Япон шеъриятининг энг порлоқ юлдузларидан бири Кобаяси Исса (小林一茶; 15.06.1763 — 5.01.1828) кунчиқар мамлакатининг Синано вилоятидаги Касивабара қишлоғида дунёга келган. Туғилганда Кобаяси Нобуюки исми берилган. 13 ёшида ночор ҳаётдан қутилиш учун иш излаб қишлоқни тарк этади. 25 ёшида шеърият билан шуғуллана бошлайди. Исса япон шоирлари удумига биноан олти йил давомида мамлакат бўйлаб кезиб дарбадар ҳаёт кечирди. Шоирдан улкан мерос: йигирма мингга яқин хокку (хайкай, хайку), бир неч йўл дафтари ва саноқсиз расмлар қолган. У Ятаро тахаллуси билан ҳам машҳур.
Кобояси Иссанинг энг машҳур тўпламлари «Отам ўлими кундалиги», «Менинг баҳорим» деб аталади. Шоирнинг хоккулари содда тилда ёзилгани, маҳаллий шеваларнинг қўллангани ва суҳбат усулидан кенг фойдалангани билан ажралиб туради.
* * *
Биродарим, ҳой чумчуқ!
Йўлни бўшат! Йўлдан қоч!
Қара, тулпор елмоқда.
* * *
Менинг она юртимда
Ҳатто дала ўтлари
Олча гулидек гуллар!
* * *
Тустовуқ қичқириғи.
Гўё у, бошқа эмас,
Юлдузни кашф этгандек.
* * *
Эриб битди қиш қори.
Қувончга тўлиб қолди
Ҳатто юлдузлар кўзи.
* * *
Орамизда ётлар йўқ!
Ҳаммамиз биродармиз
Олча гули остида.
* * *
Қойил! Ўша қўшиғин
Тўраларга юзма-юз
Тап тортмай куйлар булбул!
* * *
Олчалар гуллар қийғос!
Улар мағрур бекниям
Эгардан туширдилар.
* * *
Учмоқда ёввойи ғоз!
Ҳой, айт-чи саргардонлик
Қачон бўйнингга тушди?!
* * *
Баҳор билан қайтиб кел!
Унутма она уйинг,
Ҳей, учётган қалдирғоч!
* * *
Бугун ҳам кечагидек…
Ерга чўккан кулбани
Қуршаб олмоқда туман.
* * *
Йиғламагин, чигиртка!
Кўкдаги юлдузлар ҳам
Айрилиқ не, билурлар!
* * *
Эриб битди қиш қори —
Қишлоқ қучоғи тўлди
Болалар овозига!
* * *
Қор ёққан қора тунда
Кўприк остида ухлар
Қаровсиз, етим бола.
* * *
Ҳой, майсани топтама!
Уларда ёнарқуртлар
Порлаб турарди тунда.
* * *
Ҳа, инондим, сен аввал
Маним синглим бўлгансан,
Эй, қайғули каккужон!
* * *
Эртага тол кесилар.
Қушлар бундан бехабар —
Толда ин қурмоқдалар.
* * *
Гуллаган олча шохи!
Ой ёғдусин сочаркан,
Уқтирарди: «Ўғирла!»
* * *
Анғизга ғозлар қўнди…
Бугун қишлоқда яна
Ҳамма ухламай чиқар.
* * *
Ў, қандай ҳасрат ила
Учаётган капалакка
Қафасдаги қуш боқар!
* * *
Йўлда уришиб қолманг,
Кўмаклашинг бир-бирингизга, худди ака-укадек,
Ҳей, кўкда учган қушлар!
* * *
О, кошки куз шамоли
Ўчоққа ёқмоғимга
Хазонлар келтирсайди!
Кичкинтой ўғлимнинг ўлимига
Умримиз шабнам эрур,
Шабнам бўлса-да умр,
Бари бир қандай чидай?..
* * *
Аста-аста ўрлаб боравер,
Фудзияма чўққисигача
Ўрмалайвер, шиллиққурт!
* * *
Ёввойи ўтлар аро
Қаранг, қандай чиройли
Капалаклар учяпти!
