел отларида,
Булутларни белига боғлаб
Учар туман қанотларида.
Куни билан тинмай босган йўл,
Шудринглардан этаклари ҳўл,
Тун бағридан кўршапалак-ла,
Чиққанича дўқ қилар нуқул:
– Шом – Соядир ҳамда ғулғула,
Шом – Зимистон, ҳордиқ бир йўла.
Шом – Мангулик, чексизлик тўла,
Шом – Ўлимдир. Шу қўшиқ билан
Интилади ўт-ўлан томон.
Қуёш ботгач, чарчаб батамом
Тун бағрига беркинади Шом.

КУЗ ҚЎШИҒИ

Куз ҳам келди, ловуллар боғлар,
Шудрингга ғарқ бўлди япроқлар.
Хазонларни учирар шамол,
Узум етмай оби-тобига,
Дўнди кузнинг ол шаробига.

Куз ҳам келди. Кўриниб бир ров
Яшнаб турган гуллар барини
Бирдай ғорат айлади қиров.
Келинг, қайғу қадаҳларини
Тўлдирайлик куз шаробига.

Хазонрезги. Ювилди чанглар.
Сархушликдан сарғайди ранглар.
Кузда ким ҳам маст бўлмас, ахир?
Қўй, қайғурма донолигим, ҳай!
Чал созингни, мен қўшиқ айтай.

Русчадан Файзи Шоҳисмоил таржималари