Аннаберди Оғабоев (Annaberdi Agabaýew) – Туркманистон халқ ёзувчиси, Махтумқули давлат мукофоти лауреати. 1938 йили Ашхобод шаҳрида туғилган. У Сергей Есенин, Г. Веселков, М. Исаковский, Е. Смеляков, С. Михалков, Е. Евтушенко, Р. Ҳамзатов асарларини туркманчага таржима қилган.
АШХОБОДНИНГ САҲАРИ
Она осмон оппоқ кўйлак кийинар,
Қушлар сайраб, бошлаб берар саҳарни.
Тили ширин дутор билан уйғонар
Ашхободим — ошиқларнинг шаҳари.
Сайраб, дутор, сен шаҳримни уйғотгин,
Сайраб, дутор, саҳаримни уйғотгин.
Ашхободим — ишқ ободим — Ватаним,
Қалб торимни дил торингдек сўйлатгин.
* * *
Она тупроқ, сенинг сахий қўйнингда
Минг розиман, манглай терим тўкилса.
Атаганман сенга бутун умримни —
Кўкрак кермай нечук, юртда бахт кулса?!
Болғаларнинг ўт чақнаган зарбини
Тўйган қалбим сенда қолсин, тупроғим.
Қўшиқларим ҳар сўзию ҳарфини
Сендан топиб, қалбда ёнсин, тупроғим.
Кексайсам ҳам, сеникидир бу таним, —
Сўнгги дамим, суяк-сочим — ҳаммаси.
Она Замин, бор йўл!
Аммо ҳеч маҳал —
Юзгинангга менинг қоним томмасин!
Она тупроқ, сенинг сахий қўйнингда
Минг розиман, манглай терим тўкилса…
Нормурод Нарзуллаев таржимаси.
* * *
Шоирни шоирга қарши қўйманглар,
Шоирни шоирлар ёнига қўйинг!
Элу юрт бошига ғам келар бўлса,
Шоирни шу бало олдига қўйинг!
Шоирни шоирга қарши қўйманглар,
Шоирни шоирнинг ўрнида тутинг!
Шоирлар кўксини чангаллаган пайт,
Шу нозик юракнинг додига етинг!
Шоирни шоирга қарши қўйманглар,
Шоирларнинг барин бир кўзда кўринг.
Бажара олсангиз, шоир олдида
Қўлингиз қовшириб, хизматда туринг!
ЧЎПЛАМАЛАР ТУРКУМИДАН
* * *
Тонг отгандан чуғурлашиб, уйғониб,
Қушлар ҳаёт ҳақда суҳбат очдилар.
Аввал қишлоқ кексаларин уйғотиб,
Сўнгра учдилар…
* * *
Нафас санагунча хастахонада,
Нафас тинса яхши устахонада!
* * *
Шукур, шоирларга сен гўр қазмадинг…
Шеърин ўғирладинг Расул Ҳамзатнинг!
* * *
Бир қарасам – сен шеърият душмани!
Бир қарасам – шеър дўстиман, дермисан?
Сўзингдан, ўзингдан топмадим маъни, –
Икки жаҳон оввораси сенмисан?
Туркман тилидан Музаффар Аҳмад табдили