Дакоцу Иида (飯田蛇笏) — япон шоири. 1885 йили Яманаси префектурасида туғилган. Васэда университети адабиёт факультетида ўқиган.
БАҲОР
* * *
Баҳорнинг айни авжи.
Тоғдаги ибодатгоҳ дарвозаси устидан
Сузиб ўтаётир оппоқ булутлар…
КУЗ
* * *
Чириллоқни ушладиму кўзига боқдим
Ва ўша он англадим —
Куз келаётир…
* * *
Куз юлдузлари —
Тоғ чўққиси устида
Чарақлайди мовий-яшил нур…
* * *
Инсон юраги…
Сен унга жуда ўхшайсан —
Кузги ёнарқурт.
* * *
Шудринг порлайди таро япроқларида.
Олисдаги тоғларнинг
Шамойили бунчалар тиниқ…
ҚИШ
* * *
Қировли қиш ўрмони.
Уйқусираган қуёш нурлари
Ўрмалайди дарахтларнинг учига.
* * *
Ўлими яқин бемор,
Финжонни ушлаб олиб,
Гўзал тирноқларига тикилиб тўймас…
* * *
Ўчоқ шуъласи тушган
Унинг юзи ғамсиз ва гўзал —
Гарчи ўлим турар ёнма-ён.
Хуршид Даврон таржимаси
***
Печкада ўтин ёнар,
Ойна орти – совуқ денгиз узра
Чийиллайди чайкалар…
***
Печка эшигин очдим,
Охиста, истамайгина
Ёнади кўмир…
***
Шамолда чайқалиб жаранглар
Эшигимга осилган қўнғироқ
Анор гуллабди…
***
Пашшахонага кириб ётибман,
Сўнаётир кузги саҳарда
Ўчоқдаги кечаги чўғлар…
***
Намиқиб бўкди теваракдаги,
Қувраб қолган кузги майсалар.
Ёмғир қуяр тоғларни ювиб
***
Эсар ғарбий шамоллар,
Кириб келар ёмғир сувлари,
Остонага қадар ўрмалаб.
***
Инсон қалбига ўхшар
Фақат бир нарса –
Кузги ёнар қурт…
***
Қор кўмиб ташлади
Барча йўлларни
Исинаман ўчоқда ёлғиз…
Холдор Вулқон таржимаси