Исикава Такубоку (1885-1912)

Исикава Такубоку (石川 啄木) (1885.28.10, Ивате вилояти — 1912.13.4, Токио) — япон ёзувчиси, адабиётшунос. Ижтимоий ва ишқий мавзудаги шеърлари жаҳон шеъриятининг дурдоналари ҳисобланади.
Илк шеърий тўплами «Интилиш ва эҳтирос» 1905 йил чоп этилган. «Бир сиқим тупроқ» (1910), «Садо ва ҳуштак» (1911), «Ғамгин ўйинчоқ» (1912) тўпламлари, айниқса, китобхонлар ўртасида шуҳрат қозонган.
Шеърларининг кўпчилиги япон шеъриятига хос танка ва оқ шеър жанрларида яратилган. Шоир танка жанрига чинакам демократик мазмун бахш этди, уни янги образлар ва ритмлар билан бойитди.
«Истеъдод қисмати» (1906), «Бизнинг ион гуруҳимиз» (1912) каби романлар муаллифи.
Такубокунинг кўпчилик шеърлари халқ оҳанглари йўлида айтиладиган япон миллий қўшикларига айланиб кетган. Такубоку ҳаётининг сўнгги йилларида ижтимоий масалаларга жиддий эътибор берган.
Такубокунинг бир туркум шеърлари Хуршид Даврон томонидан ўзбек тилига таржима қилинган (1989).

“МУҲАББАТ ҚЎШИҚЛАРИ” ТУРКУМИДАН

* * *

Кўмилсам
Қор уюмига
Ловуллаган юзларим билан:
Мен севмоқ истайман
Шундоқ куч билан!

* * *

Бир аёл бор –
Сўзимдан чиқмайди сира,
Не истасам айлагай бажо.
Мен-чи:
Мен қийналаман шу аёлни деб.

* * *

Жуда эрта,
Жуда эрта билдим мен
Севги қудратини ва қайғусини.
Жуда эрта
Қаридим.

* * *

Бир-бирига тегиб-тегмай
Кетаётган елкалар аро
Бир дақиқа кўзга чалиндинг –
Мен шуниям
Ёзиб қўйдим кундалигимга.

* * *

Бўтакўзлар!
Қанча сўзни
Айтди бу гуллар.
Уларни менга сукут сақлаган
Қиз юборибди.

* * *

Одамлар айтгандек,гўзал экан
Пешонангга тушиб турса
Бир тутам сочинг:
Тикилиб тўймадим
Сен хат ёзаётганда.

* * *

Мен уни кутдим,
Шундай кутдимки!
У эса келмади.
Мен столни суриб қўйдим
Бошқа бир ерга.

* * *

Қани улар?
Қаерга яширгандим уларни –
Хотинимнинг
Саккиз йил аввал
Менга битган мактубларини?!

“БИР ҲОВУЧ ҚУМ” КИТОБИДАН

* * *

Улкан уммон қаршисида
Турибман ёлғиз.
Неча кунки уйдан
Чиқиб кетаман,
Томоғимга тиқилса йиғи.

* * *

Уйғонаман,
Узоқ ётаман –
Кўзларимни очиб ётаман.
Болаликдан қолган бу одат:
Айблама мени.

* * *

ҚоронғИ хонада ўтирар эдим –
Тўсатдан девордан
Чиқиб келдилар
Ҳассага таянган
Отам ва онам.

* * *

Ҳазиллашиб
Мен онамни опичлаб олдим.
У шундай енгил эди-ки,
Уч қадам юрар-юрмас,
Йиғлаб юбордим.

* * *

Қўлидан иш келмас
Шоир – хаёлкаш!
У ҳақда мен шундай ўйлардим,
Келиб-келиб яна ўшандан
Қарзга пул олдим.

* * *

Мен юксак тоғ чўққисига
Амаллаб чиқдиму
Кимгадир,билмайман,
Қўл силкитдим-да,
Яна қайтиб водийга тушдим.

* * *

Билмайман,нега
Поездга чиқишни
Орзу қилардим.
Мана бугун поезддан тушиб
Қаёққа боришни билмай қолдим.

* * *

Бир гўша топсам –
Тонгларни қувониб
Кутиш мумкин бўлган гўшани.
Уйимни эсласам –
Юрагим титрар.

* * *

Ҳар бир одам кўксида –
Агар у ростдан ҳам одам бўлса,
Инграб ётар
Пинҳон
Бир маҳбус.

“ҒАМГИН ҚЎҒИРЧОҚ” КИТОБИДАН

* * *

Негадир
Ёруғлашди
Юрагим
Тонгда.
Тирноғимни ола бошладим.