* * *
Боламни жазоладим —
Шабада эсиб турган
Дарахтга боғлаб қўйдим.
* * *
Бу хароб, ифлос ерда
Қилар иши йўқдайин
Бир пасда сўнди шабнам.
Камакурадаги Будда ҳайкали
Юксакда турган Будда
Бурнининг тешигидан
Учиб чиқди капалак.
* * *
Мен билмайман, қанақа бу ернинг одамлари,
Бироқ, далалар аро қўққайган қўриқчилар
Бир бошдан қийшиқ, майиб!
* * *
Қайғулидир бу дунё,
Ҳатто олча гуллагандаям… ‘
Ҳатто…
* * *
Кўрмасдан билган эдим:
Одамни ўлдиргувчи
Замбуруғ гўзал бўлар!
Қурбақалар жангини кузатиб
Бўш келма, ҳой, бўш келма,
Ориқ қурбақа, олға бос!
Исса сени қўллайди.
* * *
Бир зумда кетиб қолди!
Йил охирлаб қолганда
Қанот чиқарди пуллар.
* * *
Неча кун думалади
Тепанинг пойигача
Хурмонинг бу меваси?
* * *
Етти қават осмондан
Учиб тушганга ўхшар —
Бу гуллар шундай гўзал!
* * *
Пашшани ўлдирманглар!
Қўллари титраб турар…
Оёқлари қалтирар.
* * *
Бир силкиниб қувди-да
Капалакни, шу заҳот
Яна мудради буғу.
* * *
Сўнани қувманг, уни
Тинч қўйинг — у гулларни
Кўрмоқчи бўлиб келган.
* * *
Чумоли изи! Қайдан
Бизгача етиб келдинг,
Тоғлар ортиданмасми?
* * *
Дам оляпман кун иссиғида.
Далада юрганлар ҳолини
Бор вужудим ила сезяпман.
* * *
Оқшомги совуқ шамол.
Ибодатгоҳда чироқ ёқишди —
Сумалаклар товланар.
* * *
Ҳой, сен дарбадар чумчуқ!
Тезроқ келгин ёнимга,
Икковлашиб ўйнаймиз!
* * *
Яхшироқ яшасайдим
Сени чорлардим, чивин:
«Гуручдан егин!» дердим.
* * *
Алвон ҳилол осмонда!
Эй, болалар, айтингиз,
Кимдир унинг эгаси!
* * *
Дарахтни кесишмоқчи…
Бундан бехабар қушлар
Ини билан овора…
* * *
Совуқ қиш кечасида
Етим дарбадар бола
Ухлар кўприк остида.
* * *
Ишонаман, каккужон,
Олдинги умримда сен
Менга сингил бўлгансан!
* * *
Баҳор қайтса,сен ҳам қайт,
Ўз уйингни унутма
Олисларда,қалдирғоч!
* * *
Эриб битди қиш қори.
Қувончга тўлиб қолди
Ҳатто юлдузлар кўзи.
* * *
Орамизда ётлар йўқ!
Ҳаммамиз биродармиз
Олча гули остида.
* * *
Қойил! Ўша қўшиғин
Тўраларга юзма-юз
Тап тортмай куйлар булбул!
Хуршид Даврон таржималари
* * *
Мен туғилган юртда
Алафлар ҳам
Гуллайди олучалардай.
* * *
Булбул
Бир қўшиқни куйлар
Шоҳлар ҳузурида ҳам.
* * *
Қор ёғар,
Яйрар кўчалар
Болакайлар қийқириқларидан.
* * *
Жон сақлардик биз – қордан қочган
Оч ва юпун, дайди болалар,
Кўприк остида.
* * *
Биласанми, қачонлардир
Ака-сингил бўлгандаймиз,
Маъюс каккужон!
* * *
Банди қушга азоб кузатмоқ,
Учиб юрган
Капалакларни.
* * *
Она қуш
Ин қўяр, бамайлихотир
Кесилаётган дарахтга.
* * *
Бир-бирингизни аянг,
Иноқ бўлинг оға-инилардек,
Кетётган қушлар!
Рус тилидан Абду Наби таржималари