Павло Михайлович Мовчан (15 июль 1939, Большая Ольшанка) — украин жамоат арбоби, журналист ва сиёсатчи; шоир, таржимон, сценарист. Украинада хизмат кўрсатган санъат арбоби (1993). Украина Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1972 йилдан). Тарас Шевченко номидаги Украина Давлат мукофоти лауреати (1992).
* * *
Лаҳзаларда майдек тошар
телбаланиб қон,
лаҳзаларда далиллигу
учиш ва завол
тайёр турар,
муҳаббатдан ўлаётган он,
ярадор қалб бағридаги
ҳайқириқ мисол.
Тошга теккан
шиша янглиғ чил-чилдир ҳаво —
умид қурар ҳаво қасрин,
ҳаво минорин,
унда икков яшаш учун
Шарқу Ғарб аро,
Саҳару шом аро,
қилмай рўзғорнинг зорин.
Янграр эди
нилий гумбаз тагида сўзлар;
яратганни олқишларди: бердинг деб, чидам…
Аммо бирдан
чопди тўлқин дийдорни кўзлаб,
барин ювди:
тошу томни, бўёқларни ҳам.
Синиқларни артиб,
кўрдим: ёруғга солиб —
тошда туриб
учгансан, сен, юлдузлар томон…
Мен қичқирдим,
кимдир йитди овозим олиб,
гўё титраб чинқириққа
санчилган пайкон.
Тошни олиб,
отдим сенинг изингдан, ёҳу,
руҳим тушиб,
тақдиримдан қаҳрга тўлиб:
сўқир ҳаво йўли бўйлаб
учиб борар у,
ортда изи чўзилади
қизил ип бўлиб.
Русчадан Эргаш Муҳаммад таржимаси.