Байрамхон (1501-1561)

Муҳаммад Байрамхон (Muhammet Baýram han) туркманларнинг баҳорли қабиласидан бўлиб, ота-боболари узоқ вақт темурийлар хизматида бўлишган. Унинг ўзи эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва авлодларининг Ҳиндистон салтанатида саройда отабек вазифасида хизмат қилган, шаҳзодалар тарбияси билан шуғулланган, улкан давлат барпо этишда катта ҳисса қўшган. Туркий ва форсий тилларда ижод қилган.

ХИРОМОНГИНАМ

Эй, чамани жон аро сарви хиромонгинам,
Умрим гулистонида ғунчаи хандонгинам.

Кўзга мени илмаган, бир бор назар қилмаган,
Кўнглим олиб билмаган дилбари хандонгинам.

Ҳам ўзи яхшигина, ҳам кўзи яхшигина,
Ҳам сўзи яхшигина ёри сухандонгинам.

Эй, юзи гул-гулгина, сочлари сунбулгина,
Қилма тағофилгина, бўлма пушаймонгинам.

Эй, қадди чобуккина, вей лаби нозиккина,
Вей, сўзи ўтруккина, ваъдаси ёлғонгинам.

Воситаи давлати васлинг агар бўлмаса,
Меҳнати ҳижрон аро чиққусидир жонгинам!

ЁР ИЛГИДАН

Бодайиким, ичдим ул шўхи ситамкор илгидан,
То ҳаётим бордурур кайфиятим бор илгидан.

Илгима олиб аёқ ҳушимни бердим бир йўла,
Шароб ич деб чун ишорат қилди изҳор илгидан.

Шиша янглиғ қон тўкуб, соғар каби қондур ичим,
То билибдур шиша-ю, соғар намудор илгидан.

Кўрмайин илгига ҳар дам эл кўзи тушмагин деб,
Бордурур кўзим ҳамиша хунбор илгидан.

Масту лояъқил бўлур эрмиш тамоми умрида,
Бедили ким қатраи май нўш этса дилдор илгидан.

ФАРЁД ҚИЛАЙ

Неча ҳижрон ғамидин нола-ю фарёд қилай,
Ҳосили умрни фарёд ила барбод қилай.

Неча кўз лавҳида тасвир этибон сувратини,
Дам-бадам хотир онин кўрмагидин шод қилай.

Неча васлини тилаб, ҳажрида хурсанд бўлай,
Неча умиди бирла жонима бидъат қилай.

Неча ғурбат аро бекаслик оти бирла куйиб,
Мотамийлар каби ўз ҳолима фарёд қилай.

Неча жонима фироқида ўт тушиб,
Ани бесабрлигимдан куйиниб ёд қилай.

Неча ишқида бузиб сабру саломат ватанин,
Неча андуҳу маломат уйин обод қилай.

Неча зулфига гирифтор бўлуб зор бўлай,
Келки, ўзни бу бало қайдидан озод қилай.

Байрам-о, ёрға вафо расми одат эмас,
Энди жонимни жафосига мўътод қилай.

АСАР АНДАН

Кўзим учадур, то кўра олгай асар андан,
Кўнглим ўсадурким ола олгай хабар андан.

Воҳким, назарим ўтрусида жилвагар эрмас,
Улким, кўтара олмас эдим бир назар андан.

Лаъли ўти гулгун сиришкимни қилур тез,
Зоҳир бўладур қатраи хуни жигар андан.

Бунёди бало қилмади тўфони сиришким,
Ким ер бирла кўк бўлмади зеру забар андан.

Байрам ки сўроғ айлар эди оғзи нишони
Лаълини сўриб бўлди сўзи мухтасар андан.

БЕНАВОЛАРГА

Хуш улким, сарвинозим раҳм қилгай бенаволарга –
Нечукким подишолар марҳамат айлар гадоларга.

Агар ул шоҳи хубон лутф ила бўлса харидорим,
Гадойиман, ки истиғно сотарман подишоларга.

Латофатлик гўзаллар умр янглиғ бевафодирлар,
Менинг жонимдур улким ўхшамайдур бевафоларга.

Демаким ноз ила икки лаби васфин адо қилгай,
Масиҳо бўлса ҳам жон бергай ул нозик адоларга.

Балолардур менга ул кўз била зулфу қадду кокил,
Не бало кўй эдиким, учрадим мундоғ балоларга.

ТОПИЛМАС

Мен зорга сендек яна бир ёр топилмас,
Сен ёрга мендек яна бир зор топилмас.

Кўп зор санга бўлди гирифтор лекин,
Мендек яна бир зори гирифтор топилмас.

Оламда гўзал кўп топилуру лек сенингдек,
Бераҳиму жафожўю дилозор топилмас.

Ваҳ, ваҳ, бу не сўздурки кўнгул мастлик ичра,
Ҳусн аҳли аро сен каби дилдор топилмас.

Ё раб, манга толеъи баргашта турурким,
Саргашта бўлиб изласам ёр топилмас.

Элдин таъмаи меҳру вафо айлама Байрам,
Чун олам аро ёри вафодор топилмас.

ҲИЖРОН ЭМИШ

Ёрсиз жонимни олғон меҳнати ҳижрон эмиш,
Меҳнати ҳижрон демангким, балои жон эмиш.

Ханжарин шавқи, юзунг меҳрию лаълинг ҳажридин,
Кўкрагим чоку, юрак юз пора, бағрим қон эмиш.

Коми лаълингдин висол айёмида душвор эди,
Йўқса жон бермак фироқинг шаъмида осон эмиш.

На балодурким, қутулмоқ йўқ замона ҳажридин,
Қисматим гўё азалдин меҳнати ҳижрон эмиш.

Бесару сомон дебон Байрамни, эй носиҳ анга,
Панд этма, кима парвойи жону жаҳон эмиш.

Туркман тилидан Олим Усмон табдили