* * *

Отангга ўхшама!
Отангнинг отасига ҳам!
Эшитяпсанми,
Нимани илтимос қиляпман
Сендан,қизгинам.

* * *

Бечора отам!
Ўқишга ҳам мажоли қолмай,
Газетани четга қўйди-да,
Тор ҳовлида ўйнай бошлади
Чумоли билан.

* * *

Қизчамни уришдим.
Ухлаб қолди
Кўзёшлари қуримасдан,
Оғзини ним очганча.
Унинг яноқларин секин силадим.

Хуршид Даврон таржималари

* * *

Поездга чиқсаму кетсам, дердим,
Узоқ-узоқларга! Кетдим…
Тушдим бир қўнар жойим йўқ жойда…

* * *

Одамлар бор, олам чароғи,
Кулиб турар уларга борлиқ.
Мен ҳам тополсайдим шундай сафони.

* * *

Қорним оч қолган ўша кун
Бир ҳамдардлик кўрдим итнинг кўзида.
Думин ликиллатарди, муҳтожлик…

* * *

Дўстлар!
Ирганманг гадодан. Бу ҳолда
Оч-наҳор, афтода кунларим яшар.

Рус тилидан Абду Наби таржималари

****

Билмайман,
Нега орзу қилдим –
Узоққа кетмоқни поездда.
Узоқларда поезддан тушдим.
Қаёққа кетаман энди…

****

Газета ўқишга ҳам ярамай қолган,
О, менинг бечора отам!
Кўряпман,
Ўйнаяпсан ҳовлида
Чумолилар билан беозор.

****

Кетаяпман
Баҳор қучоқлаган кўчада.
Қайсидир бир уй пештоқига
Чиройли ёзув илинган –
Аёлнинг исми…

****

Кўз ёшлар, кўз ёшлар –
Ғаройиб нарса!
Улар билан ювилган юрак
Тайёр турар
Яна кулишга…

****

Бу нарса туфайли,
Наҳот, мумкин бўлса яшамоқ.
Наҳот, мумкин ўлмоқлик
Шу нарсани деб…
Бас қил, бас қил фойдасиз баҳсни.

****

Мен тоғнинг чўққисига чиқдим.
Қувончдан негадир
Бош кийимимни
Энтикканча узоқ силкитдим.
Сўнг қайтиб тушдим ҳафсалам совуб…

****

Мана,
Қочиб кетди юракдан,
Ярадор йиртқичдек –
Ҳеч қачон оромни билмовчи –
Хавотир…

****

Дўстим,
Гадо деб ўйлама уни,
Сендан бир бурда нон сўраса.
У – оч.
Мен ҳам унга жуда ўхшайман.

****

Қани улар,
Қаёққа яширдим уларни? –
Саккиз йил аввал,
Хотинимнинг менга
Ёзган хатлари…

Машъал Хушвақт таржималари

* * *

Болалар ётоқда,
Товуқлар қўноқда,
Ўроқлар чордоқда,
Оловлар ўчоқда –
Ҳаммаси, ҳаммаси ухлагандан сўнг;
Супурги, паншаха ётгач қазноққа,
Қудуқ узра олма тушгач мудроққа;
Турна ини узра ўтган булутлар
Йўқолиб, атрофни босгач сукутлар;
Буғдойзор тебраниб айтганда алла
Уйқуга чўмганда йўллар ва дала,
Уйқуга чўмганда жамики олам,
Шундан кейингина ухларди онам.
Бугун қандай ухлай?
Келмайди уйқу.
Онам кўз ўнгимда турибди шундай,
Хотирам, хотирам ётгиси келмас,
Уни ёдга олиб йиғлаётир у.

УЙҚУ

Ҳали чўпон бола бўлган чоғимда
Эрталаб уйқумни бузиб катталар:
– Узоқ ухлаш зарарли, – дея
Менга таълим берар эдилар.
Яшаб орттирилган бу доноликни
Мен қабул қилолмай
Қийналар эдим.
Шу сабабли доимо менинг
Бир қўлим уйқудан қутуларди-ю
Қутула олмасди иккинчи қўлим
Уйқу тўридан;
Бир оёғим кунгай эшикдан ўтар,
Иккинчи оёғим тун тошларига
Қоқилиб,
Мункирдим тун жарларига.
Фақат йиллар ўтиб
Қанча дўстларим
Хандақ томларида,
Сўқмоқ йўлларда,
Уммон тўлқинида,
Ҳайдалган ерда,
Тоғда,
Ҳатто олис юлдузларда ҳам
Абадий уйқуга кетгандан кейин
Менга болаликда ҳар қалай:
– Узоқ ухлаш зарарли, – дея
Бекор таълим беришмабди, деб
Оғир хаёлларга тола бошладим.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси