Йожеф Ратко (1936-1989)

Йожеф Ратко (József Ratkó) — 1936 йилда туғилган. «Ҳеч қўрқмай» (1966 йил), «Беқурол» (1968 йил), «Фақат нон ила» (1970 йил) каби шеърий китоблар муаллифи.

ЁЗ НИҲОЯСИ

Қайтмоққа шайланар ёзнинг кунлари,
Реактив моторин ишга тушириб,
Енгил учар-кетар кулранг самода,
Сукунат чўкар сўнг. Куйган сингари,
Ернинг чеҳрасида қолар қизғиш доғ.
Баланд тоғ сойида ювиб-чайилган
Покиза, ярқироқ кўзадек ойни
Бошида кўтариб чиқар сайрга
Сербурма юбкага бурканган еллар.
Қушчаларни эса қаттол об-ҳаво
Кўкдан узиб олиб, жанубга отар,
Тош каби отилган шўринг қурғурлар
Уфққа урилиб, кўтарар чуввос.
Ечар ўз либосин дарахтлар аста,
Орзу каби ширин олмалар шу он
Бегона кўзларга бўлиб намоён,
Иситма тутгандай қизарар — титрар,
Сўнг кўздай тўкилар одам йўлига.
Дарахтлар сезишар — фалокат яқин.
Ёмғир бошлаб келар момақалдироқ,
Вазмин этигининг нағали билан
Аямай зарб урар елкага чақмоқ.
Ҳимоя қилмасди фарзандларин Ер,
Табиат зуғуми шу қадар зўрки,
Дод деб юборарди ҳаттоки бўри,
Олмалар эса жим,
Рост-да, не ҳам дер!
Улар истиқболин биламан. Тезда
Барчаси-барчаси бўлажак озод,
Танлари касб этиб яна нафислик,
Ишқ ва шарбат оқиб томирларидан:
— Либосим беринг! — деб қилгайлар талаб
Ва тез ясангайлар эларо мағрур,
Улар хизматига бел боғлар эл ҳам:
Қадоқли қўл билан эркалаб аста,
Қиш бўйи аёзда чарчаган, хаста
Дарахтлар танини уйғотар одам.

ХОКИСОРЛИК, ТАРК ЭТМА БИЗНИ

Хокисорлик, тарк этма бизни,
Етти карра синов этиб кўр,
Қаттиқроқ тут этагимиздан
«Ҳаволанма бемаврид» дея,
Артиб ташлаб кўздаги нурни,
Ёшимизни намроқ айлагин,
Беҳаёлар пешонамизга
Қоғоз белги қўйиб кетмасин
Тўқлигидан ўқчиган кимса
Буюраркан лўлича қўшиқ
Чўнтагидан юз сўмлик олиб,
Уни аввал тупук-ла ҳўллаб,
Сўнг яккахон скрипкачининг
Манглайига ёпйштиргандек.

Хокисорлик, тарк этма бизни,
Юрак каби тирик тупроғин
Тарк айлашдан чўчимайдиган
Фарзандларни уйига қайтар,
Муқим бўлгач ёт шаҳарларда
Нонни оёқ ости қилгувчи
Диёнатсиз биродарларнинг
Юрагини бир-бир чертиб ўт.

Хокисорлик, тарк этма бизни,
Эслатиб қўй вазминлик билан:
Амал-тақал топиб кетганлар
Оналарин унутишмасин.
Чиқсин дея улар балчиқдан,
Ёрдам қўлин узатганлар — биз…
Бугун эса, яна ўсинг деб,
Зина каби тутиб турибмиз
Жони ширин пешонамизни
Уларнинг чўнг пошналарига.

Хокисорлик, тарк этма бизни,
Сўз ила иш ўргат уларга,
Қўлларига эса оташ-ла
Бизникидай тамға босиб қўй:
Эътиқоддан туғилгандир у,
Муҳаббатдир унинг онаси,
Ер меҳри ва меҳнат ишқидан
Туғилгандир бу ноёб тамға.

Хокисорлик, тарк этма бизни,
Кўкка қараб ўссин мактаблар,
Сероб бўлсин булоқларда сув,
Сўз меҳрга омухта бўлиб,
Ҳар юракни ёритиб турсин
Истиқболнинг покиза нури.

Русчадан Ҳусниддин Шарипов таржимаси