Дай Ваншу (戴望舒) – хитой шоири. У 1905 йили Ханчжоуда туғилган. Шанхайдаги Чжендан университетини битирган. Франсияда таълим олган. 1936-37 йилларда “Син-ши” (Янги шеърият) журналига муҳаррирлик қилган. 1937—1945 йилларда Гонконгда яшаган. Хитой озоздлиги ҳақидаги фикрлари учун япон қамоқларида ҳибсда бўлган. Француз, испан ва рус адабиётидан хитойчага таржималар қилган. 1950 йили Пекинда вафот этган.
ЁМҒИРЛИ ХИЁБОН
Ёмғир оша ёлғиз кезяпман,
Хиёбон узун ва йўлим ғамгин,
Аммо бу йўлдан қайта олмайман:
Биргина умид билан ёнаман. Оҳ, тун,
Орзу ўтини қўлида ушлаган
Алвон чиннигул каби ёндирганни менга кўрсат.
Унинг юзидан, чиннигул янглиғ,
Нотайин ғам-ҳасрат уфурарди,
Гул атри билан
Ўз атрофини чулғарди.
Гъамгин ва мотамсаро юз билан
У ёрқин чечакни эмас, балки
Гъам-андуҳни хиёбон бўйлаб олиб ўтганига
Менинг ишончим комил.
Худди мен каби ёмғир оша
Бир ўзи беҳуда кезмоқда.
Қўлида ўз шамсияси ва
Ёмғир уни тинимсиз саваламоқда.
Гъам-андуҳни енгишга у қодир эмас:
Сукутда, ҳасратда кезади у жим.
Мен сари яқинлашар экан,
У сукут ва ҳасрат билан
Узоқ-узоқларга нигоҳ ташлади,
Тушдек тушунарсиз бўлган бу нигоҳ
Бўшлиқ бўйлаб нола янглиғ таралди,
Аммо тез орада у сўнди.
Қиз ёнимдан чиннигулдек ўтиб кетди,
Ёмғирда мен уни зўрға фарқладим,
Орзудай мени абадий тарк этди,
Қувончимни сезмасдан, жимгина,
Ёмғирли хиёбон адоғидаги
Эски девор бағрига сингиб кетди.
Ёмғир оша ёлғиз кезяпман,
Хиёбон узун ва йўлим ғамгин.
Аммо бу йўлдан қайта олмайман:
Биргина умид билан ёнаман. Оҳ, тун,
Орзу ўтини қўлида ушлаган
Алвон чиннигул каби ёндирганни менга кўрсат.
Хитой тилидан Гулноза Азимова таржимаси