Шоира ва журналист Чу Тхи Том (Chu Thị Thơm) замонавий Вьетнам адабиётининг самарали ижод қилаётган вакилларидан бири. Унинг шеърлари ва публицистик мақолалари матбуотда тез-тез чоп қилинади.
БИР КУНИ
Алангага қиёсласа бўлар севгини,
Ҳаётни булут-ла ёнма-ён қўймоқ,
Сени солиштирдим пўртана билан,
Шамолнинг ишқига мангу бойланган.
Ишқ ҳар лаҳза оловланади,
Тебранган булутлар,
Ғуж-ғуж тўлқинларнинг шиддати мисол
Кундалик ҳаётга ўрмалар оқлик.
Оқшом оёқ қўяр, кетиб борар қўрқув хуружи…
Булут–тўлқин–ҳаёт бекик айлана.
Бир куни парвозга чоғланар ҳаёт,
Бир куни муҳаббат кулга дўнади,
Бир куни тўлқинлар қўлдан тўкилар…
КУЗ ТУЙҒУСИ
Бир куни кун ўтиб кетади кузга. Шимоли-шарқий шамол
Тирноқгул ифорида йўллар заҳиллик. Юрак хотиралардан
донг қотиб қолар. Ёз оловин яширар, илиқ ҳаво қайтмас ортига…
Бир куни шеърлар ивиб ҳўл бўлар, уларни бекитгим келмас (ёмғирдан).
Биз иссиқ гўшага ташриф буюрдик. Мажолсиз эдик, бахтнинг
яшил илдизларин узиб олишга. Ортда қолиб кетар исмсиз гуллар.
Кузги гуллар чопар очилмоқ учун. Сонсиз тўфонларнинг хира излари.
Бизнинг ўтмишдаги уйга келиб, қолар мангуга кимдир. Қиё очиқ эшик тирқишида алла садоси.
Кузги туйғулардан титраниб-титраб, шошаман нам шеърларни қуритмоқ учун. Елкам узра ястанар сен келар йўллар, қачонлардир унутилган туш.
Эски ваъдам сари келяпман қайтиб. Кутавериб, изларинг кўкарар олис йиллар ортида. Энгашган елкаларда кечмишнинг юки. Ўтмишни эсга тизиб, куз сариқ гулларин тўзғитиб сочар…
Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси